вторник, 30 октября 2018 г.

Аҳолига кўмир тарқатиш муаммолари

Ҳозиргина ( 29.10.2018 йил, кечки соат 20:27 да ) Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" телеграм каналида аҳолига кўмир тарқатиш ҳақида ахборот берилди.
Ўша ахборотда жумладан шундай дейилади;

"​Қонунчиликка мувофиқ газ бўлмайдиган ҳудудларда аҳоли кўмир маҳсулоти билан узлуксиз равишда таъминланади.

Бунинг учун қуйидагилар амалга оширилади:

Қиш мавсумида газ бўлмайдиган ҳудудларга етарли миқдорда кўмир етказиб бериш бўйича тегишли ҳужжатлар тасдиқланади (Вазирлар Маҳкамаси – вилоят ҳокимликлари – туман ҳокимликлари);

Туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган аҳолини кўмир билан таъминлашга оид жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади;

Маҳалла фуқаролар йиғини келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради ва уни кўмир омборларига етказиб беради;

Кўмир омборлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган реестрга ва тасдиқланган жадвалга асосан аҳолини кўмир маҳсулоти билан Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нархлар асосида узлуксиз таъминлаш чораларини кўради."

Ҳуқуқий ахборот телеграм каналидаги бу маълумотларни ўқиб неча йиллардан бери табий газ бўлмаган ҳудудларда яшовчи аҳолининг кўмир олишда қийналаётганлари эсимга тушди. Очиғи, шахсан ўзим ўтган 2017 йилгача аҳолининг кўмир олишда қанчалик қийналаётганини билмаганман, кўрмаганман. Тўғри,  кўмирга борган одамлар қандайдир қийинчиликлар, коррупцион схемалар ҳақида гапиришар эди. Аммо ўзимнинг бошимга тушмагани учун ўша одамлар айтган қийинчиликларни унчалик ҳис қилмаганман. Тўғри, кўмирни осонлик билан олиб келиб бўлмаслигини, қолаверса берилаётган кўмирнинг катта қисми кукундан иборатлигини кўриб, билиб юрганман. Аммо ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб гувоҳи бўлмагунимча кўмир олиш машаққатларини танамда ҳис қилмаганман. Қолаверса охирги ўн-ўн беш йилда бир-икки марта кўмир олмаганимизни айтмаса кўмир олмаганмиз ҳисоб. Ўшанда ҳам кўмирга укам борган.
Ўтган 2017 йилда  кўмирни мен олиб келдим. Аммо ўша кўмирни уйга етказиб олиб келгунча тортган азобларимни ҳозир эсласам юрагим орқамга тортиб кетади. Энг ёмони бу йил ҳам ўша азобларни тортишимни эсласам юрагим санчаяпти.
У қандай азоблар экан деб қизиқаяпсизми? 
Марҳамат:

Кўмир олиш учун маҳаллага паспорт нусхалари олиб борилади. Сўнг улар сизни навбатга қўйиб қўлингизга маълумотнома беришади. Шундан сўнг неча кунлардир ўтиб туман ҳокимиятидан "бугун маҳаллаларингга фалон тонна кўмир ажратилган, бориб навбати билан олинглар" деган қўнғироқ бўлади. Шундан сўнг маҳалла раиси, унинг котиби, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси энг аввало ўзларига тегишли одамларга "Фалон кўмир базага боринглар, бугун маҳалламизга кўмир беришади, фақат ҳаммага ошкор қилиб юборманглар, тўполон бўлиб  кўмирсиз қолиб кетишларинг мумкин" дейишади. Маҳалладаги кўпчилик одамлар маҳаллага кўмир берилганини эртаси куни, кимнидир уйининг олдига кўмир тушганидан билишади.

Сиз эртаси куни эрталаб айтилган кўмир базага борасиз. Борсангиз тумонат одам. Вилоятдаги бир неча туманнинг ўнлаб маҳаллаларидан одам келган. Сиз база идорасидан кўмирни сўрайсиз ва у "маҳаллангиз раиси ёки котиби келсин, кейин сизларга кўмир берилади" дейди. Сиз кечгача кутасиз ва маҳаллангиз амалдорчаларидан ҳеч ким бормайди. База мудирига маҳаллангиздан бугун ҳеч ким кела олмаслигини, шу учун кўмирни бераверишини сўрайсиз. Аммо у рад этади. Кун бўйи совуқда ўтириб қайтиб келасиз. Эртаси куни маҳалла раисини машинангизга ёки ўзингизни машинангиз бўлмаса кўчадан киракаш ушлаб, машинага тиқиб кўмир базасига олиб борасиз. Аммо база мудири энди кўмир бера олмаслигини, сабаби кеча навбатингиз ўтиб кетганини, бугун  навбатни бузса тўполон бўп кетишини тушунтиради.  Шу билан маҳаллангизни кўмир оладиган биринчи навбати ўтиб кетади ва сиз кўмир ололмайсиз. Иккинчи навбатни эса яна ўн кун ёки икки ҳафта кутасиз. Ниҳоят яна ҳокимиятдан қўнғироқ бўлади ва базага жўнайсиз. Бу сафар борсангиз 20-30 нафар маҳалладошингиз ўша ерда. Қачон уйдан жўнашган, қачон етиб келишган зинҳор билолмайсиз.  Маҳаллангизга  ҳокимиятдан телефон бўлганда бу навбатда 40 тонна кўмир ажратилганини айтишган эди. База мудири эса 30 тонна бераман деяпти. Нечтадир вагон кўмир кам келган эмиш. Ҳақиқатдан кам келганми ёки у ўйин қилаяптими буни сиз зинҳор била олмайсиз. Сизга қўшилиб борган маҳалла раиси ёки котибининг боши қотган. Нима қилмоқ керак? Кўмир 30 тонна. Келган одам ҳам 30 тача. Лекин уларнинг ҳар бирини қўлида 2-3 тоннадан кўмирга қоғоз бор. Ўша ерда маҳалладошлар ўртасида жанжал бошланади. Бир неча соатлик жанжалдан кейин маҳалла раиси ёки котиби "кейинги навбат аниқ сизларники, ҳозир эса уйга кетаверинглар" деб бояги 30 нафар одамдан 15 тасини амаллаб уйга жўнатиб юборади. 30 тонна кўмирни эса қолган 15 та одамга 2 тоннадан бўлиб беради. Кўмир ололмай қайтиб кетганлар орасида сиз ҳам борсиз. Иккинчи марта уйга кўмирсиз қайтдингиз.

Учинчи марта навбат келганда кўмир базага олдингидан ҳам кўп маҳалладошингиз бостириб бориши мумкинлигини ва буни оқибатида учинчи навбатда ҳам кўмирсиз қолишни ўйлаб "нима қилсам экан-а?" деб бошингиз қотади. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топасиз. Учинчи мартада сиз кўзи ожиз, ногирон бўлган қўшнингизни ўзингиз билан бирга кўмир базага олиб борасиз. Ҳужжатларингизни уни қўлига берасиз. Унинг биринчи гуруҳ ногиронлиги учун навбатсиз кўмир олиш имтиёзи бор.  У "қўшним билан бирга келганман, ўзим алоҳида олиб кетсам кўмирни йўлкираси қиммат тушади" дейди ва қўшнингизни жўнатиб юбориш учун сизга ҳам кўмирни навбатсиз беришади. Ўшанда ҳам учинчи навбат куни  совуқда ярим кечагача ўтириб, улгура олмай эртаси куни  бориб кечки пайт олиб келасиз. Қоронғуда нима ортиб беришганини  кўрмайсиз ҳам. Ярим кечада олиб келиб кўчангизга тўкдирасиз. Эрталаб туриб қарасангиз  олиб келган кўмирингизнинг камида 70 фоизи кукун. "Кўчада кўмирфурушлар ҳатто кўмирнинг кукунини ҳам фалон пул сотиб юришибди. Ҳарҳолда бу ундан арзонку" деб ўзингизни юпатасиз ва ўша куни куни билан уни элайсиз. Эртаси куни эса оила аъзоларингиз ҳаво совуқ бўлишига қарамай ўзбекнинг инновацион янгиликларидан бири бўлмиш "оила шароитида, қўлда кўмир кукунидан брикет тайёрлаш усули"ни қўллаб олиб келган кўмир кукунингизни "кўмир таппи" қилиб олишади. Индини эса янги йилни бонги чалинаверади. Қаранг-а, нима бўлса ҳам амаллаб кўмир олиб қолиш ваҳимаси билан декабрь ойи тугаётганини сезмай ҳам қолибсиз. Эслатма; Баъзи йилларда сиз кўмир олиб келгунингизча янги йилнинг феврали бўлиб, бойчечак гуллашга ҳам улгуради. Ўшандай ҳолатларда қиш охирлаётган бўлса-да сиз кўмир кукунини, йўғее, кўмирни кейинги йил қиш мавсумида ёқиш учун олиб қўяверасиз.

Юқоридаги гаплар болалар мульфильмидаги Қундуз бобонинг эртаклари эмас, балки ўтган йил шахсан ўзим гувоҳи бўлган реал воқеаларнинг баёнидир. Яна тағин ҳам Жомбойдаги кўмир базанинг хўжайини мени урмоқчи бўлгани, "олиб бориб тиқиб қўймоқчи бўлгани" , яна шунингдек айнан ана шу Жомбой кўмир базада маҳалла раисингизни олиб боринг,  минг навбатга туринг агар кўчадан арзонроқ нархга машина гаплашиб келсангиз навбатингиз умуман келмаслигини, лекин ўша кўмир база атрофида ўралашиб юрган ва база мудири билан ош-қатиқ бўлган шофёрлар арзимаган 50-60 км масофага 600-700 минг сўм йўлкира сўраганда ўша йўлкирага рози бўлсангиз негадир навбатсиз кўмир олишингиз мумкинлигини батафсил ёзмадим.

Мени ҳайрон қолдирадиган жиҳат шу-ки нега аҳолига кўмир етказиб бериши лозим бўлган ташкилотлар кўмирни август, сентябрь ойларида, кунлар узун ва иссиқ бўлган вақтда бошламай октябрни охиридан, ноябрни бошидан бошлайди? Мана бугун 30 октябрь, 2018 йил. Бизнинг маҳалламизда ҳали кўмир ҳақида гап йўқ. Ўтган куни маҳалла раисидан бу ҳақда сўрасам "ноябрни бошидан бизга ҳам берса керак" деди.

Ўтган йил мен кўмир олган кунимда қор аралаш ёмғир ёғаётган эди ва олиб келган кўмиримни ёмғирдан пана жойга ташиб олгунимизча у ивиб бўлди ва кейин нам тортган кўмир қиши билан тутаб чиқди ва яхши ёнмади. Бундан ҳам ёмони кўмир базаларга уч марта борган бўлсам тумонат одамлар ичида турли хил одамлар бор: Ногиронлар, қариялар, аёллар дегандай. Ҳатто улар орасида ҳомиладор аёлларни ҳам кўрдим. Уларнинг ҳаммаси ҳавонинг совуқ кунларида эрталабдан кечгача совуқда кўмир олишни кутиб ўтиришибди. Шундай  экан кўмирни аҳолига август-сентябрдан бошлаб тарқатсалар мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Қачонгача аҳоли кўмир тарқатишдаги тартибсизликлар туфайли совуқда сарсон бўлади.
Яна бир жиддий масала бу аҳолига тарқатилаётган кўмирнинг сифати. Ўтган йил уч марта бориб ўзим гувоҳи бўлдим, аҳолига тарқатилаётган кўмирнинг ярмидан кўпи кукундан иборат. Аҳолига арзон кўмир тарқатаяпмиз деб аҳолига кўмир кукунини тарқатаяптилар. Ўтган йил бир қўшнимиз 4 тоннача олиб келган кўмирини элаганда ундан бир тонна ҳам кўмир чиқмади. Ҳаммаси кукун эди. Мени ўзим олиб келганимни ҳам ярмидан кўпи кукун эди. Агар шу кўмир август-сентябрь ойларидан бошлаб тарқатилганда аҳоли кўмир кукунини ҳам сув сепиб кейин қўлда думалатиб "кўмир таппи" қилиб иссиқда қуритиб олади.  Аммо ноябрь-декабрь ойларида, совуқ ва нам ҳавода олгани кўмирининг кукунини думалатиб "кўмир таппи" қилиб ололмайди. Буни биринчи сабаби совуқда кукунга сув сепиб совуқда думалатиш имконсиз бўлса, иккинчи сабаб сув сепиб думалатилгани сабабли кўмир таппи совуқда яхши қуримайди.

Умуман олганда неча йиллардан бери кузатаман аҳоли кўмир олишда турли муаммоларга дуч келмоқда. Мен юқорида ўтган йил ўзим гувоҳи бўлган воқеани зарбулмасал қилиб ёздим, аммо айнан шундай ҳолат мамлакатимизнинг аксар ҳудудларида рўй бераяпти. Шу пайтгача ижтимоий тармоқларда ҳам, кўча-куйда ҳам "мен бориб сарсон бўлмасдан кўмир олдим" деган инсонни учратмадим. У ким бўлишидан қаттий назар, зўрға юрган қариями, ҳомиладор аёлми ёки ногиронларми, ҳамма-ҳаммаси кўмир олишда сарсон бўлмоқда. Эшитаяпмиз, жойларда аҳолига озгина кўмир тарқатилиб, қолгани тарқатилди деб ҳужжатлаштирилиб кўча-куйларда кўмир сотиб кўмирфурушлик билан шуғулланадиган кимсаларга бериб юборилаяпти.

Умуман олганда аҳолига кўмир тарқатиш ишларига масъул бўлган ташкилотлар ва шахсларга саволим бор; Қачон биз одамга ўхшаб сарсон бўлмасдан бемалол кўмир оламиз? Қачон биз одамга ўхшаб тузукроқ, сифатилироқ кўмир оламиз? "Келаётган кўмирнинг бори шу" деманг. Кўча-куйда кўмирфурушлик қилаётган кимсаларнинг сотаётган кўмирида кукун умуман йўқ. Хўш, улар қайердан олаяпти сифатли кўмирни? Бу саволларимга жавоб бера олармикинсизлар?

Неча йилдан бери тегишли ташкилотлар мен юқорида келтирган муаммоларни атрофлича ўрганадилар ва аҳолига  кўмир тарқатишда енгилликлар жорий этадилар деб умид қиламиз. Аммо ўзгариш йўқ. Ҳар ўша репуртуар, ҳар йил ўша қўшиқ. Бир кун келиб аҳвол ўзгарар, аммо қачон?

П.С. Шу жумлаларни ёзиш жараёнида қишлоғимиз ҳудудидаги мактаблар аҳволини ўргандим. Қишлоғимиздаги олтита мактабнинг биронтасига ҳали кўмир берилмаган. Буни қандай тушунишни ҳам билмайман. Ҳаво совуганда мен ҳовлимдаги дарахтни кесиб ёқиб турарман, аммо мактабларда болалар совуқ синфхоналарда қандай ўтиришади, қандай дарс ўтишади билмайман. Балки буни ҳанузгача мактабларга кўмир бермаган мутасаддилар билишар.

Чўпони кўп пода ҳалокатга маҳкум ёхуд фермерларнинг нечта хўжайини бор?


Бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда ажабтовур бир сурат тарқалди. Суратнинг ажабтовурлиги шундан иборатки унда туппа-тузук кийинган, қўлида қандайдир ҳужжатлар жилдини ушлаб олган олти киши сув оқиб турган ариқ ичида иштонига ўтказиб қўйган болалардай бўлиб бошларини эгиб туришибди. Суратни кўрганларнинг ҳаммаси ҳайрон: булар ким, нега бундай ҳолатда туришибди?
Бироз ўтиб ҳаммаси ойдинлашди.

Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида олтита турли лавозим ва ишда ишлайдиган одамлар қанчадир вақт ариқдаги сувни ичида туришга мажбурланди. Воқеа жойида эндиликда собиқ, бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев ҳам бўлган ва уларни ариқдаги муздай сувга кийими билан тушишга шу одам мажбурлаган. Бунга сабаб эса ўша ариқни ичида турган олтовлоннинг  иккитасибўлган фермерларнинг даласидаги экилган буғдойнинг вақтида суғорилмагани бўлган. Уларга даладаги буғдойни суғоришни "олдин пахта бўлсин,  кейин ғалла суғорасан" деб Оққўрғон туман прокурори рухсат бермаган.
Ҳаммаси шахмат ўйинига ўхшайди а? Ўзи ерни хўжайини ким? Фермерми ёки ундан тепада турадиган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлими катталарими ёки туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарими ёки туман прокурорими?

"Чўпон кўп бўлса пода ҳаром ўлади" деган халқимизнинг пурмаъно ҳикматини эшитганмисиз?  Ҳозир фермерлар ана шу тепасида чўпони кўп подага ўхшамаяптими сизни наздингизда?  Мени наздимда роса ўхшаяпти.
Бечора фермерга биттаси "ғаллани суғор" деб буйруқ беради. Иккинчиси келиб "суғорма" дейди. Учинчиси келиб "нега суғормадинг?" деб тепкилаб уради. Тўртинчиси келиб "нега суғординг?" деб ариқдаги совуқ сувга пишади.

Хўш,  фермерларга шунча хўжайин нега керак?  У қачон эркин бўлади? Ҳали белгиланган режани  бажариб қўйган бўлса ҳам ошиқча ғалласини "бошқа ҳудудларимиз режани бажара олмаяпти" деб тортиб олиб кетишади. Ҳали қўйларини бўғоз ҳолига қарамай бўғизлашади. Ҳали уришади, тепишади, сўкишади. Нима биз ўтган асрнинг 30-йилларида, мустабид бир тузум бўлган Собиқ иттифоқнинг коллективлаштириш даврида яшаяпмизми?
Э йўқ,  жаноблар. Биз йигирма биринчи асрда, демократик жамият қурганмиз деб даъво қилаётган мустақил Ўзбекистонда яшаяпмиз. Шундай экан кўзимизни каттароқ очиб бошқаларга ҳам қарайлик-чи уларда фермерларнинг  аҳволи қандай?  Қарайликчи,  Европадаги фермерларнинг устида биздагидай қишлоқ хўжалигини  тузук-қуруқ тушунмайдиган  тўрт-бешталаб ҳоким,  прокурорга ўхшаган валломатлар ҳукмронлик қилиб ўтирармикан?  Сўрайликчи,  Италия ёки Францияда фермер ҳокимиятининг идорасини қайердалигини билармикин?  Сўрайликчи,  Германиядаги фермер кунора ҳокимнинг мажлисига қатнаб ўша мажлисда ғаллани суғормагани учун ҳоким унинг онасига қўшилгани билан даъво қилиб сўкармикан?
АҚШ-демократия тимсоли. Сўрангчи,  АҚШлик фермерни ерига ўша фермердан сўроқсиз прокурор ёки штат губернаторининг ўринбосари оёқ боса олармикан?  Йўқ,  боса олмайди.

