#*Тарих китобларида ёзилмаган гаплар* туркумидан
1982 йилда Олмаота шаҳрида Қозоғистон Фанлар Академиясининг вице президенти академик Закий Аҳмад билан учрашиб суҳбатлашгандим.
У шундай фикрни билдирган эди:
- Биз қардош Ўзбекистонга доим ҳавасимиз келади ва тўғриси бироз рашк қиламиз,- деган эди у. - Чет эллардан, айниқса Ғарб давлатларидан бизга ташриф буюрган одамлар бу минтақада Ўзбекистондан бошқа жойни танимайдилар. Улар билан суҳбатимиз доим қизиқ кечади:
- Бу юрт Ўзбекистон эмас, Қо-зо-ғис-тон, уларга ҳижжалаб уқтирамиз.
- Ҳа, тушундим: Ўзбек, Ўзбек! Тошкент.
Йўқ, Қо-зо-ғис-тон. Пойтахтимиз ҳам Тошкент эмас, Олмаота. Қо-зо-ғис-тон-Олмата.
- Энди тушундим. Ўзбек-Токент-Рашидов.
Аҳмад Закий завқ билан кулади:"Э майли, шундай бўлақолсин: Ўзбек-Тошкент-Рашидов".
- Харковга кетаётганимда поездда бир украин билан ҳамроҳ бўлиб қолдим, - деб эслайди Правда газетасининг ўша вақтлардаги Ўзбекистон бўйича мухбири Йўлдош Муқим. - Ҳамроҳим менинг қайердан эканлигим билан қизиқди. "Тошкентликман" дедим. У қизиқиб қолди. "Ҳа, Тошкент Туркманистонда жойлашган-а?" "Йўқ, Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти бўлади, биродар" дедим. "Эээ, эсим қурсин.... Ўзбекистон дедингиз а? Дарвоқе Рашидовни танийман" деди у жонланиб.
- Узоқ Шарқда бир ўрис бошлиғи билан сан-манга бориб қолганида, дарғазаб бўлиб бошлиғига:
- Ҳой, устингдан нақ Рашидовга шикоят қиламан! - деган экан.
"Ўзбеклар иши", "пахта иши", "рашидовчилик" ҳақидаги ҳар хил уйдирмалар бозори қизиб ётган ўша саксон бешинчи йилларда киракаш машина(такси)да кетаётганимизда таксичи суҳбатга аралашди:
- Яқинда бир лўли машинамга чиқиб қолди. Ўша пайтда машинамни радиосида Рашидовни ёмонлаб роса гапиришаётган эди.
- Э, булар ҳам, газета ҳам, телевизор ҳам ёлғон гапиради. Буларнинг Рашидов ҳақидаги ҳамма гапи сафсата, ёлғон, -деди у радиодаги гапларни бироз эшитиб.
Маълум бўлишича у лўлиларнинг оқсоқоли экан.
Унинг ҳикоя қилишича, Марказқўмнинг қаршисидаги Гагарин боғида лўлилар йўлакда сайр қилиб юришганида, бирдан мелисалар келиб уларни таъқиб этиб, кўкракларидан итариб ҳайдай бошлаган. Шунда йўлакка яқин жойда бирдан машина тўхтаб ичидан Шароф Рашидов тушиб келибди ва мелисалардан "нима гап?" деб сўрабди.
"Машинадан тушганидан бир қарашда танидим, охи. Телевизордан кўп кўрганман оқсоқолни" гапини давом эттирди лўли.
Шароф ака аҳволни кўргач лўлиларнинг оқсоқолини ёнига чорлабди.
- Нега безорилик қилаяпсизлар?
- Безорилик қилаётганимиз йўқ оқсоқол. Боғда сайр қилиб юрибмиз холос, - деб жавоб берибди лўли.
- Э, шундайми? Ундай бўлса бемалол сайр қилиб юраверинглар. Фақат тартибни бузмасанглар бўлди, - дебдида, Шароф ака ҳалиги мелисани зобитининг ўзини қаттиқ огоҳлантирибди:
- Халақит берманг буларга. Истаганларича сайр қилишсин.
"Бизга бирон бир замонда, бирон бир давлат раҳбари бунчалик меҳрибончилик қилган эмас. У ҳақиқий инсон эди" деб иқрор бўлди лўли.
Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг "*Эй умри азиз*" китобидан Ш. Рашидов ҳақидаги хотиралар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий