пятница, 20 сентября 2019 г.

Тўй, ҳаж, савоб

Куни кеча "Халқ сўзи"нинг сайтида
"Ҳаж сафари учун йиғилган маблағини кўприк учун сарф этган фарғоналик отахон ким?" сарлавҳаси билан бир хабар берилди.
Хабарда айтилишча Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Қумариқ МФЙда яшовчи Эргашали Шокиров бир неча ўн йилдан бери ҳаж зиёрати учун йиғиб юрган маблағига Катта Фарғона каналининг маҳалласидан ўтган қисмидаги эски кўприк ўрнига [янги кўприк қуриб берибди](http://xs.uz/uzkr/19416).

Шунга ўхшаш ҳодиса олдинроқ Риштон туманида ҳам бўлиб ўтган ва унда шу туманда яшовчи Изроба Усмонова ҳажга бориш учун йиғиб қўйган пцлларини бетоблиги туфайли ҳажга бора олмаслиги маълум бўлгач шу тумандаги кам таъминланган оилаларга бўлиб берган эди ва бу ҳақда Фарғона вилоят телевидениясида бўлиб ўтган пресс клубда [оммага маълум қилинган эди](https://daryo.uz/k/2019/07/28/rishtonda-operatsiya-sabab-hajga-borolmagan-ayol-pullarini-uylari-buzilayotganlarga-ulashib-berdi-video/?utm_source=Telegram_Bot)

Очиғини айтиш керак Ҳаж динимизда маблағи етарли бўлган кишилар учун фарз ҳисобланади. Шунингдек динимизда савоб учун бошқаларга ёрдам бериш, кўприклар, йўллар қуришга тарғиб қилинади. Аммо, савоб иш учун фарз бўлган амал қилинмаслиги бу бошқа мавзу ва бунга диний олимларимиз, Мусулмонлар идорасидаги уламоларимиз жавоб берганлари маъқул, мен масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратмоқчиман.

Бизда турли сабабларга кўра ҳамма имкони борлар ҳажга бормайди ва бора олмайди. Кимдир ҳажнинг фарз эканини, имконияти бўлганда бормаса гуноҳкор бўлишини билмаса, яна кимдир узоқ йил навбат кутгиси келмайди ёки навбатга ёздириб қўйган ҳолда навбати келмагани учун боролмайди. Сабаблари шу.
Бугун навбат ва бошқа сабаблар туфайли бир йилда бор йўғи 7000 атрофида одам ҳажга бораяпти. (Маълумот ўрнида: Саудия аҳолисининг мутлақ кўпи мусулмон бўлган мамлакатларга ҳар йили ҳаж учун 1% лимит беради. Шундан келиб чиқсак, 34 млн.ли Ўзбекистонга 34.000 мингта лимит берилади)
Бу умумий аҳолига нисбатан анча кам. Аммо...

Аммо, юртимизда нима кўп, тўй кўп. Нима кўп, турли керак ва кераксиз маъракалар кўп. Мана неча йиллардан бери биронта одамни "Мана, бир пайтлар "ўғил(ёки ўғил набира) кўрсам уни суннат тўйига фалон хонандани олиб келиб тўй қиламан" деб ният қилувдим, бугун ўша кун келди, мен ўғлим(ёки ўғил набира)ни суннат тўйини кичик бир тадбир қилиб ўтказаман ва хонандага ва бошқа харажатлар учун йиққан пулимни савоб учун кўприк қураман, йўл тўғирлайман, мактабга сарфлайман" деган биронта одамни учратмаймиз.
Юқорида айтдим, 1 йилда бор йўғи 7000 атрофлида одам ҳажга боради. Аммо, бир йилда керак бўлса 50 минг, 100 минглаб тўй ўтказилади. Энди бошқа кераксиз маъракаларни санаб ўтирмай. Нега одамлар мусулмон учун(мусулмон бўлмаганлар эътибор бермасин, илтимос) фарз бўлган амални бажармай, ҳажга бориб-келиш харажатини кўприк қургани ҳақида шов-шувларни кўтарамиз-у, биронтамиз қаердаги керакли-кераксиз маъракалардан тийилиб, унга сарфланиши лозим бўлган пулни кўприк қуришга, йўл қуришга ишлатмаймиз. Қолаверса, айрим ҳолатларда ана шу ҳажга бормай савоб олмоқчи бўлганларнинг иши маҳалладаги, ҳокимиятдаги мажлисларда роса одамларга ибрат қилиб кўрсатилади-ю, аммо бирон марта "ҳой барака топкур, бир дунё пул сарфлаб тўйни дабдабали қилма ёки фалон кераксиз маъракаларни ўтказма, ўшаларга сарфламоқчи бўлган пулингни ҳеч бўлмаса ўзингни кўчангга сарфлаб, ободонлаштириб қўй" дейдиган одам йўқ.
Агар, одамларимизни ҳеч бўлмаганда бир қисмини дабдабали тўйлар ва кераксиз маъракалардан қайтариб, уларни кўприк қуриш, кўча созлаш каби ишларни ортидан келадиган катта савобларни тўғри тушунтириб, шу ишларни қилдира олганимизда ҳам бу катта муваффақият бўлар эди.

Юқорида ёзганимга эътироз билдириб, "мана мени маҳалламда фалонча фалон вақтда ўзини тўй ёки бошқа маъракасини қисқартириб ўтказиб, қолган пулга фалон ишни қилувди" дейишингиз мумкин. Ахир элчилик, мамлакатимизда битта бўлса ҳам бундай одамлар борлигига ишонаман. Лекин, ҳайрон қолганим нега ўшандай инсонларнинг ишлари етарли тарғиб қилинмайдию, мусулмон ҳолида фарз амални бажармай ўзича савоб олмоқчи бўлганларнинг иши дўмбира қилинади.
Ҳажга бориш халқимиз учун ҳеч қачон мусибат бўлмаган. Чунки, одамлар қачонки қўлида ошиқча пул йиғилсагина ҳажга боришга ҳаракат қилади. Қолаверса ҳажга боришни ҳам шартлари шу: Қўлида рўзғорига сарфлайдиган пулдан ошиқча пул йиғилиши лоўим. Шу учун халқимиз ҳажга иштиёқ билан, хурсандчилик билан бориб келади. Тўй ва бошқа маъркаларчи, улар аксарият одамлар учун мусибат даражасига чиқди. Одамларнинг олдида тўй қилиш, қиз узатиш, ўғил ўйлантириш, суннат тўйи каби масала чиқса юраги зирқираб оғрийдиган бўлиб бўлдику. Шундай экан, энди бой акаларнинг пули кўп бўлса, тўй ва бошқа маъракасини енгил ўтказиб, ортган пулни савобга йўналтиришига даъват қилайлик, кўприк қурсин, йўл қурсин, талабанинг контрактини тўлаб берсин, кам таъминланганга ёрдам қилсин.
Ана ундан кейин ўртаҳоллар ҳам бировга ёрдам қила олмаса ҳам бойдан кўриб, ҳолига яраша тўй қилади, маърака ўтказади.
Энг муғими, қаерда ана шундай ҳолатларни кўрсак уларнинг ишини тарғиб қилиш учун кўпроқ ёритайлик. Зеро, ҳажга 35-40 миллион сарфланса, тўйларга 100-200 млн.лаб сарфлаб юборишаяпти. Демак, биз аввал аслида фарз бўлган ҳажни пулини эмас, дабдабали тўйни, кераксиз турли маъркаларни пулини савобга сарфлашимиз лозим бўлади. Саломат бўлинглар.








Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Қумариқ маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси бир неча ўн йиллардан буён қишлоқни кесиб ўтган Катта Фарғона каналининг нариги томонига ўтиш учун қийинчиликларга учраётган эди. Аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган кўприкнинг қурилганига эса 38 йил бўлди. Фуқаролар канал ёқалаб ҳар куни 5 километр масофани босиб ўтишга мажбур.Чунки тахта кўприкдан мактабга қатновчи болалар орасида канал билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг тез-тез бўлиб туриши одатий ҳолга айланиб қолганди.

-Айниқса, қиш кунлари болаларни мактабга юбориб жонимизни ҳовучлаб турардик, -дейдимаҳалла фаоли Замирахон Ҳайитова. - Қор ва ёмғир ёққан кунлари кўприк хавфли кўриниш оларди. Қўшнилар билан болаларни мактабга кузатишда чириб битган тахта кўприкдан ўтказиб қўйиш учун навбат ташкиллаганмиз. Шу йўл билан муаммоларимизни вақтинча бартараф этардик.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Эргашали Шокиров бир неча ўн йиллардан буён Ҳаж сафари учун маблағ жамғариб юрган эди. Маҳалладаги кўприк муаммосига кўз юма олмаган Эргашали ота шу салмоқли маблағларини замонавий ва мустаҳкам кўприк қуриш учун сарф қилди. Натижада Катта Фарғона канали устида яна бир ихчам ва мустаҳкам кўприк бунёд бўлди.

Айтишларига қараганда каналнинг нариги томонидаги янги маҳаллаларда 40 дан ортиқ хонадон бор. Эндиликда Бу хўжаликлардаги 105 нафар ўқувчилар хавфсиз кўприк орқали бемалол мактабга қатнайдиган бўлди.

Элёржон ЭҲСОНОВ(“Халқ сўзи”)

http://xs.uz/uzkr/19416

Риштонда операция сабаб ҳажга боролмаган аёл пулларини уйлари бузилаётганларга улашиб берди

«Фарғона пресс-клуб»нинг навбатдаги сессияси Риштонда бўлиб ўтди. Унда туман марказидаги кенг кўламли қайта қуриш ишлари, у билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди.

Фото: «Фарғона пресс-клуб»

Риштонлик Изроба Усмонова йиллар давомида оила аъзолари билан ҳаж сафарига бораман деб маблағ йиғди. Навбати келганда эса бетоб бўлиб қолди ва жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шифокорлар бу аҳволда ҳажга боришга изн бермади. Шунда Изроба Усмонова ҳаж ҳаражати учун йиғган маблағини Риштонда уйи қайта қурилаётган хонадонларга тарқатиб берди.

— Операция сабаб зиёратга боролмай қолдим. Шу пулим турмасин, халққа берай дедим. Бу дарёдан томчи бўлса ҳам уйлари бузилаётган, қурилиш билан овора одамларга ёрдам бўлар, деб ўйладим, — дейди Изроба Усмонова.

«Фарғона пресс-клуб»да йиғилганлар «Изроба опа Маккага бормай ҳаж савобини олди», деган фикрларни билдирди.

https://daryo.uz/k/2019/07/28/rishtonda-operatsiya-sabab-hajga-borolmagan-ayol-pullarini-uylari-buzilayotganlarga-ulashib-berdi-video/?utm_source=Telegram_Bot

четверг, 12 сентября 2019 г.

Энг узун чегара, ўнталик

Дунёдаги икки давлат орасидаги энг узун чегаралар.

Дунёда 200 дан ошиқ мустақил давлат бор. Уларнинг ҳудуди хилма-хил, бирининг ҳудуди Ер куррасидаги қуруқликнинг 15% фоизини ташкил этса, яна бирининг ҳудуди бор йўғи 1 км² га эга бўлган битта кварталдан иборат.
Қўйида дунёдаги икки давлат ўртасидаги қуруқликдан ўтган энг узун чегаралар рейтингини берилмоқда.

10. АҚШ–Мексика, 3141 километр.

Мексика ҳам қуруқликда бор йўғи учта давлат билан чегарадош. Шимолда АҚШ ва жанубда Белиз ва Гватемала давлатлари билан.
Мексиканинг АҚШ билан чегараси қуруқликдан ўтган энг узун чегаралар рейтингида 10-ўринда жойлашган. Ушбу чегарани қўриқлаш АҚШ учун бугун ниҳоятда катта муаммога айланган. Сабаби, бу чегарадан АҚШга нафақат Марказий Америка ва Жанубий Америка, балки бутун дунёдан келиб АҚШга ноқонуний муҳожирлар кирадиган йўлак ҳисобланади. Шунингдек АҚШ ва Канадаги олиб кириладиган ноқонуний гиёҳванд моддалар йўлаклари ҳам шу чегарада жойлашган. Бу чегарада ноқонуний муҳожирлар ва гиёҳванд моддаларни ўтказиш учун кўплаб ер ости йўллари ҳам ковланган. АҚШ томони бу чегарани назорат қилишда қийинчиликларга дуч келгани учун, Трамп президент бўлиб сайлангандан сўнг бу чегарага баландлиги 5 метрли девор қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Ушбу чегаранинг икки тарафидаги АҚШ ва Мексика шаҳар ва шаҳарчаларида жиноятчилик жуда юқори.

9. Хитой–Ҳиндистон, 3380 километр.

Ҳиндистон ҳам дунёда қуруқликдан ўтган чегаралар узунлиги бўйича юқори ўринларда туради. Унинг қуруқликдан ўтган чегарасининг умумий узунлиги 14 минг километрдан ошади.
Унинг Хитой билан чегараси асосан "дунё томи" бўлган Ҳимолай тоғлари устидан ўтган.

8. Бразилия–Боливия, 3423 километр.
Бразилия ҳам дунёда қуруқликдан ўтган чегаралар узунлиги бўйича юқори ўринларда туради. Унинг қуруқликдан ўтган чегарасининг умумий узунлиги 15 минг километрга етади. Шундан 3423 километри Боливия ҳудуди билан чегарадош.

7. Россия–Муғулистон, 3543 километр.

Муғулистон ўзи бор йўғи иккита давлат билан чеградош. Шимолда Россия, жанубда эса Хитой билан. Аммо, Муғулистоннинг ана шу иккита давлат билан бўлган чегаралари ҳам дунёда икки давлат ўртасидан ўтган энг узун чегаралар рейтингида юқори ўринларда туради.

6. Россия–Хитой, 3645 километр.

Россия дунёда қуруқликдан ўтган чегаралар бўйича Хитойдан кейин 2-ўринда туради ва унинг қуруқликдан ўтган чегараларининг умумий узунлиги 22 минг километрни ташкил этади.
Россиянинг Қозоғистон, Хитой, Муғулистон билан бўлган чеграралари икки давлат ўртасидаги чегаралар рейтингида юқори ўринларда туради.

5. Ҳиндистон–Бангладеш, 4053 километр.

Ҳиндистон ҳам қуруқликдан ўтган чегаралар узунлиги бўйича дунёда юқори ўринларда туради.
Бу мамлакатнинг қуруқликдан ўтган чегараларининг умумий узунлиги 14.103 километрни ташкил этади.
Бангладеш эса қуруқликда фақат иккита давлат, Ҳиндистон ва Мьянма билан чегарадош.

4. Хитой–Муғулистон, 4677 километр.

Хитой қуруқликдан ўтган чегаралар бўйича дунёда 1-ўринда туради. Бу давлат қуруқликда жами 14 давлат билан чегарадош. Унинг энг узун чегараси Муғулистон билан бўлган чегараси ҳисобланади.
Муғулистон эса бор йўғи 2 та давлат билан чегарадош. Улардан бири Хитой, бири эса Россия.

3. Аргентина–Чили, 5308 километр.

Жанубий Америка қитъасида жойлашган Аргентина ва Чили ўртасида чегара дунёда икки давлат ўртасида қуруқликдан ўтган чегаралар рейтингида 3-ўринни эгаллайди. Агар харитага қарасангиз Чили Жанубий Америка қитъасида ингичка узун бўлиб шимолдан жанубга қадар чўзилган. Унинг кенгилиги ўртача 175 километрни, узунлиги эса қарийб 6500 километрни ташкил этади. Ана шундай ингичка узунликда жойлашгани туфайли Чилининг қуруқликдаги ҳудудининг асосий қисми Аргентина билан чегарадош.

2. Россия–Қозоғистон, 7598.8 километр.

Дунёда қуруқликдан ўтган энг узун чегаралар бўйича АҚШ–Канада чегараси 1-ўринда, Россия–Қозоғистон чегараси 2-ўринда турса ҳам, дунёда қуруқликдан ўтган икки давлат ўртасидаги чегарани узилмасдан яхлитлиги бўйича Қозоғистон–Россия чегараси 1-ўринда туради. Сабаби, АҚШ–Канада чегараси икки қисмдан иборат. Биринчи қисми Канаданинг АҚШ билан жанубий чегаралари бўлса, иккинчи қисми шимолий қисмида Аляска билан чегараларидир.
Қозоғистон дунё океанига чиқмайдиган давлатлар орасида ҳам ҳудудининг катталиги жиҳатдан 1-ўринда туради.
Қозоғистон ва Россия чегараси ҳудудида бу икки мамлакатнинг биридан иккинчисига оқиб ўтадиган дарёлар шунчалик кўпки, агар Қозоғистон–Россия чегарасининг 5936.1 километри қуруқликдан ўтган бўлса, 1516.7 километри дарёлардан, 60 километри эса кўл устидан ўтади.

1. АҚШ–Канада, 8893 километр.

Дунё харитасидан биламиз, Шимолий Америка қитъасини асосан икки йирик давлат – АҚШ ва Канада ҳудуди эгаллайди. Қитъанинг ўртасидан бу икки мамлакат ўртасида қуруқликдан узун чегара ўтади. Шунингдек қитъанинг шимолий қисмида АҚШнинг Аляска штати жойлашган ва у ерда ҳам АҚШ ва Канада ўртасидаги чегара бор.

АҚШ ва Канада ўртасидаги чегаралар "икки давлат ўртасидаги энг узун чегаралар" рейтингида 1-ўринда бўлса ҳам, "Икки давлат ўртасидаги энг узун узлуксиз чегаралар" рейтингида 1-ўринни Қозоғистон ва Россия ўртасидан ўтган чегарага бўшатиб беради. Сабаби, АКШ ва Канада ўртасидан ўтган чегара узлуксиз эмас, ва уч қисмга бўлинади. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара эса турли дарёларни ва хариталарда кўринмайдиган битта кичкина кўлни айтмаганда яхлит чегара ҳисобланади.

Ушбу рейтингда кучли йигирматаликда Ўзбекистоннинг ҳам чегараси бор. 17-ўринда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара ўрин олган.

17. Ўзбекистон–Қозоғистон, 2203 километр.

Ўзбекистон дунё океанига икки давлат ҳудудини ошиб чиқиши лозим бўлган дунёдаги икки давлатдан бири. Яна бири Европадаги Лихтенштейн князлиги.
Ўзбекистон бешта давлат, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон билан ўзаро чегарадош ва Қозоғистон билан бўлган чегара улар орасида энг узуни ҳисобланади.

вторник, 10 сентября 2019 г.

Биз кўп гўшт еймизми?


Бугун, 10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтибди.

Унда мутасаддилар «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришибди.

Жумладан ушбу матбуот анжуманида қатнашган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитов гўштнинг нега қимматлаб бораётганига изоҳ бериб [шундай дебди](https://kun.uz/86316568):

«Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни «Америка касаллиги» дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ".

Актам Ҳайитовнинг бу гапларини ўқиб мен ажабланмадим. Чунки, бу одамнинг ёлғон гапириши мумкин эмас. Актам ака мол гўштини назарда тутаяптилар, сизлар эса бу зоти бобарокотни тушунмай ижтимоий тармоқларда калака қилаяпсизлар. 😀
Тушунтираман: АҚШ, Канада, Ғарб дунёсининг аксар қисми парранда гўшти истеъмол қилади. Дунёнинг энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган давлати Хитойда хитойликлар асосан эшак ва қурбақа ейишади. Яна бири Ҳиндистонда эса сигир муқаддас жониворлиги учун у то кўсаларда ўзи ўлиб ҳаром қотмагунча ҳеч ким тегмайди ва сўймайди. Ҳинд мусулмонлари эса ҳиндуслардан қўрқишидан мол гўшти емайди. Коейслар кўпроқ ит ейишади. Японлар эса денгиз жониворлари, хусусан акула ва кит гўштини кўпроқ ейишади. Токиода юунёдаги энг йирик балиқ бозори бор. Шанубий-Шарқий Осиё умуман гўшт нималигини билмайди, гуручни ёвғон сувда қайнатиб ейди. Қўшниларимиз қозоқлар ва қирғизлар от гўштини кўпроқ ейди. Ўрис билан хохол чўчқа ейди. Шундай экан, мол гўштини энг кўп биз истеъмол қиламиз. Шу жиҳатдан олсак, Актам ака сизлар таърифлагандай "гапни олиб қочмаяпти"лар. 😀😀😀

Мардикор бозорлари, улар нега корхоналарда ишлашни хоҳлашмайди?

Аёллар мардикор бозори, анчайин оғриқли гап, оғриқли ҳолат.

Хабарларинг бор, 2017 йилда Ургут шаҳрида "Ургут эркин иқтисодий ҳудуди" ташкил этилди. Бу ерда Эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этилгани бежизга эмас. Бу ерда туманнинг иқтисодий ҳудуди бор эди ва у ерда кўплаб корхоналар очилган, яна бир қисми қурилиш жараёнида эди. Ҳудудга Эркин иқтисодий ҳудуд мақоми берилгандан сўнг бу ерда яна кўплаб корхоналар қурилди ва қурилаяпти. Ургутда ҳозир пули бор одам учун завод ёки фабрика қуриш қийинмас, энг қийини унда ишлайдиган ишчини, айниқса аёл ишчини топиш қийин. Бу ерда ҳали малака ҳақида гап бўлмаяпти, балки оддий ишчи ҳақида гап кетаяпти. Ургутда ҳамма иш билан таъминланиб бўлибди, ишсиз йўқ экан деб ўйламан. Ургутда ишсиз ҳам, бир нечта аёллар ва эркаклар мардикор бозорлари ҳам бор. "Нега унда корхоналар оддий ишчи топа олмайди?" деб ҳайрон бўлаяпсизми?!
Ургутда бир тарафда мардикор бозорлари ишлаб, иккинчи тарафдан корхоналар оддий малакасиз ишчиларни ўзига жалб қила олмаётганини асосий сабаби шу-ки, мардикор бозорларида тўланаётган иш ҳақи билан, корхоналар тўлаётган иш ҳақи ўртасида тафовутнинг катталигидир. Масалан, қизиқиб кўрдим, бугун Ургутдаги аксарият корхоналарда маошлар ўртача 1-1.5 миллион сўмни ташкил этади.
Мардикор бозорида эса бир кишининг кунлик иш ҳақи 120-150 минг сўмни ташкил этмоқда. Мардикор аёллар эса кунига 70-80 минг сўмдан ишлашаяпти. Буни устига мардикорларга кунига 4 маҳал(!), эрталаб чой, соат 11 да 1-тушлик, соат 2-3ларда 2-тушлик, ишдан чиққандан кейин кечки овқат қилиб берилади. Овқат қилганда ҳам макарон шўрва эмас, асосан қаттиқ овқат, масалан 2-тушликда албатта ош қилиб берилади. Тўғри, завод ёки фабрикада ишлаш билан далада ишлашни фарқи бор. Аммо, дала ишларининг енгилроқларига, масалан пичан ўриш, узум узиш, токни хомток қилиб тозалаш ёки рўзғордаги ишларга аёллар олиб келинади. Оғир ишларга эса эркаклар олиб келинади.
Ана шундай ҳолатда қандайдир фабрика бир ой, дам олиш кунларини чиқариб ташласа 26 кун ишлатиб тўлайдиган пулни мардикорликка чиқадиган аёл-қизлар 12-13 кунда ишлаб олишади. 26 кунда эса фабрикада ишлайдиган аёллардан 2 баравар кўп пул топишади. Буни устига кўпгина фабрикалар ишга қабул қилишда малака сўрайди. Хўш, бундай ҳолатда фабрикага ишга кириб 26 кунда 1-1.5 млн олган яхшими ёки мардикорликка чиқиб 2-2.2 млн ишлаб олган яхшими?
Эслатма: Мардикорларга бундай баланд нархда иш ҳақи тўлаш фақат Ургутда, бошқа жойларда жуда арзон.

Шу ўринда бир мисол эсимга тушди. Ургутда танишларимиз ғишт завод очишди. Олдинига маҳаллийларни маошбай иш ҳақига кўндириб ишга олишди. Аммо маҳаллийлар 4-5 кун ҳам чидай олишмади. Сабаби, биринчидан иш ҳақи доимий ишлиги учун мардикорлар оладиган иш ҳақидан бироз камроқ белгиланган эди. Иккинчидан маҳалоийлар мардикорчиликка чиқиб, кунлик ишлари учун ҳар кун кечки пайт иш ҳақларини олганлар. Ғишт заводда эса маошни ойни охирида олишга сабрлари чидамади. Завод эгаси бориб водий вилоятларининг биридан ишчи олиб келди ва ҳозир шу заводда 50 дан ошиқ ишчи водийдан келиб ишлаяпти. Қизиғи, водийлик ишчилар маҳаллий ишчилар ишлашни хоҳламаган маошдан ҳам арзонроққа ишлашаяпти. (Умуман олганда аҳоли сони кўп ва тиқилинч яшашлари учунми водий вилоятларида ишчи кучи бошқа вилоятларга қараганда анча арзон)

Ургутда завод, фабрика очиб ишлатаётган танишлар бор. Уларнинг аксарияти учун ишчи топиш муаммо бўлаяпти. Шу учун ҳам аксарияти қўшни Тойлоқ туманидан аёлларни ишга олаяпти. Сабаби, уларда ишчи кучи Ургутдагидан арзонроқ.
Ана шундай ҳолатда турли корхрналарда меҳнатга муносиб ҳақ тўланмас экан, мардикор бозорлари ишлайверади.
Яқинда Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раисаси Гавҳар опа(опани Анжир сайлида кўрдим, истарали, яхши аёл экани кўриниб турибди) Тойлоқ ва Самарқанд туманлари орасидан ўтган Токент-Термиз трассаси ёқасидаги бутун Ўзбекистонга машҳур бўлган аёллар мардикор бозорига келиб аёлларнинг муаммолари, уларни тайинли жойларга ишга жойлаштириш масалаларини ўшаердаги мардикор аёллар билан муҳокама қилибди. Аёлларнинг аксарияти унга ҳозирги паст маош тўланаётган ҳолатда завод-фабрикаларга ишга бормасликларини, мардикор бозорга чиқиб завод-фабрикалар тўлаётган маошдан 2 баравар кўп пул ишлашларини айтганлар.

Бу гаплар билан нима демоқчиман? Мардикор бозорларини кўриб, Ўзбекистонда ишсизлик аянчли тарзда экан деб хулоса чиқармаслик керак. Қаердадир, кимлардир 400-500 ишчи ишласа бўладиган завод ёки фабрика очиб, ишчи топа олмай юриьди. Сабаби ўша иш ҳаққининг пастлигига бориб тақалади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозирги шароитда қандай қилиб 600-800 минг ёки 1-1.2 млн сўмга яшаб бўлади?  Ҳозир ўртача 2 млн маошдан камига ўртачадан ҳам пастроқ тарзда яшаб бўлмайди. Ўртача яшаш учун эса камида 3 млн.ли маош керак.
Умуман олганда ҳозир тушунарсиз ишлар кўп бўлаяпти. Маош 10% ошса, нархлар, айниқса коммунал тўловлар нархи 20%гача ошиб кетаяпти. Бундай шароитда завод ва фабрикалар 2.5-3 млн маош бера олмайди. Демак, жойларда мардикор бозорлар ҳали бу яқин орада ёпилмайди ва тарқаб кетмайди.