*"Бешиги осмондан тушган" эрка хорижликлар*
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Миллий эстрада санъатининг аҳоли, айниқса ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида [матбуот анжумани бўлиб ўтибди](https://t.me/uzapiofficial/46)
Очиғи, бундай йиғинларнинг менга унча қизиғи йўқ. Бу йиғилиш ҳақидаги хабарга ҳам эътибор бермай ўтиб кетар эдим, агар...
Агар унда қизиқ бир савол ва унга берилган қизиқарли жавобга кўзим тушмаса....
Йиғилишда “Mening yurtim” телеканали мухбири Ўзбекистонда концерт бераётган хорижлик эстрада хонандаларининг саҳнада ҳар хил ножўя хатти-ҳаракатлар, хунук, уят қилиқларни қилишларини назоратга олиш мумкин ёки йўқлигини сўрабди.
Саволга жавобни қаранг:
_“Одатда хусусий тадбиркорлар ташаббуси билан ўтказиладиган концерт дастурлари “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида фаолият юритаётган Экспертлар ҳайъати хулосаси асосида ўтказилади, – деди муассаса раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров. – Лекин ҳомийлик асосида ташкил этиладиган концертларга Экспертлар ҳайъати хулоса бермайди, бундай ҳужжат талаб этилмайди. Биз фақат ваколатимиз доирасида ҳомийларни огоҳлантириб қўямиз, холос. Хорижлик санъаткорнинг саҳнадаги хатти-ҳаракатлари учун чора кўра олмаймиз”._
"Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол" дермиди шоир?! Сиз ҳам юқоридаги саволга берилган ажойиб ва ғаройиб жавобни қаранг.
Жавобдан шуни тушунса бўлади-ки мабодо анави бой акамиз бизга мурувват кўрсатиб, биз учун яна қайсидир чет эллик хонандага мен ҳатто тушимда ҳам ушлаб кўрмайдиган сочи йўқ чолни расми урилган "лимон"ларда бир дунё пулни тўлаб, уни Тошкентга концерт бериш учун юборса (энди ўзи бирга қўшилиб келмайди-ку) ва ўша ажнабий "артос" Тошкентдаги концертда концертни ўртасида ёки охирроғида шундоқ шалварини ечиб, орқасини (ёки олдини, нима фарқи бор, жин урсин!) томошабинларга кўрсатиб битта ликкиллатиб қўйса уни бу қилиғини ҳеч ким муҳокама ҳам қила олмас экан, тақиқлай ҳам олмас экан.(Нимасини тақиқлайди, у жин ургур концерт тугагандан юртига жўнаб кетса?)
Сабаби, у хорижлик. Уни бешиги осмондан тушган.
Биз мустақилликни илк йилларидан бери биламан юртимизда юрган хорижликларга ҳаддан ташқари кўп эркинликлар бериб юборганмиз. Тўғри, улар меҳмон. Аммо хорижлик, у ким бўлишидан қаттий назар қонун-қоидаларимизни оёғи остига олиб топтаганда унга етарли чора кўриш керак. Аммо, юқорида ёзганимдай хорижлик "артос"га саҳнадаги турли уятли қилиқлари учун чора кўришни иложи йўқ экан, унда ўша беҳаё артосларни олиб келадиганларни жазолаш керак, токи иккинчи марта хориждан артос олиб келганда ўта беҳаёларини олиб келишмасин. Агар жазолашни мутлақо имконияти бўлмаган бой акалардан бўлса, унда улар олиб келадиган "артос"ларни рад этишимиз керак.
Юқорида хорижликларни эркалатиб юборганмиз дедим. Шунга бир мисол келтираман.
Мен бир марта, бундан 4-5 йил олдин бир ЙПХ ходимини роса сўкиб, дўппосламоқчи бўлганман. Ўшанда ходим қочган, ёнидаги шериги эса ўртоғимдан "илтимос, дўстингизни олиб кетинг" деб ялинган.
Воқеа Чинозда бўлган эди. Ўртоғим билан уни машинасида Самарқандга кетаяпмиз. Чинозга озгина қолганда бизни ЙПХ ходими тўхтатди. Соатига 70 км юриш лозим жойда 77 атрофида юрибмиз. Ўртоғимни ЙПХ ходимлари ҳужжат расмийлаштириш учун бироз нарига олиб боришди. Ўртоғим ҳеч келавермади. Охири мен ҳам машинадан тушиб уларни олдига бордим. Борсам ўртоғим илтимос қилаяпти, ЙПХ ходими уни жазоламай қўйиб юборишга кўнмаяпти. Мен ҳам илтимос қилдим, аммо кўнмади. Иккинчи ходим дарахтни панасида йўлни пойлаяпти. Шу пайт узоқдан бир "Жип" мингга қўйиб келаверди. Ходим калтагини кўтариб йўлга чиқди. "Жип" икки марта чироғини ўчириб ёқди-да катта тезликда ўтиб кетди. Тезлиги камида соатига 180-200 км эди. Қарасам яшил, элчихона номерида.
Машина ўтиб кетганидан кейин ходимга:
- Нега уни тўхтатмадинг? - дедим.
- Кўрмадингизми, элчихонани машинаси экан,- деди ходим.
- Элчихонаники бўлса нима бўпти? Ахир олдидан кимдир чиқса қурбақани янчгандай янчиб кетадику!
- Булар меҳмон, қолаверса элчихона машинаси экан. Улар битта-яримтани босса, бизда одам қаҳатмаску, - ходим шу гапни хотиржам айтди.
Шундан сўнг қон босимим мингга чиқди-ку:
- Нима дединг? "Одам қаҳат эмас" дедингми? Агар шу машинани йўлидан болангми ёки бошқа биронта яқин одаминг чиқиб қолса ва уни шу машина босиб кетса ҳам шу гапни гапирармидинг? - мен уни сенлаб сўка бошладим. У ўшанда нимадир деди. Мен унга ташландим. У қочди. Уни сўкишни бошлаганимдан ўртоғим ва уни ҳужжатини бермай турган ходим бизга қараб ҳайрон бўлишди. Нариги ходимни қувишни бошлаганимда ўртоғим югуриб келиб йўлимни тўсди. Олдимизга келган нариги ходим нима гаплигини сўради. Воқеани қисқача айтдим ва яна хезланиб қочган ходимни сўкишни бошладим. Шу пайт ўртоғимни ҳужжатини бермай турган ходим ўртоғимга ҳужжатларини берди ва "ака илтимос, ўртоғингизни олиб кетинг" деди. Мен "Ҳеч қайерга кетмайман. Мана буни оғзи-бурнини қонга ботирмагунимча ҳеч қайерга кетмайман" деб баттар сўкиниб бақира бошладим. Ўшанда ўртоғим йўлимни тўсмаса ўша ходимни аниқ дабдаласини чиқарар эдим. Шу билан сўкина-сўкина кетдим.
Ўшанда уни гапини эшитиб роса қаттиқ жаҳлим чиққан эди. Сўкинар эканман унга "сен ҳозир ўтган машина қайси давлатники бўлса ҳам бориб қизиқиб кўрчи, сени дипломатларинг ўша давлатда шунақа қоида бузиб юра олармикин?" дер эдим. Орадан бироз вақт ўтиб Юнусободда АҚШ элчихонасининг машинаси қоидани бузиб бир пиёдани босиб ўлдирди ва шу воқеа ҳам катта шов-шув бўлган эди.
Ўшанда мени қон босимимни биргина ЙПХ ходимининг "бизда одам қаҳатми?" деган гапи эмас, ўша дипломатик корпус номерига эга бўлган машинанинг қонун-қоидаларимизни писанд қилмаслиги ҳам кўтарган эди. Қолаверса ўша воқеагача ҳам Тошкентда дипломатик корпус номерига эга бўлган машиналарнинг йўл ҳаракати қоидаларини ўта қўпол тарзда бузиб ҳаракатланишларини неча марта кўриб жаҳлим чиқиб юрган эди. Ўшанда ҳаммаси йиғилиб, бор аламимни ўша ЙПХ ходимини сўкиб олган эдим. Менга юртимизда юрган хорижликларнинг, у ҳатто дипломатик корпус вакиллари бўлсин қонунларимизни қўпол тарзда бузиб оёқости қилишлари ёқмаган.
Шу жумладан, гарчи ўзим ундай концерт-понцертларга қизиқмасам ҳам қандайдир чет эллик "артос"ларнинг "калбобо"нинг расми урилган "лимон"лардан миллионлаб олиб, раҳматига орқасини яланғочлаб ликиллатиб халққа кўрсатиб кетиши ҳам. Аммо, минг афсуски ундай беҳаё артосларга чора кўришга бизнинг севимли "Ўзбекконцерт"имизни ҳам, унинг қошидаги Экспертлар ҳайъатини ҳам, мабодо "Одоб-ахлоқ қўмитаси" бўлса уни ҳам кучи етмас экан. Нима ҳам дердим, ҳар доимгидай уларга қойилларим! 👏
Айтгунча матбуот анжуманининг мавзуси "Эстрада санъатининг аҳоли, айниқса ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти" деб номланган.
Шунчаки эслатиб қўйяпман.
Саломат бўлинглар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий