Тарихдан яхши биламиз, 19-асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё ҳам Чор Россияси томонидан босиб олинди. Шундан сўнг мустамлакачилар минтақадаги Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини вассал бир давлатга айлантириб, қолган ҳудудларда бир нечта генерал-губернаторлик туздилар. Шу тариқа минтақада Россия империяси ҳукмронлиги ўрнатилди.
20-аср бошида Россияда монархия тузумига қарши ва Россияни республика бошқарувига ўтказиш талаби билан чиққан кишилар ҳаракати кучайди. Айниқса, улар орасида Россияни ишчи-деҳқонлар республикасига айлантиришни мақсад қилган Россия большивик ишчилар социал демократик партияси (РСДРП(б)) алоҳида ажралиб турди ва кўп тарафдорлар орттирди. Нафақат Россия империяси, балки аксарият Европа мамлакатлари 1914 йилда бошланган жаҳон уруши билан овора бўлиб турганида, 1916 йилнинг кузига келиб Россияда монархияни ағдариб ташлаб, ўрнига республика жорий қилмоқчи бўлган кучлар анча активлашди ва амалдаги ҳукуматга қарши намойишларни бошлаб юборди. Шу тариқа кураш кучайиб бораверди ва 1917 йилнинг февраль ойига келиб Россия императори Николай II истеъфо беришга мажбур бўлди. Ҳокимият Муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Россияда монархия ағдарилгани билан ҳокимият тизимлари ўша эски ҳолида қолаверди ва империя таркибида бўлган кўплаб ҳудудлар эски тартибда бошқарилаверди. Қолаверса, ҳокимиятни қўлга олган Муваққат ҳукумат таркибида ишчи-деҳқонларнинг бўлмагани Россия большивик ишчилар социал демократик партияси(РСДРП(б))ни ҳам мутлақо қониқтирмади. Шу туфайли 1917 йилнинг кузига келиб ушбу партия бошчилигидаги ишчи-деҳқонлар Муваққат ҳукуматни ағдариш учун янги ҳаракатни бошлади ва Юлиан тақвими бўйича 25 октябрда, Григориан тақвими бўйича 7 ноябрь куни Муваққат ҳукуматнинг охирги қароргоҳи бўлган Қишки саройни забт этиб, ҳокимиятни қўлга киритди.
Ана шундан сўнг Россия қўл остида бўлган Финландия, Болтиқбўйи, Польша, Украина, Кавказорти, Марказий Осиё ҳудудларида ўз миллий давлатларини барпо этиш ҳаракатлари бошланиб кетди.
Польша ва Финландия ўз мустақилликларини эълон қилди. Украина ғарбида Украина халқ ҳаракати Украинани мустақиллиги учун курашган бўлса, Кавказ ортида миллий республикаларни тузиш, Туркистонда эса мухторият мақомидаги миллий республика тузилди.
Шу ўринда "Нега ўша пайтда Туркистонда мустақил давлат эмас, балки Мухторият эълон қилинган?" десангиз, гарчи ўша пайтда Россияда олдинига монархия, сўнгра унинг ўрнига келган Муваққат ҳукумат йиқитилган бўлсада Туркистонда ҳанузгача ҳукмрон сифатида руслар ва Россия армиясининг бўлинмалари бор эди. Муваққат ҳукуматни йиқитган Россия большивик ишчилар социал демократик партияси (РСДРП(б)) исталган пайтда минтақадаги Россия армияси бўлинмаларини эгаллаб олиши мумкин эди. Амалда шундай бўлди ҳам. Қолаверса Туркистондаги кўплаб маҳаллий миллатларга мансуб ишчи-хизматчилар ҳам ўша пайтда Россия социал демократик ишчилар партияси (РСДРП(б)ни қўллаётган эдилар. Бундай ҳолатда Россиядан айро ҳолатда мустақил давлат тузиш имконсиз эди. Бу ҳақда ўша пайтда Мустафо Чўқаев: "Янги мустақил давлат қуришнинг ҳозир мутлақо имконияти ҳам, иложи ҳам йўқ. Сабаби, бизда давлатчиликни юритиш учун мутлақо кадрлар йўқ. Энг муҳими янги тузиладиган давлатни ҳимоя қиладиган армиянинг ўзи йўқ. Армияни шакллантириш учун эса маблағ йўқ. Бундай шароитда мустақил давлат эълон қилиб бўлмайди. Шу учун биз Россиянинг таркибий қисми бўлиб туришга мажбурмиз. Ҳозир Россия билан ҳисоблашмаслик биз учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин" деган эди.
Миллий давлатчилик ташаббускорларининг фикрича Туркистонда аввало Мухторият тузилиб, Россиянинг минтақа ички ишларига аралашувига чек қўйилиши лозим эди. Агар шунга эришилса, сўнг келажакда Россиядан батамом мустақил бўлиш учун ҳаракат бошласа бўлади деб ҳисобланган. Муваққат ҳукумат ағдарилганидан сўнг Туркистонда тузилган Мухторият минтақани ҳеч бўлмаганда Россия чангалидан бирмунча озод қилишни режа қилган Мухторият эди.
Ўшанда, Туркистон Мухториятининг таркибий тузилмасини тузишда минтақада яшовчи барча халқларнинг талаб ва таклифлари инобатга олинган ва Мухторият раёсатида минтақада яшовчи барча миллат вакиллари бор эди.
Воқеалар талқини
Юлиан тақвими бўйича 1917 йил февраль ойида Россияда император Николай ағдарилиб ҳокимият Муваққат ҳукумат ихтиёрига ўтганидан сўнг Туркистон ўлкасида ўлкани мустақил давлат қилиш учун турли тузилма ва ҳаракатлар пайдо бўла бошлади. Шулардан энг таъсир доираси катталари 1917 йилнинг баҳорида тузилган "Шўрои Исломия" ва "Шўрои Уламо" ҳаракатлари эди.
1917 йил октябрь ойида большивиклар томонидан Муваққат ҳукумат ағдарилгандан сўнг, октябрь-ноябрь ойларида Туркистон ўлкасининг турли шаҳарларида, айниқса Тошкентда ижтимоий-cиёсий ҳаракатлар кучайди ва юқоридаги иккита ҳаракат Туркистонда миллий давлатчиликни ташкил этиш учун бу шаҳарда турли йиғинларни уюштира бошлади. Бу орада, Тошкентда ҳокимиятни таркибида битта ҳам маҳаллий миллатлар вакиллари бўлмаган, темирйўл ишчиси Ф. Колесов (бу инсон кейинчалик Бухорони авиация ёрдамида бомбардимон қилишда бош-қош бўлган шахслардан бири бўлган) бошчилигидаги Туркистон Ишчи-деҳқон Совети эгаллаб олди ва Туркистон Халқ Комиссарлари Советини тузди. Шундан сўнг Туркистонда миллий давлатчилик тузиш истагида бўлган ҳаракатлар ўз қароргоҳларини Қўқонга кўчиришга мажбур бўлдилар.
1917 йил 26-28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида Умумтуркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Ушбу қурултойда кўпчилик мусулмон зиёлиларнинг хоҳиш-истаклари билан Туркистон ўлкасида яшовчи европа миллатига мансуб делегатлар ҳам қатнашдилар.
Қурултой ишида муҳим бир масала, Туркистонни мустақил давлат ёки Россия таркибидаги Мухтор республика деб эълон қилиш иши кўриб чиқилди ва кўпчилик вакилларнинг овози билан Туркистон ўлкасини Россия таркибида Мухтор республика сифатида эълон қилишга келишилди.
1917 йил 27 ноябр куни Қурултойда кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарорда шундай дейилади: “Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилобини содир этган большивиклар томонидан, халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги гапларидан келиб чиқиб Туркистонни Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади”.
