Тасаввур қилинг сиз кам таъминланган оиласиз ва давлатнинг ижтимоий ёрдамига мухтож бўлиб қолдингиз. Ёки фарзандли бўлдингиз ва ўша туғилган фарзандингиз учун давлат ажратадиган суюнчи пулини олишингиз керак. Ёки ўша туғилган фарзандингиз учун икки ёшгача бўлган болаларга бериладиган нафақа олмоқчисиз. Бу учун биринчи навбатда маҳалла раисига учрашасиз. Маҳалла раиси сизни фарзандингиз туғилганини қўлингиздаги гувоҳномага қараб аниқ билса ҳам ёки сизнинг кам таъминланган оила эканингизни шароитингиздан аниқ билса-да яна ўша ўзингизга тегишли пулларни (албатта-да, ахир давлат ижтимоий ёрдам пулларини сизга ўхшаган кам таъминланган оилаларга бериш учун ёки хотинингизни туққани учун унга суюнчи пули берилишини ёки оилавий аҳволингизга қараб болангизга икки ёшгача "парвариш пули" тўланишини қонунан жорий қилиб қўйибди) олишингиз учун сизни қўлингизга халқ тили билан айтганда "тахлаб" келишингиз учун бир гала ҳужжатларнинг рўйхатини беради. Ҳаммаси аниқ ва равшан; кам таъминланган оиласиз ёки хотинингиз туққан, аммо сиз ўша маҳалла раиси қўлингизга берган рўйхатдаги ҳужжатларни унга тақдим этмас экансиз гарчи аниқ ўзингизга тегишли бўлса ҳам ўша ёрдам пулини ёки ҳатто суюнчи пулини ҳам ололмайсиз. Ҳатто рўйхатдаги уч-тўртта ҳужжатдан биттасида камчилик бўлса ҳам пулни ололмай юраверасиз. Қонун ҳамиша қонун. Шу учун сиз ҳеч қандай эътирозларсиз маҳалла раиси берган ҳужжатларни келтирасиз.
Аммо...., аммо негадир қандайдир давлат ташкилотлари, муассасалари сиздан пул олмоқчи ёки йиғмоқчи бўлсалар уларнинг қўлида қандайдир қонуний ҳужжати бўлмайди. Энг қизиғи сиз ўша беришингиз керак бўлган пул учун қандайдир ҳужжат сўрасангиз сиздан хафа бўлишади ва сизни дарров "давлат сиёсатига қарши бўлган одам"га чиқаришади қуйишади. Масалан, мактабда ёки коллежда ўқийдиган болангиз ўқитувчиси металлом ва макалатура олиб боришини сўраётганини айтади. Уйингизда металлом йўқ. "Болам, уйимизда металлом йўқ, бориб ўқитувчингга айт" дейсиз. Эртаси куни болангиз "дада уйимизда металлом бўлмаса пулини олиб борар эканман" деди. "Хўш, бу иш қайси қарор билан ёки қайси қонун билан қилинаяпти?" деб сиз ҳеч кимдан ҳужжат сўрай олмайсиз. Мабодо сўрасангиз дарров "нима сиз давлат сиёсатига қаршимисиз?" дейишади.
Ёки кўп жойларда чироғи ёнадими ёки ёнмайдими бюджет ташкилотида ишлайдиган одамларнинг маъошларидан қандайдир суммалар (аниқ билганим мактаб ўқитувчилари 40.000 сўм, коллеж ўқитувчилари 50.000 сўм) мажбурий ушлаб қолинаяпти. Шу туфайли чироғи унча кўп ёнмайдиган жойларда яшаётган "бюджетниклар" ёқилмаган чироқ учун электрчиларни минглаб киловатт чироқ учун қарз қилиб қўйишган, аммо ҳар гал янги маъош тарқатилганда уларнинг маъошидан яна чироқ учун ушлаб қолаверишади. "Ошиқчаси билан тўлаб қўйибман, яна оласанми" деб ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Мабодо эътироз билдирса ҳам "бу давлат сиёсати" деб эътирозчининг оғзига уришади ва "нима сиз давлат сиёсатига қаршимисиз?" дейишади.
Энди бошдан дўппини олиб қўйиб ўйлаб кўрайлик. Нега кимнидир ўз ҳақ-ҳуқуқини таниши ёки кимлардандир талаб қилиши "давлат сиёсатига қарши бўлиш" деб баҳоланиши керак?
Аслида эса "қандайдир маъсул шахслар ўз вазифасини сидқидилдан бажармагани бу уларнинг давлатимизнинг "ҳамма нарса халқ учун, халқнинг фаровонлиги учун" сиёсатига қаршилигини билдиради"ку! Пардоксни қаранг-ки кимлардир ўзига тегишли вазифани бажармай, қонун-қоидаларга зид иш юритади-да, унинг ўша ноқонуний иши юзасидан сиз эътироз билдирсангиз у эмас балки сиз "давлат сиёсатига қарши" деб таърифланаверасиз, "давлат сиёсатига қарши чиқувчи шахс" бўлиб баҳоланаверасиз.
Хўш, аслида ўз вазифасини бажармаётган маъсул шахс давлат сиёсатига қаршими ёки ўз ҳаққингизни таниганингиз ва талаб қилганингиз учун сиз қаршимисиз? Буни менга ким тушинтиради?
Р.С. Бу масалада кўп ўйлайман. Наҳотки давлатимиз шунақа сиёсат олиб бораётган бўлса. Йўқ, асло йўқ. Қонунларга қарасангиз асло ундай эмас. Фақатгина айрим маъсуллар ана шу нарсани тушунмаяптилар ёки Давлат тараққиёти йўлига тўғаноқ бўлмоқдалар. Аммо бу ҳам вақтинчалик ҳолат. Худо хоҳласа кун келиб ҳаммаси из-изига тушади ва умид қиламиз сизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни талаб қилишингиз асло "давлат сиёсатига қарши"лик билан баҳоланмайди.