*Чингиз Айтматов, 20-асрнинг энг буюк адибларидан бири*
Тошкентда Чингиз Айтматовнинг барельефи ўрнатилди, шаҳар кўчалардан бирига адиб номи [берилди](https://kun.uz/73253674)
Бугунги кунда Чингиз Айтматов номини билмаган, китоблари жавонларидан жой олмаган ўзбек хонадони кам. Атоқли қирғиз адибининг асарлари нафақат қирғиз, балки ўзбек халқи учун ҳам бирдек қадрдон.
2018 йилнинг 2 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги» қарорни имзолаган эди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида бугун, 12 декабрь куни эрта тонгдан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида адиб Чингиз Айтматов барельефининг (текис юзага ишланган бўртма асар) очилиш маросими бўлиб ўтди.
Чингиз Айтматовнинг асарларини илк марта бундан қарийб 30 йилча олдин мактаб ўқиб юрган пайтларимда ўқиган эдим.
Адибнинг икки романи, Асрга татигулик кун ва Қиёмат романлари битта китоб ҳолида чоп этилган китобни дадам олиб келган эдилар.
Ўқишни "*Асрга татигулик кун*" романинидан бошладим. Сариўзак чўли, Бўронли бекати, Эдигей Бўрон, Қозонгап, жунгжангалар асири бўлиб манқуртга айланган ўғил, Она Байит қабристони, Найман Она, уларнинг аччиқ тақдири ўша пайтда менга қаттиқ таъсир қилган эди.
Иккинчи роман "*Қиёмат*" бир нечта бир-бирига боғланмаган воқеалардан ташкил топган. Ўша воқеаларда фақатгина бир жуфт бўрилар, Акбара ва Тошчайнар занжир вазифасини бажаришади. Воқеалар айнан ана шу бўриларнинг аччиқ тақдирлари устига қурилган.
Романдаги ҳар бир сюжет қаҳрамонларининг тақдири фожеа билан тугайди: Чўпон Бўстон боласини олиб қочаётган бўрини отаман деб ўз боласини отиб қўяди. Шундан кейин бўри уясини бузиб болаларини ўғирлаб келиб уларни қутириб кетишига сабабчи бўлган пияниста чўпон Бозорбойни отиб ўлдиради.
Сюжетлардан бирида думбултентак Авдий Калистаровнинг тақдири ҳикоя қилинади. Россиядаги вилоят газеталаридан бирида мухбир бўлган Авдий бир тўда оғуфурушларга қўшилиб Қозоғистоннинг Чуу чўлларига оғу йиғишга келади. Қийналиб материал тўплаб боргач газета муҳаррири "Эсинг борми, материалингни берсам "СССРда оғуфурушлик ҳам йўқ, уни истеъмол қилиш ҳам йўқ" деб мени ишдан бўшатиб умримни қамоқда чиритишади" деб материалинғ қайтаради. Шундан сўнг яна Қозоғистонга қайтиб келган Авдийнинг ҳаёти аянчли фожеа билан тугайди. Уни ваҳшийларча ўлдиришади.
Романда шунингдек "Олтовлон ва еттинчи" деган грузин ҳикояси келтирилган. Ундаги қаҳрамонларнинг тақдирлари ҳам фожеали тугайди. Умуман олганда роман қаҳрамонларининг ҳаммасида ҳаёти фожеа билан тугайди.
Чингиз Айтматовни жаҳонга танитган нарса фақат унинг маҳорати эмас, балки *Совет Иттифоқи* деб аталган мамлакатдаги камчиликларни қўрқмасдан очиб ташлагани ҳам эди.
Масалан, "*Қиёмат*" романида у Қозоғистоннинг гўшт режасини бажара олмай сайғоқларни отиб гўшт режасини бажаришга уринганини ёки қирғизистонлик чўпон Бўстон Ўркинчевни "Сени номинг нега Бўстон? Сени ота-онанг бу номни АҚШнинг Бостон шаҳридан олиб қўйган. Сен Америка жосусисан" деб айблашади.
Шунингдек "*Асрга татигулик кун*"да қозоқ ёшларининг ўзлигини, ўз тилини унутиб манқурт бўлиб бораётгани ёки Сталин репрессиялари кўплаб бегуноҳ одамлар жувонмарг қилгани, космик мақсадлар учун Собиқ Иттифоқда маблағ исроф билан ҳисобсиз ишлатилгани танқид қилиб ёзилган.
Умуман олганда ҳар икки роман ҳам зўр ёзилган.
Кейинчалик адибнинг кўплаб қиссаларини ўқидим.
Чингиз Айтматов Нобель мукофотига номзод бўлган бўлса ҳам бу мукофотни ололмаган. Московлик корчалонлар бунга йўл қўйишмаган.
Чингиз Айтматовнинг номи яна бир истеъдодли адиб Габриэл Гарсия Маркес билан 20- аср жаҳон адабиётида энг буюк адиблар деб эсланади.
https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
Комментариев нет:
Отправить комментарий