Бугун ижтимоий тармоқлар роса "қайнади". Олдинига фейсбук ижтимоий тармоғидаги аллақандай бир қизни ўз саҳифасида яқиндагина Риода олимпия чемпиони бўлиб келган Фазлиддин Ғойипназаровни пинжида ўтириб тушган сурати кимлардир томонидан ижтимоий тармоқларга чиқариб юборилди ва бу турли савиядаги ва турли фикрдаги инсонлар томонидан роса муҳокама қилинди. Бу муҳокамалар тугамасдан машҳур боксчимизни бу ишига блогерларимиз ҳам дарҳол муносабат билдирдилар. Олдинига Санжар Саидни блогпости, орқасидан Кама Ноир билан Шермуҳаммадларни ҳам бу мавзудаги блогпостлари уларнинг шахсий блогларида эълон қилинди. Санжар боксчини танқид қилиб тўғри ва намунали бўлиб юришга чақирган бўлса Кама Ноир ва Шермуҳаммадлар боксчимизни бу ишидан фожеа ясамаслигимизни, ким билан юриш, ким билан суратга тушиш уни шахсий иши эканлигини таъкидлаганлар.
Ижтимоий тармоқларда ҳам одамлар иккига ажралди. Кимдир боксчини танқид қилса, кимдир уни "бу шахсий иши" деб фикр билдирди. Аммо назаримда уни танқид қилаётганлар кўпчиликни ташкил этаяпти. Масалан бир фойдаланувчи "Аввало, отарчи(хонандалар назарда тутилаяпти) ва спортчилардан юлдуз ясамаслик керак. Ясагандан сўнг уларни сизнинг йўриғингизда юришини кутмаслик керак" деб фикр билдирибди. "Отарчи"ларни доим ғалва ва жанжалга тўла ҳаётлари мен учун ҳеч қачон ўрнак бўлмаган. Чунки кўплари енгил-елпи ҳаёт кечиришади. Аммо спортчи деганлари бу бошқа масала.
Миллатни соғломлиги учун бизга ҳар доим катта ареналарда ютуқларга эришган ва қитъа ёки жаҳон миқёсида машҳур бўлиб танилган спортчилар доим керак бўлган. Чунки ёш авлодни аллақандай бир хонандага ўхшашга ҳаракат қилганидан кўра ҳоҳ футболист бўлсин, ҳоҳ боксчи бўлсин яхши бир спортчига ўхшашга ҳаракат қилгани яхши. Энди спорт деганда биринчи навбатда соғлом ҳаёт тарзи, матонат, заҳматли меҳнат хаёлимга келади. Спортчилар арзирли ютуқларга машаққат чекиб эришар эканлар албатта катта-ю-кичик халқни назарига тушадилар. Болалар ва ўсмирлар учун кумир даражасига чиқадилар. Шундай экан мана шундай ҳолатда спортчиларнинг "бу менинг шахсий ҳаётим, хоҳлаганимни қиламан" деб оммага кўрсатиб ё билдириб кўнгиллари тусаган ишни қилишга асло ҳақлари йўқ. Чунки улар миллионлаб ёш авлодга ҳар томонлама ўрнак бўлишлари керак. Шу ўринда бу фикрга эътирозингиз бўлиши табиий. Аммо сиз ноҳақсиз. Мен спорт турларидан футболга қизиқаман. Ва футбол ўйинларини кўришдан ташқари футболга дахлдор сайтларга кираман, ҳафталик газеталарни ўқийман. Ва мана шу газеталарда, сайтларда футболчиларнинг футболдан ташқарида бўлган шахсий ҳаётларини ҳам, уларнинг мураббийлари билан бўлган муносабатларини ҳам кўп ёритишади. Ўша сайт ва газеталардан ўқиб билишимча Европадаги кўплаб мураббийлар ўз қўл остиларидаги ўйинчиларни футболдан ташқари ҳаётларини ҳам назорат қилишади. Чунки у мураббийларнинг фикрича футболчи спорт соҳаси бўлмиш футболчиликни танладими демак энди ҳатто шахсий ҳаётида ҳам у ҳаммага ўрнак бўладиган соғлом ҳаёт тарзи билан яшаши керак. Бу йўлда у спиртли ичимликлар ичмаслиги, тамаки чекмаслиги(наркотиклар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас), тунги барларга бормаслиги, енгилтабиат қизлар билан ўралашмаслиги керак. Кимки шу қоидаларга риоя қилмаса унга қарши интизомий жазолар қўлланилади, таркибдан чиқарилади, ёшлар таркибига ўтказилади. Агар ўйинчи шундаям ўзини йиғиб олмаса у трансферга қўйилиб сотиб юборилади. Албатта ҳамма мураббийлар ҳам футболчидан намунавий ҳаёт тарзини талаб қилаверишмайди, аммо ишонинг аксарият мураббийлар шундай йўл тутадилар. Ёки ўша намунавий ҳаёт тарзига ҳамма футболчилар ҳам кўнавермайдилар, аммо аксарияти амал қилади ёки амал қилишга ҳаракат қилади.
Шу ўринда Гвардиола "Барселона" жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаганда қўл остидаги футболчиларни носоғлом ҳаётга ўтиб кетмасин деб уларни ҳар бирини ортидан шахсий изқувар қўйиб, кеча-ю-кундуз кузатганини эслаш кифоя.
Ёки эсланг "Манчестер Юнайтед" жамоасининг собиқ мураббийи Алекс Фергюссонни дунёга машур футболчи Девид Бекхемни пешанасини бутси отиб ёрганини. Ўшанда Сер Алекс Бекхемни ўша ўйинда ўйнай олмай буни натижасида жамоа ютқазгани учун эмас, балки футболчи ўзини назоратидан чиқиб тобора кўпроқ хотинини йўриғига юриб футболдан узоқлашиб, аллақандай мода билан боғлиқ ишларга кўпроқ ўралашиб кетаётгани учун урганди. Қаранг, жамиятда йигит ва қизлари ўзаро муносабатда анча эркин бўлган Европада шундай. Демак бизда ҳам албатта, шубҳасиз ана шундай бўлиши керак ва спортчилар омма кўз ўнгида тартибли ва ўзларини тутиб юришлари керак. Агар спортчи дунё миқёсида танилган шахс бўлса икки карра эҳтиёткорроқ ва икки карра намунавийроқ ҳаёт кечириши керак. Бир кун келиб катта спортдан кетиб ўз каръерасини тугатса ана ўшанда хоҳлаганидай яшаса бўлар. Ўшандаям билмади уни "эркин" ҳаётини халқ ва мухлислари қандай қабул қиларкин. Биз азалдан ўз одобимиз билан, юриш-туришимиз билан бошқаларга ўрнак бўлганмиз шуни унутмайлик ва шунга ҳаракат қилайлик. Мен бу билан Фазлиддин соғлом ҳаёт тарзи билан яшамайди дейшдан йироқман. Аммо у кўча-кўйда, жамоат орасида юрганида ҳам эҳтиёт бўлиб юриши керак. Акс ҳолда мана шундай ноқулай ҳолга тушиб халқнинг ва мухлисларининг назаридан қолади.
Ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозаралар авжига чиққанда Фазлиддин у қизни яхши танимаслиги ва у қиз шунчаки бирга расм тушишни хоҳлагани учун у билан расмга тушганини айтиб интервъю берибди. Гаплари тўғри бўлгандаям у қизга расмдагидай ҳолатда ўтириб расм тушишга у рухсат бермаслиги керак эди. Бўлар иш бўп бўлган. Ўйлаймизки нафақат Фазлиддин, балки юртимиздаги бошқа спортчилар ҳам бугунги гап-сўзлардан ва мухлисларини аксариятини бугунги воқеага салбий муносабатда бўлаётганларидан хулоса чиқарадилар ва доим ёш авлодга намуна бўладиган ҳаёт тарзини кечирадилар деб умид қиламиз. Саломат бўлинглар!