пятница, 20 сентября 2019 г.

Тўй, ҳаж, савоб

Куни кеча "Халқ сўзи"нинг сайтида
"Ҳаж сафари учун йиғилган маблағини кўприк учун сарф этган фарғоналик отахон ким?" сарлавҳаси билан бир хабар берилди.
Хабарда айтилишча Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Қумариқ МФЙда яшовчи Эргашали Шокиров бир неча ўн йилдан бери ҳаж зиёрати учун йиғиб юрган маблағига Катта Фарғона каналининг маҳалласидан ўтган қисмидаги эски кўприк ўрнига [янги кўприк қуриб берибди](http://xs.uz/uzkr/19416).

Шунга ўхшаш ҳодиса олдинроқ Риштон туманида ҳам бўлиб ўтган ва унда шу туманда яшовчи Изроба Усмонова ҳажга бориш учун йиғиб қўйган пцлларини бетоблиги туфайли ҳажга бора олмаслиги маълум бўлгач шу тумандаги кам таъминланган оилаларга бўлиб берган эди ва бу ҳақда Фарғона вилоят телевидениясида бўлиб ўтган пресс клубда [оммага маълум қилинган эди](https://daryo.uz/k/2019/07/28/rishtonda-operatsiya-sabab-hajga-borolmagan-ayol-pullarini-uylari-buzilayotganlarga-ulashib-berdi-video/?utm_source=Telegram_Bot)

Очиғини айтиш керак Ҳаж динимизда маблағи етарли бўлган кишилар учун фарз ҳисобланади. Шунингдек динимизда савоб учун бошқаларга ёрдам бериш, кўприклар, йўллар қуришга тарғиб қилинади. Аммо, савоб иш учун фарз бўлган амал қилинмаслиги бу бошқа мавзу ва бунга диний олимларимиз, Мусулмонлар идорасидаги уламоларимиз жавоб берганлари маъқул, мен масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратмоқчиман.

Бизда турли сабабларга кўра ҳамма имкони борлар ҳажга бормайди ва бора олмайди. Кимдир ҳажнинг фарз эканини, имконияти бўлганда бормаса гуноҳкор бўлишини билмаса, яна кимдир узоқ йил навбат кутгиси келмайди ёки навбатга ёздириб қўйган ҳолда навбати келмагани учун боролмайди. Сабаблари шу.
Бугун навбат ва бошқа сабаблар туфайли бир йилда бор йўғи 7000 атрофида одам ҳажга бораяпти. (Маълумот ўрнида: Саудия аҳолисининг мутлақ кўпи мусулмон бўлган мамлакатларга ҳар йили ҳаж учун 1% лимит беради. Шундан келиб чиқсак, 34 млн.ли Ўзбекистонга 34.000 мингта лимит берилади)
Бу умумий аҳолига нисбатан анча кам. Аммо...

Аммо, юртимизда нима кўп, тўй кўп. Нима кўп, турли керак ва кераксиз маъракалар кўп. Мана неча йиллардан бери биронта одамни "Мана, бир пайтлар "ўғил(ёки ўғил набира) кўрсам уни суннат тўйига фалон хонандани олиб келиб тўй қиламан" деб ният қилувдим, бугун ўша кун келди, мен ўғлим(ёки ўғил набира)ни суннат тўйини кичик бир тадбир қилиб ўтказаман ва хонандага ва бошқа харажатлар учун йиққан пулимни савоб учун кўприк қураман, йўл тўғирлайман, мактабга сарфлайман" деган биронта одамни учратмаймиз.
Юқорида айтдим, 1 йилда бор йўғи 7000 атрофлида одам ҳажга боради. Аммо, бир йилда керак бўлса 50 минг, 100 минглаб тўй ўтказилади. Энди бошқа кераксиз маъракаларни санаб ўтирмай. Нега одамлар мусулмон учун(мусулмон бўлмаганлар эътибор бермасин, илтимос) фарз бўлган амални бажармай, ҳажга бориб-келиш харажатини кўприк қургани ҳақида шов-шувларни кўтарамиз-у, биронтамиз қаердаги керакли-кераксиз маъракалардан тийилиб, унга сарфланиши лозим бўлган пулни кўприк қуришга, йўл қуришга ишлатмаймиз. Қолаверса, айрим ҳолатларда ана шу ҳажга бормай савоб олмоқчи бўлганларнинг иши маҳалладаги, ҳокимиятдаги мажлисларда роса одамларга ибрат қилиб кўрсатилади-ю, аммо бирон марта "ҳой барака топкур, бир дунё пул сарфлаб тўйни дабдабали қилма ёки фалон кераксиз маъракаларни ўтказма, ўшаларга сарфламоқчи бўлган пулингни ҳеч бўлмаса ўзингни кўчангга сарфлаб, ободонлаштириб қўй" дейдиган одам йўқ.
Агар, одамларимизни ҳеч бўлмаганда бир қисмини дабдабали тўйлар ва кераксиз маъракалардан қайтариб, уларни кўприк қуриш, кўча созлаш каби ишларни ортидан келадиган катта савобларни тўғри тушунтириб, шу ишларни қилдира олганимизда ҳам бу катта муваффақият бўлар эди.

Юқорида ёзганимга эътироз билдириб, "мана мени маҳалламда фалонча фалон вақтда ўзини тўй ёки бошқа маъракасини қисқартириб ўтказиб, қолган пулга фалон ишни қилувди" дейишингиз мумкин. Ахир элчилик, мамлакатимизда битта бўлса ҳам бундай одамлар борлигига ишонаман. Лекин, ҳайрон қолганим нега ўшандай инсонларнинг ишлари етарли тарғиб қилинмайдию, мусулмон ҳолида фарз амални бажармай ўзича савоб олмоқчи бўлганларнинг иши дўмбира қилинади.
Ҳажга бориш халқимиз учун ҳеч қачон мусибат бўлмаган. Чунки, одамлар қачонки қўлида ошиқча пул йиғилсагина ҳажга боришга ҳаракат қилади. Қолаверса ҳажга боришни ҳам шартлари шу: Қўлида рўзғорига сарфлайдиган пулдан ошиқча пул йиғилиши лоўим. Шу учун халқимиз ҳажга иштиёқ билан, хурсандчилик билан бориб келади. Тўй ва бошқа маъркаларчи, улар аксарият одамлар учун мусибат даражасига чиқди. Одамларнинг олдида тўй қилиш, қиз узатиш, ўғил ўйлантириш, суннат тўйи каби масала чиқса юраги зирқираб оғрийдиган бўлиб бўлдику. Шундай экан, энди бой акаларнинг пули кўп бўлса, тўй ва бошқа маъракасини енгил ўтказиб, ортган пулни савобга йўналтиришига даъват қилайлик, кўприк қурсин, йўл қурсин, талабанинг контрактини тўлаб берсин, кам таъминланганга ёрдам қилсин.
Ана ундан кейин ўртаҳоллар ҳам бировга ёрдам қила олмаса ҳам бойдан кўриб, ҳолига яраша тўй қилади, маърака ўтказади.
Энг муғими, қаерда ана шундай ҳолатларни кўрсак уларнинг ишини тарғиб қилиш учун кўпроқ ёритайлик. Зеро, ҳажга 35-40 миллион сарфланса, тўйларга 100-200 млн.лаб сарфлаб юборишаяпти. Демак, биз аввал аслида фарз бўлган ҳажни пулини эмас, дабдабали тўйни, кераксиз турли маъркаларни пулини савобга сарфлашимиз лозим бўлади. Саломат бўлинглар.








Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Қумариқ маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси бир неча ўн йиллардан буён қишлоқни кесиб ўтган Катта Фарғона каналининг нариги томонига ўтиш учун қийинчиликларга учраётган эди. Аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган кўприкнинг қурилганига эса 38 йил бўлди. Фуқаролар канал ёқалаб ҳар куни 5 километр масофани босиб ўтишга мажбур.Чунки тахта кўприкдан мактабга қатновчи болалар орасида канал билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг тез-тез бўлиб туриши одатий ҳолга айланиб қолганди.

-Айниқса, қиш кунлари болаларни мактабга юбориб жонимизни ҳовучлаб турардик, -дейдимаҳалла фаоли Замирахон Ҳайитова. - Қор ва ёмғир ёққан кунлари кўприк хавфли кўриниш оларди. Қўшнилар билан болаларни мактабга кузатишда чириб битган тахта кўприкдан ўтказиб қўйиш учун навбат ташкиллаганмиз. Шу йўл билан муаммоларимизни вақтинча бартараф этардик.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Эргашали Шокиров бир неча ўн йиллардан буён Ҳаж сафари учун маблағ жамғариб юрган эди. Маҳалладаги кўприк муаммосига кўз юма олмаган Эргашали ота шу салмоқли маблағларини замонавий ва мустаҳкам кўприк қуриш учун сарф қилди. Натижада Катта Фарғона канали устида яна бир ихчам ва мустаҳкам кўприк бунёд бўлди.

Айтишларига қараганда каналнинг нариги томонидаги янги маҳаллаларда 40 дан ортиқ хонадон бор. Эндиликда Бу хўжаликлардаги 105 нафар ўқувчилар хавфсиз кўприк орқали бемалол мактабга қатнайдиган бўлди.

Элёржон ЭҲСОНОВ(“Халқ сўзи”)

http://xs.uz/uzkr/19416

Риштонда операция сабаб ҳажга боролмаган аёл пулларини уйлари бузилаётганларга улашиб берди

«Фарғона пресс-клуб»нинг навбатдаги сессияси Риштонда бўлиб ўтди. Унда туман марказидаги кенг кўламли қайта қуриш ишлари, у билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди.

Фото: «Фарғона пресс-клуб»

Риштонлик Изроба Усмонова йиллар давомида оила аъзолари билан ҳаж сафарига бораман деб маблағ йиғди. Навбати келганда эса бетоб бўлиб қолди ва жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шифокорлар бу аҳволда ҳажга боришга изн бермади. Шунда Изроба Усмонова ҳаж ҳаражати учун йиғган маблағини Риштонда уйи қайта қурилаётган хонадонларга тарқатиб берди.

— Операция сабаб зиёратга боролмай қолдим. Шу пулим турмасин, халққа берай дедим. Бу дарёдан томчи бўлса ҳам уйлари бузилаётган, қурилиш билан овора одамларга ёрдам бўлар, деб ўйладим, — дейди Изроба Усмонова.

«Фарғона пресс-клуб»да йиғилганлар «Изроба опа Маккага бормай ҳаж савобини олди», деган фикрларни билдирди.

https://daryo.uz/k/2019/07/28/rishtonda-operatsiya-sabab-hajga-borolmagan-ayol-pullarini-uylari-buzilayotganlarga-ulashib-berdi-video/?utm_source=Telegram_Bot

Комментариев нет:

Отправить комментарий