"Танишимнинг ҳикояси" туркумидан таксичи ҳикояси.
"Бундан уч-тўрт йил олдин бекор қолиб Самарқанд-Тошкент йўналишида кира қила бошладим. Бироз кира қилганимдан кейин туппа-тузук киракаш бўлдим, қолдим. Кунлардан бир кун кечки пайт бир маҳалладошим қўнғироқ қилиб "Эртага фалон соатда самолётим учади, фалон шаҳарга кетаяпман, Тошкент аэропортигача олиб бориб қўясанми? " деб қолди. Мен олиб бориб қўйишимни айтдим.
Эртаси куни йўлга кетадиган тўрт-беш соат вақтимизни мўлжал қилиб маҳалладошимни олиб йўлга чиқдим. У тўрт кишини ҳаққини берадиган бўлди, мен бошқа йўловчи олмадим. Йўлда суҳбатлашиб кетиб бир зумда Самарқанд шаҳридан чиқадиган жойдаги "ЙПХ Штаб" постига етиб қолибмиз. Постдан ўтар эканмиз постдаги бир ходим машинани четга олишимизни сўради. Машинани йўлни бир четига олиб тўхтадим. Ходим келиб ҳужжатларимни сўради, бердим. Шу пайт у "ака, юкхонада нима бор?" деб сўраб қолди. Табиатан ҳазилкашроқман, "юкхонада нима бўлар эди, бомба бор-да" дедим, кулиб. Шу пайт машинамнинг юкхонаси тарафга юраётган ходим жойида тўхтади ва рацияни қўлга олиб "диққат, бир машинада бомба борлиги гумон қилинаяпти, шунга тез етиб келинглар" деди. Мен уни ҳазиллашди деб ўйлаб "командир, ҳазиллашманг одамни қўрқитиб" дедим. У "Сиз ҳазиллашсангиз майли-ю, мен ҳазиллашмайми? Лекин мен ёмон ҳазиллашаман, чидасангиз бўлди" деди. Уни "юкхонангизда нима бор?" деб юкхонани кўришга шошилмаётгани мени ажаблантираяпти, кўнглимга қандайдир хавотир солаяпти. Аммо уни ўзимга ўхшаган ҳазиллашиб кулиб туришини кўриб хотиржам бўлаяпман. Мени фақат мижозимни аэропортга вақтидан кечикмай етиб бориши ўйлантирарди холос. Бошқа ҳеч нарсани ўйламасдим. Бир минут, уч минут, ану ходим мени юкхонамни кўргиси ҳам келмаяпти ва бошқа машиналарни текшириб юрибди.
Диққат бўлиб охири олдига бориб "командир, мени жўнатиб юборинг, аэропортга шошилаяпмиз" десам, "бироз шошманг, ҳозир жўнатиб юбораман" деди, аммо яна бошқа машиналари текшириш билан банд бўлди.
Шу орада беш минутча вақт ўтди. Бир пайт жуда ваҳимали сирена чалиб постга учта машина олдинма-кейин кириб келди. Ўша машинадан тушаётган турли одамлар орасида қалин комбинзон кийган бир одамни кўриб юрагим шув этди. Қарасам мени тўхтатиб юкхонамни кўрмоқчи бўлган ходим уларни олдига бориб мени машинамни кўрсатиб нимадир деди. Улар машинам томон юришди. Нима бўлганини тушундим, демак боя мени тўхтатган ходим ҳазиллашмаган экан. Мен уларга боя постдаги ходимга ҳазиллашганимни айтаман деб улар томон юрган эдим, иккитаси йўлимни тўсиб "мумкин эмас, четроқ туринг" деди. Шундан кейин комбинзон кийган одам машинамни олдига бориб секин эҳтиёткорлик билан машинамни юкхонасини очди. Қаради, бўм-бўш. Қўлидаги апарати билан машинам атрофини бир қур айланиб чиқди сал нарида турган ўзи билан келган одамларга "ҳаммаёқ тоза" дегандай ишора берди. Шундан кейин иккитта ходим мени олиб бориб машинамга тиқди. Яна биттаси машинамни бошқариб вилоят ИИБ га олиб боришди. Аэропортга кечикаётган маҳалладошим ўша ерда қолди. Йўлда "мен постдаги ходимга ҳазиллашган эдим" деб қанча гапирмай барибир инобатга олишмади. ИИБга борганимиздан кейин менга "ёлғон хабар бериш" моддасини қўллаб маъмурий иш очишди. Мен "айбимга иқрорлигим, қилган ишимдан афсусдалигим ва бошқа қайтарилмаслиги" ҳақида тушунтириш хати ёзиб бердим. Қўлимга қандайдир суммада жарима тўлашим ҳақидаги қоғозни беришди ва қўйиб юборишди.
Постга қайтиб борсам аэропортга етказишим керак бўлган маҳалладошим мени кутиб ўтирибди. Самолёти аллақачон учиб кетган эди.
Битта ноўрин ҳазилимни ортидан келиб чиққан иш ортидан пасажирим рейсига улгура олмади, мен эса яхшигина жарима тўладим.
Шундан кейин питагимиздаги таксичилар орасида "бомба ташувчи" номини олдим ва зинҳор ИИ ходимларига ҳазиллашмайдиган бўлдим".
Комментариев нет:
Отправить комментарий