среда, 20 апреля 2016 г.

ЗОМБИЛИК!


Биринчи кун....

Ҳаво ёмғир, тинимсиз, тўхтамасдан қуйяпти. Шу тобда маҳалла гузарини айланиб келишни ҳоҳладим. Бундай ҳавода соябон роса асқотади-да. Гузарга тушсам тўрт-бешта менга ўхшаган ёмғир туфайли бекор қолганлар давра қилиб гаплашиб туришибди. Ёшлари турли ёшдаги кишилар. Йигирма ёшли боладан, буёғи қирқ ёшгача бўлган маҳалладошларим. Олдиларига бориб салом бердим. Саломни эшитиб иккитаси бошини кўтариб алик олди, яна икки-учтаси алик олдими, ё "ҳм" деб қўйдими, очиғи англай олмадим. Қарасам ҳаммасини қўлида баркашдай-баркашдай телефон. Давра қилиб телефон титкилаб нимадир қилишаяпти.

-Менга ёрдам беринглар, мени "ратуша"мни уришаяпти, -деди биттаси.

-Менга ҳам ҳужум қилишаяпти, мен ёрдам бера олмайман,- деди иккинчиси.

-Баттар бўлларинг, мен эса биттасини қалъасини вайрон қилаяпман, - деди учинчиси.

Шу тахлит улар ёмғирпана жойда туриб олиб, тинимсиз телефонни титкилаб, бир-бирига мен тушунмайдиган жаргонни аралаштириб, ора-сирада сўкиниб ҳам қўйишар эди.
Тахминимча улар телефонда қандайдир ўйин ўйнашаётган эди. Уларга қарата бир неча бор "Нима бу, қандай ўйин ўйнаяпсизлар", деб берган саволим жавобсиз қолди. Уларни ҳеч бири саволимга эътибор ҳам бермади, ёки эшитишмади. Менга яқинроғи саволимдан кейин "ээ" деб қўл силтади холос. Манимча уни менга "халақит берма" дегани бўлса керак.

Иккинчи кун....

Маҳаллада тўй бўлди. Тўйдан бир кун олдин сабзитўғрарга бордик. Сабзини тўғраб бўлганимиздан кейин тўғралган сабзи йиғиштириб олинди ва дастурхон тузалиб жой қилинди. Бўшаган жойларга яна кимлардир кириб ўтирди. Бир пайт қарасам ўша хонада ўтирганларни аксарияти кечаги жаргонда, гаплашиб яна ўша ўйинни ўйнашаяпти. Йўқ , булар кеча маҳалла гузарида кўрган одамларим эмас, Булар бошқа маҳалладошларим эди. Бу ерда ҳам кечагидай, ўша "ратушани вайрон қилишгани" ҳақидаги гап, ўша ора-сирада сўкиниб қўйиш, ўша атрофдагилардан узилиш бор эди. Фақат булар сал асабийлашиб ўйнашаяпти. Гап сўзларидан англадимки ўтирган хонамизда телефон алоқаси унчалик яхши эмас ва булар шунга асабийлашишаяпти. Демак, бу ўйин интернет орқали, пул сарфлаб ўйналади.
Шу орада ошни сузишди, ва бизгаям ош тортишди. Аммо ўйинга берилган маҳалладошларим ошни келганига ҳам, кимнидир "қани бошладик, олинглар, "Бисмиллоҳ" деганига ҳам парво қилмай ўйин билан банд бўлдилар. Шу орада катталардан бири эшикдан қарадию аҳволни кўриб тутақиб кетиб "Йиғиштир энди телефонингни, бўлди-да энди, ошни е, телефонни кейин ўйнайсан" деб ўдағайлаб қолди. Булар энди телефонини йиғиштириб қўйиб ош ейишади десам қаёқда, битта-иккитаси телефонини йиғиштириб ош ейишга ўтди. Қолганлари пинагини ҳам бузмай "ратуша"сини ҳимоя қилиш билан банд бўлди. Ош ейишга тутинганлари ҳам оғзида ош чайнаш баробарида ёнидаги ош емай ўйинни ўйнашда давом этаётганни қўлидаги телефонни экранига тикилиб, унга  "ҳимояланиш"ни ўргатарди.
Хонада ўтирган ёши каттароқлар бир-икки марта "Бўлди-да, йиғиштир энди телефонбозлигингни, ошни е" деб жаврагани ҳавога учди. Улар барибир телефондан бош кўтаришмади.

Бу орада ош ейилиб бўлди, дастурхондаги баъзи лаганлар бўш, баъзилари эса оши совуб шундоқ турибди. Бизга ош тортган йигит  эшикдан қараб-қараб қуйяпти. Аммо лаганларни олишини ҳам, олмаслигини ҳам билмаяпти. Олай деса анави ўйинчилар ҳали қўл ҳам уришмаган, олмай деса хонани тўрида ўтирган ёши каттароқлар "лаганни ол турамиз" дегандай томоқ қиришаяпти. Охири бошқаларни сабри чидамади ва дастурхонга фотиҳа ўқиб ўйинчиларга бошларини сарак-сарак қилиб индамай чиқиб кетишди. Ўртадаги бўш ва тўла лаганлар дастурхонда қолди.

Учинчи кун....

Маҳаллада жаноза бўлиб қолди. Анчадан бери оғир бетоб ётган ўртаёш бир аёл вафот этди. Жанозани соат ўн иккига дейишибди. Одам ниҳоятда кўп келди. Марҳумани қабрга қўйиб келишга ҳам кўпчилик борди. Қабристондан қайтиб келганимиздан кейин яна фотиҳа қилиш учун жаноза бўлган хонадонга қайтдик. Фотиҳани қилиб бўлиб келди-кетдига бирпас қарайлик деб ўша ерда хонадон эгасини ёнида бўлдик. Қарасам ўйинчиларнинг баъзилари ўша ерда ҳам четроққа ўтиб ўша ўйинни ўйнашаяпти, ўйнай олмамаётгари эса ўйин муҳокамаси билан банд. Буёқда Қуръон ўқилаяпти, дуолар қилинаяпти бу билан уларни зиғирчаям иши бўлмаяпти. Аҳволни кўриб очиғи юрагим орқамга тортиб кетди.
Таъзия бўлган хонадонга жанозани эртаси ҳам кўнгил сўраб дуои фотиҳа қилиш учун бордик. Қарасам эртаси куни ҳам аҳвол шу. Ўйин жиннилари чекка-чеккада қўлларида телефон ўша ўйинни ўйнаш билан банд.

Ана шундан кейин одамларни манқурт ва зомби қиладиган бу ўйин билан қизиқдим. Оти "Клаш"ми, "Краш"ми экан. Интернет орқали пул сарфлаб ўйналаркан. Группа тузиб, бир-бирига ёрдам бериб ўйнаса ҳам бўларкан. Ўйин "ўз қалъа"сини ва қалаъдаги "ратуша"сини ҳужум қиладиган ёвдан ҳимоя қилиш ва ўз навбатида кимнидир қалъасини бориб "яксон" қилиб келиб очко олишдан иборат экан. Қанча кўп очко олинса, қалъа шунча мустаҳкам бўлиб бораверар экан. Агар телефондаги ҳисобига пул ташлаб алланеча долларга қалъани янада мустаҳкам қилса бўларкан. Буларни менга айтиб бераётган бола "мана фалонча яқинда эллик долларга қалъасини мустаҳкамлаб, нечанчидир даражага чиқариб олди" деди.
Уни гапларини эшитиб ҳайрон қолдим. Одамлар ўз вақтини беҳудага кетказиб ахмоқ бўлиши баробарида, ўша кетказган вақти учун ҳали чўнтагидан пул тўлаб икки карра ахмоқ бўлаяптими?

Бу ўйин ҳақида маълумот олгандан кейин ўзимча ёшларга гапириб дакки беришдан олдин ҳаддим сиғадиган каттароқ ёшлиларига насиҳат қилмоқчи бўлдим.
Намоз ўқийдиганларидан бирини шу ўйинни устида учратиб унга: "Бу ўйин ҳам вақтингни олаяпти, ҳам пул тўлаб ўйнаяпсан, ундан кўра илм ўргансанг, китоб ўқисанг, болаларинг билан машғулот ўтказсанг, уларни тарбияси билан шуғуллансанг бўлмайдими, эртага Қиёматда исроф қилган вақтингни ҳам, пулингни ҳам жавоби борку" десам, "Ака ғийбатлашиб, ёки ҳар хил бўлган-бўлмаган гапларни гаплашиб ўтиргандан шу ўйин яхши-ку" деди. Унга қараб "Афсус, мен сени бироз тушунчанг бор деб ўйлаб, сенга насиҳат қилгандим, сени жавобингни қара. Ёшлар насиҳатни олмайди деб насиҳатни сендан бошлаган эдим. Сен ғийбатни баҳона қилгунча китоб ўқи, илм ўрган дедим, сени жавобингни қара, афсус" дедиму уни олдидан туриб кетдим. Ёшларнику ёш насиҳатни олмайди деймиз. Аммо ёши ўттиздан ошиб ҳам насиҳатни олмаса, бу дунёни ўткинчилигини тушунмаса, унда миллат учун бундан ҳам ортиқ кулфат борми?

У ўйин қандай ўйинки одамларимизни бунчалик жинни қилиш даражасига борди? Булар қандай одамларки арзимаган битта ўйин учун ҳамма нарсасидан воз кечиб юбораяпти? Ҳатто бу ўйинни ота-болалар бирга очиб, бир-бирлари билан ўйнаб юрганлари бор экан. Демак ҳозир мактабларнинг юқори синфларида, лицей ва коллеж ўқувчилари орасида ҳам бу ўйин оммалашиб бўлган. Демак кўпчилик талабалар дарс ўрнига "ратуша"ларини ҳимоя қилиш билан "банд"лар.
Бу кетишда эртага келажак авлодни аҳволи нима бўлади, ўйлашгям қўрқаман.

Муаммоларимиз кўп, уни кўрсатамиз, аммо ўша муаммоларни ечимига навбат келганда, очиғи ўша муаммоларни ечимини билмаймиз. Телефонда интернет орқали ўйналадиган бундай ўйинларни ҳам на таъқиқлаб бўлади ва на юқотиб. Аммо ота-оналар оилада назоратни қаттиқроқ ушласалар, ҳеч бўлмаса аҳвол баттар бўлмасидан ҳозирги ҳолатда сақлаб қолса бўлармиди. Болаларга буни батамом таъқиқлаб бўлмас, аммо ҳеч бўлмаганда маълум бир вақтда рухсат бериб, бошқа пайт ҳар хил фан, ёки спорт тўгаракларга жалб қилиш керакми балки.

Болалар ва ўсмирларку майли улар ёш экан, ҳозир вақтини ва пулини илм ва касб ҳунар ўрганиш ўрнига беҳуда бир ўйинга сарфлаб ўтказиб юбораётганини билмаётгандир. Аммо катталарга нима бўлган, қирқ ёшга кириб ҳам ўсмир ёшдаги ўғлини ҳаётини назорат қилгунча у билан телефонда ўйин ўйнаса. Ёшларку майли ақли йўқ экан, аммо катталарга нима бўлаяпти? Шунчалик ҳам ахмоқлик, шунчалик ҳам жиннилик бўладими, ўйинни деб овқатдан воз кечса, ўйинни деб оиладан воз кечса, ўйинни деб элу-юртдан воз кечса. У ҳолни кўриб ўсаётган ёш болалар эртага қандай аҳволда бўлади. Шуни ўйлаяпмизми? Шуни тушуниб етаяпмизми? Шу ҳақда бир ўйлаб кўрайлик.
(Вазиятни ошиқча кўрсатиб юборган бўлсам узр сўрайман. Аммо юқоридаги учта ҳолатни ҳам ўз кўзларим билан кўрганман ва у гаплар тўқима, ёки эшитма гаплар эмас.
Саломат бўлинглар!)

Тўртинчи кун,....кеч бўлади.

Ундан кейинги кун эса, .... йўқлик!

2 комментария: