четверг, 28 февраля 2019 г.

туғилган кун

27 февраль. Бугун туғилган куним. Ўзи негадир шу ойни яхши кўраман. Балки, баҳор яқинлиги учундир, балки туғилган ойим шу ой бўлгани учундир, билмадим.
"Туғилган кунинг бўлса бугун дам олсанг бўлар эди, канал, пост демасдан" деяпсизми? Ҳайрон бўлманг. Одатда мен туғилган кунимни нишонламайман. Ёшлигимда ҳам нишонламаганман. Умуман олганда оиламизда туғилган кунни нишонлаш одати йўқ. На отамнинг, на онамнинг на биз фарзандларнинг туғилган кунини нишонлаш йўқ. Туғилган кун нишонланмаса ҳеч ким ажабланмайди. Бу одат ҳозир оиламда ҳам давом этаяпти. Фарзандларимни биронтасини туғилган куни нишонланмайди. Тўғри, уларни туғилган кунида уйда қандайдир тансиқроқ таъом пиширилади. Лекин, махсус дастурхон тузаш, совға олиш, табриклаш деган гаплар бўлмайди. Фарзандларим ҳам болалигидан махсус нишонланадиган туғилган кунларни кўрмай улғайишаяпти учун шу одатга ўрганишган.

Умуман олганда характерим шундайки, менга туғилган кунимни ҳам ёки ҳамма ётиб олиб байрам қиладиган янги йилни ҳам байрам қилиниши ёқмайди. Сабаби, ҳар икки кун ҳам ҳаётимнинг яна бир йили тугаганини, умрим беҳуда ўтаётганини, инсон бўлиб ҳеч кимга ёрдам бера олмай умримни совуриб юбораётганимни эслатиб туради. Шу учун ҳам ўша кунларни мен мутлақо байрам деб ҳисобламайман ва нишонламайман. Ва шу билан бирга туғилган кунини ва янги йилни дабдабали қилиб нишонлайдиган инсонларни ҳам тушунмайман. "Сен байрам деб нишонлаётганинг, ҳар икки кунда ҳам умринг бир йилга қисқараяпти, ўлим томон яна бир қадам ташлаяпсан, буни нимаси байрам?" деб ўйлайман.
Лекин, шуниси ҳам борки, шу ўйлаганларимни ҳаммасини ҳам мутлақ тўғри деб ўйламайман. Чунки, байрам қилсак ҳам, қилмасак ҳам ҳар йили туғилган кунимизда ва янги йил киришида умримиз қисқаради. Шунчаки менга ўша кунларни ўта дабдабали байрам қилиб юборишлари ёки айримларнинг ўша кунларни байрам қилишни ўзларига мажбурият қилиб олганлари ғалати иш бўлиб туюлади.

"Сен пессимист экансанку. Наҳотки бир йилда бир марта туғилган кун келади, бир марта йил алмашади, шу кунлар байрам қилишга арзимаса?! Ўзи сени луғатингда "байрам" сўзи борми? Байрам нималигини биласанми?" дейишингиз мумкин. Дейишингиз мумкин эмас, ҳозир аниқ шундай деяпсиз. Мен учун ҳам байрам бор. Бўлганда ҳам, катта эҳтимол билан, балки сизникидан кўп байрамларим бор.
Мен учун ҳар куни тонгда уйқудан соғ-саломат уйғонишим, нафақат ўзимни, балки фарзандларим, яқинларимни соғ-саломат уйғонишлари байрам. Ота-онамни соғ-саломат уйғонган, соғ-саломат юрган ҳар кунлари мен учун байрам. Қишда қор ёққан кун, баҳорда ёмғир, ёзда кунларнинг исиши мен учун байрам. Яъни табий ҳодисалар бевақт содир бўлиб ҳаммани ташвишга қўймай, ўз вақтида содир бўлиб, ҳамманинг хурсандчилигига, деҳқоннинг қут-баракасига сабаб бўлиши байрам. Юртимиз осмонининг мусаффо бўлиши, табий офатлар юз бермай, ғанимлар фитна қилмай тинч яшаётганимиз байрам. 
Қайердадир, "кимдир кимнидир бурнини уриб қонатибди" ёки "ҳороми" деб сўкибди", "кимдир ноҳақликка чидай олмай ўзини осибди", "ўзини ёқибди", "кимнидир уйини бузиб кўчада қолдиришибди" ва ҳоказо шуларга ўхшаган гапларни эшитмаган, ўқимаган куним байрам. Аммо, тан оламан бундай кунлар кам.
Худодан сўрайман ҳаммамизга, энг аввало мени ўзимга инсон берсин. Ноҳақликлар камайиб, бутунлай йўқ бўлиб ҳар кунимиз байрам бўлсин. Саломат бўлинглар!

среда, 27 февраля 2019 г.

аҳмаджонов ўзим ёзганим

Икки кундан бери ўзбек футболида бир-биридан бомба хабарлар чиқишда давом этмоқда. Аввалига "Сурхон" ва "Динамо" йўқ жойдан Суперлигага қайтарилди.
Сўнгра Бабаян "Локомотив" жамоаси президентига маслаҳатчи этиб тайинланди.
Қизиқ.

"Суперлигага иккита жамоанинг қўшилиши асосан "Сурхон" клубининг ташаббуси билан бўлди, "Динамо"ни мувозанат учун қўшишди" дейишаяпти. Чунки "Динамо" бу йил ҳам мавсумолди машғулотларда Пролигада ўйнаш учун тайёргарлик кўраётган эди ва жамоа Суперлигага қўшилишини охирги сонияларгача билмаган. Шундан келиб чиқиб жамоа илк ўйин, 8 март куни "Насаф" билан ўзининг майдонидаги ўйингача қандай қандай тайёрланади, билмадим. Тўғри, жамоа бир  нечта ўртоқлик ўйинларида ўйнади. Аммо жамоа етарлича селекция ишларини олиб бора олмади ва жамоада тузукроқ тажрибали ўйинчи ҳам йўқ. Майли, буёғи бир гап бўлар.

Энди Бабаянни "Локо"да иш бошлашига келсак, уни ишга олиб "Локо" қаттиқ адашди. Бу иши билан Ўзбекистондаги кўплаб мухлисларни ҳафсаласини пир қилди ва ўзидан совутди. Жамоа, вақтида миллионлаб мухлисларнинг нафратига сабаб бўлган Бабаянни ишга олиб ўзича жамоани кучайтирмоқчи, балки у ёрдамида 3-4 сўм ишлаб олишни ҳам мўлжаллагандир, ахир Бабаян пул ишлашга жуда уста, аммо жамоа пулдан ҳам муҳим бўлган кўп нарсасини йўқотди.

Энди Бабаянни олдинига бир умрлик футболдан четлаштирган, сўнгра орадан бироз ўтиб эса уни кечирган тутуриқсиз ЎФАга келсак, уни қилган иши бу миллионлаб ўзбек футбол мухлисларини шунчаки аҳмоқ қилишдир. Агар шу иш Европанинг биронта мамлакатида бўлганда ўша мамлакат футбол федерацияси ёки асоциацияси, жин урсин, номи нима деб аталса ҳам аллақачон мухлислар босимига чидай олмай, қолаверса виждони қийналганидан истеъфога чиқар эди.
Менга нима алам қилаяпти, биласизларми? Эсларингда бўлса Бабаян Латвияга ишга борди. У ерда қайсидир жамоага бош мураббий этиб тайинланиши хабари чиққандан УЕФА Бабаян Осиёдан олган мураббийлик лицензияси билан Европада ишлай олмаслигини маълум қилди. Сўнг уни жамоа бошлиғи лавозимига ўтказишди. Ўшанда ОАВмизда "Бабаян ЎФА томонидан футболдан бир умр четлатилган бўлса Латвияда қандай ишлайди?" деган саволлар кўп янгради. Кимдир ЎФАнинг жазоси фақат Ўзбекистонда амал қилиши ҳақида гапирди, кимдир яна нимадир деди. Ўша мавзудаги мақолаларни, ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларни ЎФА индамай кузатиб ўтирди, аммо, ҳурматли мухлислар, бунчалик лақма бўлманглар, биз Бабаянни аллақачон кечириб юборганмиз демади. Балки Аҳмаджонов: «Бабаян борасида позициямиз ўзгармайди. Миллий терма жамоадан ўз манфаати йўлида фойдаланган деб ҳисоблаганимиз учун ҳам яқин орада ўзбек футболига қайтаришни режалаштираётганимиз йўқ. ЎФА қарори фақат биз (Ўзбекистон) учун амалда бўлади. Халқаро миқёсда эса омадини берсин». деди.

