*Тошкент зилзиласидан кўчиб келганлар ёки "Улуғ оғалар"*
1966 йилда содир бўлган Тошкент зилзиласидан кейин кўчиб келганлар бизнинг бой тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, урф-одатларимизни билишса эди, уларга ҳеч бир эътирозимиз бўлмасди. Аммо, 1966 йилдан кейин кўчиб келганларнинг аксарияти ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан "улуғлик" мақомини талаб қила бошладилар. Бизнинг маданиятимизни билмаган айрим жоҳиллар "биз сенларга маданият олиб келдик" деб очиқчасига даъво қила бошладилар. Автобусда шундай жанжал чиққанига ўзим гувоҳи бўлган эдим. Ширакайф бир рус хоним "биз сенларга шим кийишни ўргатганмиз" дегач, ўша пайтда аҳвол қандай бўлганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Мен европаликлар ҳақида сўз кетганда "1966 йил"ни атайин таъкидлаяпман. Чунки, биз билан аралашиб қўшни бўлиб яшаётган европаликларни битта қолипга солиб фикр юритиб бўлмайди. Русларнинг Оқпошшо даврида келганлари бор, очарчилик, уруш йилларида келганлари бор. Уларнинг биз билан муносабати 16966 йилдан кейин келганлар муносабатидан кескин фарқ қиларди. Аввал келганларининг аксариятида халқимизга нисбатан ҳурмат бор эди ва ўзлари ҳам халқимиздан ҳурмат кўрардилар.
1966 йилдан кейин келганлардан ҳурмат талаб қилишни фойдаси йўқ эди. Чунки уларнинг аксарияти ўзи яшаган шаҳарларнинг безорилари эди ва Тошкент қурилишларига 3-4 сўм ишлаб олиш учун келганлар эди. Улар Тошкентга ёпирилиб келиши ортидан шаҳарда майхўрлик ва унинг ортидан келиб чиқадиган жанжал ва муштлашувлар кўпайди. Ҳашарга келган йигит-қизларнинг тартибсиз жинсий ҳаётлари натижасида шаҳарда фоҳишабозлик ва жинсий касаллик бўлмиш сифлис кўпайди.
Ҳашарчилар қурилиш ашёларини кепак баҳосида пуллашар эди. Костромалик ёки Ивановолик қурувчидан ярим шиша ароққа бир машина бетон ёки пишиқ ғишт сотиб олиш мумкин эди. Шу учун ҳам ўша ҳашарчилар қурган уйларнинг кўпи сифатсиз қурилган.
СССР тарқаб кетгач европалик қўшниларимизнинг кўпчилиги ёппасига кўчиб кета бошлади. Уларнинг аксарияти 1966 йилдан кейин кўчиб келганлар эди. Кўнгилни хира қиладиган жойи шудаки, уларнинг кўплари "нон-тузларингни едик, сувингизни ичдик, биздан рози бўлинг" деб хайрлашишмади. Уйларини хусусийлаштириб олгач қиммат нархларга сотиб она юртларига "қочоқ"сифатида қайтиб бордилар. Бу ҳақда Россия телевиденияси кўп марта кўрсатди, хабарингиз бордир. Ўша ношукрлар "қочоқ" сифатида борса ҳукуматдан ёрдам пули ҳам олар экан.
Мазкур сатрларни ўқигач, айримларда менинг "миллатчилик" иллатим ошиб-тошиб кетганга ўхшаб туюлиши мумкин. Йўқ, мени тўғри тушунинг. Менинг ҳеч қайси миллатга нисбатан ғаразим йўқ. Аввалроқ айтганимдай миллатидан, динидан қаттий назар, ҳар бир кишини Одам Ато билан Момо Ҳаввонинг фарзанди сифатида кўраман. Мен руслар ёки украинлар билан жон қўшни бўлиб яшашга қарши эмасман. Мен советлар юритган миллий сиёсатга, руслар юритаётган шовинистик сиёсатга қаршиман.
Ўз миллатини севиш, ардоқлаш, керак бўлса жонфидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, камситиш, хорлашга интилиш иллатдир. Ўша коммунистлар жамиятида шу нуқтада катта хатоликларга йўл қўйилди. Ўз миллатини севганларни "миллатчи", "халқ душмани" деган туҳмат билан қамаганлари, отганлари бу ўша миллатга нисбатан қаттиқ зулм эди. Аммо, буни ўшанда айтиб бўлмас эди. Айтганларни ҳар қанақасига синдиришди. Асқар Қосим дўстим бунга далил. Рауф Парфи бунга далил.