воскресенье, 21 мая 2017 г.

"Тегма, куясан".

Собиқ Иттифоқ замонида ёзувчи бўлиш осон бўлмаган. Ёзувчи йўлидаги катта-катта муаммоларни гапириб ўтирмайман, улар ҳатто ўз асаридаги қаҳрамонларга ҳам исмни минг ўйлаб, минг ўзгартириб танлаган.

      " - Алё, Фалончи Фалончиевич бу нима қилганингиз? Кеча "Шарқ Юлдузи"да қиссангиз чиққан экан. Нега салбий қаҳрамонни исмини Болтавой қўйдингиз? Ахир бизнинг молиявий ишларимизни юритадиган каттамизнинг "зам"ларининг исми Болтавойку, Болтавой Ўроқович. Мабодо китоб қилиб чиқартиришда ўзгартиринг. Китобда ҳам шу ҳолида чиқиб кетмасин.

     -Хўп, хўп."

    "- Алё, Фалончи Фалончиевич бу яна нима қилганингиз. Сизга нима дегандим. Нега янги чиққан китобингиздаги қиссадаги салбий қаҳрамоннинг исми Тешавой қўйдингиз? Ахир бизнинг молиявий ишларимизни юритадиган каттамизнинг "зам"ларининг исми Тешавойку, Тешавой Кетмонович. "Ўзингиз ўзгартир деган эдингиз" дейсизми? Ўзим "ўзгартир" деган бўлсам "Тешавой қил" демаганмаку. Олдинги "зам" Болта ишдан урилиб, ўрнига Тешавой Кетмоновични "зам" бўлиб келишлари тушимга кирибдими? Бундан кейин эътиборлироқ бўлинг.

   - Хўп, хўп."

Юқоридагидай телефон қўнғироқлари ёзувчиларга кунда бўлмаса ҳам кунора бўлиб турган.
Ёзувчилар доим "Ижобий қахрамон бўлса хоҳлаганларингдай атайверинглар, аммо салбий қаҳрамонларнинг номи биронта раҳбарнинг номига ўхшаш бўлиб қолмасин" деб огоҳлантирилиб турилган.
Шу туфайли ҳам ёзувчилар кўпинча салбий қаҳрамонларига юқорида ёзганимдай минг ўйлаб, минг ўзгартириб ном танлашган.
Бугунги кунда эса ёзувчиларга мазза. Ўз асарларидаги салбий қаҳрамонларга хоҳлаган исмларини қўяверишади. Энди бу билан хеч кимнинг иши йўқ.

Энди ҳозирги кунда у қандай соҳада хизмат қилишига, хоҳ электрон ОАВ бўлсин, хоҳ даврий нашрлар бўлсин журналистларга қийин. Улар танқидий мақолаларини минг ўйлаб, минг ўзгартириб ёзади. (Тўғри Собиқ Иттифоқ даврида ҳам журналистларга ёзувчилардан осон бўлмаган. Аммо, биз энди мустақилмиз-ку. Наҳотки энди ўзимизнинг журналистларимиз ўзимизнинг муаммоларимиз ҳақидаги танқидий мақолаларини ҳам ўйлаб ёзсалар. Начора, ҳатто асосли танқид ҳеч қайси замонда, ҳеч кимга ёқмас экан-да.)

"- Алё, бу фалонча интернет сайтининг админими? Ука(ёки ака) сиз нималар қилиб юрибсиз? Кеча нега ўқитувчилар ҳақида, уларнинг ўз ишларини бажармай бошқа юмушларга жалб қилинаётгани ҳақида ёздингиз? Қайерда ўқитувчилар ўз ишлари қолиб бошқа юмушларга жалб қилинаётган экан? Қўлингизда фактингиз борми? Агар билсангиз бизда ундай нарса йўқ. Агар, мабодо битта-яримта ўқитувчи бирон ерга ҳашарга борган бўлса у  ўз ишидан бўш бўлган пайтида ихтиёрий равишда борган. Кейин, нега битта мактабдаги аҳволни "ҳудудимизда", "мамлакатимизда" деб ёзаяпсиз. Ҳудудингизда ҳам, мамлакатимизда хам бундай гап йўқ. "Мана кеча боламдан айттириб юборгани етмагандай бугун ўқитувчисининг ўзи уйимга металлом қидириб келди" дейсизми? Агар билсангиз укажон мактаб(ёки коллеж)га ўша металломни пули ўтказиб берилади ва улар ўша пулни мактаб(ёки коллеж)ларининг ободончилиги ва кам-кўсти учун ишлатишади. Кейин, нима сиз давлатимизнинг сиёсатига қаршимисиз? Бу соҳага аралашманг. Куйиб қолманг тағин. Материални тезда сайтингиздан олиб ташланг.

-Узр, биздан хато ўтибди бошқа қайтарилмайди.

"- Алё, бу фалонча газетанинг таҳририятими? Менга бош муҳаррир керак. "Иш билан ташқарига чиққандилар" дейсизми? Ташқарида қанақа иш экан у? Нега у иш пайтида ўз жойида ўтирмайди? Газеталарингни кечаги сонида "банк ходимлари томонидан турли нафақаларга лотерея қўшиб бераяпти" деб нега танқидий мақола чиқардинглар? Қайерда банк ходимлари нафақаларга лотерея қўшиб бераётган экан? Ҳеч қайерда банк ходимлари лотерея қўшиб бермаяпти, аксинча халқнинг ўзи қизиқиб олаяпти. Ҳеч ким уларни мажбурламаяпти. "Нега унда банк ходими нафақа тарқатишга лотерея кўтариб боради, нега банкнинг ўзи ўша лотереяни чиқаради, банкнинг лотерея чиқаришдан, банк ходимининг лотерея сотишдан бошқа иши йўқми?" дейсизми? Ука(ёки ака)жон, бу банкнинг тадбиркорлигига киради. Ўз ишини қилиб яна лотерея чиқартириб сотишни эплаяптими, ўша банк раҳбарларининг тадбиркорлигига қойил. Қани бошқа банклар хам ана шундай тадбиркорликни эпласин қани? Кейин шошманг, нима сиз давлатимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш сиёсатига қаршимисиз? Бу соҳага аралашманг. Куйиб қолманг тағин. Бошқа бундай мақолани берманглар, акс холда судда жавоб берасизлар.

- Узр, бўлди тушундик. Бошқа қайтарилмайди.

Юқоридагидай телефон қўнғироқлари кунда бўлмаса ҳам кунора хали у сайт админига, ҳали бу газета таҳририятига қайерлардандир, кимлардандир бўлиб турибди. Шу учун ҳам охирги пайтларда долзарб мавзуда ёзилган баъзи танқидий мақолалар интернет сайтларда узоқ қолмаяпти. Телефон бўлгандан ўчирилаяпти.

Бир пайтлар раҳматли қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоевнинг "Тегма куясан. Ана куйдииинг" деган ҳажвияси чиққанда роса машҳур бўлиб кетганди. Қизиқчимиз оғзидан чиққан ўша иккита оддий гап бугун халққа машҳур бўлган иборага айланиб бўлган. Ўз кўзингиз билан кўрган бир муаммони бирон жойда ёзиб чиқмоқчи бўлсангиз "Ҳой, тегма куясан" дейдиган одам албатта рўпарангиздан чиқади.

Ҳаммамизга маълум бугунги кунда халқ фаровонлиги йўлида мамлакатимизда жуда катта ислоҳотлар бошланди. Бу ислохотларнинг ўзаги "халқ мансабдор шахсларга эмас, мансабдор шахслар халққа хизмат қилиши керак" деган шиор бўлаяпти ва бу гап қуруқ шиорлигича қолиб кетмаяпти. Жойларда махаллий рахбарлар кунда халқнинг олдига чиқиб муаммолар билан танишаяптилар, ўша муаммоларнинг ҳал қилиниши чораларини кўраяптилар. Юртбошимизнинг ва кўпгина раҳбарларнинг халқнинг муаммолари устида, уларнинг ечими хақида бош қотираётганлари тахсинга сазовор. Аммо, барибир орамизда баъзи муаммолар гапирилганда ёки кўтарилганда ҳанузгача "тегма куясан" дейдиган одамларнинг борлиги афсусланарли ҳолатдир.
Аслида муаммоларни кўтараётган журналистлар эмас, балки ана ўшалар давлатимизнинг "хамма нарса халқ фаровонлиги ва манфатлари учун бўлиши керак" деган устувор сиёсатига қарши чиқаётган одамлардир.

Шу ўринда одамларимизни кўнглига таскин бераётгани ва юртбошимизнинг олиб борётган халқчил сиёсатларини янада кўпроқ қўллаб-қувватлашга ундайдигани кечагина  давлатимизнинг халқчил сиёсатига қарши чиқиб ким(лар)гадир "тегма куясан" деб пўписа қилган ва қилаётган касларнинг ўзлари "куйиб" ишдан ҳайдалиб кетаётганларидир. Халқнинг фаровон бўлишига, Ватанимизнинг гуллаб яшнашига тўсиқ бўлаётганларнинг ҳоли бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. 

Р.С. Қайерлардадир, кимлар биландир бўлиб ўтган телефондаги суҳбатлар айнан мен тепада ёзганимдай бўлиб ўтмай бошқачароқ тарзда бўлиб ўтган бўлиши мумкин. Лекин мазмунан шунга ўхшаш бўлганига менинг асло шубҳам йўқ.

среда, 17 мая 2017 г.

"Прописка" очилса пойтахтда уй-жойларнинг нархи ошади(ми?).

Бизнинг бошқаларникига ўхшамаган ўз ишларимиз бор. Шулардан бири оддий инсонлар учун анча йиллардан бери пойтахтимиз Тошкент шаҳрида доимий яшаш учун рухсатнома, яъни кўча тилида айтганда "прописка" олишнинг мутлақо иложи йўқлигидир.
Эсимда, 1999 йил 17 февралга қадар пойтахтимиздан "прописка" олишда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Аммо ўша йили 16 февралда террорчилар томонидан пойтахтимизда амалга оширилган портлашлар ҳукуматимизни сергаклантирди ва 17 февраль куни биринчи президентимиз И.А.Каримов томонидан "Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қонун" эълон қилинди ва шу билан вилоятлардан кўчиб бормоқчи бўлган аҳоли учун Тошкент шаҳрида "прописка" олиш бутунлай ёпилди.

Йўқ, мен ушбу постимда ўша қарорни мухокама қилмоқчи эмасман. Зарурат бўлгандир-ки ўша қонун қабул қилинган. Мени кўпроқ бу қарорга нисбатан одамларнинг фикрлари қизиқтирган. Масаланинг бошқа ечимлари қизиқтирган.
Масалан, вилоятлардан пойтахтга кўчиб боришни хоҳловчилар "бу қарор ўша пайтда зарурат юзасидан қабул қилинган бўлса, кейинчалик аҳвол ўзгарди, давлатимиз анча оёққа турди, энди ўша қарорни бекор қилса ҳам бўлади" деган фикрни анчадан бери билдириб келишади. Пойтахтда яшовчилар эса "ўша қарор тўғри бўлган, агар "прописка"ни очиб юборилса Тошкентни вилоятликлар босиб кетади ва уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетади" деган фикрни билдиришади. Мана шу ерда ўшандай инсонларга қарата "пойтахт бу Ўзбекистоннинг ҳамма фуқороларига тегишли" деб ҳайқиргим келади.  (Бу фикрни олдинроқ тез-тез билдиришар эди. Ҳозир бу ҳақда унча гапирмай қўйишди. Сабабини қўйида тушинтиришга уринаман).

Эслайман, бир пайтлар Тошкент шаҳри марказида 2 хоналик квартира 2-3 минг долларга баҳоланарди. Шаҳар четроқларида эса 1000 долларга ҳам беришарди. Ўша пайтларда "прописка" энди ёпилган пайтлар эди. У пайтда ҳозиргидай интернет ва ижтимоий тармоқлар йўқ, муҳокама асосан жамиятда, жамоатчилик орасида жонли тарзда бўларди. Ана шу муҳокамаларда пойтахтликлар томонидан "прописка"ни ёпиб яхши иш қилишди, акс ҳолда бизда уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетарди" деган фикр тез-тез билдирилиб туриларди. Қизиғи бу фикрни ёши каттароқ инсонлар билдиришарди ва ўзим ҳам бу фикрни неча марталаб эшитганман. Аммо уларнинг бу тахминлари умуман нотўғри экан. Чунки "прописка" очилмаса ҳам уй-жойнинг нархи барибир ошиб кетди. Ошганда ҳам ҳатто ўн баравардан кўпроққа ошди. Масалан, 2001-2002 йилларда Тошкент марказидаги 2 хоналик ўртача таъмирланган квартираларнинг нархи 2-3 минг доллар бўлган бўлса, 2006 йилнинг бошидан оз-оздан кўтарилган нархлар ўша йили ёзга бориб ўша 2 хоналик ўртача таъмирланган квартираларнинг нархи  20 минг долларгача чиқиб борди. Кейинчалик эса кўчмас мулкларнинг нархи ошишда давом этиб ўшандай квартираларнинг нархи 40-50 минг долларгача чиқиб борди. Демак, уй-жойларнинг нархи ошаман деса "прописка"нинг очиқ ёки ёпиқлигига қарамайди ва ошаверади.

Шу ўринда эслаб кетишни лозим топдим; Бир пайтлар Тошкентда уй-жойлар арзонлик пайтида Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти бўлмиш Алмати шаҳридан бизга қуруқ меваларга мижозлар келишарди ва улар Тошкентдаги уй-жойларнинг арзонлигидан ҳайратланишарди. Чунки ўша пайтда Тошкентда 2 хоналик квартиранинг нархи 3-4 минг долларлик пайтида уларда, Алматида ана шундай квартираларнинг нархи 30-40 минг доллар бўлган. Ўшанда улар "сизларда ҳам бу арзон нархлар узоқ сақланиб қолмайди, 1-2 йилда кўтарилиб кетади" дейишарди. Уларнинг тахминлари тўғри чиқди ва 2006 йилда, бир неча ой ичида уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетди. Ўша йилнинг апрель ойида қўлимда бироз пул йиғилди ва мени олдимда ё машина олиш ёки квартира олиш масаласи турарди. Ўшанда қозоқ мижозларимнинг гапларини эслаб мен квартира олишни танладим ва 8 минг долларга 2 хоналик квартира олдим. Ўша йилнинг июнь-июль ойларига бориб ўша мен олган квартираларнинг нархи 18-20 минг долларга чиқиб кетди.

Уй-жойлар нархининг "прописка" ёпиқ бўлган ҳолда ҳам ошиб кетаверишини ҳисобга олиб айтиш мумкинки  "прописка" очилса уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетади" деган гапда умуман асос йўқ. Шу учун пойтахтимиз аҳолиси ўша пайтларда ҳам, кейинчалик ҳам "прописка" очиб юборилса уй-жойларнинг нархи ошиб кетади" деб асоссиз хавотирланишган. Чунки уй-жойларнинг нархи "прописка" очилмаса ҳам ошиб кетаверди-ку!
Кейинчалик "прописка" ёпиқ ҳолатда ҳам уй-жойлар нархининг ошиб кетиши бу турдаги гапларни анча камайтирди. Чунки ўша "прописка" очилса уй-жойларнинг нархи ошиб кетади" деган инсонлар уй-жойларнинг нархи "прописка" ёпиқ бўлса ҳам ошиб кетаверишини кўрдилар ва бу мавзуда ошиқча гапирмай қўйдилар.

Хўш, прописка очиб юборилганда ёки ҳозир очиб юборилса ва бундан фойдаланиб кўплаб вилоятликлар пойтахтга кўчиб боришни хоҳлаб қолса унда аҳвол қандай бўлади? Бу муаммонинг ечими шу-ки пойтахт бўйлаб кўплаб кўпқаватли уйлар қурилади ва аҳолига сотилади. Бу учун пойтахтимизда етарлича ер заҳиралари бор.

Умуман олганда яқин тарихда, қисқа муддатларда ўз пойтахтининг аҳолисини 4-5 баравар оширган давлатлар ҳам учрайди. Масалан, кўп ишларда биз ўзимизга ўрнак қилиб кўрсатадиган Жанубий Корея.
1981-82 йилларда бу мамлакатнинг пойтахти Сеул шаҳрида 3 миллион атрофида аҳоли яшаган.  1981-йилда Сеул 1988-йилда бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини ютиб олди. Ҳаммамизга маълумки Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) бу мусобақани ўтказишга даъвогар бўлган шаҳарларга инфратузилма, меҳмонхоналар, аэропортлар, спорт объектларини юксак даражада бўлишини талаб қилиб, спортчилар ва уларнинг делегацияларига ким зўрроқ шароит қилиб беришга ишонтиролса ўша шаҳарга мусобақани ўтказишни ишониб топширишган. Ўшанда бу мусобақани ютиб олган Сеулда жуда катта кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Спортчилар ва делегациянинг бошқа аъзолари истиқомат қилишлари учун кўп сонли кўп қаватли уйлардан иборат "Олимпиада шаҳарчаси" қурилган. Ўшанда бу шаҳарчада қурилган қарийб ҳамма хонадонлар хоҳловчиларга олимпиада ўйинлари тугагандан кейин кўчиб кириш шарти билан сотилган. Ўшанда бутун мамлакат бўйлаб эълонлар берилган ва хоҳловчилар мамлакатнинг исталган еридан келиб ўша уй-жойлардан сотиб олишган.
Агар Сеул Олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини 1981 йилда қўлга киритган бўлса, 1988 йилнинг баҳоригача катта ҳажмдаги қурилиш ишлари олиб борилди. Охир-оқибат натижа шу бўлдики Олимпиада ўйинлари тугагандан кейин 1990 йилгача Сеулнинг ахолиси салкам уч баробаргача ошиб 8 миллион кишини ташкил этди. Умуман олганда Жанубий Кореянинг бошқа шаҳарларида ҳам аҳоли сони кескин ошиб бораверди. Шаҳарларда кўплаб кўпқаватли уйларни қуриб аҳолига берилишининг сабабларидан бири бу Жанубий Кореяда танқис бўлган ер заҳираларидан унумли фойдаланиш бўлган. Агар ўшанда йирик шаҳарларда кўплаб кўпқаватли уйлар қурилиб аҳолига сотилмаганда аҳоли хусусий уйлар қуриб ўзи Кореяда шундоқ ҳам танқис бўлган ер заҳираларини янада камайтирар эди. (Мамлакатимизда, қишлоқ ҳудудларида охирги 25 йил давомида жуда катта ер заҳирасини томорқа учун аҳолига тарқатиб берилганини ва буни натижасида юз минглаб унумдор ерлар аҳоли яшаш пунктларига айланиб кетганини ҳисобласак Жанубий Корея тажрибаси бизга ҳалиям асқотиши мумкин.

Иккинчи мисолим Қозоғистон пойтахти Остана шаҳри мисолидадир. Бир пайтлар ҳали Целиноград деб аталиб юрилган пайтларда бу шаҳарда бор йўғи 150-180 минг атрофида аҳоли бор эди. Қозоғистон Президенти пойтахтни Алмати шаҳридан бу шаҳарга кўчириш ҳақида қарор қабул қилганидан сўнг бу шаҳарда энг аввало аҳоли учун янги турар-жойлар қурилиши бошлаб юборилди. Ва бу шаҳарга Қозоғистоннинг турли бурчакларидан кўплаб одамлар кўчиб кела бошладилар. Шаҳарда йиллар давомида аҳоли сони ўсиб бораверди. Хабарларинг бўлса жорий 2017 йилнинг бошларида мамлакат президенти Назарбоев Остана шаҳрининг 1 миллионинчи фуқоросига  расмий фуқороликни тантанали қилиб топширди.
Қаранг, бу шахар аҳолиси қисқа йилларда 6-7 бараварга кўпайди.

Хўш, биз нега Сеулдан ёки Остонадан тажриба ўрганмаслигимиз керак. Тўғри, Сеулда ҳам, Остонада ҳам уй-жойларнинг нархи бошқа вилоят шаҳарларига нисбатан бироз қиммат. Аммо бу кўплаб аҳолининг кўчиб боргани учун эмас, балки пойтахтлиги учундир. Агар шу шаҳарларда ҳам Тошкентдагидай "прописка" ёпиқ бўлиб кўплаб аҳоли кўплаб кўчиб бормаганида ҳам барибир уй-жойларнинг нархи вилоят шаҳарларига нисбатан баланд бўларди. Чунки улар ўз номи билан пойтахт шаҳарлардир.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки "прописка" очилса уй-жойларнинг нархи қиммат бўлиб кетади" деган асоссиз ваҳимага тушмасдан бизнинг пойтахтимизда хам Сеул ва Остона тажрибаларини қўллаб "прописка"ни очиб юбориб кўплаб кўпқаватли уйларни қуриб аҳолига сотавериш (ёки ипотека кредити асосида қарзга бериш) керак. Чунки кўрдик, кўраяпмиз уй-жойларнинг нархи "прописка" ёпиқ бўлса ҳам ошгиси келса ошиб кетаверар экан. Кейин вилоят марказлари бўлмиш шаҳарларда ҳам турар-жойларни қуришни жадаллаштириб хоҳловчиларга кўпроқ сотавериш керак. Бу ишдан бизнинг энг ютадиганимиз аҳоли йирик шаҳарларимизга кўчиб бораверса  қишлоқ жойларидаги аҳоли деҳқончилик билан шуғулланадиган юз минглаб гектар ерларни шунчаки уй-жой бўлиб кетишидан сақлаб қоламиз.

Р.С. Албатта юқорида билдирган фикрларимда хато мулоҳазалар бўлиши мумкин. Агар сизларда бундан жўялироқ фиклар бўлса буни "муаллифнинг шахсий фикри"га йўя қолинг.

воскресенье, 14 мая 2017 г.

Болалик хотиралари;Колхоз, совхоз,тамаки ёки СССРни қўмсаётганларга жавоб.

Эътибор бераяпсизми, охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда мустабид бир тузум бўлган СССР даврини мақташ, қўмсаш озгина кучайди. Очиғи ўша даврни қўмсайдиган, мақтайдиган одамларни тушунмайман. Чунки боболаримиз минг коммунист бўлишмасин, минг ўша қизил империяга хизмат қилишмасин кўпчилигининг қалбининг туб-тубида "Озод ва ҳур, мустақил Ўзбекистонни кўра олармикинман ёки кўра олмасдан бу фоний дунёдан ўтиб кетармикинман?" деган армон бўлган. Айримларимиз эса ана шу мустақилликни қадрига етмай, яқиндагина қўлимиздан ечиб олинган қуллик кишанини соғиниб қўмсаб ўтиришибди. Ундай одамларга "суфе сенга" дейман холос.
Уларнинг фикрича "СССР пайтида хаммаёқ арзончилик бўлган, эллик тийинга қорин тўйган" ва хоказо ва ҳоказо даъволар. Ўйлаб қоламан. Одам фақат қорни учун яшайдими? Унга қадр керак эмасми? Ахир СССР пайтида Ўзбекистон деса ҳеч ким билмасди. Биз ҳатто яқин хориж учун хам оддийгина "Зовет Юнион" ёки "Рашшин Федерейшн" эдикку. Энди эса биз озод, хур, мустақил Ўзбекистонмизку. Нима фақат қорин тўйдирса "СССР яхши эди"-ю, қорин тўйдирмаса мустақиллик ҳам керак эмасми? Айтинг унда, ундай инсонларни фақат қорин ғамида яшайдиган ҳайвондан нима фарқи бор?
Иккинчидан, улар даъво қилишгандай "СССР даврида қорнимиз тўқ, устимиз бут" эдими?
Йўқ, асло ундай эмасди.

Колхоз ва совхоз.

"СССР пайтида Ўзбекистонда завод ва фабрикалар йўқ эди" десам аниқ ёлғон гапирган бўламан. Завод ва фабрикалар бор эди. Аммо, барибир аҳолининг аксар қисми қишлоқ хўжалигида банд эди. Қишлоқ хўжалиги эса икки турга бўлинар эди. Колхоз ва совхозларга.
Очиғини айтаман ёши катта бўлган ҳолда бир умр шаҳардан ташқарига чиқмай колхоз нима, совхоз нима билмай ўтган инсонлар орамизда ҳанузгача бор. Ҳозирги авлод эса улар хақида, улар қандай фаолият юритишгани ҳақида умуман тасаввурга эга эмас.
Шу учун қўйида бу икки тузилманинг фаолиятлари хақида қисқача тушинтириш бериб кетишни лозим деб топдим.
Ўтган асрнинг 30-йилларида якка хўжаликларни тугатиб ўрнида коллектив хўжаликларни (яъни ҳаммаси ўртада ва бу ерда "сеники, меники" деган гап бўлмайди) тузиш хақида Московдан буйруқ бўлади ва "қизиллар" ҳамма жойда бу буйруқни амалга оширишга киришиб кетадилар. Бу йўлда олдинига бойлар таланади. Ҳа, ҳа таланади. Кечагина ўша бойларнинг хизматкори бўлган ва эндиликда ювуқсиз коммунистларга айланган инсонлар бу йўлда кўп жонбозликлар кўрсатадилар ва ўзларини иш билан таъминлаган бойларни биринчи навбатда талайдилар. Улар бу йўлда шунчалик шавқатсизлик қилдилар-ки ҳатто мол-мулкини ўз ихтиёри билан "ҳукуматга топширган" ("ҳукумат" бу ўша собиқ хизматкорлар) бойларга ҳам  шавқат қилинмади ва уларнинг аксариятини "бой-қулоқ" деб отдилар, осдилар ёки ёт ўлкаларга сургун қилдилар. Кўпчилик бойлар эса мол-мулкларини топшириб ҳам ҳукуматдан қутила олмаслигини билиб Ватанни ташлаб чет элларга қочишга мажбур бўлдилар. Ўша суронли йиллардан мамлакат бўйлаб саноқлигина бойлар мол-мулкларини ҳукуматга топширган ҳолда зўрға жазодан қутилиб қолдилар. Қолганларининг тақдири эса фожиали тугади.
Шу зайлда коллективлаштириш амалга оширилиб ўтган асрнинг 50-йилларигача қишлоқ хўжалигида фақат колхозлар фаолият кўрсатди.

Совхозларнинг тузилиши эса колхозлар тузилишидан ўзгачароқ бўлган. Совхозлар революциядан кейин тузилиши бошланган. Асмо бизнинг юртимизда асосан Иккинчи Жаҳон урушидан кейин тузилди. Урушдан ғалаба билан чиққан мамлакат ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб Марказий Осиёдаги катта-катта чўлларни қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ўзлаштира бошлади. Ана шундай дамларда тинчгина ўз уйида, ўз қишлоғида яшаб юрган инсонлар мамлакат бўйлаб минг тарғибот қилинмасин дабдурустдан "чўл ўзлаштираман" деб тап-тақир чўлларга бормас эди. Ана шу ерда ҳукумат бошқача йўл тутди. Чўлларда ерлар ўзлаштирилишидан аввал одамлар учун уй-жойлар қуриш бошланди. Кейин эса тайёр уй-жойларга чўлқуварлар таклиф этилди. Одамлар ўшанда ҳам боришни хоҳлашмади. Сабаби борган жойларида уй-жой тайёр бўлгани билан, оилалари билан кўчиб борадиган бўлишса тирикчилик нима бўлади?
Агар кузда йиғиштирилиб давлатга топшириладиган ҳосилнинг чўғига қараб ҳақ олишса унда кузгача тирикчилик қандай ўтади? Одамлар ана шу ўйлаб ҳам гарчи уй-жой тайёр бўлса-да чўлларга боришни хоҳлашмас эди.
Ана шундай ҳолатда ҳукумат ўзлаштирилаётган чўлларда колхозлар эмас, балки бажарган ишига қараб ойма-ой маъош белгиланиб тўлаб бориладиган совхозлар тузиш режасини илгари сурди. Яъни тайёр уй-жойга кўчиб келадиган чўлқуварлар худди завод фабрикаларникидай соат 9да ишга боришади, 1 соат тушликка ажратилади. Соат 6 да эса ишдан уйга қайтишади. Энг муҳими уларга ойлик маъош белгиланади ва ойма-ой маъошларини олиб бораверадилар. Ана шундан кейин бутун минтақа бўйлаб чўлларни чўлқуварлар босиб кетди.

Ана шу ерда колхоз ва совхозларнинг фарқини тушундингиз-а. Яъни колхозларда  етиштириладиган ҳосилга қараб кузда бир марта йиллик пул берилган. Совхозлар эса маъошни ойма-ой тўлаб бораверишган. Тўғри, колхозларда йилнинг бошида деҳқонларга бироз миқдорда аванс пули берилган. Аммо у аксарият рўзғорларнинг еб ичиши учун урвоқ ҳам бўлмаган.

Мана шу ерда ўша мустабид тузумнинг яна бир кирдикори ошкор бўлаяпти. Яъни ҳукумат ўзига қолса деҳқонларни эксплутация қилиб уларни колхозларда  эзиб ишлатиб юраверишни хоҳлар эди. Аммо чўлларни ўзлаштиришда уларнинг бу номери ўтмади ва ҳукумат мажбур бўлиб совхозлар тузиб,  чўлларни ўзлаштиришга борган дехқонларга ойма-ой маъошларни ўз вақтида тўлаб боришга мажбур бўлди. Чунки маъош вақтида берилмаса чўлни ўзлаштиришга борган деҳқон кўч-кўронини олиб ўз юртига, ўз қишлоғига қайтиб кетиши ҳам мумкин эди. Уларни мажбурлаб ушлаб қолишнинг эса иложи йўқ эди. Ана шу учун хам чўллардаги совхозлар учун ҳукумат пулни аямаган. Бир тарафдан колхозларда юрган дехқонни эзаверган. Иккинчи тарафдан чўллардаги совхозларга пулни сочаверган.  Ўйлаб қоламан; балки ҳозир "ўша пайтда 100 сўм ойлик олардим ҳамма нарсага етарди" дейдиганлар завод-фабрикаларда ёки совхозларда ишлашган ва ойма-ой маъошларини олиб туришгандир. Аммо, кўпмиллионли колхозларда ишлайдиган деҳқонларнинг аҳволи хароб эди. Хоҳ у узумчилик колхозида ишласин, хоҳ тамакичилик, хоҳ пахтачилик аҳамияти йўқ дехқоннинг бири икки бўлмаган. Кейин ўша даврларда деҳқонлар азбарои давлатнинг плани деб кечани кеча, кундузни кундуз демай қаттиқ мехнат қилишган. Ҳозиргилар унақа қаттиқ мехнат қилишмаяпти.

Тамакичилик.

Бизнинг туманимиз салқинлиги учун пахта экилмаган. Тоғолди қир-адирликларнинг бир қисми узумзор эди. (Мустақиллик йилларида қир-адирларнинг қолган қисмлари ҳам, ҳатто тоғ ён бағирларида ҳам токзорлар қилинди).  Текис ерларнинг ҳаммасига тамаки экиларди. Энди эслаб кўрсам ўшанда тамакида бошдан оёқ болалар ишлашган экан. Тамаки олдинига ҳовлидаги бир парча кўчат қилиниб тайёрлаб олинарди. Кейин эса уни олиб бориб сув қўйилган жўяда хитойлик шоли кўчатини экканидай тиззагача лойга ботиб экиб чиқилар эди. Тамаки экиш асосан болалар зиммасида эди. Экилгандан кейин баргини юлиш даражасигача ўсгунча уч марта чопиқ қилинарди ва буни хам асосан болалар қилишарди.
Тамаки ўсиб катта бўлгандан кейин уни баргини юлиш бошланарди. Энг ёмони ўсиб катта бўлган тамаки ўзидан шунақа ёмон ҳид тарқатарди-ки у ҳиддан кўнгилларимиз озиб кетарди. Аммо чидаб ишлардик. Узилган барглар уйга олиб келиниб бир доналаб катта игналарга ўтказиларди. Буни ҳам асосан болалар қилишарди. Игнага ўтказилган тамаки, игнадан ипга ўтказилиб қуритиш учун илинарди. Охирида қуритилган тамаки баргларини тешик-туйнуги бўлмаган бостирмада буғлаб, биринчи ферментациясини қилиб, темир прессларда тойлаб кейин тамаки қабул қилиш пунктларига олиб бориб топшириларди. Ана шу ишларнинг хаммаси ота-оналар бошчилигида болаларнинг зиммасида эди. Ўша пайтда тамакига яхши ҳақ беришарди. Аммо "аччиқники аччиққа учиб кетади" деганларидай аччиқ тамаки пулининг баракаси бўлмасди.

Туманимиз ахолиси азалдан тадбиркорлар, савдогарлар юрти саналган. Ўша пайтда ҳам ҳатто бутун Иттифоқ бўйлаб "фалонча районнинг одамлари роса бой" деган гаплар юрарди. Аммо ана шу "бой район"нинг одамларида ҳам енгил машина ҳаминқадар бор эди. 1983-85 йилларгача музофотимиздаги битта-иккита уйнинг томи шифер билан ёпилмаган бўлса бошқаларники оддий лой-сувоқ томлар эди. 1983-85 йиллардан кейин бирин-кетин уйларнинг томини чордоқ қилиб шифер ёки тунукада ёпиш урфга кирди. "Урфга кирди" деяпману аслида урфга кирмади, балки халқнинг қўли бироз пул кўриб шу ишларни қила бошлади. Халқнинг қўли пул кўришининг сабаби колхоздаги меҳнати туфайли эмас, қиш пайтларида қочиб-пусиб бўлсада СССРнинг турли шаҳарларига майиз ва бошқа қуруқ меваларни олиб бориб сотиб келишга тобора кўпроқ одам боравергани туфайли эди.

Эслайман, 1985- йилларда магазин тўла турарди, аммо халқ ҳамма нарсани сотиб олишга қодир эмас эди. Пул хисоби билан ишлатилар эди. Умуман олганда оддий халқда у кимлигидан, қайерда ишлашидан қаттий назар ошиқча пулини йиғиб орттиришга имконият бўлмасди. Чунки ҳаммаёқ арзончилик бўлгани билан ошиқча пулни ўзи бўлмасди ва бор пул рўзғордан ортмасди. Энг мухими ҳозирги шароит билан таққослаганда фарқ жуда катта эди.

Юқорида болалар меҳнатини айтдим. Тўғри биз болаларни ҳеч ким "ишла" деб мажбурламасди. Аммо ота-онамизга дала ишларида ёрдамлашиш бу ёзилмаган қонун даражасига чиққан эди.
Масалан, мени ўзим ҳам эсимни таниганим тамаки етиштириш ишларида ота-онамга ёрдамчи бўлганман. "Иж" русумли мотоциклимиз бўларди. Ёзнинг охирроқларида дадам ярим кечаси соат 2-3 ларда бизни уйғотар эдилар. Мен, опам, синглим, дадам бошчиликларида тамаки баргини юлгани жўнардик. Бориб қоронғуда пайпаслаб эрталабгача барг юлиб қайтардик(кечаси салқинда тамакининг қўланса ҳиди унча чиқмасди).  Кейин келиб чойни ичиб тамаки баргини игнага ўтқазишни бошлардик. Тушда мактабга бориб кечки соат 5 ларгача  ўқиб, келиб яна тамакини игнага ўтказишга ўтирар эдик. Кейин кечки овқатни еб яна тамакини игнага ўтказиш билан банд бўлардик. Кечки соат 11ларга бориб қўлимизда игна билан кўзимиз юмилиб кетаверарди. Шунда ота-онамиз кириб ухлашга рухсат беришарди. Ярим кечада соат 2-3ларда яна уйғотишар эди. Яна бир тарафда узум узиб қуритишга ёйиш ишлари кутиб турарди. Куз келаверса юрагимга воҳима уйғонадиган бўлиб қолган эдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ўшанда мени ёшим 9-10 ларда, опам мендан бир ёш катта, синглим эса бир ёш кичик эди. Тасаввур қилаяпсизми, тамакининг хамма иши биз тенги, биздан бироз катта болалар зиммасида эди. Ота-оналар ҳам қаттиқ ишлашар эди. Мактабни битириш арафасидаги ўсмир йигит - қизлар эса чарчоқ нималигини билмай ишлашарди. Ҳозир эса ёшлар мактабни битирган, коллежни битирган, аммо ишламайди. Ота-онага ёрдам бермайди. Бизнинг давримизда аҳвол бошқачароқ эди. Биз мактабда кимнинг кийими зўрлигидан, қимматлигидан мақтанмас эдик. Балки ким тамакини тезроқ чопиб бўлди, кимнинг тамакиси энг тез ўсаяпти, тамаки баргини биринчи теримини ким биринчи териб тугатиб олди, ана шулардан мақтанар эдик. Албатта бу гаплар баъзи бировларга эртакдай туюлади. Аммо айни ҳақиқат шу эди.
Биз ана шундай оғир меҳнат остида улғайганмиз.

Бу гапларим билан нима демоқчиман. Ўша пайтда катта-ю, кичик минг ишламасин ортиқча пул орттириш амримаҳол эди. Агар ҳозирги одамлар ўша даврдагидай ишлашса хаммадан яхши яшашади. Мен ҳозиргилар ишламаяпти дейишдан йироқман. Ишлашаяпти. Кимдир ғайратли бўлган ҳолда тўрт сотих ховлисида тинимсиз ишлаб ҳаммадан яхши яшаяпти. Кимдир эса бир гектар жойда ўтириб ялқовлиги ва дангасалиги туфайли ишламай, буни оқибатида рўзғори хам ўлда-жўлда бўлиб қолиб худди СССР пайтида ишламаган ҳам зўр яшагандай "совет даври зўр давр эди, совхоздан фалон сўм ойлик олардик" деб кимдир, нимадир олдига олиб келиб ташлашини кутиб тамшаниб ётибди.

Сўзимнинг охирида нега туманимиз совет даврида ҳам "бой район" деб аталганини, хозир ҳам "қайердансан" деган саволга фалон жойданман" десам "ўҳҳў, бой туман, одамлари ҳам бой" деган таърифни эшитишимизни сабабини айтайми? Буни сабаби одамларимиз ўта меҳнаткашдирлар. Буни одамларимизнинг ҳўв кўриниб турган тоғни устида, елкасидаги идишда, сув ташиб чиқиб токзорлар бунёд қилганидан ҳам билса бўлади. Сиз хоҳланг тан олинг, хоҳланг тан олманг туманимиз одамлари шунча меҳнат қилиб ҳам СССР даврида бирлари икки бўлмаган. Мана энди Истиқлол шарофати билан бирлари икки бўлаяпти.

Р.С. Айтмоқчи бўлганим хоҳ қорин ғамида ўлчанг, хоҳ қадр топиш тарафидан ўлчанг Истиқлол, ҳурлик, Озодлик кимгадир ёт бир кучларга мустамлака бўлиб яшаб, қуллик қилиб юргандан кўра миллиард марта аълороқдир.
СССР ни қўмсаётганларга мени жавобим шу.