1917 йил 28 ноябрь куни давом этган қурултой ишида Туркистонда ташкил топаётган мухтор давлатнинг номи “Туркистон Мухторияти” деб аталадиган бўлди ва ўша ондан бошлаб Туркистон ўлкасида ҳокимият Туркистон Мухторияти Муваққат Кенгаши ва Туркистон Мухторияти Халқ (Миллий) Мажлисига ўтиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Туркистон Мухторияти Муваққат кенгаши аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузилди ва Туркистон Мухторияти Миллий Мажлисига 32 кишидан иборат вакил сайланди. Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати таркиби қўйидаги шахслардан бўлди:
Муҳаммаджон Тинишбоев – Бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, темир йўл муҳандиси. Миллати қозоқ.
Ислом Султон Шоаҳмедов – Бош вазир ўринбосари, Бутунроссия Мусулмонлари Кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос,, миллати татар
Мустафо Чўқай (Мустафо Чўқаев) – ташқи ишлар вазири, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, Туркистон ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси, ҳуқуқшунос. Миллати қозоқ.
Убайдулла Хўжаев – ҳарбий вазир, Бутунроссия Мусулмонлар кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос. Миллати ўзбек.
Ҳидоятбек Юрғули (Юрали) Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном, миллати ўзбек.
Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳри думасининг раис ўринбосари, жамоат арбоби, миллати ўзбек.
Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос, миллати қозоқ.
Соломон Абрамович Герцфельд – молия вазири, ҳуқуқшунос. Миллати яҳудий.
Маъди Чанишев – Қуролли кучлар қўмондони, миллати татар.
Ҳожи Муҳаммад Иброҳим Ҳожиев(кичик Эргаш) – Уезд милицияси бошлиғи. Кейинчалик Маъди Чанишевнинг ўрнига Мухторият қуролли кучлари қўмондони бўлган.
Муваққат ҳукумат таркибига кириши лозим бўлган қолган 4 ўрин европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ажратилди.
Қурултой иши тугаганидан сўнг, 1 декабрь куни Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (барча 8 киши) имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномада Туркистон ўлкасидаги барча аҳоли: ирқи, миллати, диний эътиқоди, жинси, ёши ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, якдиллик ва ҳамжиҳатликка чақирилган ва Туркистон Мухториятини қўллаш сўралган эди.
Туркистон Мухторияти эълон қилиниши ортидан ушбу минтақанинг турли ҳудудларида яшовчи ҳур фикрли ва таниқли шахслар миллий давлатчилик ташкил топгани муносабати билан турли шаҳарларда, матбуот орқали Туркистон Мухторияти ҳукумати номига табриклар эълон қилдилар ва ушбу Мухториятни қўллаб-қувватлашларини билдирди.
Шундан сўнг Туркистон Мухторияти ҳукумат вакиллари жойларда Мухторият тузилмаларини тузиш ҳаракатларини бошлади. Шунингдек Туркистон Мухторияти Миллат мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар барча жойларда эълон қилиниб, янги ҳукумат таниқли ҳуқуқшуносларни жалб этиб, Мухторият Конституциясини тайёрлаш ишларини бошлаб юборди. Мухторият томонидан ўзбек, қозоқ ва рус тилларида бир нечта ҳукумат газеталари нашр этила бошланди.
Ўша пайтда Мухторият олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бу Мухторият армиясини шакллантириш эди.
Шу учун ҳам Мухторият ҳукумати миллий қўшинларни ташкил этишга жиддий киришди. Мухторият Ҳарбий кучлари вазири Убайдулла Хўжаев оз вақтда 2000 дан ошиқ аскарларга эга бўлган армия тузди. Бундан ташқари Қўқон шаҳрида шаҳар милиция отрядлари бошлиғи бўлган Эргаш қўрбоши қўл остида икки мингга яқин миршаблар ҳам бор эди.
Ўшанда, умумхалқ томонидан қўллаб-қувватланган Туркистон Мухторияти Тошкентни эгаллаб олган большивикларга, хусусан Туркистон Халқ Комиссарлари Советига маъқул келмади. Алалоқибат воқеалар шундай ривожланди-ки, Россия билан ҳисоблашиш ва Туркистонда мустақил давлат ўрнига Россия таркибида Мухтор давлат тузиш ҳам барибир ёмон оқибатларга олиб келди. Россия Тошкентда Туркистон Мухториятига мухолиф ўлароқ Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси(ТАССР)ни тузди ва унинг йиғинларида Туркистон Мухториятини тан олинмади ва ноқонуний тузилма деб эълон қилинди.
1918 йил 19-26 январь кунларида Тошкентда Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда IV съезди бўлиб ўтди ва унда Туркистон Мухториятига бутунлай салбий муносабат билдирилди. Съезд ишида РСДРП(б) вакиллари бўлган большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти тўғрисидаги резолюция таклиф этилди ва у бир овоздан қабул қилинди. Ушбу резолюцияда Туркистон Мухторияти ноқонуний тузилма деб эълон қилинди ва Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, Мухториятни ағдариб ташлашга қарор қилинди.
Ана шу ерда большивиклар Туркистон ўлкасига мухторият мақомини бериш ниятида эмаслиги ойдинлашди. Уларнинг мақсади нима қилиб бўлса ҳам Туркистон ўлкасини Россия таркибида мустамлака тарзида сақлаб қолиш эди.
Шу учун ҳам улар Туркистон Мухториятини йиқитишни ўзининг энг бирламчи вазифаси ўлароқ қабул қилди. Ўша пайтда Тошкент большивикларининг раҳбари бўлган Ф. Колесов Марказдан ёрдам кучларини сўради ва Марказ Туркистонга 11 та эшалонда 10 мингдан ошиқ аскар жўнатди. Уларга арман дошноқлари ҳам қўшилди. Аскарлар Тошкентга етиб келгандан Қўқонга сафарбар этилди.
1918 йил 30 январда Туркистон Халқ Комиссарлари Совети (ХКС) Туркистон Мухторияти ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Большивиклар Мухторият раҳбариятига сўзсиз таслим бўлиш ва ихтиёридаги қўшинларнинг қуролларини топшириб тарқатиб юбориш ҳақидаги талабларини қўйди. Мухторият раҳбарияти бу талабга кўнмагач, 1918 йил 31 январь куни икки ўртада жанглар бошланди.
Қарийб уч ҳафта давом этган жанглардан сўнг 1918 йил 19 февраль куни Туркистон Мухторияти қўшинлари батамом мағлубиятга учради ва Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдариб ташланди.
Бўлиб ўтган жангларда Туркистон Мухториятининг айрим вазирлари ҳалок бўлди, айримлари қўлга олинди. Муҳаммаджон Тинишбоевнинг истеъфосидан сўнг Туркистон Мухторияти раҳбари бўлган Мустафо Чўқаев Қўқонни тарк этиб яширинишга мажбур бўлди.
Ўшанда, қарийб уч ҳафта давом этган жангларда қизил аскарлар ва уларга ёрдам берган арман дашноқлари ҳеч кимни аямадилар ва Мухтормият армиси аскарларидан ташқари Қўқон шаҳри аҳолисидан 10 минг нафардан кўпроқ аҳолисини ҳам ўлдирди.
Ўшанда Туркистон Халқ Комиссарлари Совети бошчилигидаги қизил аскарлар Қўқонда амалга оширган хунрезликларини кўрган маҳаллий аҳоли Мухторият йиқитилганидан сўнг большивикларга қарши Озодлик урушига отланди. Миллий истиқлол учун бўлиб ўтган бу кураш қаҳрамонлари тарихда босқинчи большивиклар томонидан "босмачилар" деб аталди. Озодлик уруши Туркистоннинг турли ҳудудларида турли йилларгача давом этди.
Халқ озодлик ҳаракати қаердадир, масалан Фарғона водийсида 1922-23 йилларда бостирилган бўлса, Тожикистоннинг узоқ тоғли ҳудудларида ҳатто 2-жаҳон урушигача давом этган.
Туркистон Мухторияти мағлубиятга учрар экан, ўлка батамом Россия қўл остида мустамлака сифатида қолди. Айёр большивиклар Туркистонда Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасини тузган бўлсаларда амалда бу республика қўғирчоқ бир республика эди ва амалда ҳеч қандай автоном ҳуқуқлари йўқ эди. ТАССР 1924 йилда Ўзбекистон ССР тузилгунча яшади.