Очиғи шу ЎФФ деган ташкилотни ҳечам тушунмайман. Айниқса гап миллий терма жамоамиздан гап кетганда. Йўқ, олдинлари энди мустақил бўлган йилларимизда тушунардим. У пайтларда энди мустақил бўлган давлатимизда бошқа соҳалар каби футболимиз ҳам энди оёққа тураётган эди ва улар камчиликларга "биз энди оёққа тураяпмиз" деган баҳона топиб қутилиб кетишарди.
Энди эса мустақиллигимизга 26 йил бўлаяпти. Кўп соҳаларда муваффақиятларга эришдик. Футболимиз эса ўша мустақилликка энди эришган пайтимизда қандай ҳолатда бўлган бўлса ҳозир ҳам ўшандай бир жойда депсиниб турибди. Мен бу ерда футбол атрофидаги ишларни, стадионларни, футбол инфратузилмасини назарда тутмаяпман, балки ўйин сифатини назарда тутаяпман ёки терма жамоамизга хорижлик бир тузукроқ мураббийни таклиф этишни назарда тутдим.
Терма жамоамизнинг тарихига назар солсангиз иккита мурайббий қўл остида терма жамоамиз бироз мазмунли ва тартибли ўйин кўрсата олган. Булар Р. Инилеев бошчилигадаги терма жамоамизнинг Осиё Кубоги-2007нинг финал босқичидаги ўйинлари ва В.Абрамов бошчилигидаги терма жамоамизнинг Осиё Кубоги-2011нинг финал босқичидаги ўйинларидир. (Тўғри, М.Қосимов бошчилигида ҳам терма жамоамиз бироз тузукроқ ўйин кўрсатиб Жаҳон Чемпионати-2014 нинг финал босқичига бир баҳя қолганди).
Ундан қолган мураббийлар терма жамоамизни доим ботқоққа ботиришган холос.
Мана шу ерда савол туғилади; ЎФФ миллий терма жамоамизга маълум бир шахсларни бош мураббий этиб тайинлашда қайси мезонларга таянади?
Масалан, кўпгина футбол федерациялари ўз миллий терма жамоаларига бош мураббий тайинлашда биринчи навбатда тайинланиши лозим бўлган мураббийнинг қанчалик муваффақият қозинишига, муваффақиятли ишлай олишига эътибор беришади ва бу йўлда ўша номзод мураббийларни обдон ўрганишади ва охирида улардан бирини таклиф этишади. Хўш, бизнинг ЎФФмиз миллий терма жамоамизга бош мураббийни қандай асослар билан тайинлайди?
"Бизда ҳам мураббий тайинлашнинг қандайдир йўл-йўриқлари бор ва ЎФФ ана шундан фойдаланиб мураббий тайинлайди" деб оғзимга уришга уринманг.
Агар бизда ҳам бошқа Федерациялардай иш тутиб терма жамоага бош мураббий тайинланганида терма жамоамизнинг ҳозирги мураббийи Бабаян терма жамоамизга бош мураббий бўлиш уёқда турсин ЎФФнинг биносига қоровуллика ҳам олинмаслиги керак эди.
Чунки бу одам терма жамоамизга бош мураббий бўлмасдан олдин ҳам, терма жамоамизга бош мураббий бўлгандан кейин ҳам футбол соҳасида ҳеч бир ютуққа эришмаган ва ҳеч бир "каромат" кўрсатмаган эди. ЎФФ нега бу одамни қўлига 32 миллион халқ кўзини жовдиратиб, ютуқларини пойлаб турган жамоанинг бошқариш чамбарагини тутқазиб юборди? Ҳанузгача бу иш кўпчиликка тушунарсиз бўлиб қолмоқда.
Ахир шу Бабаян эмасмиди "Пахтакор"да мененжер бўлиб ишлаб юрганида бир неча йиллар давомида пулни ортидан қувиб Пахтакорнинг ОЧЛда иштирок этишини била туриб ҳам ўзининг иқтидорли ўйинчиларини Хитой жамоаларига ижарага бериб юбориб Пахтакорнинг ОЧЛда шарманда бўлишига сабабчи бўлган ва алал оқибат ўша ишлари учун ҳанузгача мухлисларнинг сўкишларини эшитиб юрган.