Хўш,  унда нега бизнинг фермерларни ит ҳам,  бит ҳам тепкилайди?  Нега уни ўз ҳолига қўйишмайди. Кечаги Оққўрғон фожиаси, ҳа, ҳа, айнан фожиаси охирги сигнал бўлмаяптими?  Яна нечта фермер ҳокимни сўкишини кўтара олмай ўзини осиши керак?  Яна нечтаси прокурорнинг зуғуми туфайли ўз жонига қасд қилиши керак?

Биз демократик жамият қуришни,  қурган жамиятимизда инсон манфатлари ва ҳуқуқлари бирламчи ўринда туришини хоҳлар эканмиз фермерларни  ҳокимлар ва прокурорлар чангалидан зудлик билан қутқаришимиз керак. Этикдўз  сомса ёпса,  сомсапаз этик тикиб юраверса,  ишонинг ҳеч қачон биримиз икки бўлмайди. Ҳамма ўз ишини қилиш керак. Фермерми,  марҳамат,  у ҳисоботларини фермерлар уюшмаси ва қишлоқ хўжалиги вазирлигига берсин. Аммо зинҳор уларни ишига қишлоқ хўжалигини мутлақо тушунмайдиган ИИдан чиққан ҳоким ва  прокурор аралашмасин. Улар ўз ишини қилсин. Ана шунда фермерни куни кун бўлади ва ўзи ҳам тўяди,  халқни ҳам тўйдиради. Акс ҳолда эса ҳаммаси бекор.

"Умуман олганда фермерни ҳоким ва прокурорлар назорат қилмаса у ишламайди" деган  тушунчадан воз кечишимиз керак. Фермер ҳозир бу йилгидай  қурғоқчиликка  ҳам  чидаши мумкин ёки бошқа табиат инжиқлариги енгиб ўтиши мумкин. Уни қийнаётган муаммолар табиат инжиқликлари эмас. Уни қийнаётган ҳолат тепасида бошлиқларнинг, керак, нокерак хўжайинларнинг кўплиги ва ўз ерига ва ўз ҳисобидаги маблағига ўзининг тўлақонли эга эмаслигидир. Шундай экан кечаги фермерларни ариқдаги муздай сувда қарийб бир соат туришга мажбурлаган шахслар ишдан олингани билан агар тўлақонли ўз ишига мустақил бўлмаса фермерларнинг муаммоси ҳал бўлиб қолмайди. Бирини ўрнига иккинчиси келаверади. Бири сувга тиқса, иккинчиси сўкиб дўппослайверади. Фермерларга муносабат ўзгармас экан бир одамнинг ишдан олиниши амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

воскресенье, 21 октября 2018 г.

Кўрмаганнинг кўргани қурсин!

Кўрмаганнинг кўргани қурсин!

Республика аҳамиятидаги Ургут-Булунғур йўлининг қишлоғимиз ҳудудидан ўтган қисми узоқ йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётган эди. Ўтган йил озроқ қисмини,  бу йил яна озроқ бир қисмини асфальт қилишди.  Шундай қилиб йўлнинг бир қисми бирооооз эпақага келди. Ана энди баъзи учар ҳайдовчиларга Худо берди-ку, мошинани жуда тез ҳайдашади. Буни натижасида  йил бошидан бери бери йўлнинг ўша бироз таъмирланган қисмида бир нечта йўл транспорт ҳодисаси рўй берди. Куни кеча эса ана шундай ЙТҲ дан бирида фожиали ҳодиса содир бўлди. Кечки пайт оқ рангдаги "Дамас" русумли автомашина тез юриши оқибатида йўл четида кетаётган иккита боладан бирини уриб юбориб  қочиб кетган. Бола воқеа жойида вафот этган. Ёнидаги шериги "Дамас"нинг номерини кўра олмаган. Бола коллеждан уйига қайтаётган экан. Қайси бир номард инсоннинг ҳатти-ҳаракати билан бир йигит ота-онаси ва яқинларини бўзлатиб навқирон ёшида ҳалок бўлди.

