Бир дўстим бор. (Ўша сиз билган дўстим) Мен у билан ҳар хил мавзуларда баҳслашаман. Лекин, баҳсимиз дўстона бўлади. Чегарадан чиқмаймиз. Мен унга доим Қозоғистонни мақтайман. Сабаби, агар Европанинг ривожланган давлатларидан бирини ёки АҚШни мақтасам у "улар эскитдан ривожланган" дейиши мумкин. Шу учун унга 1991 йилда биз билан тенг мустақил бўлган Қозоғистонни мақтайман. Қозоғистон билан Ўзбекистон бир пайтлар, бир шоир айтгандай "Улуғ Совет оиласида" саноат, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёти, энг муҳими халқни турмуш даражаси бўйича бир хил бўлган. Тўғри, саноати биздан бироз олдинда бўлган бўлиши мумкин. Аммо барибир, умумий ҳисоблаганда биз билан бир хил бўлган. Аммо, қанчалик аччиқ ҳақиқат бўлмасин мустақиллик йилларида, ўтган 27 йил давомида Қозоғистон биздан анча олдинга ўтиб кетди.
Бунга сабаб эса...
Оддийгина мисол: Биз бугун ҳанузгача жорий қила олмаганимиз ID картани Қозоғистон ўтган асрнинг 95-96 йилларида жорий қилган эди. Ўшанда Қозоғистон СССР паспортини ўрнига мамлакат ичида ID карта ва хорижга чиқадиганлар учун хорижга чиқиш паспортини жорий этган эди.
Шунингдек, бу мамлакатда ислоҳотлар иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигини эркинлаштириш орқали давом эттирилди. Анча йиллардан бери биламан, қозоқ фермерлари ўзи тасарруф этадиган ерларда ўзи хоҳлаган экинини экади. Фақатгина мамлакат шимолидаги ерлар ғалла етиштиришга мослашгани учун миллионлаб гектар ерларга фақат ғалла етиштирилади. Мамлакат жанубидаги фермерлар эса том маънода эркин ва ўз ерида хоҳлаган нарсасини экади. Шу билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган, пахта тозалаш, уни қайта ишлаш заводлари, ун комбинатлари мустақилликнинг илк йилларида хусусийлаштирилган эди.
Қозоғистонда иқтисодий муҳит шунчалик эркин қилиб қўйилди-ки, 2000 - йиллардан бошлаб ва ундан олдинроқ мамлакатга дунёнинг турли минтақаларидан кўплаб инвесторлар келди.
Ўшанда, мустақилликнинг илк йилларида, мамлакат президенти Н. Назарбоев "2030 йилгача Қозоғистон Ўрта Осиёнинг барсига айланади" деган шиорни илгари сурди. У бу билан ўтган асрнинг 70-80 йилларида "Осиё йўлбарслари" бўлиб юксалиб чиққан давлатларни назарда тутган эди.
Ўшандан кейин Қозоғистонда кўплаб ислоҳотлар ўтказилди. Иқтисодиёт ривожланди. Пойтахт Астана янгидан тикланди ва Қозоғистон 2030 йилни кутиб ўтирмади ва белгиланган вазифалар 2010 йилдаёқ бажариб бўлинди.
Дўстим билан Қозоғистоннинг ютуқлари ҳақида баҳслашар эканмиз у "Қозоғистонда қазилма бойликлар кўп, шу учун ҳам уларни биздан ўзиб кетиши тўғри" дейди. Мен эса унга гап қазилма бойликларда эмаслигини, агар бошқарув оқилона ва одилона бўлса ҳеч қандай қазилма бойликларсиз ҳам ривожланса бўлишини таъкидлайман ва унга Жанубий Корея, Япония давлатларини мисол қилиб келтираман. Бу икки давлат ҳам Иккинчи Жаҳон Урушидан батамом вайрон бўлиб чиққан. Айниқса Япония қаттиқ вайрон бўлган. Шунингдек Кореяда урушдан кейин, 1953-1954 йилларда ҳатто фуқаролар уруши ҳам бўлиб ўтган. Ҳар икки мамлакат ҳам юқорида ёзганимдай оқилона ва одилона бошқарув туфайли қисқа муддатда, 1965-70 йилларга келиб жаҳоннинг кўзга кўринган, ривожланган давлатларига айландилар.
Бошқарув оқилона ва одилона бўлмаса ҳар қандай мамлакатда Менделеев жадвалида бор бўлган ҳамма қазилма бойликлардан бўлсин фойдаси йўқ, ўша мамлакат хароб бўлиб юраверади. Бунга яққол мисол, охирги кунларда талотўп бўлаётган Венесуэла давлатидир. Бу давлат аниқланган нефт заҳираси ва кавлаб олинаётган нефть бўйича дунёда етакчи ўринда турган. Аммо бошқарувнинг адолатсизлиги, оқилона ва одилона олиб борилмаслиги туфайли бу давлат иқтисодиёти жар ёқасига бориб қолди. Одамларнинг турмуш даражаси пасайиб, мамлакатга очлик хавф сола бошлади.
Аҳоли сони тахминан 32 миллион атрофида бўлган бу мамлакатда оилаларнинг 90 фоизи қашшоқлик ёқасида кун кечиради. Цемент, пўлат, агросаноат каби бутун бошли тармоқлар давлат ихтиёрига ўтказилган. Саноат ишлаб чиқаришини издан чиқарган нарх назорати жорий этилган. Сўнгги йилларда салкам уч миллион одам мамлакатни тарк этган. Шунчаки «қариндошларини кўриб келиш» мақсадида чегарани кесиб ўтмаган, балки мамлакатни чинакамига тарк этган. ️2002—2012 йилларда давлат 1168 та корхона ва фермер хўжалигини мусодара қилган/эгаллаб олган. Коррупция авж олган ва у жаҳоннинг энг коррупциялашган 20 мамлакатидан бири ҳисобланади.
Давлат компанияларидаги самарасиз бошқарув, коррупция, самарасиз давлат инвестициялари ва иқтисодиётни диверсификация қилишни истамаслик Венесуэладаги инқирознинг ҳал қилувчи омиллари саналади. Нефть нархи тушиб кетганида эса пул босиш машиналари давлат молияси учун нефтдан келадиган даромад ўрнини қоплайдиган воситага айлантирилди, оқибатда гиперинфляция юз берди.
Ҳа, табий қазилма бойликларга, айниқса нефтга бой бўлишига қарамасдан Венесуэла иқтисод ва қишлоқ хўжалигини давлат томонидан эгаллаб олиниб нўноқ бошқариши оқибатида мамлакат жар ёқасига келиб қолди.
Шу учун ҳам мамлакат ривожланишида, табий қазилма бойликларни аҳамиятини ҳам инкор қилмаган ҳолда айтаман: Мамлакат ривожланиши учун энг муҳим иш бу - мамлакатни оқилона ва одилона бошқаришдир. Қолганлари иккинчи даражали. Бунга тарихда кўп гувоҳ бўлганмиз ва Венесуэла мисолида яна гувоҳ бўлаяпмиз.
Саломат бўлинглар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий