Қўлимда таниқли грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" китоби. Бу китобда ёзувчининг бир ҳикояси, бир қиссаси ва иккита романи берилган. Китобни биринчи марта ўқияпман. Йўқ, аслида менга Н. Думбадзенинг исм-шарифи ёшликдан таниш. Эслайман, ўтган асрнинг 90-йилларида унинг "Абадият қонуни" романи асосида Ўз.тв.нинг қайси бир студияси ишлаган видеофильмни қўйишган эди. Шунингдек, бир пайтлар қайсидир бир ғаламис ёзувчи, Ёзувчилар уюшмасининг қандайдир мажлисида севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовни "Нур борки, соя бор" романини сюжетини сен Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" романидан кўчиргансан" деб туҳмат қилгани ҳақида ўқиган эдим. Шу тарафлардан айлантириб келса Нодар Думбадзенинг асарларини ўқимаган бўлсамда унинг номи менга болаликдан таниш.
Ҳозир ўтириб, ўша пайтда "Абадият қонуни" романи асосида ишланган видеофильмни сюжетини эслай олмайман. Ўшанда тушуниб-тушунмай кўрганман. Романни мана энди ўқиб мағзини чақаяпман.
Китобни ўқир эканман бир нарса мени диққатимни тортди. Жой номлари, шаҳарлар, туманлар(районлар) номлари.
Кобулети, Ортачала, Сололаки, Мегрелия, Навтлугу, Сумадло, Ваке, Чохатаури, Кутаиси, Батуми.
Шу номларни ўқир эканман бир замонлар "Улуғ советлар мамлакати"да грузинлар ёки арманларга нисбатан бизлар, яъни Марказий Осиёда яшаётган ўзбек, тожик, қирғиз, туркман ва қозоқлар саркашроқ бўлганмиз деб ўйлайман. Биз Кавказ халқларидан фарқли равишда СССР пайтида на турли жой номларимизни ва на ёзувимизни сақлаб қола олмаганмиз. Ўтган асрнинг 70 - йилларига келиб бизда аксарият жой номлари коммунизм балосининг "улуғ фидокорлари"нинг номига қўйиб бўлинган эди. Шахсан мен туғилиб ўсган колхознинг номи Октябрь, ўқиган мактабимга Ворошилов, кўчамизга Ленин, кутубхонамизга яна қайсидир бир коммунистни номи берилган эди.
Ўша пайтда республикамиз пойтахти ҳисобланган Тошкент шаҳрининг турли туманлари ҳам турли коммунистча номлар билан аталган эди. Шунингдек қардош Тожикистоннинг пойтахти маълум йиллар давомида Сталинобод деб аталиши, катта бир вилоятнинг маркази бўлган қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган Хўжанд шаҳрининг 1991 йилгача Ленинобод деб аталиши ёки Қирғизистон пойтахти Пишпак(Бишкек) шаҳрининг ҳам узоқ йиллар Фрунзе деб аталиши булар ўта аянчли ҳолат бўлган.
Ана шундай ишларни Грузияда кўрмайсиз. Уларда аксарият жой номлари ўзининг эски номи билан аталган. Йўқ, Грузияда ҳам айрим жойларга, кўчаларга турли доҳийларнинг, коммунистларнинг номлари берилган. Аммо, ишонинг, бизлардагидай ёппасига эмас, қадимий шаҳарларга эмас, иттифоқдош республика пойтахтига эмас.
1928 йилда араб алифбосига асосланган алифбомиз бекор қилиниб лотин алифбосига асосланган янги алифбога ўтганмиз. 1940 йилда эса лотин алифбосига асосланган алифбомизни бекор қилиб бизни кирилл алифбосига ўтказишган. 12 йилда икки марта алифбомизни ўзгартиришган. Грузинлар эса ўзларининг тарихий алифболарини сақлаб қолишган.
Ўша ишлардан хулоса шу-ки, сиз хоҳланг тан олинг , хоҳланг тан олманг биз грузинларга нисбатан саркашроқ бўлганмиз, грузинларга нисбатан тарихимизга бефарқроқ бўлганмиз. Тепамиздагилар берган буйруқларни бажаришда грузинлардан анча олдинда бўлганмиз ва турли буйруқларни моҳиятига ҳам қарамай ошиқчаси билан бажараверганмиз. Буйруқ бир хил бўлган ҳолда грузинлар Московга салла олиб борганда, биз саллага қўшиб каллани ҳам олиб борганмиз. Акс ҳолда "тенг ҳуқуқли иттифоқдош республикалар" деб аталганимиз ҳолда Москов бизга бошқача, Грузияга бошқача "сиёсат" юритмас эди. Бизни ўша саркаш характеримиз, қўрқоқлигимиз, бир-биримизни сал нарсага сотишимиз Кремлнинг ўша сиёсатига мос бўлган.
Бу гапларни тарих бизга дарс бўлсин деб ёзаяпман, бошқа нарса хаёлимга келмади. Сиз улардан қандай маъно излайсиз, ўзингиз биласиз.
Комментариев нет:
Отправить комментарий