Охирги пайтларда каналимдаги аъзолар, яъни сиз азиз муштарийлар жонланиб қолганингиздан кейин мендан турли инсонлар канал ҳақида, бот ҳақида, ундаги қулайликлардан қандай фойдаланиш ҳақида кўп сўрашаяпти.
Очиғини тан оламан, бу масалада ўзим ҳам нўноқ ўқувчиман. Канални очиб долзарб мавзуларда ёзаверсам ўзлари топиб келишади деб ўйлаганман. Ҳозир ҳам шу фикримда турибман. Аммо бироз адашганга ўхшайман.
Бошида канални очиб анчагина долзарб мавзуларда пост ёзиб жойлайвердим. Бот деган нарса ҳақида умуман тушунчам йўқ эди. Каналимда бор йўғи 15 та аъзо бор. Мен эса парвоимга келмай ёзаяпман, ёзаяпман.
Канал аъзолари шу тариқа 150 кишига етди.
Мен яна ҳеч нарсани ўйламай ёзавердим. Очиғи ўша пайтларда канал аъзоларини қандай кўпайтиришни ўйлаганим ҳам йўқ.
Кунлардан бир кун @ZiyoUlashuvchi Исломбек исмли бир бола "Ака, каналингизни кузатиб бораман. Менга жуда маъқул. Агар хўп десангиз каналингизга логотип ясаб берай" деб ёзиб қолди. Хўп дедим ва шу билан ўша кунгача логотипсиз юрган каналим логотипли бўлди.
Эртаси куни қарасам бирданига канал аъзолари кўпайиб бораверди. Бир суткада 150 кишидан 1200 кишига етди. Буни сабаби *Замбаракнинг ўқи* @zambarakning_oqi каналининг эгаси, daryo.uz асосчиси Фарҳод Файзуллаев ўз каналида ўқувчиларига мени каналимни ҳам тавсия қилган экан.
Мен энди канал ишига янада маъсулиятлироқ бўла бошладим. Шундан кейин Исломбек бот очиб бериб у билан ишлашни ўргатди. Ҳаммасини ўргандим, аммо ҳанузгача линк кўчиришни ўргана олмадим.
Бу учун унга раҳмат айтаман.
Бу орада канал юритаётган турли болалардан таклиф туша бошлади. Яъни сиз уни каналини, у эса сизникини ўз каналида реклама қилиб берар экан. Мана шу усул ҳам каналда одам кўпайишига озгина бўлса ҳам сабаб бўлади.
Шу пайтгача иккита канал билан шунақа реклама алмашдик. Аммо буни ҳам ёқимсиз томонлари бор экан. Шундан кейин бирданига бир нечта каналдан реклама қилиб беришимни илтимос қилиб чиқишди. Қарасам одамлари озгина, очилганига ҳам кўп бўлмаган. Келажакда ўз фаолиятини қандай йўналишда давом эттириши ҳам номаълум. Шу учун уларни биронтасига жавоб бермадим. Балки хафа ҳам бўлишгандир.
Бу орада Хушнудбек Худайбердиев ўзининг @xushnudbek каналида каналимни реклама қилди ва шу туфайли бугун канал аъзолари янада кўпайишди.
Янги канал очган ва очишни ният қилганларга шуни маслаҳат бераманки авваламбор канални бир мақсадни кўзлаб очинг. Акс ҳолда вақтингизни йўқотганингиз қолади. Иккинчидан эса оригиниал йўналиш танланг. Ана шунда тез оммалашасиз. Учинчидан эса қайси йўналишни танлашингиздан қаттий назар халққа ёрдамингиз тегишини ўйланг. Ана шунда йўлингиз тезроқ очилиб, тезроқ муваффақиятга эришасиз.
Сўзимни охирида илтимос қилар эдимки, "кеча канал очиб, бугун одамларга маслаҳат бериб қолдингми?" деб менга таъна қилманг. Мен шунчаки канал мавзусида фикрларимни билдирдим холос.
Худо хоҳласа келажакда ажойиб мавзуларда ўз фикрларимни эътиборингизга ҳавола қиламан. Доимо омон бўлинглар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий