четверг, 8 марта 2018 г.

Сариқ ранги таксилардан воз кечиш керакми?


Ҳозир қўйида ёзмоқчи бўлган гапларимни анча олдинроқ ёзмоқчи бўлган эдим. Ҳатто сарлавҳа ва мавзу ҳам тайёр эди. "Нега Тошкент шаҳридаги таксиларнинг ранги сариқ эмас?" деган. Аммо ўшанда мавзу назаримда бошқа турли муаммолар олдида арзимас бўлиб туюлган ва мен шу мавзуда ёзмай қўя қолган эдим. Аммо бугун тасодифан uza.uz сайтида  муаллиф Сайёра Шоеванинг "Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими? Ёхуд сариқ такси муаммолари" номли мақоласини ўқидим-у бу мавзуда ёзмасам бўлмаслигини тушундим.

Ўша мақолада Жиззахда сариқ рангли таксилар кам экани, машинани сариққа бўяш муаммо экани ёзилган. Шунингдек муаллиф таксиларни сариққа бўяшни "натижа бермаган амалиёт" сифатида баҳолайди. Шунингдек Жиззахда кўпчилик машинасини сариқ рангга бўяш харажатидан қочиб ноқонуний фаолият юргизаётганини ёзади.  Аммо, нега мақола муаллифи Жиззахдаги бу ҳолатни ёзишдан олдин Самарқандга, Қўқонга, Урганчга ёки яна бошқа шаҳарларга бориб вазиятни кўрмайди, аҳволни ўрганмайди? Агар у  Самарқанд ёки Қўқонга ёки яна бошқа шаҳарларга бориб аҳвол билан танишганида аксарият шаҳарларимизда  кўплаб сариқ рангли таксилар юрганини ва ўша шаҳарларда ноқонуний ишлайдиган таксилар фоиз ҳисобида жудаям кам эканини кўрар эди.

Муаллиф ўз мақоласида "сариқ рангли таксилардан воз кечиш вақти келмадими? деб савол қўяди. Тўғри, мақола муаллифи ёзганидай машинани сариққа бўяш харажат талаб қилади. Аммо биз  ривожланишни хоҳлар эканмиз бизга сариқ рангли таксилар албатта керак. Юртимиз сайёҳлар ташрифи бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринда туради. Шундай экан агар таксилардан сариқ рангни олиб ташласак ҳаммаси бўтқа бўлиб кетади ва одамларимиз ҳам, шунингдек чет эллик сайёҳлар ҳам кўчада юрган машиналарнинг қайси бири такси-ю, қайси бир оддий машиналигини ажрата олмай қоладилар. Яна бу ҳолат юртимизга келадиган сайёҳлар учун ўта ноқулай ва ўта кулгули ҳолат бўлиб кўринади. 

Жиззахда сариқ рангли таксиларнинг камлиги ва аксарият таксичиларнинг ўз машиналарида ноқонуний фаолият олиб боришлари асло бу соҳа ўзини оқламаганини билдирмайди. Аксинча, Жиззахда ушбу соҳани назорат қилиши керак бўлган тегишли ташкилотлар яхши ишламаганидан далолат беради.
Машинани сариққа бўяш харажат талаб қилса, бошоғриқ иш бўлса демак авваламбор сариқ рангдан воз кечишни эмас, балки автозаводимиздан такси рангига мос сариқ рангли машиналарни ишлаб чиқариб уни такси фаолиятини йўлга қўйган корхоналарга етказиб беришни йўлга қўйишларини талаб қилиш керак чамамда.

Энди бу соҳадаги бир тушунарсиз иш ҳақида ўз фикрларимни билдирсам. Ўша 2011 йил, 18 майда чиққан "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисидаги" қарорда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борадиган йўналишсиз таксиларнинг ранги фил суяги рангида (бу рангни кўпчилик "қаймоқранг" деб ҳам атайди), вилоятларда фаолият олиб борадиган таксиларнинг ранги эса сариқ рангда бўлиши белгилаб қўйилган. Ана шу ерда савол туғилади: Хўш, нега энди Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган таксиларнинг ранги бошқа вилоятларда фаолият юритадиган таксилар рангидан фарқ қилиши керак? Буни бирон арзирли сабаби борми? Тахминимча ҳеч қандай арзирли сабаби йўқ. Шундай экан бу қарорни ўзгартириб бутун мамлакатимиз бўйлаб таксилар рангини  бир хил ранг, ҳамма жойда жойда сариқ рангида қилиб қўйиш керак.
Шунингдек яна бир тушунарсиз иш шу-ки барча вилоятларда йўналишсиз таксилар ранги сариқ рангда бўлганига қарамай GM-Uzbekistan ўз автозаводидан сариқ рангли машина чиқармайди. Тошкент шаҳри учун таксилар ранги "фил суяги ранги"да( қаймоқранг) бўлиши белгиганган бўлсада ушбу рангдаги автомашиналар аҳолига сотиш учун ҳам савдога чиқарилади.  Мана шу ерда мантиқсиз иш содир бўлаяпти. Ўша ранг такси учун белгиланган экан, нега унда бу рангли машиналар очиқ савдода ҳам бор? Агар "қаймоқранг" машиналар очиқ савдода бор экан, нега унда сариқ рангли машиналар на очиқ савдода бор ва на ундай машиналар ишлаб чиқарилади?  Шундай экан автозаводимиз такси учун белгиланган рангларни очиқ савдога чиқармай, ҳар иккала рангда ҳам машина чиқариб Тошкент шаҳри ва вилоятларда жойлашган кўплаб йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга етказиб берса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Юқорида "Жиззахда тегишли ташкилотлар томонидан ноқонуний таксилар фаолияти назоратга олинмаган" дедим. Бу соҳада кўплаб туманларда, туман марказларида  ҳам назорат  ўта қониқарсиз бўлаяпти.  Узоққа бормай, бугунги воқеани ёзай.(эслатма: воқеа 08.03.2018 йилда содир бўлаяпти) Бугун туманимиз марказига чиқсам доим киракашлар томонидан тиқилинч қилинадиган бозор атрофидаги кўчаларда тиқилинч йўқ. "Бугун байрам бўлса, қайтага баттар тиқилинч бўлиши керак эди-ку", деб йўлимда давом этдим. Қарасам туман марказидаги асосий йўлнинг бозорга яқин қисмида бир гуруҳ ЙПХ ва яна бошқа тегишли ташкилот ходимлари туришибди. Улар бугун ноқонуний таксичиларни текшириш учун рейдга чиқишган экан. Чамамда улар вилоят марказидан келишган. Бозор атрофида уя қуриб олган ноқонуний таксичилар, "Дамас"ларда кира қиладиганлар уларни кўриб қочиб қолишган. Шу туфайли ҳам ҳар кун тиқилинч бўладиган кўчалар бугун очиқ экан. Бундай воқеага олдин ҳам бир-икки марта гувоҳ бўлганман. Демак, ўша ноқонуний киракашларнинг ҳар кун бемалол кўчаларни тўсиб қўйиб фаолият юритиб, фақат қачонки вилоят марказидан уларни текшириш учун рейд келганда қочиб қолишларига қараганда агар вилоят марказидан кимдир текширишга келмаса туманнинг ўзидаги тегишли ташкилотлар уларга индамайди ва уларнинг ноқонуний фаолият юритишларига панжа орасидан қарашади. Транспорт корхонаси эгалари эса кўпинча ноқонуний таксичилик қиладиганлардан "йўналишни сотиб олганман, бу йўлдан олдин ҳаққини тўлаб кейин юрасан" деб улардан кунлик ноқонуний пул йиғиб оладилар деб ҳам эшитганим бор.  Бу холатга бошқа вилоятлардаги кўплаб туманларда шахсан ўзим  гувоҳи бўлганман.

Умуман олганда бу гаплардан нима хулоса чиқади ва нима ишлар қилиш керак?
1. Биринчи навбатда Тошкент шаҳрининг алоҳида мақомини бекор қилиш ва юртимиздаги ҳамма таксиларнинг рангини бир хилъ сариқ рангда бўлишига эришиш.
2. GM-Uzbekistan  автозаводларида сариқ ранги машиналарни ишлаб чиқариб уларни мамлакатимиз бўйлаб шу сохада фаолият олиб бораётган корхоналарга етказиб беришни йўлга қўйиш.
3. Жойларда назоратни кучайтириш ва шу соҳага тегишли қарор ижросини таъминлаш.
Ана шунда муаммолар бироз ечим топиши мумкин. Аммо сариқ рангни олиб ташлаган билан назорат суст бўлаверса муаммолар ечилмай қолаверади ва қайтага бир ишни эплай олмаганимиз учун кулгуга қоламиз холос.

среда, 7 марта 2018 г.

ЙҲХ

Собиқ иттифоқ даврида ГАИ, мустақил бўлганимиздан кейин Давлат Автомобил Назорати(ДАН) деб аталган ИИВ нинг бу бошқармаси Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бошқармаси(ЙҲХ) деб аталишни бошлаганига ҳам анча йил бўлиб қолди. Аммо бу бошқарма ўз номига мос бўлиб йўлларимизда Ҳаракат Хавфсизлигини таъминлаяптими?
Бу саволга жавоб ёзишдан олдин бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: мен доим ҳайдовчилар ва ЙҲХ, ЙПХ ходимлари ўртасида қандайдир баҳслар муҳокама қилинганда доим ЙҲХ ходимлари тарафида бўлганман. Чунки ҳайдовчилар орасида ҳеч қандай йўл ҳаракати қоидаларини тан олмай доимо қоидаларни бузиб юрадиган "учар" лар жудаям кўп. Аммо бу дегани ЙҲХ ходимлари ҳам, турли бошқарма ва бўлимлари яхши ишлаяпти дегани эмас.

Энди эса саволга жавоб берсам: Бугунги кунда ИИВнинг ЙҲХ бошқармасининг турли вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари, туманлардаги бўлимлари номига мос ишламаяпти ва ҳеч қанақасига "ҳаракат хавфсизлигини" таъминлаётгани йўқ. ЙПХ ходимлари аксарият ҳолларда режа сифатида қўлларига берилган протоколларни қандай тўлдириб топшириш пайида бўлиб қолаяптилар холос. Йўл Ҳаракати Хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ташкилий  ишлар эса  ЙПХ ходимлари томонидан умуман бажарилмаяпти.

Келинг, камчилик ва муаммоларни бир бошдан бошлай.

Бир пайтлар  Тошкент-Термиз трассаси қурилар экан раҳматли Ш. Рашидов бу йўлнинг халқаро йўл эканлигини инобатга олиб Чиноздан Тошкент шаҳригача бўлган қисмида аҳоли пунктларида ўнга яқин йўл ўтказгичлар қурдирган ва ўша аҳоли пунктларида яшайдиганлар катта йўлга тўғридан-тўғри чиқмай йўл ўтказгич орқали айланиб тушишган.
Шу билан бирга ушбу халқаро трассада юрадиган турли ҳайдовчилар учун қулай бўлиши учун аҳоли пунктларининг номлари ҳаракатланиш тезлигига халақит бермайдиган қилиб ўнгга ва чапга кўрсаткич белгилари билан белгиланиб ёзилган эди. Ана шу туфайли ҳам Чиноздан Тошкентгача бўлган масофада ҳайдовчилар ўз машиналарини бемалол 100 км соат тезликда бошқариб кетаверар эдилар.
Аммо негадир 2017 йилнинг ёз ва куз ойларида Тошкент вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси томонидан Чиноздан Тошкентгача бўлган йўлда аҳоли пунктларининг номлари ушбу йўлда юрадиганларнинг ҳаракат тезлигини чеклайдиган тарзда ўзгартирилди. Аҳоли пунктларининг номлари ёзилмаган жойларда номи ёзилди. Қисқаси энди бу йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар Чиноздан Тошкентга,  Тошкентдан Чинозга  боргунча айрим жойларни хисобга олмаганда қарийб 70 км йўлни аҳоли пунктлари учун белгиланган соатига 70 км соатдан оширмай юриши керак. Олдинлари эса бу йўлда бемалол   100 км соат тезликда юриш мумкин эди.

Агар эсларингда бўлса ўтган 2017 йилда, Тошкент-Термиз трассаси қатнов сезиларли ошгани учун талабга жавоб бера олмаётгани, шу туфайли ва яна йўлнинг сифатини ва кўринишини жахон стандарти даражасига чиқариш учун ушбу йўлнинг Тошкент вилоятидан ўтган ҳудудида шу йўлнинг ёнида алоҳида палосали йўл қуриш ва ўша йўлда эса катта тезликда ҳаракатланишни хоҳлайдиган ҳайдовчилар харакатланиши мумкин бўлишлиги ҳақида гап-сўзлар чиққан эди. Аммо Тошкент вилояти ИИБ, ЙҲХ бошқармаси тез юрса бўладиган алоҳида палоса қурилиши бошланмасданоқ бу йўлда ҳаракатланиш тезлигини минимум даражага туширди қўйди.

Ҳозир шу гапларни ёзаяпман-у, эртага Тошкент вилоят ИИБ, ЙҲХ бошқармасидан кимдир чиқиб "аҳоли пунктларида турли ЙТҲ кўпайгани учун ҳаракатланиш тезлигини чеклашга мажбур бўлдик" деб изоҳ бериши ҳам мумкин. Аммо, агар турли ЙТҲ кўпайган бўлса тегишли ташкилотларга таклиф билан чиқиб кўчалар четига панжара ўрнаттиришсин. Ҳозирги кунда умумий тўрт палосали бўлган йўлни ҳар икки тарафидан биттадан палоса қўшиб олти палосали қилишсин. Йўқ, Тошкент вилояти ИИБ, ЙҲХ бошқармаси ҳавдовчиларга жабр қилиб ишнинг осонгинаси танлаб қўя қолди ва қарийб 70 км ли масофада ахоли пунктларини номини ёзиб, кўча четларига ўрнатиб ҳаракатланиш тезлигини чеклаб қўя қолди.

Ҳайдовчиларга жабр қилгани шу-ки бу йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ўз тезлигини белгиланган 100 км соат тезликдан 10-15 км соатга ошириб 115 км соат тезликда ҳаракатланиб қоидани бузса олдинлари энг кам иш ҳаққининг бир баробари миқдорида жарима тўлар эди. Энди эса агар ўшандай 115 км соат тезликда юрса энг кам иш ҳаққининг етти баробари(!) миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлаяпти. Бу эса ҳайдовчиларни тунашдан бошқа нарса эмас.

Бу йўлнинг халқаро йўл эканлигини,  яна мамлакатимизнинг 70% аҳолиси пойтахтимизга келиш учун шу йўлдан фойдаланишини инобатга оладиган бўлсак Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси нега бундай иш тутгани ва қарийб 70 км масофадаги йўлда ҳаракатланиш тезлигини максимум 100 км соатдан 70 км соатга тушириб қўйгани кўпчилик хайдовчилар учун умуман тушунарсиз ҳолат бўлиб қолаяпти.

Юқорида ИИВ, ЙҲХ бошқармаси йўл ҳаракати хавсизлиги йўлидаги ташкилий ишларга, зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган турли муаммоларга  умуман эътибор бермаяпти дедим. Буни турли шаҳарларда, туман маказларида жойлашган бозорлар атрофи доим тиқилинч бўлиб туришидан ҳам билса бўлади. Охирги икки йилда мамлакатимизнинг кўплаб шаҳарларида, туман марказларида бўлдим. Уларнинг аксариятида бозор атрофларида тиқилинч бўлиб, ҳаракатланиш ниҳоятда қийин. Аммо ҳайрон қолганим ўша шаҳар ёки туман марказларида ўша бозор атрофларидаги тиқилинчларни очиш учун ҳаракат қилаётган ЙПХ ходимларини кўрмадим. Йўқ, кўрдим. 2016 йилнинг ёзида Андижоннинг Хўжаобод шаҳрида кўрдим. Унда ҳам ЙПҲ ходимлари хафтанинг икки кунида катта бозор бўладиган кунларда келиб тартиб сақлашар экан. Бошқа кунларда эса Тошкент-Ўш йўлининг бир қисми ҳисобланадиган ушбу йўлда бозорга келадиган турли одамлар ва кўплаб киракашлар томонидан тиқилинч юзага келтирилаверади. 
Шу йил ёзда Сурхондарёнинг Денов шаҳрида бўлдим. Бозор атрофидаги кўчаларда мутлақо ҳаракатланиб бўлмайди. Ёки Самарқанд вилоятидаги Ургут шаҳридаги деҳқон бозори атрофидаги кўчалар киракашлар банд қилиб олгани учун қишин-ёзин  тиқилинч бўлиб туради. Лекин бу ерда ҳам бирон марта ЙПХ ходимларини келиб тартиб сақлаб кўчани очиб қўйганларини кўрмадим. Фақат гоҳ-гоҳида Самарқанд шаҳридан вилоят ИИБ, ЙҲХ ходимлари рейд билан бориб қолсалар ҳамма, киракашлар борми ёки ўз машинасини тўхташ мумкин бўлмаган жойда қўйиб кириб бозордаги дўконида савдо қиладиган тадбиркорлар борми қочиб қолишади ва йўл бироз очилади. Қолган пайтларда эса тиқилинч бўлиб тураверади.
Шунингдек бу муаммо Тойлоқ туманида ҳам бор. Туман марказидаги бозор шундоққина Самарқанд-Айний халқаро йўлининг шундоққина ёқасида жойлашган ва ҳафтанинг душанба ва жума кунлари бўладиган катта бозор куни бу йўлдан ўтиб қайтиш нихоятда машаққат бўлади. Йўл четида тартибни сақлаш учун ички ишлар ходимлари туришадм  аммо ЙПХ ходимлари туришмайди. Бу ерда ҳам тиқилинчни келтириб чиқараётганлар асосан киракашлардир.
Мен юқорида икки-уч туман марказини мисол қилдим. Аммо бу муаммо исталган вилоятингизда, исталган туман марказларида бор. Аммо ўзига "ИИВ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси" деб жарангдор ном қўйиб олган бу бошқарма ходимлари ҳеч қайерда "ҳаракат хавсизлигини" таъминлаётганлари йўқ. Ишлари пана-пасқамларда туриб олган қўлларига режа қилиб берилган протоколларни тўлдириш билан банд бўлиб қолаяптилар. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш керак бўлган жойларда кўпинча уларни кундузи чироқ ёқиб хам топиб бўлмайди.

ИИВ, ЙҲХ бошқармасининг яна бир тушунарсиз иши бу машиналарнинг ёритиш тизими билан боғлиқ бўлган муаммодир.
Кўпчилик билмас, дунёнинг ривожланган давлатлари ўз ҳудудида машиналар кундузи ҳаракатланаётганида яқинни ёритиш асбобларини ёқиб юришларини жорий қилиб қўйибди. Ён қўшниларимиз Қозоғистон ва Россияда ҳам шундай. Бизда эса ҳаммаси бўтқа бўлиб ётибди. Тушинтираман: икки-уч йилдан бери ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналарни ҳам жаҳон талабларига мос келишлари учун машина двигателини ёққанингиздан яқинни ёритадиган фаралар автоматик равишда ёнадиган қилиб ишлаб чиқаришаяпти ва кўчада ҳаракатланаётганида уларнинг яқинни ёритувчи фаралари кундуз кунлари ҳам автоматик равишда ёниб кетаверади. Улардан олдин ишлаб чиқарилган машиналарда эса ундай функция йўқ ва яқинни ёритиш фаралари қўлда ёқилади. Энди аҳволни бўтқалигини қаранг-ки олдинроқ ишлаб чиқарилган машиналар яқинни ёритиш фарасини ёқиб юрса бу қоидани бузиш ҳисобланади. Лекин автозаводдан яқинни ёритиш фаралари автоматик тарзда ёнадиган қилиб чиқарилган янги машиналарда яқинни ёритиш фараси ёниқ ҳолда харакатланса бу қоида бузилиши ҳисобланмайди.
Хўш, шундай экан ИИВ, ЙҲХ бошқармасига эски-ю, янги машиналарнинг ҳаммасини кундузлари яқинни ёритувчи фараларни ёқиб юришни мажбурий қилиб, ҳаммани бир хил қилиб қўйиш учун нима етишмаяпти. Қачонгача кўчаларимизда бир машина кундуз кунлари фараларини бемалол ёқиб юра олади-ю, иккинчи машина худди шу иши учун жаримага тортилади?

Умуман олганда юқорида ҳам айтдим, бугунги кунда ЙҲХ бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳеч қанақасига "йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаётганлари йўқ. Акс ҳолда улар доим қоидабузарларни жазолаш пайида бўлмай, ўша қоида бузилишларнинг олдини олиш пайида бўлар эдилар.
Ёзаман деса бу соҳада қилинадиган ишлар кўп. Юрт раҳбари томонидан хам ЙҲХ ходимлари кўп танқид қилинаяпти, соҳада ўзгаришлар қилиниши талаб қилинаяпти. Аммо Президентнинг гаплари бу соҳа мутасаддиларига ҳанузгача етиб бормаяпти. Акс ҳолда юқорида ёзган муаммоларим аллақачон ҳал қилинар эди, халқаро йўлнинг Тошкент вилоятидан ўтган қисмида ҳаракатланиш тезлиги пасайтирилмас эди.


понедельник, 5 марта 2018 г.

Россия ва МДҲ


1 март куни Россия президенти В. В. Путин Федерал Мажлисга мурожатномасини эълон қилар экан шундай дейди:
“СССР қулаганидан сўнг Россия (гарчи советлар даврида Совет Иттифоқи деб аталса-да, чет элларда уни Совет Россияси деб аташарди), модомики гап миллий чегараларимиз ҳақида кетар экан, 23,8 фоиз ҳудудини, 48,5 фоиз аҳолисини, ялпи ички маҳсулотининг 41 фоизини, саноат салоҳиятининг 39,4 фоизини (мен қарийб ярми эканлигига эътибор қаратмоқчиман), СССР Қуролли Кучлари собиқ иттифоқдош республикалар ўртасида бўлиниши оқибатида ҳарбий салоҳиятининг 44,6 фоизини йўқотди...”

В. Путин, РФ Федерал Мажлисига Мурожаатномасидан. 1.03. 2018.

Путиннинг ушбу сўзларини бошқалар нима деб ўйлашди билмпдим-у, аммо шахсан мен мустақиллигимизга катта таҳдид деб баҳоладим. Тўғри, Россиянинг турли сиёсатчилари томонидан турли йилларда бундай гаплар кўп гапирилган. Ўшанда 200 йиллар давомида ҳукмронлик қилиб  қўл остидаги  қанчадир фоиз ҳудудини, аҳолисини, саноатини ва ҳоказо бошқа нарсаларини дабдурустдан йўқотиш Россия учун  жудаям аламли йўқотиш ҳисобланган. Аммо юқоридагидай фитнага сабаб бўлувчи, иттифоқчиларни саросимага солувчи таҳдидона гапларни юрт раҳбари гапириши кўпчилик учун бироз ғалати туюлди.

Ўша гапларида Путин "фалон-фалонларимизни йўқотдик" деяпти-ю, аслида эса собиқ иттифоқ ҳудудида Болтиқбўйи давлатларидан бошқа аксарият давлатларда Россия турли йўллар билан ўз таъсир доирасини ушлаб турибди. Қўйида шу ҳақда билганларимни сизларга етказишни хоҳладим.

СССР парчалангандан кейин Россия ва  собиқ иттифоқ республикаларининг ҳолати.

Болтиқбўйи давлатлари.

1. Латвия
2. Литва
3. Эстония

Болтиқбўйи ҳудудида жойлашган бу мамлакатлар ЕвроИттифоқ ёрдамида ўз ҳудудларида Россия томонидан можаро чиқаришига йўл қўймай тинчгина мустақил бўлиб кетишди. Ғарбпараст ҳам бўлишмади, американос ҳам бўлишмади. Ўз оилаларига қайтиб Европа билан биргаликда фаол ривожланишда давом этишмоқда.
Бу уччала давлатларда Россия "рус миллати қувғинга учраяпти, уларни биз ҳимоя қилишимиз керак" деб бу давлатларга босим ўтказиб  роса фитна чиқаришга уринди. Аммо бу давлатлар Европа Иттифоқи  ва НАТО ёрдамида Россиянинг босимига умуман эътибор бермадилар.

4. Белоруссия.
Биринчи рақамли Россияга энг мутеъ давлатлардан бири.
Ҳатто Москвани рухсатисиз ҳеч бир ишни қила олмайди. Ҳатто сиёсатчиларда "Белоруссия Россиянинг тутинган ўғли" деган ҳазиломуз гап ҳам юради.

5. Украина.
Йигирма уч йил давомида Россия билан яқин алоқада бўлиб бири икки бўлмади. Чунки 1991 йилда СССР қулаган пайтда Украинада аҳолини яшаш шароити Шарқий Европадаги собиқ социалистик лагерга кирувчи Польша, Руминия, Болгария, Венгрия каби давлатлар аҳолисининг яшаш шароити билан бир хил эди. Ҳатто Украина саноати уларни саноатидан анча олдинда эди. Улар социалистик лагердан чиққандан Евроиттифоқ томон юзландилар ва бугунги кунда Украина ўша аҳволида қолиб кетган ҳолда улар анча ривожланиб кетдилар. "Украинанинг Россия билан бирга бўлиб бири икки бўлмади" дейилганда шу назарда тутилаяпти.

2014  йилда Европа Иттифоқи билан Украина  ўртасида  интеграциялашув келишувига Украина президенти Янукович имзо чекмаган кундан бошланган намойишлар охир-оқибат Украина шарқида рус миллатига мансуб кишиларнинг Россиянинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва ҳарбий ёрдами билан амалдаги ҳукуматга қарши бош кўтаришларига сабаб бўлди ва ҳанузгача бу ҳудуд нотинч бўлиб қолмоқда. Украина шарқидаги айирмачиларга Россия ҳанузгача ҳар томонлама, айниқса озиқ-овқат ва қурол-яроқ томонидан ёрдам кўрсатмоқда.

Шундан сўнг Россиянинг ҳарбий ёрдами билан Қримда нотинчлик келтириб чиқарилди ва Россия халқаро ташкилотларнинг ва Жаҳон ҳамжамиятининг  эътирозларига қарамай сохта референдум ўтказиб Қрим Республикасини анеккция қилиб, ўзига қўшиб олди.

6. Молдавия.
1990 йилда Молдавияда мустақиллик учун бўлиб ўтган намойишлардан, талотўплардан фойдаланган Россия ўзининг русийзабон миллатдошларини ҳимоя қилиш баҳонасида Молдавиянинг Приднестровье ўлкасига қўшин киритди ва 1992 йилда бу ўлка Россиянинг қўллаши натижасида ўзини Молдавиядан бир томонлама мустақил деб эълон қилди. Ўшандан бери ҳанузгача бу ўлка ўзини мустақил давлат деб ҳисоблайди. Бу тан олинмаган давлатни ҳам Россия армияси ҳимоя қилмоқда.

7. Грузия.

Кавказдаги кўпмиллатли (бу давлатда грузинлардан ташқари этник аджарлар, абхазлар ва осетинлар ва яна бир нечта майда миллатлар яшашади) бу давлатда мустақиллик эълон қилиш йўлида намойишлар бўлиб ўтаётган 1990 йилда  бу давлат таркибида бўлган Жанубий Осетия автоном республикасининг (пойтахти Цхинвали) аҳолиси бош кўтарди ва қисқа муддатда Россиянинг қўллаши билан бу автоном республика бир томонлама ўзининг Грузиядан ажралиб чиққанини ва мустақиллигини эълон қилди. Ўшандан бери бу тан олинмаган Жанубий Осетия республикасини ҳам Россия армияси қўриқлайди.

Грузия билан яна бир муаммо 1994 йилда Абхазия автоном республикаси билан пайдо бўлди. Ўшанда Абхазия Россиянинг кўмаги билан Грузия таркибидан чиққанини ва мустақиллигини эълон қилди. Ўртада қонли можаролар юз берди ва воқеалар бу республикага Россия ўз ҳарбийларини киритиши билан тугади. Бугунги кунда бу республика билан Грузия ўртасидаги чегарани Россия ҳарбийлари қўриқламоқда.

2000-04 йилларда Грузия яна бир синовга дуч келди. Бу сафар Грузиядаги яна бир автоном республика бўлмиш Аджария республикаси Россиянинг ҳарбий кўмаги ёрдамида ўз мустақиллигини эълон қилмоқчи бўлди. Аммо ҳаракат мувафаққиятсиз якунланди ва воқеалар  Аджария республикасининг ўша даврдаги президенти Аслан Абашидзенинг  Москвага қочиб кетиши билан якун топди.

Бу орада расмий Москва минтақада ўз таъсир доирасини мустаҳкамлаш учун тинимсиз равишда Жанубий Осетия ва Абхазия фуқороларига Россия паспортини бера бошлади ва ўша ҳудудлардаги аҳолининг аксарияти энди Россия фуқороси ҳисоблана бошланди. Бу эса Россияга жудаям қўл келадиган ҳолат эди.
Бунинг меваси кўп узоқ куттирмади.
2008 йил август ойида Грузия билан Жанубий Осетия ўртасида чегарада бошланган отишма охири урушга айланди ва Грузия ўз армиясини Жанубий Осетияга ташлади ва пойтахт Цхинвали ишғол этилди. Мана шу ерда Россия Жанубий Осетиядаги "ўз фуқороларини" ҳимоя қилиш мақсадида зудлик билан Жанубий Осетияга ўз ҳарбийларини киритди ва Грузияга қарши уруш эълон қилди. Олдинига Жанубий Осетиядан Грузия армияси сиқиб чиқарилди. Кейин эса уруш Грузия териториясига ўтди. Охир-оқибат воқеалар Грузияни енгилиши билан якун топди. Грузия томони, хусусан ўша вақтдаги президенти Самашвили пойтахт Тбилисини Россия оккупациясидан асраб қолиш учун Грузия томони учун ўта шармандали ҳисобланган сулҳга имзо чекишга мажбур бўлди. Шундан сўнг томонлар ўзларини олдинги марраларига қайтдилар ва энди Жанубий Осетияни Грузия билан бўлган чегараси бўйлаб Россия ҳарбийлари жойлаштириб чиқилди.

8. Арманистон.

Бу давлат ҳам 1991 йил, мустақил бўлганидан бери Россия билан яқин иттифоқчи бўлиб келаётган давлатлардан биридир. Бу давлатда ҳам Россиянинг йирик ҳарбий базаси бор.

9. Озарбайжон.

Бу давлат 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилар экан, бундан буёғига ўз келажагини Россия билан эмас, балки Европа билан биргаликда қуриш нияти борлигини эълон қилди. Озарбайжон раҳбариятидан бундай баёнотни кутмаган Россия томони зудлик билан ишга тушиб, Озарбайжон таркибида бўлган Тоғли Қорабоғ автоном ўлкасида яшовчи арманларни Озарбайжонга қарши гиж-гижлаб, уларга ҳам моддий, ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатиб 1991 йилнинг кузида Тоғли Қорабоғда қуролли можаро чиқаришга эришди. Ўртада чиққан бу қуролли можарога Россияни қўллови билан Арманистон қўшилди. Ва охир-оқибат Тоғли Қорабоғ ўлкаси Озарбайжондан бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилди.  Озарбайжон ва Арманистон ўртасида уруш бошланди. Бу урушда ҳам Россия ҳарбийлари зимдан Арманистон тарафида туриб Озарбайжонга қарши урушди. Ўша даврда Арманистон Озарбайжонга қарши якка ўзи уруша олмас эди. Чунки аҳоли ва територия жиҳатдан Озарбайжонда анча кичик бўлган бу давлат ўша урушдан 2-3 йил олдин 1988 йилда бўлиб ўтган даҳшатли зилзила асоратларини ҳанузгача бартараф қила олмаган ва анча оғир аҳволда эди. Кейинчалик истеъфога чиққан рус зобитлари, ҳарбий учувчилари  ўшанда Тоғли Қорабоғ можаросида яширинча буйруқ билан Арманистон тарафида бўлиб Озарбайжонга қарши жанг қилганларини тан олиб чиққан эдилар. Бироз давом этган урушдан сўнг халқаро ҳамжамиятнинг босими билан бу икки мамлакат урушни тўхтатишди. Тоғли Қорабоғ баҳсли ҳудудга айланди ва бу ҳудуд ҳам Абхазия ва Жанубий Осетиядай ўзини мустақил республика деб эълон қилди. Ўшандан бери бу ҳудуд нотинч бўлиб қолмоқда.  Ҳозирги кунда бу ерда ҳам Россия армияси жойлаштирилган.

10. Қозоғистон.

Бу давлат ҳам ўша мустақил бўлган 1991 йилдан буёғига Россияни "чизган чизиғидан" чиқа олмай келаётган  давлатлардан биридир.  Қозоғистон шимолида, Россия билан чегара ҳудудларда асосан русийзабон аҳоли истиқомат қилиши бу давлатнинг доимо Россия билан эҳтиёткорона муомала олиб боришига сабаб бўлиб келаяпти.

11. Туркманистон.

1991 йилда эълон қилинган мустақилликдан кейин бу давлат халқаро воқеа-ҳодисаларга қўшилмаслигини ва ўзини нейтрал давлат бўлишини эълон қилди. Ҳанузгача шу йўлдан кетмоқда.

12. Тожикистон.

Бу давлат 1991-92 йилда бўлиб ўтган фуқоролар урушидан сўнг иқтисоди ва қишлоқ хўжалиги оғир фалажланиб қолиши туфайли МДҲ давлатлари орасида Россияга энг кўп боғланиб қолган  давлат бўлди. Ўшанда фуқоролар уруши даврида  Россия ҳарбийлари бу давлатда тинчлик ўрнатишга ёрдам беришди. Аммо шу билан бирга Россия ҳарбийлари бу давлат ҳудудида мустаҳкам ўрнашишди. Ҳозирги кунда Россия армиясининг хориждаги энг катта базаси шу давлатда жойлашган. Ўша воқеалардан кейин мамлакат  жанубидаги анча хавфли бўлган Афғонистон билан бўлган узун чегарани тожик ҳарбийлари билан биргаликда рус ҳарбийлари ҳам қўриқламоқда.

13. Қирғизистон.

1990 йилда Молдавиядаги, Кавказ республикаларидаги талотўплар ортидан бу давлатда ҳам КГБ айғоқчиларининг гиж-гижлашлари ва Россиянинг қўллаши оқибатида мамлакат жанубида ўзбек миллатига қарши қирғизлар томонидан зўравонликлар уюштирилди. Мақсад бу тўполонларга Ўзбекистон томонини ҳам тортиш эди. Аммо ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти босиқлик қилди ва можарога аралашмади. Шу туфайли бу можаро қисқа муддатда барҳам топди.
Худди ўша 1990 йилги сценарий бўйича воқеалар 2010 йилда яна қайталанди. Яна бу давлат жанубида яшаётган ўзбекларга қарши қирғизлар томонидан мисли кўрилмаган хунрезликлар қилинди. Бунда ҳам мақсад можарога Ўзбекистонни тортиш бўлди. Аммо, Ўзбекистон раҳбарияти бу сафар ҳам совуққонлик билан иш кўриб можарога аралашмади ва қисқа муддатда можаро тинчиди. Ўшандан кейин бу давлатга ҳам Россия ҳарбийлари киришди ва ҳозирги кунда Бишкек яқинидаги Манас аэродроми қошида Россиянинг ҳарбий базаси жойлаштирилди. (Эслатиб ўтаман: Манас аэродомидаги ҳарбий база узоқ йиллар Афғонистонда ҳарбий амалиётлар олиб борган АҚШ ҳарбийларига хизмат қилди. Бундан уч йил олдин Россиянинг босими билан Қирғизистон томони бу базадан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юбориб уни Россия ҳарбийларига топширди.

14. Ўзбекистон.

Бизнинг давлатимиз 1991 йил мустақил бўлгандан "энди дунёнинг ҳар бир давлати билан тенг ҳуқуқлик асосида алоқалар ўрнатишини" эълон қилди. Ўша даврларда мамлакатимизнинг мустақиллика бўлган уринишларини кўриб Россия махсус хизмат ходимлари бизда ҳам турли можароларни чиқаришга уриндилар. Шулардан бири ўша Қирғизистон жанубида содир бўлган Ўш воқеаларига бизни ҳам тортиш бўлса, иккинчиси Фарғона водийсида месхети турклар билан ўзбеклар орасида низо келтириб чиқариш бўлди. Ўшанда воқеалар месхети туркларни кўчириб олиб кетиш билан тугалланди ва можаро катта тус олмади.

Юқорида Россия президенти Путиннинг Федерал мажлисга қилган Мурожатномасида гапирган гапларини келтирдим. Унинг гапларини эшитиб шу хулосага келаяпманки биз нихоятда ҳушёр бўлишимиз, Россиянинг турли тарғибот машиналарини мамлакатимизда ишлашига йўл қўймаслигимиз керак.
Бизнинг йўлимиз шуки у Россия бўладими, ёки бошқа давлатлар бўладими ўзаро тенг ҳуқуқлик асосида муносабат ва алоқалар ўрнатиш йўлидир. Кимки шуни ҳоҳламас экан, биз у билан яқин алоқа ўрнатмаслигимиз ва ўзаро муносабатларда масофа сақлашимиз керак. Аммо фуқороларимиз ниҳоятда сиёсий сезгир бўлишлари ва турли давлатлардан келаётган турли босимларни енгиб ўтишлари керак бўлади. Айниқса охирги йилларда Россия томонидан бўлаётган турли тарғиботларга учмасликлари лозим. Агар Россия  телеканалларини кўрсангиз улар Россияни минтақадаги энг "савобталаб ва ҳаммага яхшилик қиладиган давлат" деб таърифлайдилар. Амалда эса ҳаммаси тескари. Буни юқорида ёзганим минтақадаги турли давлатлар мисолида келтирдим. Ўша давлатларнинг аксариятида Россия ўша 1991 йилдан бошлаб бугунги кунгача ўз таъсирини бевосита ва билвосита давом эттириб келмоқда.

Мустақиллик шундай неъматки, буни ҳар биримиз қадрига етишимиз, асрай олишимиз, керак бўлса шу йўлда жонимизни фидо қилишга тайёр туришимиз керак.
Шундай экан ҳушёрликни қўлдан бермай яшайлик азиз юртдошлар.