Шу йўл республика аҳамиятига эга йўл бўлса ҳам туман марказидан бошлаб то бизнинг қишлоғимиздан чиқиб кетгунча бўлган 5-6 км қисми  жудаям тор ва бу йўлни ҳеч ким кенгайтиришни хоҳламайди. Сабаби агар йўл кенгайтириладиган бўлса одамларнинг уйи бузилиши ва бузилган уйлар учун уларга товон пули тўланиши керак. Ҳозирча эса ҳатто туманимиз марказидаги аксарият йўлларни кенгайтира олмаётган ҳокимиятимиз бизнинг қишлоқдан ўтган йўлни кенгайтириш учун уйи бузиладиган аҳолига тўланадиган товон пулига етарли маблағни ҳали бери  топа олмаса керак. Тағин билмадим.

Ушбу йўлни торлиги етмагандай унда умуман пиёдалар йўлакчаси ҳам йўқ. Пиёдалар йўлакчасига тегишли бўлган жойлар баъзи жойларда йўқ, баъзи жойларда қаровсиз ҳолда ётибди. Баъзи жойларда эса одамлар эгаллаб олиб ҳовлисига қўшиб юборган. Буни назорат қиладиган ва пиёдалар йўлакчасини очиб қўядиган ташкилот эса ҳозирча йўқ. Одамларимизнинг айримларида катта йўлларнинг ёқасида пиёдалар йўлакчаси ҳам албатта бўлиши кераклиги ва ўша жойни ўзлари тўғирлаб қўйиши  мумкинлиги ҳақида тушунчанинг ўзи йўқ. Бундай тушунчаси борлари ҳам азбаройи ерга кўзи тўймай пиёдалар йўлакчасини қайтариб олса олган-у, аммо таъмирлаб чиройли йўлак қилиб қўйгани битта ҳам йўқ.
Ҳаммаси тақдирдан, аммо пиёдалар йўлакчаси бўлганида кеча ўша навқирон бола кўчадан эмас, ўз йўлидан юрар эдими, балки,  балки....

Умуман олганда кўчаларнинг торлиги ва унда пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги бир бизнинг қишлоққа хос ҳолат эмас. Мамлакатимизда аксар аҳоли тиқилинч яшайдиган ҳудудларда аҳвол шундай. Аммо ҳозирча бу аҳволга жавоб берадиган, одамларнинг ўзбошимчалик билан йўлларни,  пиёдалар йўлакчаларини эгаллаб олганларига қарши чора кўрадиган ҳеч ким йўқ. Ҳокимиятларнинг бу бошоғриқ ишдан бошқа ташвишлари ҳам кўп. Йўлсозлар эса амалда ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган обрўсиз бир ташкилотга айланиб бўлишди.

Энди тузук-қуруқ пиёдалар йўлакчалари бўлмаган жойларда велосипед йўлаклари ҳақида гапириш ортиқча деб ўйлайман.
Катта кўчалар ёқасида пиёдалар йўлакчаси бўлмаганда энди велосипед учун йўлакча ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бизнинг қишлоғимиз, туманимиз, вилоятимиз марказлари нима бўпти, ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам пиёдалар йўлакчаси йўқ. Пиёдалар, велосипедда юрадиганлар ҳозирча велосипед йўлакчаси ҳақида фақат орзу қилмоқдалар ва умид билан, сабр билан қачонлардир бизда ҳам,  шаҳар ва қишлоқларимизда  чиройли пиёдалар йўлакчалари, велосипед йўлакчалари қурилишини кутмоқдалар. Аммо буни пиёдалар йўлакчаси йўқ тор йўлда ҳовлиқиб машина бошқарадиганларга қани эди тушунтириб бўлса.

Умуман олганда ҳайдовчиларнинг ўзларида ҳам "бир қамчи" бор. Йўл бузуқ бўлса йўлсозларини сўкишади. Йўл таъмирланса секинроқ юрмай одам босиб ўлдиришади. Кўрмаганни кўргани қурсин дегани шу бўлса керак-да.