Куни кеча ижтимоий тармоқларда ва бир қатор сайтларда
*"Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунованинг хотира майдони ободонлаштирилди"*
сарлавҳаси билан [хабарлар берилди](https://www.xabar.uz/ncf)
Ўша хабарларга кўра:
_Тошкент вилояти Чиноз туманининг «Яхши ният» қишлоғида туғилиб, камолга етган биринчи ўзбек механизатор аёли, икки карра Меҳнат Қаҳрамони Турсуной Охунова шарафига кўп йиллар аввал барпо қилиниб, сўнг бир қадар қаровсиз қолиб кетган хотира майдони ободонлаштирилиб, гўзал маънавият масканига айлантирилибди.
Турсуной Охунова бюсти реставрация қилиниб, хотира майдони қайта қурилди, анча вақт қаровсиз қолиб кетган музей тикланиб, маданият марказига айлантирилибди. Шу муносабат билан Чиноз туманининг «Яхши ният» маҳалласида шу хотира майдонида тадбир ўтказилибди._
Мен бу хотира майдонининг таъмирланганини, тадбир ўтказилиб Турсуной опани эслашгани учун раҳмат дейман. Лекин бир нарсага қаршиман: Зинҳор опанинг ҳаётини, фаолиятини ёш қизларга, аёлларга ўрнак қилиб кўрсатишмасин. Чунки, опа ифлос ва манфур тузум бўлган коммунистик тузумнинг қурбони бўлган. У аёллигини, нозик хилқатлигини эсдан чиқариб, кечаю-кундуз тиним билмай, химикат сепилган далаларда ишлаб ўз соғлигидан айрилган. Манфур тузум эркакларни эзиб эксплуатация қилиб бўлганидан сўнг, Турсуной опа тимсолида ўзбек аёлларига чанг солди ва опани бу йўлда байроқдор қилиб, қолган аёлларни ҳам эксплуатация қилмоқчи бўлди ва бу йўлда қисман муваффақиятга эришди ҳам. Опа қадр кўрмади демайман, ҳаётлигида унга кўплаб унвонлар, шу жумладан: 2 марта Социалистик меҳнат қаҳрамони (1959, 1978), 3 марта "Ленин" ордени (1959, 1975, 1978), "Қизил байроқ ордени" (1957), "Илғор меҳнати учун" медали (1965) ва "Ленин" мукофотини (1967) беришган. Аммо, у мукофот олдим деб дам олмаган, ишдан ортга чекинмаган., Тўғрироғи уни дам олишга қўйишмаган. Ҳатто, бўш вақтида ҳам ҳали ёққа тадбирга, ҳали буёққа сеъздга етаклайверишган. Чунки, мамлакат аёлларига опани ўрнак қилиш ортидан яна кўплаб Турсунойларни етиштириб чиқариш ва уларни оғир меҳнатларга жалб қилиш керак эдида. Опа мукофот берганлари сайин кўпроқ ва янада кўпроқ меҳнат қилаверган. Манфур тузумга эса мана шу керак эди: Опанинг ўзи ҳам дам олмасин, яна миллионлаб ўзбекистонлик аёлларни ортидан эргаштирсин.
Турсуной опа бор йўғи 46 йил яшаган (1937-1983). Уни яқиндан таниганларнинг эсдаликларда ёзишларича у ёши 40 га кирмасданоқ бир нечта оғир касалликларни ортириб олган экан. Аммо, манфур тузум уни ўша ҳолида ҳам тек қўймай, "сиз миллионлаб хотин-қизларнинг кўз ўнгидасиз, сизни касал бўлиб ётишингиз асло мумкин эмас" деб уни ўша ҳолида далага чиқариб пахта териш машинасига ўтқазишаверишган. Опа умрининг охирида қаттиқ бетоб бўлиб қолиб, пахта териш машинасига чиқиш уёқда турсин, ўрнидан тура олмай қолганидан кейин, нима бўлса ҳам ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида уни олиб бориб Москвадаги ҳукуматга тегишли Кремль касалхонасига ётқизишади. Мамлакатнинг энг кучли врачлари уни жонини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишади. Аммо, узоқ йиллик оғир жисмоний меҳнат ва пахта даларига аёвсиз сепилган химикатлар ўз ишини қилиб бўлган эди. Опа ўша ерда вафот этади. Уни олиб келиб Чиғатой қабристонига дафн этишади. Ўшанда опани жонини сақлаб қолишга уриниш бу бир жафокаш инсонга ёрдам бериш учун эмас, балки манфур тузум ўзи кашф этган қаҳрамон аёл ҳақида халқ орасида, аёллар орасида "мана, оғир меҳнат туфайли ўлиб кетди" деган гап тарқаб кетишидан, буни ортидан эса мамлакатда оғир ишларга жалб қилиниб эксплуатация қилинаётган аёлларининг "қўллари совиб" оғир ишларда ишламай қўйишларидан ташвиши туфайли эди.
Опани Яратганнинг Ўзи раҳмат ва мағфират қилсин. Опа тимсолида аёл нозик хилқат эканлиги, у эркаклар учун ҳам машаққатли иш саналадиган оғир ишлар учун яратилмаганини, аёл ўз хилқатидан келиб чиқиб яшаши, ишлаши лозимлигини тарих бизга кўрсатиб берди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий