Ҳар гал жаҳон миқёсида ўтадиган спорт мусобақаларини кузатар эканман юртимиз спортчиларини кўриб бир хўрсиниб қўяман. "Нега бизнинг туманимиздан турли спорт турлари бўйича шунақа зўр спортчилар чиқмайди?" деган савол ичимни тирнайди. Ҳатто спорт турларининг қироли бўлмиш футболда ҳам 0.5 миллион аҳоли истиқомат қиладиган туманимиздан олий лигада бор йўғи 2 та футболчи ўйнайди. Бири Достон Абдураҳмонов, яна бири Зойир Пиримов. Қизиғи иккаласи ҳам туманимизда эмас, балки вилоят марказидаги футбол мактабда, кейинчалик пойтахтимиздаги футбол мактабда ўқишган.
Хусусан бошқа спорт турларида ҳам бизнинг тумандан таниқли спортчилар йўқ. 2016 йил, Рио Одимпиадасида паралимпия терма жамоамиз таркибида туманимиздан чиққан бир бола қандайдир спорт тури бўйича совриндор бўлди. Эшитганим шу.
Биздан нега тузукроқ спортчилар, футболчилар чиқмаслиги сабабини кўп ўйлайман. Балки туманимиз одамлари тадбиркорликка уста халқ, шу учун боласини қандайдир спортчи бўлишидан кўра яхши бир тадбиркор бўлишини хоҳлар. Аммо мен бошқа сабабларни кўраман. Туманимизнинг бошқа қишлоқларини билмайман, аммо бизнинг 30 минг аҳолиси бор қишлоғимизда на спорт мажмуаси бор, на бир стадион.
Спорт мажмуаси олдиндан, Собиқ Иттифоқ давридан бери йўқ. Қишлоқ марказидаги стадионнинг ўрнига бошқа жой топилмагани учун коллеж қурилгандан бери энди стадионимиз ҳам йўқ.
Мен юқорида қишлоқ аҳолиси ва ёшларини қийнаб келаётган муаммони ёзаяпман. Энг ёмони қишлоғимизда 6 та мактаб бор ва уларнинг баъзисида кичикроқ қилиб қурилган спорт зали бўлса, баъзиларида ўша ҳам йўқ. Шу 6 та мактабнинг ҳеч бирида тузукроқ спорт майдончаси ва стадион йўқ.
Айниқса бизнинг маҳалламиздаги мактабда аҳвол ўта қониқарсиз. На спорт майдончаси бор, на спорт зали бор ва на стадиони бор. Йўқ, бир пайтлар бор эди. Кейинчалик ўша спорт майдончаси ва стадионни ўрнини кимлардир эгаллаб олди ва шу билан энди ҳеч нарса йўқ. Қизиғи шунда-ки мактабдаги шу аҳволга 20 йил бўлиб қолди. Аммо мактабга спорт майдончаси ёки спорт зал қуриб беришни ҳеч ким хоҳламайди. Бу масалада ҳокимиятга мурожат қилиш фойдасиз. Чунки бу масала билан шуғулланадиган "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси" бор. Жамғарманинг эса доим жавоби тайёр; "Сабр қилинглар, навбати билан қуриб берамиз. Худо хоҳласа кейинги йил режамизда сизларнинг мактабларинг ҳам бор". Эҳҳе, неча йиллардан бери эшитганимиз шу жавоб. Бу масалада ҳар йил бориб мактабимиз директорига саволлар бераман ва у юқорида ёзганимдай жамғарма ходимларининг жавобларини тўтиқушдай такрорлайди. Аммо натижа йўқ. Шу йил баҳорда мактаб директори билан яна шу масалада гаплашдим. Яна ўша жавоб; "Яқинда жамғарманинг туман бўлими бошлиғига учрашдим, бизнинг мактабимизнинг навбати 2018 йилда келар экан". "Ахир неча йилдан бери шу гапни айтасиз "кейинги йил" деб, ўша навбатни жамғармадагилар қандай мезонлар бўйича тузишади" десам, директор "билмасам"дан бошқа гапни билмайди.
Юқорида гапимни нега бизнинг ҳудудлардан, қишлоқлардан чемпионлар, кучли спортчилар, футболчилар етишиб чиқмаслиги билан бошлагандим. Хўш, айтингчи бунақа аҳволда биздан қанақасига чемпионлар чиқсин? Қанақасига машҳур футболчилар чиқсин? На мактабида ва на маҳалласида спорт билан шуғулланиш учун тузукроқ жойни ёки спорт зални ўзи бўлмаса?
Бу масалада нега жон куйдириб ёзаяпман. Сабаби болалар спорт билан шуғулланишса соғлом ўсишади. Яна, айниқса ўсмир ёшдаги болалар хаётида спорт билан шуғулланиш муҳим. Чунки айнан ана шу ёшда ўсмирларда турли салбий иллатларга мойиллик пайдо бўла бошлайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиш эса ўсмир болаларни маълум маънода ана шу салбий иллатларга илашиб қолишдан асрайди. Шу учун ҳам ҳар бир мактабда, ҳар бир маҳаллада болалар спортнинг турли хил турлари билан шуғулланишлари учун спорт майдончалари ва стадион керак.
Бу муаммо биргина менинг маҳалламдаги мактаб ва қишлоғимга тегишли эмас, балки бутун мамлакатимиздаги аксар мактаблар ва қишлоқларга тегишли муаммодир.
Айниқса бу йилдан мактабларнинг яна 11 йиллик қилиниши ортидан бу муаммо янада долзарблашади. Умид қиламиз тегишли ташкилот бу муаммоларга албатта эътибор қаратадилар.