четверг, 31 августа 2017 г.

"Халқ душмани".

Эй сен, халқ душмани!
Биринчи душманлигингни "Пахтакор" фан клубидаги болалар "....в отставку" деб баннер кўтарганларида қилгандинг. Ўшанда сен ўз хатоларингдан хулоса чиқариш ўрнига "бу провакация" деб ўша сенинг истеъфога чиқишинг ҳақида баннер кўтарган болаларни уйига мелисаларни юбориб, уларга босим ўтказган эдинг. Ўшанда ўша иш хақиқатдан провакация бўлган эдими? Йўқ, асло йўқ. Ўшанда сенинг "Пахтакор"да мененжер вазифасида ишлаб юрганинг  ҳолда ўйин пайтида худди бош мураббийдай ўйинчиларга ўзинг тушунмаганинг қандай футбол ўйнаш хақида кўрсатма бераверишинг ростдан ҳам "Пахтакор" фан клуби аъзоларининг ғашига теккан эди ва оқибатда улар ўз истакларини сенинг шаънингга тўғри келмаган  ўша машхур баннер орқали ифодалашганди.

Энди билсак ўшанда сен мененжер ҳолингда бежизга "Пахтакор" ўйинчиларининг майдондаги ҳаракатларига ва майдонда кимлар ўйнайди ва кимлар заҳирада ўтиради ҳал қилишга ўтиб кетмаган экансан. Сен ўшанда бир нечта ўйинчини танлаб олиб уларни Хитой жамоаларига яхшигина пуллаш учун бош мураббийнинг ишларига аралашиб  уларни доимо майдонда бўлишларини хоҳлаган экансан.
Бу қилиғингни эса бош мураббий бўлиб келганингдан бери терма жамоамизда ҳам давом еттираяпсан. Майли бу ҳақда қўйида батафсил гаплашамиз.

Сен халқимизга иккинчи душманлигингни ўзингнинг мураббийлик соҳасида умуман уқувинг йўқлигини билиб ҳам терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинлашганида қилдинг. Ўшанда сен бемалол сени терма жамоамизга мураббий қилиб тайинлаган одамларга қарата Акалар кечирасизлар, мен мураббий эмасман, мен ўйинчиларни реклама қилиб кейин уларни пулдор хитойликларга зўр пулларга сотиб пул ишлаб юрган устомон олибсотарман. Шу учун таклифларингни қабул қила олмайман. Мен терма жамоани ЖЧга олиб чиқа олмайман" десанг бўларди. Сен эса бундай демадинг. "Ўшанда мени бош мураббий қилиб тайинлаганлар бу гапимни инобатга олмасдилар" дейсанми? Хўп, шундай ҳам бўлсин. Аммо,  дастлабки иккита ўйинни ўта нурсиз ўйнаб зўрға ютдинг ва учинчи ўйинда мағлубиятга учрадинг. Ана ўша мағлубиятга учраганингда "Акалар мен сизларга нима девдим? Мен мураббий эмасман, оддий олибсатарман. Ҳалиям кеч эмас, мен терма жамоани ЖЧга олиб чиқа олмайман. Мана ўзларинг ҳам мен бошқараётган терма жамоанинг ўйинларини кўрдинглар. На тактика бор ва на ўйинда мазмун бор. Шундай экан жон акалар, мени терма жамоадан озод қилинглар. "Пахтакор"даги бизнесим қолиб кетаяпти, бориб ўшани давом эттирай" десанг бўларди. Йўқ, сен халқ душмани мураббийлик тажрибанг ва уқувинг йўқ ҳолда 32 миллион қора кўз умид кўзларини тикиб ўтирган терма жамоамизни бошқаришда давом этавердинг.

Эй, сен халқ душмани. Яна бир ўз душманлигингни журналистлар "нега фалонча, фалонча ўйинчиларни чақирмаяпсиз ва ўйини унча ўхшамаётган фалонча, фалончаларни эса доим термага чақириб асосий таркибда майдонга тушираяпсиз?" деб савол берганларида уларга бир неча бор қўрслик қилиб "Мен терма жамоада хоҳлаган одамимни чақириб ўйнатаман, мен биламанми ёки сенлар биласанларми? Агар билсанг мен ҳозир термамиз тарихида энг зўр бўлган таркибни йиғаяпман" деб жавоб берганингда қилгандинг.

Ўша жавобни сен бежизга бермадинг. Чунки сен "Пахтакор"даги ишингни терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланганингда ҳам давом эттирдинг ва шу йўлда Сергеевни яхши ўйнай олмаганига қарамай доим асосий таркибда ўйинларга туширдинг. Мақсад уни тезроқ хитойликларга пуллаш эди. Аммо хитойликлар ҳам энди анойи эмас. Сен Сергеевни уларга минг мақтама улар уни сотиб одишдан бош тортдилар ва синов тариқасида бор йўғи олти ойга ижарага олдилар. Буёғи нима бўлгани ҳаммага аён. Сергеев Хитойда яхши ўйин кўрсата олмай олти ойга етмасданоқ сўппайиб қайтиб келди. Сен эса барибир унга асосий таркибдан жой беравердинг. Чунки сен ўз мақсадидан осонгина воз кечадиганлардан эмассан.

Сен ҳақиқий башарангни ва халқга аниқ душманлигингни Малайзияда Сурия билан бўлган ўйинда терма жамоамиз ютқазганидан кейин кўрсатган эдинг. Ўшанда Куала-Лампур аэропортида сени ва ўйинчиларингни юзида "эҳ, энг кераклик пайтда халқимизга панд бердик ва Сурияни ютиш ўрнига мағлубиятга учрадик" деган афсусланиш йўқ эди. Аксинча, ҳамманг ўша ўйинда ютқазганингдан хурсанд эдинг. Ўша ерда сенлар билан бирга терма жамоамиз учун мухлислик қилишга борган мухлислардан бири "Эй ноинсофлар, нега хурсандчилик қиласанлар? Ахир 32 миллион қоракўз сенларни ютишингни пойлаб ўтирганида сенлар шарманда бўлиб ўзингдан кучсиз жамоага ютқизиб ўтирибсанлар-ку. Бу мағлубият учун сенлар уялишинг ва йиғлашинг керак. Сенлар эса хурсанчилик қилаяпсанлар" деганида сен нима деганинг эсингдами? "Ютқазган бўлсам битта ўйинни ютқаздим, сенларни ота-бобонгдан қолган мол-мулкни ютқазганим йўқ" деб сен ўшандаям ўз одатингга кўра сўзамоллик билан жавоб бердинг. Ана шунда сенинг жавобингни эшитган мухлислар сени ва ўйинчиларингни роса бўралатиб сўкишди. Сен ҳам қараб турмадинг. Улардан баттар қилиб  сўкиндинг. Яхшиям аэропорт қўриқчилари ажратиб қўйишди. Акс холда аламзада мухлислар билан ўзингни ҳақ деб ҳисоблаб муштлашармидинг. Ўшанда сенинг ўзингни тутишингни, гапирган гапларингни эшттиб ЎФФ сени ишдан бўшатиб юборади деб ўйлагандим. Аммо нотўғри ўйлабман. ЎФФдаги "окяхон"ларингга нима каромат кўрсатиб қўйгансан-ки ўшанда энг муҳим ўйинлардан бирини ютқазган бўлишингга ва камига бегона бир давлат аэропортида "концерт" қўйиб давлатимизнинг обрўсига путур етказганингга қарамасдан улар сени ишдан бўшатишмади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда роса сени муҳокамангни қилганимизда сени шу ишга тайинлаган ЎФФ тизимида ишлайдиган баъзи тарафдорларинг (ЎФФ нинг халқаро алоқалар бўлимида ишлашини инобатга олсак балки шеригингдир) сенга ҳайкал ўрнатиш таклифи билан ҳам чиқишди. Нима эмиш, сен роса жонингни койитиб ишлаётган эмишсан ва биз мухлислар, журналистлар, футболга қизиқадиган халқ буни тушунмаётган эмишмиз. Ўша тарафдорингга "ҳеҳ сени қовоқ калланга" демоқчи ҳам бўлдим, аммо қарасам уни боши тил теккизиб бўлмайдиган аҳволда экан. Шартта тилимни тийдим.

Сени ўзи виждонинг йўқ экан. Агар виждонинг бўлганда охирги иккита  ўйинимиз қолганида ва ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда бўлганда аризангни ёзардинг. "Акалар буёғига энди менинг кучим ҳам, тажрибам ҳам етмайди. Зудлик билан битта зўр мураббийни топинлар. Орада қарийб уч ой бор ва ўша топадиган зўр мураббийларинг бемалол терма жамоани шакллантира олади" дердинг. Аммо сен  буни ҳам демадинг.

Ҳали олдимизда ўз уйимизда Жанубий Кореяга қарши ўтадиган ўйинимиз бор. Аммо, сен халқ душмани Сурияни юта олмаган, Хитойни юта олмаган Жанубий Кореяни юта олармидинг?! Мени пессимистликда айбласанг ҳам айтаман сен корейсларга қарши ўйинда ҳам ҳеч нарса қила олмайсан! Чунки юқорида ҳам айтдим сен мураббий эмас, оддий бир олибсотарсан холос. Сен ўзбек футболининг ичида шу юрт футболи ривожлансин, терма жамоаси ЖЧга чиқсин деб юрганинг йўқ. Сен ўзбек футболи ичида пул учун, пулни деб юрибсан.

Сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиманки киши икки ҳолатда сенлайди. Биринчи холатда ўзига яқин одамларни сенласа, иккинчи ҳолатда эса бировни уришиб, сўкиб, хақорат қилганида сенлайди. Сени боядан бери сенлаётганимни эса сен иккинчи сабабдан деб билавер.

Сени боядан бери "халқ душмани" деяпман. Сабаби терма жамоамиз сени ҳам, сени бош мураббийликка тайинлаб энг ахмоқона иш қилган ЎФФ дагиларнинг ҳам ота-буваларингни мулки эмас. Терма жамоа халқимизники. Сен эса  терма жамоамизга бош мураббий бўлганингдан бери ана шу халқнинг хоҳиш-истагига қарши иш қилаяпсан. Демак халққа душмансан.

Сени терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашгандаёқ бу ишнинг катта хато бўлганини айтганман ва ҳанузгача ўша гапимни қайтариб айтаман. Сенинг терма жамоамизга бош мураббий бўлишинг катта хато бўлганди ва буни биз ишқибозлар тушундик, аммо сен ва сени бош мураббий қилиб тайинлаган "окяхон" тушунишмади. Умуман олганда ҳаммасини расво қилиб бўлдинг.

Сўнги сўзим шу-ки мабодо тақдир тақазоси билан охирги ўйинда керакли натижани қўлга киритсак ва яна камига гуруҳдошларимиз ўзаро ўйинларида бизбоп натижа кўрсатиб биз ЖЧга чиқсак(бундай бўлишига менда умуман ишонч йўқ) бу сенинг хизматларинг туфайли бўлмайди. Чунки сенда халқимизга қиладиган хизматнинг ўзи йўқ. У Яратганнинг бизга марҳмати бўлади. Шуни эсингда тут.

понедельник, 28 августа 2017 г.

Poytaxtlik va "qishloqi"

Gapni uzoqdan boshlay; Bir paytlar Sobiq Ittifoq davrida bizda poytaxtlik (shaharlik) va qishloqlik(qishloqi)ga ajratish hozirgiday emas edi. Buni esa bir necha sabablari bo'lgan. Masalan, o'sha paytda turli sabablarga ko'ra, kimdir armiya xizmatiga, yana kimdir boshqa yumush bilan respublikamizdan tashqariga chiqqanida odamlar bir-birini poytaxtlik va qishloqiga ajratmagan va ularning hammasi yot o'lkalarda hamyurt bo'lib bir-biri bilan o'zaro tenglik, o'zaro birodarchilik orqali muomala qilib ketavergan.

Yana bir sababi esa o'sha paytda Toshkent shahri asosiy poytaxt emas edi. Hamma joyda poytaxt deb Moskva quloqqa quyilar va Toshkent bu masalada oddiy bir shahar hisoblanardi. Yana bir sababi esa o'sha paytlarda Toshkentdagi sharoit bilan viloyatlardagi uzoq qishloqlar sharoiti qariyb bir xil bo'lgan va bu masalada Toshkent viloyatlardagi aholi punktlaridan bir kalla ustun turmasdi. Poytaxtda bor asfalt yo'llar, gaz, svet kabi qulayliklar hammayoqda bor edi. Yaqin-yaqingacha ahvol shunday edi. Shu yerda o'sha paytlarda poytaxt va shahar orasida sharoitlar bo'yicha farq kam bo'lganligi haqida o'zim guvohi bo'lgan bir misolni keltiraman. A.Temur ko'chasi bo'ylab Yunusobod tarafga ketishda NBU bankning ro'parasida ko'chaning o'ng tarafidagi mahalladagi tanish bir xonadonda 1997 yildan boshlab uzoq yil ijarada yashadim. "Hurmatli tor ko'chasi", "Hurmatli 1-2-3 tor ko'chalar" shu yerda joylashgan. Ana shu ijarada yashagan xonadonimda 1997 yil endi ko'chib borganimda kanalizatsiya yo'q edi. Hojatxonasi qishloq joylaridagiday yerdan kovlangan edi. Kanalizatsiya keyinroq 2000 yillarda tortildi. Shahar markazi hisoblansa-da o'shanda bu joylarda kanalizatsiya yo'qligi meni hayron qoldirgan edi. Keyinchalik qiziqib ko'rsam Toshkentdagi ko'plab mahallalarga kanalizatsiya 2000 yildan keyin o'tkazilibdi.
Men Toshkentga ilk bor 1994 yil hali maktab o'qib yurgan paytimda borganman. Keyinchalik maktabni bitirganimdan keyin ham bu shaharda uzoq yillar uchib-qo'nib yashadim va poytaxt aholisining aksariyatining o'sha 1994 yillardagi sodda, ochiqko'ngil odamlardan 2005-2010 yillarga kelib o'zini O'zbekistonning boshqa viloyatlari aholisiga nisbatan bir bosh ustun ko'radigan va endilikda o'zini kibr bilan poytaxtlik sanaydigan odamlarga aylanish jarayonini o'z ko'zlarim bilan kuzatdim. Achchiq bir haqiqat shu-ki ana shu jarayonda tagi toshkentlik bo'lgan aholidan ko'ra Sobiq Ittufoq davrida ko'chib borib keyin "poytaxtlik" bo'lgan kishilarning bolalari, nabiralari ildamroq bo'lishdi.
Yo'q, bu gaplar tuhmat emas. Toshkentda nechtalab tanishlarim yashashadi va ularning ba'zilarining farzandlarini o'zini boshqacha tutishiga o'zim guvohi bo'lganman, ba'zilari esa farzandlari o'zini poytaxtlik deb bilib o'zini boshqacha tutayotganini o'zlari kulguga olib aytib berishgan. Ya'ni o'sha tanishlarimning bolalari viloyatlarga, ota yurtiga borsa qishloqdagi o'zining tenqurlaridan, qarindoshlarning bolalaridan orlanishar ekan "men poytaxtlik, sen qishloqi" deb. O'zim guvohi bo'ganman bir tanishim maktab o'qiydigan o'z o'g'illariga "senlarning taging falon viloyatdan" deganida o'g'illari "hecham-de, biz toshkenlimiz, hech qanaqa u viloyatdan emasmiz" deyishganini. Yana bir misol; O'zim bilan ham bir paytlar bir-ikkita bolalar ko'chada ham, ijtimoiy tarmoqlarda ham  "Sen viloyatdan kelgansan, biz asl toshkentlikmiz" deb bahslashishganda ularga qarata "Bobong, buving hayotmi? Agar hayot bo'lishsa ularning tagi qayerdan ekanligini borib bo'zlaridan so'ragin, qani nima deb javob berishadi? Sen bilan esa keyin gaplashamiz" deb bahsni to'xtatganman. Va oxiri ularning bir nechtasi mendan hayotda ham, ijtimoiy tarmoqlarda ham kechirim so'ragan "Oka(yoki uka) uzr. Siz haq ekansiz. Borib dodamlardan, buvimlardan so'radim. Bizning tagimimiz falon viloyatdan ekan" deb.

Hozir Toshkentda qancha aholi bor? 2 yarim million atrofida ro'yxatdan o'tib yashayotgan aholi bor. Xo'sh, tarixni kovlashtiringchi zilziladan oldin Toshkentda qancha aholi yashagan? Ikkinchi Jahon urushidan oldinchi?
Toshkentga viloyatlardan odamlar o'n to'qqizinchi asrning oxiridan, Toshkent Turkiston general gubernatorligining markazi bo'gandan beri ko'chib kelishadi. Oktyabr to'ntarishi ro'y berib biz Sobiq Ittifoq tarkibidagi ittifoqdosh respublikaga aylanganimizdan so'ng 1930 yilda O'zbekiston poytaxti Samarqanddan Toshkentga ko'chganidan keyin bu shaharga ko'chib keluvchilar yanada ko'paydi.
1966 yil zilzilagacha Toshkentda 500 ming atrofida aholi yashagan. 1980 yilga kelib esa Toshkentda 2 milliondan ortiq odam yashardi. Albatta aholining  bu ko'payishida Sobiq Ittifoqning turli joylaridan Toshkentga hasharga kelgan hasharchilarning shu yerda  yashab qolib ketgani ham sabab bo'lgan. Ammo o'sha paytlarda viloyatlarimizdan va qo'shni respublikalardagi millatdoshlarimizning ham Toshkentga ko'plab ko'chib kelganlari shahar aholisining salmoqli ortishiga savab bo'lgan.

Toshkent shahridagi aholining kopayishi tarixini eslab nima demoqchiman? Aytmiqchimanki hizirgi kunda poytaxtimizda yashab "sen viloyatlik, men toshkentik" deydiganlarning aksaruyati oxirgi yuz yillikda turli viloyatlardan Toshkentga ko'chib borganlarning bolalaridir. Tarbiya o'z o'rnida bo'lmaganligi tufayli kechagina o'zi qishloqdan kelib "qishloqi" bo'lib yurganlarning bolalari bugun poytaxtlik bo'lib olib boshqalarni qishloqiga chiqarishmoqda.
Bu bilan asl toshkentlik oppoq va bu jarayondan chetda turibdi demoqchi emasman. Guruch kurmaksiz bo'lmagandek asl tagi toshkentluk bo'lgan odamlar orasida turli xil odamlar bor. Ammo kechagina ota-onasi yoki undan biroz oldin bobo va buvisi qaysidir viloyatdan kelgan odamlarning "sen qishloqi, men poytaxtlikman" deb turishlari odamga erish tuyular ekan.

Moskva shahrida yashayorganlar orasida kulgili bir ibora yuradi. Ya'ni ular aytishadiki "Moskvada chetdan kelganlar yo'q. Hamma "korenniy moskvich"(tubjoy moskvalik). Bu hazil ibora bejizga paydo bo'lmagan. Hatto Moskvada yashayotgan armani yoki gruzindan ham "Moskvaga qachon ko'chib kelgansan" deb so'ralsa ular ham "Esing joyidami? Men "korenniy moskvich"man der ekan.

Toshkentdagi ahvol ham qariyb shunga o'xshash. Viloyatdan ko'chib borganlarning aksariyatida uning viloyatdan borgani shevasidan bilinib turadi. O'zlari ham viloyatdan ekanliklarini bot-bot takrorlab turishadi. Uning bolasi esa "ota-onam falon viloyatdan kelgan" deb faqat onda-sonda eslab qo'yadi. Gal nabiraga kelganda esa u ildizi qaysidir bir viloyatga borib taqalishini aslo tan olmaydi va Moskvadagi kavkazliklarga o'xshab "men korenniy "tashkentskiy"man" deb turaveradi. Demak hammasi tarbiyaga borib taqalayapti.
O'ylayman, agar bizda ham etti pushtini va ularning qayerdan ekanliklarini bilish  majburiyat sanalganda va bilmaslik uyat hisoblanganda ishonchim komilki  "korenniy tashkentskiy" lar bugun ancha kam bo'laradi.

Bugungi kunda poytaxtga yangitdan ko'chib borgan bir viloyatlikka yana bir oldinroq ko'chib borgan viloyatlikning bolasi yoki nabirasi "men poytaxtlikman, sen qishloqisan" deb murojat qilayapti. Shunday ekan ahvol shu tarzda ketaversa men hozir "men poytaxtlik, sen qishloqi" deydiganni gapidan xafa bo'lganim holda ertaga mabodo Toshkentda muqim yashab qolsam mening bolam ham kimlargadir o'sha gapni aytadimi? Buni to'xtatish kersk. Yo'q, Toshkentga jo'chib borishni emas, balki "men poytaxtlik, seb qishloqi" deydiganlarning kibrini. Bu uchun esa tarbiyani biroz kuchaytirishimiz kerak.

Shuncha bo'lar-bo'lmas gapni yozib nima demoqchiman? Biz qayerdan ekanimizdan, qayerda yashashimizdan qattiy nazar bolakarimizni "Biz butun bir o'zbekmiz, millatimizdan qattiy nazar o'zbekistonlikmiz. Poytaxtda yashaymizmi yoki uzoq sahrolarda yoki tog'larda farqi yo'q biz bir millatmiz, hamyurtlarmiz" deb tarbiyalashimiz kerak. Aks holda bugungi kundagi bizning ko'zimizga arzimas bo'lib ko'rinayotgan "sen viloyatdan, men poytaxtdanman" degan maraz bir illat kuchayib gazaklab boraveradi.

пятница, 25 августа 2017 г.

Shum bola; haqparvar chollar va uni eshitadigan boy otalar.

Kecha "Shum bola" filmini tomosha qilib o'tirib bir lavha mening diqqatimni tortdi. U lavhada boy otaga "qo'rg'on ham yondi, ombor ham yondi" deb yolg'on gapirgan shum bolani boy ota tergov qilib, haqqini bermay haydab yubormoqchi bo'lgan paytda oppoq soqolli bir mo'ysafid cholning "etimning haqqini eb bo'lmaydi, u o'zining halol haqqini so'rayapti boy ota" deb boyning qaroriga e'tiroz bildirib shum bolaning tarafini olib boyga nasihat qilgan holati ko'rsatiladi. 
"Xo'sh, shunga nima bo'pti?" deysizmi?

Yo'q, hech narsa bo'lmadi. Shunchaki o'sha cholning ishi menga qahramonlik bo'lib ko'rindi. Qanaqa qahramonlik deysizmi? Hozir tushintiraman. Adashmayotgan bo'lsam o'sha chol boy otaning qo'lida xizmat qilayotgan yoki yollanib ishlayotgan bir oddiy kishi bo'ladi. O'sha holatda u chol maddohlik qilmasa ham boy otaning shum bolani savalab, haqqini bermasdan haydab yuborish haqidagi qarorini jimgina "menga nima" deb indamay kuzatib turaversa bo'lardi. Ammo chol bunday qilmadi. U o'zining xo'jayini yoki o'ziga ish beruvchi bir boyning etim bir bola haqidagi qaroriga dadillik bilan qarshi chiqa oldi va boyga o'z e'tirozini bildirib haq gapni gapira oldi. Mening diqqatimni tortgan holat ana shu edi.

Xo'sh, endi bugungi kundagi ahvolimizga qaraylik. Qani hozir o'sha cholday o'z xo'jayiniga yoki ish beruvchisiga tik qarab haqiqatni gapira oladigan mardi baobro'lar bormi? Yoki o'zining qo'l ostida ishlaydigan bir odam xatolarini ko'rsatib haqiqatni gapirganda "e bor, sen kimsan menga aql o'rgatadigan" demasdan o'z xizmatkorining qilgan nasihatini va gapirgan haq gapini qabul qilguvchi boylar yoki xo'jayinlar qolganmi? Nazarimda unday haq gapni kim aytsa ham qabul qiladigan xo'jayinlar ham qolmagan, unday haq gapni gapiradigan chollar ham qolmagan.

Shu tobda o'zim guvohi bo'lgan bir voqea esimga tushdi. Poytaxtimizdagi markaziy bozorlardan birida quruq meva sotib savdo qilaman. Yonimda bir toshkentlik yaxshi bir bola ham akasi bilan savdo qiladi. Shu orada bizning joyimizni o'zgartirib boshqa qatorga ko'chirishdi. Men yaxshi bir joyni oldim, ammo pattachi qo'shnimga rosa yalinganiga qaramay mening yonimdan joy bermadi va unga xaridor kamroq boradigan, kamroq yuradigan chet joydan joy berdi. O'shanda joy taqsimlanayotganida qoshnimning akasi yo'q edi va u kechki payt keldi va oldimda birpas o'tirib pattachining nega bunday qilganini va ularga mening yonimdan joy bermay chet joydan joy berganini tushintirib berdi. Uni aytishicha ikki kun oldin ko'chada moshinasi bilan ketayotganida chorrahada svetoforda qizil chiroqda to'xtagan. Yoniga qarasa pattachi ham o'zining yangi qimmatbaho mashinasida shundoq yonida to'xtab turibdi. Qo'shnim uni ko'rib bosh irg'ab salomlashgan va shu payt svetoforning yashil chirog'i yongan va u mashinasini haydab yo'lida davom etgan. Pattachi esa svetofordan sekinroq qo'zg'ab orqada qolib ketgan. "Oka, ertasi kuni bozorga kelsam haligi pattachi salomimga alik olmadu va "ha san shunaqa mashinani tez haydab bizani ortda qoldirib ketadigan bo'lib qo'dingmi?! deydi. Gapiga hayron bo'ldim va "yo'g'e, ishim rosa zaril edi, shunga shoshilvotudim" deb undan uzr so'radim, ammo u uzrimni qabul qilmadi" deb qo'shnim gapini tugatdi.

U-ku bozorning oddiy bir pattachisi edi. Endi boshqa sohalarda ishlaydigan ayrim kaslarning o'zini tutishini, kibr bilan yurishini o'zingiz chamalab hisoblab olavering.
Eng qizig'i ana shunday kaslar qo'l ostida ishlaydigan ayrim xodimlarning ham yaltoqlanishini asti so'ramang. "Sizni bilmasak ko'r bo'lamiz, siz bizning quyoshimiz, siz bizning oyimiz. Siz bo'lmasangiz dunyo bizga qorong'u" degan gaplar o'shanday xo'jayinlarga rosa yoqadi shekilli-da. Aks holda pathalim bir xodim maqtashni boshlagandan "meni maqtama" deb og'ziga urar edi-da. Indamayaptimi, demak o'sha xo'jayinga o'sha maqtovlar yoqayapti.

"Shum bola"ning osha sahnasini ko'rib hozirgi kunimizdagi boy otalar va ularga nasihat qilish olrniga doim ularni maqtash bilan ovora bo'lib yurgan chollar esimga tushdi. Endi undaylar yo'q. Endi kibrga berilgan boy otalar-u, ularga mos maddoh chollar bor xolos.

четверг, 24 августа 2017 г.

Poza Karimova va Xalq artistlari.

Kecha tv.dan Ergash Karimovning xotirasiga bag'ishlangan ko'rsatuvni tomosha qildim. Ko'rsatuvda mening e'tiborimni tortgan narsa shu bo'ldiki Ergash akaning ham umr yo'ldoshi va ham  sahnadagi yo'ldoshi Roza Karimovani ko'rsatishganda titrda uning ism-sharifini yozib ostiga "O'zbekistonda xizmat ko'rsatgan artist" deb yozishdi. "Xo'sh, nima bo'pti shunaqa yozishgan bo'lishsa" deysizmi? Yo'q, hech narsa bo'lmadi. Faqat u yozuvni ko'rib men hayron bo'ldim. Kechagina tuxumdan chiqib  shataloq otib kuylab yurgan qandaydir bir xonandaga bir-ikkita vatan haqidagi qo'shiqni majburlab aytdirib keyin unga oldiniga "O'zbekistonda xizmat ko'rsatgan artist" unvonini berib, orqasidan esa orasini sovutmay "O'zbekiston xalq artisti" unvoni berayotgan janoblarning aqllari Roza Karimovaga kelganda ishlamagan ekan shekilli. Bu gaplarimni o'qib "Roza Karomova nega xalq artisti unvonini olishi kerak ekan" deb hayraon qolayapsizmi?

Gapni uzoqday boshlay. Mana hozir o'zingiz ko'rib turibsiz; jamiyatimiz aynib bo'lgan. Odamlarda insof, iymon, vijdon tugab ketayapti. Ayniqsa jamiyatimizda poraxo'rlik illati rosa ham avj olgan. Mas'ul shaxslarda mas'uliyat degan narsa qolmagan. Bu illatlarga qarshi kurash judayam og'ir ketmoqda. Joylardagi ayrim mas'ullar Prezidentimizning jon kuydirib gapirayotgan gaplarini pisand qilmayaptilar.  Ularning mas'uliyatsizliklarini tanqid qilib yozgan jurnalistlar ba'zi holatlarda turli tayziqqa uchramoqdalar. Qisqasi mas'uliyatsiz mas'ullarga qarshi kurashish, ularni tarbiyalash oson bo'lmayapti.

Roza Karimovaning xalqning oldidagi xizmatining ulkanligi shunda ediki u marhum eri Ergash Karimov bilan birga qariyb 50 yil biz bugungi kunda tarbiyalay olmayotganimiz mas'uliyatsiz mas'ullarga qarshi turli kontsert dasturlarida, tv.orqali berilgan turli intermediyalar orqali, qolaversa Televizion minatyuralar teatri orqali kurashdi. Ha, ha shunday. Biz jamiyatimiz pokligi, yurtimiz ravnaqi uchun ayrim kaslarga qarshi qalam orqali kurashayotgan bo'lsak ular o'z ijodlari bilan kurashgan edilar. Ular doimo o'z chiqishlarida jamiyatimizdagi turli illatlarni va mas'uliyatsiz mas'ullarning basharasini ochib tashlashga harakat qildilar. Ana shu jihatdan ham Roza opa Xalq artisti unvoniga loyiq edilar. Loyiq bo'lganda ham allaqachon loyiq edilar. Ammo....

Ammo, ming afsuski allaqanday xonandalar kechagina tuxumdan chiqib, bir dumalab Xalq artisti bo'lib yurganlarida Poza opaning "Ozbekiston xalq artisti" bo'lmaganlari ajablanarli holatdir. Chunki Roza opa bu unvonga yetadigan va undan oshib ketadigan xizmatni oshig'i bilan shu xalq uchun, shu vatan uchun qilib qo'yganlar.
Shu jihatdan olib qarasak opaga allaqchonlar Xalq Artisti unvoni berilishi kerak edi. Ammo haliyam kech emas. To'g'ri, Xalq artisti unvoni berilishi hexh narsani anglatmas yoki opa shu unvonga zor ham emas. Ammo har bir ishning yoki kishining etarli darajada rag'batlantirilishi maqsadga muvofiq ish bo'lar edi.

воскресенье, 20 августа 2017 г.

Ҳалолликнинг баҳоси қанча?

"ҲАЛОЛЛИК"НИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?

Куз оқшомларинг бирида дўстим билан шаҳримиздаги ўзбек миллий таомларини тайёрлайдиган "Миллий таомлар" кафеларидан бирига кириб овқатланмоқчи бўлдик. Ҳаво салқин ва ёмғир ёғиб турганлиги учун ташқарида қўйилган стол-стулларни йиғиштириб олиб қўйишибди. Ичкарига кирсак ҳаммаёқ хўрандалар билан банд. Қарасак фақат битта столда тўрт кишилик ўринда икки киши ўтирибди. Бориб сўрасак жойни бўш дейишди. Уларни ёнига ўтириб овқатни буюртма бердик. Овқат келгунча мен ҳамдастурхон бўлиб қолган бу икки инсонни бироз кузатдим. Уларни бири тинимсиз гапирар, иккинчиси эса уни гапини маъқуллаб ора-сирада саволнамо гап ташлаб қўяр ёки нариги сергапини гапини маъқуллаб қўярди. Улар овқатланиб бўлишган, шунчаки сергапини гапирадиган гапи кўп шекилли чой ичиб ўтиришарди. Хаёлимдан "Фаросати ҳам йўқ эканда. Акс ҳолда одамлар кафега кириб жой топа олмай ҳатто баъзилар жой бўшашини кутиб ўтиришибди. Булар бўлса овқатланиб бўлиб бемалол чой ичиб ўтирибди" деган фикр ҳам ўтди. Аммо бу фикрни сиртимга чиқармадим. Йўқ, бу қўрқиш туфайли эмас, балки андиша юзасидан эди. Тўғри-да, қовоқдай калласи ишламаса мен нима ҳам дердим. Кейин овқатланиб бўлиб столни бўшатиб ўрнидан туриш турмаслик бу унинг ҳуқуқи. Хоҳласа туради, хоҳламаса турмайди. 

Шу орада бизни буюртмамизни ҳам олиб келишди. Биз шошилмай овқатлана бошладик. Сергапи ўзига тинчроқ шекилли. Эгнида қиммат кийимлар кийиб олибди. Наригиси эса одмироқ кийинган. Манимча наригиси бу сергап олифтани қўлида ишлайди-ёв. Акс ҳолда ҳар бир гапини маъқулламас эди. Яна асосан ишхонадаги ишларни гаплашишаётган эди. Ҳарҳолда шундай деб ўйладим. Овқатланаётган пайтимизда менга телефон қўнғироғи бўлди ва мен қисқагина жавоб бериб телефонимни столни устига сергап олифта билан ўзимнинг ўртамизга қўйдим. Шу орадан сергап олифтанинг нимадир гапига у биз томонга қараб "тўғрими акалар" деб мурожат қилгандан кейин аралашиб ҳам кетдик. Ниҳоят овқатланиб бўлиб, уларга  ёқимли иштаҳа тилаб ўрнимиздан турдик ҳамки сергап олифта ва унинг шериги ўрнидан турай демасди. Кафедан чиқиб дўстимни уйига олиб бориб қўйдим ва уйга келиб эшикдан киргандан кейин боя кафеда столни устига қўйган телефоним эсимга тушди. Тезда хотинимни телефонини олиб ўз рақамларимни тера бошладим. Қўнғироқ кетаяпти, аммо ҳеч ким кўтармаяпти. "Ўша қўйган жойимда турибди" деган умидда шошилиб кафега қараб жўнадим. Йўлда яна бир неча бор тердим, яна қўнғироқ кетди, аммо яна ўша ҳол, ҳеч ким кўтармади. Кафени олдига машинамни қўйиб шошилиб киришда бир кишига урилиб кетдим. Қоронғуда юзига қарасам бояги биз билан бир столда ўтирган сергап олифта экан. Узр сўраб йўлимда давом этдим. У "ҳечқиси йўқ, бўлиб туради" дегандай ғўлдиради-ю мошинасига ўтириб кетди.

Ичкарига кириб тўғри боя ўтирган столимизга қараб бордим. У ер бўш эди ва столни устини офицанка қизлар йиғиштириб олишаётган экан. Уларга телефонимни унутиб қолдирганимни айтсам улар ҳеч қандай телефон кўрмаганларини, залга видеокамера ўрнатилганини, хоҳласам ким олганини текшириб кўришим мумкинлигини айтишди. Тезда бориб зал маъмурига учрашдим ва вазиятни тушунтирдим. У мени камера экранлари қўйилган хонага бошлади. Камерага ёзиб қолинган кадрларни кўраяпмиз. Мана, келиб ўтирдик. Кейин менга қўнғироқ бўлиб телефонимни стол устига қўйдим. Мана, ўрнимиздан туриб чиқиб кетишимиз. Телефон столни устида қолди. Видеоёзувларни кўрар эканмиз столни устидаги телефонимга ану сергап олифта то ўзим уйга бориб қўнғироқ қилмагунимча эътибор бермаганини кўрдим. Балки гапга чалғиб сезмагандир. Мана, экрани ёниб телефоним жиринглаяпти ва сергап олифта шундан кейин телефонимни қолиб кетганини билиб унга эътибор бераяпти. У экрани ёниб-ўчиб жиринглаётган телефонимни ёнини босиб овозини ўчираяпти ва қайтариб столга қўйяпти. Экранда томоша қилиб турибмиз, у салфетка олиб унга юз қўлларини артаяпти ва телефонимни устига қўйиб телефонимни бекитаяпти. Кейин тезда шеригига нимадир деб, юзига фотиҳа тортиб ўрнидан тураяпти ва туришда телефонимни тепасига ташлаб қўйган салфеткага ўраб чўнтагига солиб залдан чиқаяпти. Балки, мен шошилиб хотинимни телефонидан қўнғироқ қилмаганимда қайтиб кафега келгунимча ҳам у телефонимни унутиб қолдирганимни сезмай ўтираверардими. Балки, балки. Аммо ҳозир бир виждонсиз ҳаромхўрни ўғирлиги туфайли телефонимдан айрилиб бўлгандим. Уни кўрган одам шу ишни қилишига асло ишонмайди. Аммо одамни оласи ичида ва уни кийиб юрган кийимига қараб асло баҳо бериб бўлмайди.
Видеоёзувларни кўраётиб маъмур ташқарда ҳам камералар борлигини айтиб қолди. Сергап олифтани қандай машинага ўтириб кетганини кўрдик. Аммо номер камерага кўринмас экан.

Шундан кейин кеч бўлса-да бориб бир магазиндан хотира картасини сотиб олиб келдим ва маъмур ўғирлик жараёнини унга ёздириб берди. У ердан чиқиб уйдан телефонимни қутиси ва магазиндан берилган ҳужжатларни олиб ўша кафе жойлашган туман ИИБ га ўтдим. Ички Ишлар ходимларига бўлган воқеани айтиб бериб хотира картасига ёздирган кадрларни кўрсатдим. Улар аризамни қабул қилиб телефонимни ҳужжатлари ва хотира картасини қолдириб кетишимни сўрадилар ва ўғрини топсалар хабар беришларини айтиб мени кузатиб қўйдилар.

Бўлган воқеа шу. Очиғи одамлардан ҳам шунақа ҳолатларда хафа бўлиб кетаман. Арзимаган нарсани деб, ё пулни деб ўзларидаги инсоний сифатлар бўлмиш ҳалолликни ҳам, виждонни ҳам, инсофу-диёнатни ҳам, ҳатто Яратганни Ўзи сақласин, иймонларини ҳам сотиб юборадилар. 
Агар шу телефонимни кўча-куйдами, ё бошқа жойдами ҳақиқий ўғри ёки киссавурга олдирганимда бунчалик хафа бўлмасдим. Чунки уни касби шу. У эрталаб кимнидир нарсасини ўғирлашни ният қилиб уйдан чиқади. Аммо мени телефонимни олиб кетган одам ҳечам ўғри ёки киссавурга ўхшамасди. Гап-сўзлари  бинойидек эди. Бу одам шунчаки кўпчиликка ўхшаб ҳаромдан ҳазар қилмайдиган ва озгина фойда ёки манфат йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган одамлар тоифасидан холос.

Ота-буваларимизни ҳаромдан ниҳоятда ҳазар қилганлари бугунга келиб қаёққа йўқолди билмайман. Билганим шуки айрим-айрим инсонларни айтмаса аксарият одамларда бировларни ҳаққидан қўрқиш, ҳаромдан ҳазар қилиш деган гаплар қолмади. Мана, мени телефонимни ҳам ўғирлаб кетган инсонни ҳам олайлик. Шу телефон неча пул туради? Сотса юз доллар атрофида турадиган телефон эди. Хўш, ўша сергап олифта телефонимни кимгадир юз долларга сотиб оиласини эҳтиёжига ишлатиб юборди ҳам дейлик, нима бўлади? Уни қиладиган "фойда"си ўғирлик гуноҳи ва камига болаларига ҳаром луқма едириш бўлади, ундан бошқа нарсамас. Чунки ўша мени телефонимни сотиб топган маблағини оиласи билан нари борса бир ҳафта, ўн кун ер, аммо эрта Қиёматда ўғирлик учун, болаларига ҳаром луқма едиргани учун берадиган жавобгарликчи? Юз доллар қийматдаги пул ўғри бўлиб тавқи лаънат олишга, гуноҳкор бўлишга, келажакда болаларини тақдирига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳаром луқмани болаларига едиришга арзирмикин?
Асло йўқ!
Ҳа шундай, охиратини ўйлайдиган одам учун йўқ. Аммо Худо бехабарларга фарқи йўқ!

Очиғи бу кетишда охири нима бўлишимизни ўйласам юрагим орқамга тортиб кетади. Чунки бугун биз "топиб олган" нарсамизни ўғирлаб бировни ҳаққини есак ва камига ўша бировнинг ҳаққидан болаларимизга ҳам едирсак эртага болаларимизни ва улардан кейинги қоладиган авлодни аҳволи нима бўлади? Биз "тасодифан" бировнинг ҳаққини есак ва уларга ҳозирдан ҳаром луқма едириб борсак кейин улар бировнинг ҳаққини ейишни касб қилиб одамларнинг қўлидаги нарсасини уриб тортиб олмайди деб ким кафолат беради? Шундай экан ҳар биримиз ҳозирдан шайтон ва нафсимиз бировнинг ҳаққини чиройли кўрсатганда ўзимизни ва болаларимизни оқибатини ўйлайлик ва бошқаларнинг ҳаққини ўзлаштиришдан, бировларнинг ҳаққини ейишдан тийилайлик. Эртага кеч бўлиши мумкин!

Р.С Мен ўша телефонимга қаттиқ куйинганим йўқ. Чунки "Худо берди, Худо олди". Фақат ичидаги контакт номерларни йўқотганимга бироз ачиндим холос.