Агар Локо Бабаянни ишга олмаганида, кун.уз мухбири ундан интервью олмаганида ва у ўша интервьюсида ЎФА ўтган йилдаёқ ўша дисфликациясини бутунлай олиб ташлаганини айтмаганда биз мухлислар билмадим яна қанчагача лақма бўлиб юраверардик.

Энди Бабаянга келсак, у миллий терма жамоамизда мураббий бўлиб ишлаганида ўзига соққа келтириши мумкин бўлган қандайдир ландовур ўйинчиларни нархини ошириш учун тинимсиз миллий термани таркибига чақириб, буни оқибатида миллионлаб мухлисларнинг ЖЧ га чиқиш ҳақидаги ишончини, умидини чилпарчин қилди. Лекин, ану "Автомобилдан сақланинг" деган кинода терговчи:
– Деточкин айбдор, аммо у айбдор эмас, – дегандай, Бабаян айбдор, аммо уни қўлига миллий терма жамоани топширганларчи, улар айбдор эмасми? Нега ҳеч ким уларни эсламайди. Ёки, Бабаян ўзига тегишли Пахтакор ўйинчиларини нархини ошириш учун тинмай термага чақириб юрганда унинг ўша ахмоқона ишларини уни қўлига термани топширганлар ҳам кўриб туришувдику, нега унга индашмаган.

Ҳаммасидан ҳам Бабаянни оқлаш учун "Буёндкор" кафиллик хати бергани ғоят ажабланарли.
ЎФА Бабаянни четлатади. Бу ишга унинг собиқ жамоаси индамайди ва Буник кафиллик хати беради. Орадан яна бироз вақт ўтиб Локо уни ишга олади. ЎФА эса  бир умрлик четлатишги 15 кунда бекор қилади. Шахмат ўйини ҳам бундан содда ва тахтани устида ошкора ҳаммага кўрсатиб ўйналади. Жин урсин, ўргимчак ҳам тўрини бундай тўқий олмайди.

Бунга, ЎФАдан маълум қилишларича, нима учундир «Бунёдкор» футбол клуби томонидан тақдим этилган билдирги (кафиллик хати) асос қилинган.

Кимдир ёзганидай: "Хуллас, масхарабозлик бўлиб кетди буёғи..."

суббота, 23 февраля 2019 г.

Мамадали Маҳмудовга тоқатсизлик

Кўпчиликнинг хабари бор, бундан бир неча кун олдин таниқли ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ЎзА сайтида эълон қилинган «Олтин ўлка» номли эссесида пойтахтни Тошкентдан Жиззах вилоятига кўчириш таклифини [билдирган эди](https://daryo.uz/k/2019/02/21/ozbekiston-poytaxtini-toshkentdan-jizzaxga-kochirish-taklif-qilindi/?utm_source=Telegram_Bot).
Шунингдек, ёзувчи «пойтахт» сўзини «бошкент»га ўзгартириш таклифини ҳам берган.

Ёзувчининг ёзишича, **"Тошкент Ўзбекистоннинг энг чекка қисмида, қозоқюртнинг биқинида жойлашган. Бошқа вилоятлардан Тошкентга келишгунча, анча вақт, маблағ, ёқилғи кетади.
Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, Бошкентни мамлакатни ўрталиғи  – Жиззах ўлкасига, хусусан: Ғаллаорол – Булунғур туманлари оралиғидаги бепоён бўшлиққа ёки Фориш туманига кўчиришни таклиф этади. Шунингдек ёзувчининг ёзишича Фориш туманига Боғдон номи берилса, тарихий ҳақиқат тикланади.
Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларидан бирида қурилса, миллиард-миллиард долларлар тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган бўш ва баҳаво гўзал ерлар мавжуд"**.

**"Бунинг учун ер ости, усти бойлиги тежаб ишлатиш, ўмарилган миллиардларни ўзбек ғазнасига қўйиш, йигирма беш йиллик олтинни Ватанга қайтариш, коррупция илдизини таг-туги билан чопиш, шаффоф декларация ўтказиш, ҳашарга чет эл давлатларини тортиш керак"**, дейди Эврил Турон.

Мана шу хабар турли сайтларда берилар экан, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида катта акс – садо берди. Твиттеда бу хабарга ҳам, ёзувчининг шаънига ҳам бир-иккита терс муносабатни айтмаса аксарият фойдаланувчилар "Тўғри айтибди" ёки "нотўғри айтибди, аммо унинг хоҳлаган фикрини билдириш ҳуқуқи бор" тарзида фикр билдиришди. Аммо, охирги пайтларда кундан-кун бир тарафдан болалар боғчаси, яна бир тарафдан эса беҳуда гаплар уяси бўлиб бораётган Фейсбук ижтимоий тармоғида ёзувчи шаънига ҳам, унинг янги пойтахт ҳақидаги фикрларига ҳам билдирилган фикрларни ундай деб бўлмайди. Бу ердаги турли гуруҳларда ёзувчининг пойтахтни кўчириш ҳақидаги фикрлари қўйилар экан улар остида аксарият ушбу тармоқ фойдаланувчилари ёзувчи шаънига ҳам, унинг таклифига ҳам жуда кескин ва ҳақоратли сўзлар билан фикрлар билдирдилар. Энг қизиғи, ўзини адолат ҳимоячиси ва адолатпеша деб кўрсатадиган, танитадиган айрим блогерлар ҳам ҳатто ёзувчини ўта қўпол гаплар билан ҳақорат қилиб постлар қўйишди.
Бу нимани англатади? Ҳаммамиз бир гўрмиз деганини анлатади. Тушунтираман: ёзувчини янги пойтахт ҳақидаги фикрларини танқид қилганларнинг аксарияти доим "бизда одамлар турли масалаларда ўз фикрларини, дунёқарашини билдиришга ҳаққи борлигини, аммо, кўпинча улар нимадир мавзу бўйича фикрларини билдирганларида оломон талаб ташлаётганини, жамият бундай тоқатсиз бўлмаслиги кераклигини, одамлар бошқаларнинг фикрига тоқат қилишлари лозимлиги" ҳақида ёзадилар. Аммо, кеча ёзувчининг пойтахт ҳақидаги фикрларига ўзлари ҳам кескин ва ҳақоратли сўзлар ишлатиб муносабат билдириб, ўзлари ҳам ўша ўзлари доим танқид қиладиган тоқатсиз инсонлардан, тўғрироғи оломондан баттарликларини кўрсатдилар.

Энди, Мамадали Маҳмудовни янги пойтахт ҳақидаги фикрларига келсак аслида улар ёзувчининг "Йўлдаги ўйлар" туркумидаги "Олтин ўлка" эссесида билдирилган ва уни 20 февраль куни ЎзА ўз сайтида эълон қилди. http://www.uza.uz/oz/culture/oltin-lka-20-02-2019?m=y&ELEMENT_CODE=oltin-lka-20-02-2019&SECTION_CODE=culture
Шундан сўнг қайсидир сайтнинг қовоқкалла бир ходими ёзувчининг ўша эссесидаги янги пойтахт ҳақидаги фикрларини олиб "Ёзувчи пойтахтни Тошкентдан Жиззахга кўчиришни таклиф этди" деган сарлавҳа билан ўз сайтида хабар берди. Шундан кейин кетди буёғи, бир неча соат ичида аксарият сайтлар шу хабарни айнан шу сарлавҳа билан бердилар. Ёзувчининг фикрлари айнан ўша сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларга ҳам кўчди. Улардан ақалли биронтаси чиқиб "Ёзувчини пойтахтни Жиззахга эмас, Жиззах вилоятидаги бўш ерларга кўчиришни таклиф этган" демади. Ҳатто, ўқувчилар шундай деб эътироз билдирганда ҳам эътирозлар инобатга олинмади ва ўша хабар ҳанузгача турли сайтларда ва ижтимоий тармоқларда ўшандай хато сарлавҳа билан турибди.

"Нима бўпти, Жиззах вилояти ҳам Жиззах-ку" дейишингиз мумкин, аммо пойтахтни Жиззах вилоятидаги бўш ерларга кўчириш билан билан Жиззах шаҳрига кўчириш ўртасида катта фарқ бор.
Қолаверса ўша таклиф ёзувчининг хоҳишидан келиб чиққан ва Ўзбекистоннинг эркин ва ҳур фуқароси сифатида у қонун доирасида хоҳлаган таклифини айтишга, ёзишга ҳаққи бор. Бу иши учун уни ҳақорат қилиш ҳайвонликдан бошқа иш эмас.
Яна бир гап. Уни янги пойтахт ҳақидаги таклифини ўқиб уни ҳақорат қилганларни аксариятининг фикрига кўра "ёзувчи ўша фикри билан юрт раҳбарига маддоҳлик қилган, пахта қўйган" экан. Хўш, у янги пойтахт ҳақидаги фикрларини ўша эссесида ёзаётганида юрт раҳбарига "маддоҳлик ва пахта" қўйиш хаёлига умуман келмаган бўлса ва Жиззах вилоятидаги катта ҳудудларни қаровсиз қолаётганини кўриб "янги пойтахт қуриш" хаёлига келган бўлса-чи? Сиз ахир уни ичига кириб чиқмагансиз-ку.
Шундай экан ёзувчини ўша фикрлари учун бунчалик ҳақорат қилиш нечун?
Қолаверса, охирги икки ойда Жиззах вилоятини икки марта айланиб келиб мени ҳам хаёлимга шу фикр келган эди ва Аллоҳга қасамки "пойтахтни Жиззах вилоятига янги шаҳар қуриб кўчирса бўлар экан" деб ўйлаганимда ёки ёзганимда
https://t.me/bugunning_gapi/438
юрт раҳбарига маддоҳлик қилиш, пахта қўйиш мени хаёлимга келмаган. Шу туфайли ҳам Мамадали Маҳмудовни ҳам ўз эссесида янги пойтахтни Жиззах вилоятидаги бўш ерларда қуриш керак" деган фикрини юрт раҳбарига маддоҳлик ёки пахта қўйиш учун ёзган деб ўйламайман. Шунчаки у ҳам вилоятнинг катта ҳудудларидан етарлича фойдаланилмаётгани учун шу таклифни ёзган бўлиши мумкин.

Мамадали Маҳмудов маддоҳлик қилганда Собиқ Иттифоқ даврида ёзган бир асари учун  КГБнинг қаҳрига учраб қийналиб юрганида маддоҳлик қилар эди.
Мамадали Маҳмудов маддоҳлик қилганида 1999 йилда айбсиз айбдор бўлиб қамалганида, қамоқда узоқ йиллар азоб еб ўтирмаслик учун  "Ленин бобомлар, мени отамлар, мени кечиринг, сиз дунёни ушлаб турибсиз" деб маддоҳлик қилар эди. Аммо у Собиқ Иттифоқ даврида қийналиб юрганида ҳам, мустақиллик йилларида қамоқда азоб чекиб ётганида ҳам ҳеч кимга маддоҳлик қилмаган ва катта эҳтимол билан янги пойтахтни Жиззах вилоятида тиклаш ҳақида ёзиб ҳам ҳеч кимга маддоҳлик қилмади.

Энди яна ижтимоий тармоқларда ёзувчи ҳақида "Ким ўзи бу? Қайердан пайдо бўлди? Шу пайтгача қайерда эди? Маддоҳларни ҳам зўри эканда. Пахтани ҳам зўридан бор экан"(уятли бўлгани учун ҳақоратли сўзлар ёзилган шарҳларни келтирмаяпман) деган фикрларни билдирганларга "Бу одам Ўзбекистон мустақиллиги учун мустамлакачи босқинчиларга қарши ўз асарлари орқали курашганда сенлар отангнинг белида ҳам йўқ эдинг" деб ёзиб юборишдан ўзимни зўрға сақлаб қолдим. Аммо, шу сўзларни бу ерда барибир ёздим, маъзур тутасизлар.

Шундай экан, ҳурматли хонимлар ва жаноблар, ўзингиздан бир тузукроқ гап чиқмайдими, ҳеч бўлмаса бошқаларнинг фикрига тоқатли бўлинг. Қолаверса сиз ўзингизни сассиқ гапларингиз билан ёзувчини эмас, ўзингизни ҳақорат қилаяпсиз. Қолаверса турли фикрларга тоқатсизлик қиладиган оломон сизга ёқмайдику. Шундай экан сиз, ҳа айнан сиз ё жамиятдаги одамларни тоқатсизликда айбламанг ёки ўзингиз ҳам бошқаларнинг фикрига тоқат кўрсатинг. Ана шунда юзингиз битта бўлади. Ҳозирча эса сиз бир тарафдан жамиятни тоқатсизлткдағайблаб, иккинчи тарафдан ўзингиз ҳам бировларнинг фикрига тоқатсизлик қилиб, иккиюзламачилик қилаяпсиз.
Саломат бўлинглар.

пятница, 22 февраля 2019 г.

1984 асари ҳақида

*"1984" асари ёки болалигимдаги воқеалар бу китобга қандай ўтиб қолди?"

Ниҳоят кеча, "Ўзбекпочта"нинг "шарофати" билан 9 кун деганда Жорж Оруэллнинг "1984" асари қўлимга тегди. Ўзбекпочтанинг "тезкор"лиги ҳақида ҳали алоҳида бошқа постда батафсил гаплашамиз. Ҳозир асар ҳақида ёзмоқчиман.
Бу асарни, Asaxiy.uz "1984" асарини таржима қилдираётган эмиш", деб гап-сўзлар чиққандаёқ уни русчасини ўқиганлар "зўр китоб" деб мақтай бошлаган эдилар. Кеча китобни ўқишни бошлаганимдан амин бўлдимки ўша мақтовлар бежизга эмас экан. Китоб ҳақиқатдан зўр ёзилган экан. Китобни ўқир эканман Жорж Оруэлл китоб воқеаларини қайерда кўрган ёки кимдан эшитиб ёзган билмайман-у,  воқеалар айнан ёшлигимда Собиқ Иттифоқ даврида кўрган воқеаларига жудаям ўхшаш. "Ғалаба"(Победа) номли уй, "Ғалаба" кўчаси, "Ғалаба" қаҳваси, ёки телевизор ва ОАВ да тинмай мамлакат ривожланаётгани, гуллаб-яшанаб бораётгани, маҳсулот ишлаб чиқариш кўпаяётгани, аслида эса ич-ичидан чириб бораётгани" ҳақидаги гаплар ёшлигимни эслатди. Ёки асар қаҳрамонининг бир дўконча олдида бир гала аёлларнинг жанжали устидан чиқиб қолиши ҳақида ёзилган жойи шундоққина ёшлигимизда содир бўлган воқеаларга жуда ўхшаш. Маълум бўлишича дўконга "тунука қозонча" келган ва бироздан сўнг сотилиб тугаган. Шундан сўнг қозонча етмай қолган аёллар дўкончи билан "сен қозончани сотишда таниш-билишчиликка йўл қўйдинг" жанжал қилишган. Китобни шу жойини ўқиб муаллифга қойил дедим. Айнан шу китоб ёзилаётган пайтда "чириган ғарб"нинг исталган давлатида турли маҳсулотлар керагидан ошиқча ишлаб чиқарилиб дўконларда чанг босиб ётар эди. "Буюк Совет Иттифоқи"да эса доимо маҳсулот тақчиллиги бўлган. Завод ва фабрикалар сифат учун эмас, рақамлар учун ишлагани туфайли аксарият маҳсулотлар брак(сифатсиз) чиқар эди. Сифатлироқ нарсалар эса айнан Оруэллнинг асарида ёзилгандай доим талаш билан ёки таниш-билишчилик ёки пештахта остидан бекитикча(подприлавка) сотилган.

Шу ерда бир лирик чекиниш. 1984-85 йиллар эди. Отам ўша пайтларда Россияга майиз сотгани борар эдилар. Бир куни уйимизга иккита жиянлари келиб қолишди. Улар отамдан Россияга борган пайтларида бир донадан тугмасини ўрнига кпопка ўрнатилган катакчали кўйлак олиб келиб беришни сўраб келишибди. Отам кейинги гал Россияга бориб қайтишларида ўшандай кўйлакдан уларга биттадан олиб келиб бердилар. Ўшанда улар ўша кнопкали кўйлакни ҳеч қайердан қидириб топа олмаганларини айтишган эди. Отам уларга олиб келган кўйлак Чехословакия маҳсулоти эди ва ундай маҳсулотлар Ўзбекистонга меҳмон ҳам бўлмас эди. Россиянинг турли шаҳарларида ҳам асосан подприлавка ҳолда сотилган. Отам ўшанда таниш магазинчига совғага 1 кг майиз олиб бориб кейин олган эканлар. Не ажабки, Собиқ Иттифоқдаги сифатли  маҳсулотлар тақчиллиги ва дўконларда сифатсиз маҳсулотлар бўлиши дунёга достон эди. Аммо, буни ўзлари тан олишмас, юқорида айтганимдай тв. ва ОАВ фақат ёлғон маълумот бериш билан банд эди.

Энди, 1984 га қайтсак, китобда ўша даврга хос яна бир иш, мамлакат бошқарувига қарши чиққан, миллий республикаларда эса ўз ҳақ-ҳуқуини талаб қила бошлаган инсонлар изсиз йўқолган. Китобда мана шундай ишлар ҳам ёзилган.
Мен бу китобни ҳаммага ўқишни тавсия қиламан. Собиқ Иттифоқ даврини кўрмаганлар ва мустақилликдан кейин Ўзбекистондан ташқарига чиқиб бошқа мамлакатларни кўрмаганлар бу китобни албатта ўқиб чиқишлари керак. Асарда бироз муболаға билан Собиқ Иттифоқдаги ҳолат жудаям моҳирлик билан ёритилган. Албатта, китобда СССР дейилмаган, аммо асарни ўқиб гап Собиқ Иттифоқ ҳақида кетаётганини битталикда англайсиз.

Айтгунча, қўлимда Asaxiy.uz ва Asaxiy Books лойиҳасининг яна бир китоби Ден Брауннинг  "Рақамли қалъа" китоби ҳам турибди. Яқин кунларда ўша китобдан олган таъсуротларимни ҳам ёзаман.

P.S. Айтгунча, Asaxiy.uz нинг телеграмда ҳам канали бор экан.
  👉👉  👉   @asaxiyuz
Китоблар ёки бошқа буюмлар ҳақидаги турли маълумотларни шу каналдан ҳам олсангиз бўлади.