Ахир шу Бабаян эмасмиди терма жамоамизга бош мураббий бўлгандан буён "Пахтакор"дай ўзи учун ёғли бўлган жойдан кўнгил узолмай терма жамоа қолиб доим "Пахтакор" атрофида ўралашиб юрган. (Охиргисини айтай; миллий чемпионатимизнинг учинчи турида "Пахтакор" ўз майдонида Самарқанднинг "Динамо" жамоасига ютқизиб қўйган ўйинда гол бўлган вазиятда ўйинни томоша қилиб турган Бабаян самарқандликларнинг ўйин охирида киритган голидан кейин сочини юлгудай бўлиб, бошини чангаллаб қолган. Баттар бўлсин)
Шу Бабаян эмасмиди Самарқандда маҳаллий "Динамо" билан бўлган ўйинда, биринчи бўлимдан кейин ҳакамлар хонасига кириб-чиқиб ўз жамоасига улар ёрдамида ҳаром ғалабани олиб берган. (Ўша ўйинда ҳакамлар ўйинга беш дақиқа қўшиб берган ҳолда "Пахтакор" гол урганча саккиз минут чўзган. Ва охир-оқибат "Пахтакор" ҳаром ғалабани қўлга киритиб ўйин сўнгида "Динамо" мухлислари Бабаяннинг енгил машинаси ва "Пахтакор"нинг автобусини тошбўрон қилиб ойналарини синдиришган).
Шу Бабаян эмасмиди Эрон ва Жанубий Кореядан учралган мағлубиятдан кейин ҳам пинагини бузмай юраверган ва на мухлисларнинг, на мутахасисларнинг гапини олмаган ва ўз билганидан қолмаган.
Миллий терма жамоаларнинг мураббийлари мухлислар томонида ё мазмунсиз ўйин ёки мағлубият учун танқид қилиниши бошланса кўпинча федерациялар томонидан мухлисларга қарата "илтимос, ҳаммамиз учун оғир бўлган шундай пайтларда терма жамоамизни ва мураббийимизни қаттиқ танқид қилишдан тийилиб туринг. Қўлни-қўлга бериб бирдамликда термамиз ва унинг мураббийини қўллаб-қувватлайлик" деган илтимослар бўлиб туради. Бу ҳолат бизда ҳам бўлди. Олдинига Сурия ва Қатарни мазмунсиз ўйинимиз билан зўрға ютганимизда футбол журналистлари ва мухлислар терма жамоамизни ва унинг эркатой мураббийи Бабаянни танқид қилиб чиқдилар. Ана шунда ЎФФ ҳам, Бабаянни ўзи ҳам журналистлар ва мухлисларни босиқроқ бўлишга ундаб "бундан кейинги ўйинларда хатолардан тўғри хулоса чиқариб, ўйин сифатини оширишга" ваъда бердилар. Аммо кейинги тўртта ўйиндан биттаси Хитойга қарши бўлиб ўтган ўйинни айтмаса қолган уч ўйинда термамиз мағлубиятга учради.
Бугунги Сурия билан бўлган ўйиндаги мағлубиятдан кейин бизнинг терма жамоамизда амалий жиҳатдан Жаҳон Чемпионатига чиқиш учун ҳеч қандай имконият қолмади. Биз учун ҳаммаси тугади. Жаҳон Чемпионатига бориш бизга яна армон бўлиб қолиш эҳтимоли 99% гача ошди. Қани энди ЎФФ яна нима баҳона топаркин?
Қани, яна қачонгача тоғдан тушган чўпонга терма жамоани ишониб бериб юраверар экан. ("Тоғдан тушган чўпон" деган гапимга менинг оғаларим бўлган чўпонлар хафа бўлишмасин. Бу ерда шунчаки Бабаяннинг жойи терма жамоа бошқарувида эмас, балки дала-даштларда қўй боқиб юришда демоқчиман холос. Ўшанда ҳам унга сурувни ишониб топширишса агар. Тахминимча эса ЎФФ терма жамоани топшириб қўйган одамга бошқалар қўй сурувини ҳам ишониб топширмайди.
Энди нима қилмоқ керак?
Кимдир Корея ва Эрондан учралган мағлубиятлардан кейин "отни кечувда алмаштирмайдилар, шундай экан Бабаянга охиригача имконият беравериш керак" деганди. Ўшанда мен ҳам бу фикрга қўшилган эдим.
Энди эса фикрим ўзгарди. Кечувда бўлса ҳам отни алмаштиравериш керак экан. Чунки бу от билан ҳам барибир кечувдан ўтиб бўлмас экан.
Бабаян термани тузукроқ бошқара олмай бизни охир-оқибат Жаҳон Чемпионатига чиқишдан мосуво этар экан уни ҳозир термадан ҳайдадик нима-ю, охиригача имкон бериб охирида ҳайдадик нима. Шу учун Бабаянни Тошкентга қайтишини ҳам кутмай уни термадан ҳайдаб юборавериш керак. Қолган ўйинларда жа муносиб мураббий топа олмасак футболчилардан бири ўйновчи мураббий ролини бажариб турар. Шундоқ ҳам термамиз муносиб қўлларда эмаску!