Шундай қилиб, қайерга келиб қолган эдик. Ҳа, Олой бозоридаги саргузаштларимга.
Ўша пайтларда (бундан 10-15 йил олдин) бу бозорда ишлаган солиқчи жуда ноинсоф бир одам эди. Олдинги постларимда ёзганман, биз қуруқ мева улгуржи сотадиган бозорда ҳафтада икки кун савдо қилар эдик. Бошқа кунлар биз турадиган қаторнинг расталари бўш турар эди. Ана шу икки кунда бутун мамлакатимиздан камида 400-500 нафар одам йиғилиб келар, эди. Бозор тушумларини анчаси шу одамлардан йиғиб олинар, қолаверса бозор атрофидаги ошхоналар дейсизми, бошқа хизмат кўрсатиш шаҳобчалари дейсизми ҳаммаси шу икки кунда ўша келадиганлар ҳисобидан яхши савдо қилиб олар эди. Қисқаси "улгуржичи"лар ҳафтада икки кун бозорда туриб ҳаммани участковой, бозор маъмурияти, атрофдаги дўкон ва ошхоналар ҳаммасини чўнтагига пул киришига сабабчи бўлар эди. Фақат солиқ улгуржичилардан пул ундира олмас эди. Кўпчиликнинг қўлида МФЙ дан "ўз томарқасида фалон-фалон нарсалар етиштиради, тегишли жойга кўрсатиш учун берилди" деб ёздириб олинган маълумотнома бўлар эди. Қолаверса ҳафтада бор йўғи икки кун турилади. Шу учун ўша солиқчи бизга қараб тишини ғичирлатар, аммо қўлидан бир иш келмас эди. Ўша пайтда бозорда ҳар кун туриб савдо қиладиганларни айримлари патент олган, қолганлари эса ойма-ой ўша солиқчига белгиланган "доля"ни тўлар эди.
Бизнинг юкларимиз ортилган Камазлар Жума куни саҳар боради. Юклар тушириб ўша куни бозорни ўтказамиз. Қолган савдо шанба куни тушгача давом этади ва шу билан кейинги ҳафта жума кунигача бозорда бўлмаймиз, уйга қайтамиз.
Кунлардан бир кун эрталаб Камаз шофёрлари "солиқчи юкларни туширгани қўймаяпти" деб телефон қилиб қолди. Ҳаммамиз йиғилиб Камазни олдига бордик. Қарасак ўша солиқчи, Камазларни олдида турибди. Бизни кўриб, "Сенлар оддий бир маълумотнома билан юрибсанлар, аммо биламан, ҳамманг йиллар давомида келиб кетасан. Томарқангни маҳсулоти нима йил давомида тугамайдими? Ҳамманг патент қиласан. Бу юкларни эса давлатга ўтказиб юбораман" деб гапириб ташлади. Унга бозорни асосий тушумини биз кўтараётганимизни, қолаверса бозор атрофидаги кўпчилик биз келишимиз туфайли савдо қилиб қора қозонини қайнатаётганини гапирдик. Аммо у "менга нима?" деб туриб олди. Охири камида юзтача одам бозор директорини олдига қараб кетдик. Бориб эшигини олдида тўпландик. У тепадан, иккинчи қаватдан бизни ғала-ғовуримизни эшитди шекилли деразадан қараб "нима гап?" деди. Шунда одамлар бири қўйиб бири воқеани тушунтиришга уринди ва ҳар ким ўзича гапиравергани учун ғала-ғовур баттар кучайди. Шунда у "Уч-тўрттанг хонамга чиқ, қоганинг зудлик билан тарқал, муаммони ҳал қиламиз. Бориб юкларингни тушираверинглар" деди.
Шундан сўнг уни олдига чиқиб вазиятни тушунтирдик. Агар шунақа босим бўлаверса биз улгуржичилар бошқа бозорга кетишимизни билдирдик. Ўша бозорқўм ақлли, тушунган одам эди. Гапни бизга миннатдорчилик билдириш билан бошлади ва солиқчи томонидан тушунмовчилик бўлганини, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтди ва охирида "Укалар, сизлардан илтимос, мабодо нимадир муаммо чиқса бунақа тўпланиб намойиш қилманглар. Икки-учтанг секин олдимга кел. Нима муаммо бўлса ҳал қиламиз. Ҳозир шу ишларингни тепароқдан биронтаси эшитса мен шунчаки ишдан кетмайман, аниқ қамаламан" деди. Эслайман, ўшанда Андижон воқеаларига 2-3 йилча бўлган, тепада ўтирган "барака топкурлар"дан қўйи раҳбарларга "Бирон жойда одамлар тўда бўлганини эшитмай. Агар шундай бўлса ўзингдан кўр" деб қаттиқ огоҳлантириш берилган экан. Буни ўша ерда бизга ўша бозорқўм айтган эди.
Шундан кейин у зудлик билан ҳалиги содиқчини чақиртирди ва бизни олдимизда уни роса сўкди ва охирида "Эшитиб қўй, агар яна шу улгуржичиларга осиладиган бўлсанг мендан яхшилик кутма. Сен ишлайман десанг қолганлар ҳам етиб ортади. Энди бор йўқол, кўзимга кўринма" деб қувиб юборди. Ўшандан кейин ўша солиқчи анча пайт бизни қатордан ўтса худди биз отасини ўлдиргандай бизга ола қараб ўтиб-қайтиб юрди.
суббота, 23 марта 2019 г.
Олой бозоридаги саргузаштлар давоми
Подписаться на:
Комментарии к сообщению (Atom)
Комментариев нет:
Отправить комментарий