пятница, 8 февраля 2019 г.

Афғон уруши

Иккинчи Жаҳон уришидан 34 йил ўтиб "СССР" отлиғ манфур тузум Афғонистонда уруш бошлаб, халқимиз бошига яна уруш кулфатини солди. Ўшанда, кўпчилик билади, Афғон урушига кўпроқ "қора миллат"ларни, ўзбек, тожик, турман, қозоқ, қирғиз, озарбайжон йигитларини олишган. (Яъни, умумий аҳолининг фоизига бўлинганда биздан кўп аскар жўнатилган) Умумий ҳисобда 10 йил давом этган урушда кўплаб навқирон ёшдаги юртдошларимиз ҳалок бўлишди, ногирон бўлиб қолишди. Бу урушда халқни пешана тери билан топган неча юз миллиардлаб доллар пули сарфланди. Охир-оқибат Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин "Енгилмас Совет Армияси" деб номланган Шўро армияси бу ноҳақ урушда енгилиб, Афғонистонни шармандаларча ташлаб чиқди.

Бу уруш Афғонистонни батамом вайрон қилди. Миллионлаб  афғонлар ҳалок бўлишди. Афғонистондаги ҳамма нарса издан чиқди. Ўзи аслини олганда бугунги Афғонистондаги ҳолатга ўша уруш сабабчи. Чунки, ўша уруш туфайли Афғонистондаги тинч ҳаёт издан чиқди. Турли дала командирлари шаклланди. 10 йил давом этган урушда халқни дийдаси қотди. Одам ўлдириш осон бўлиб қолди. Ёшлари қонни, ўқ илма-тешик қилган одамни кўрса сесканмайдиган бўлиб улғайди. Охир-оқибат ўша урушдан бугунги нотинч Афғонистон мерос бўлиб қолди.

Яқинда ОАВ бир гуруҳ собиқ "афғончи"ларга медаллар топширилганини, бу учун Москвадан махсус МДҲ давлатлари афғон ветеранлари жамияти раиси ташриф буюрганини, мукофотланганлар орасида қайсидир вилоят ҳокимлари ҳам борлигини ёзиб чиқишди. Ўшанда бу хабарга эътиборсиз ўтиб кетган эдим. Аммо, боя фейсбук ижтимоий тармоғида бир собиқ афғончи қўйган постни остидаги баҳсни гувоҳи бўлиб бу мавзуда ҳам нимадир ёзишни хоҳлаб қолдим.
Ўша постда собиқ афғончи "Афғонистондан Совет қўшинларининг чиқарилишини байрам экани" ҳақида ёзган экан. Шундан кейин  постни остида кўпчилик ўша кун ҳеч қандай байрам эмаслигини, собиқ афғончилар ҳеч бир айбсиз афғонларни қириб қўлини қонга ботирганини, бу учун Яратгандан ҳам, афғон халқидан ҳам кечирим сўраш шартлигини" ёзишибди. Пост эгаси ҳам жим турмаяпти ва "Ўшанда 2 миллион афғонни ёстиғини қуритганмиз, яна бир неча миллион афғонни ёстиғини қуритмай қўшинларни олиб чиқиб келганимиз учун, бугун байрам қилаяпмиз" деб оловга баттар керосин сепаяпти.

Шу постдаги баҳсларни ўқиб ўйлаб қолдим. Ҳақиқатдан, бизга, ҳатто Москвалардан меҳмон чақириб, медалбозлик қилиб ўша урушни эслаб байрам қилишимиз лозиммикин? Ўзи умуман афғон халқидан биронта давлат ўз номидан ёки МДҲ номидан "Бизни кечиринг. Ўша уруш Москвада ўтирган корчалонлар режалаштирган ахмоқона уруш эди. Биз буйруқ бажарувчи оддий одам эдик. Ўшанда сизларга етказилган зарар учун, миллионлаб ҳалок бўлган одамлар учун кечирим кўраймиз. Бизни кечиринг. Биз ўша уруш бўлиб ўтганидан ҳам, унда мажбуран бўлсада қатнашганимиздан афсусдамиз" деб кечирим сўраганмикин? Мен биронта давлат раҳбарини бундай баёнотини эшитмаганман. Тўғри, ўтган йиллар мобайнида афғон делегацияси ташриф буюрган пайтда қайсидир давлат раҳбари тор доирада кечирим сўраб, юқоридаги гапларга ўхшаш гапларни гапиргандир. Аммо, давлат миқёсида, умумий халқ номидан бундай баёнот берилмаган. (Балки берилгандир ва мени хабарим йўқдир)

Тўғриси бу постда ўша машъум урушда қатнашганларни айбламоқчи эмасман. Улар аскар бўлишган ва ўша чиркин тузум қайерга бошқарса ўша ерга бориб буйруқни бажаришган. Аммо, ўшанда Афғонистондаги тинч ҳаётни барбод қилган катта бир механизмни кичик бир мурвати бўлган бўлсаларда энди бугун ўша урушда қатнашганларини, қаҳрамонликлар кўрсатганларини фахр билан гапиришга, ижтимоий тармоқларда ёзишга, байрам қилишга мутлақо маънавий ҳақлари йўқ. Гарчи, ўзларига берилган буйруқни мажбур бўлиб бажаришган бўлсаларда улар босқинчи бир армиянинг, босқинчи аскарлари эдилар. Шу учун ҳам улар афғон халқининг олдида ҳам, Яратганнинг олдида ҳам ноҳақ урушда қатнашиб одам ўлдирганлари учун айбдордирлар.
Шу учун улар энди ўша уруш эсланганда медаль тақишлари, байрам қилишлари эмас, афсус ва надомат билан қалбан афғон халқидан узр сўраб қўяверишлари керак.

Мен ҳозир сўзимнинг охирида афғон уруши қатнашчиларига нисбатан нега кескин фикрлар билдираяпман. Сабаби, Қўчқор Норқобилнинг "Дарё ортидаги йиғи" асарини кўп ўқиганман ва ҳар гал янгитдан ўқий бошлаганимда менда яна шу машъум урушни бошлаганларга, унда ижрочи бўлганларга нисбатан оғир нафрат уйғонади. Шунингдек Ў. Ҳошимовнинг "Тушда кечган умрлар" романида асар қаҳрамони Рустамнинг бошидан ўтказганлари қалбимни яралаган. Шу учун ҳам мен афғон уруши қатнашчиларининг шунча ишдан кейин, ҳатто тор доирада бўлса ҳам, орадан 30 йил ўтиб қандайдир байрам қилишларига, медаль тақишларига мутлақо қаршиман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий