суббота, 1 декабря 2018 г.

Хотин-қизлар қўмитаси ўтказаётган супер танлов нега қисқа муддатда ўтказилаяпти?

*Хотин-қизлар қўмитаси ўтказаётган танлов муддати нега қисқа белгиланган?*

1 декабрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Йил аёли-2018» миллий танловининг 1-босқичи старт олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати ва қўмитанинг сайтида хабар берилди. http://wcu.uz/uz/news/jil-aeli-2018-millij-tanloviga-start-berildi

Хабарда жумладан шундай дейилади:
"_Танлов ҳар йили ибратли аёлларни аниқлаш, уларнинг фаолияти билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш, илғор хаёт ва иш тажрибасини оммалаштириш, аёлларнинг ўз касбига бўлган фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади_".

Шунингдек, хабарда келтирилишича танловнинг 1-босқичи 1 декабрдан 10 декабргача, 2-босқич 10 декабардан 20 декабргача, 3-босқич эса 20 декабрдан янги йил арафасигача ўтказилиши белгиланган.
Хабарни ўқиб ҳайрон қолаяпман.
Бутун мамлакат аёлларини қамраб оладиган танлов учун бу муддатлар кам эмасми?

Агар Хотин-қизлар қўмитаси "ижодкор аёллар", ё "ўқитувчи аёллар" каби маълум бир соҳада ишлайдиган аёлларга мўлжаллаб ўтказадиган танлов муддатини 1 ой қилиб белгилаганда тўғри тушунар эдим. Аммо бу танловда, касбидан ва соҳасидан қаттий назар мамлакатимиздаги барча аёллар қатнашиши мумкин дейилаяпти.
Хўш, мамлакатдаги аёллар бир ой ичида уч босқичда синовдан ўтказиладиган ушбу танловда бемалол қатнашишга улгура оладиларми?
Қолаверса танловнинг уч босқичи учун бор йўғи ўн кун(!)дан вақт белгиланган. Бу қисқа муддатда номзодлар танлов шартларида келтирилган ҳужжатларни тўплаб топширишга улгурармикинлар?

Биз кичкина мамлакат эмасмиз. Нуфузимиз 33 миллиондан ортиб кетди. Шунга яраша мамлакат бўйлаб кўп миллионли аёллар жамоаси бор. Шундай экан Хотин-қизлар қўмитаси шу танловда қатнашиш хоҳишини билдирган аёлларни синовдан ўтказиш учун сал кўпроқ муддат белгиланса мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?

Очиғи Хотин-қизлар қўмитасининг бу ишини мамлакатимиз аёлларини камситиш деб биламан.
Бор йўғи бир ойда бутун мамлакатдаги аёлларни(майли, бир қисмини бўлса-да) бу танловга қамраб олишни иложи борми?
Қўмита шу танловни олдинроқ, масалан сентябрь, октябрь ойларида эълон қилиб бемалол ўтказса бўлар эди-ку!
Хотин-қизлар қўмитаси шунчалик катта ишлар билан бандмиди-ки энди йилни тугашига бир ой қолганда бу танловни эълон қилаяпти. Шошма-шошарлик билан ўтказилаётган бундай танлов керакли самарани беради деб ким кафолат беради?

Мамлакатдаги аёлларнинг бирдан бир ташкилоти бўлган қўмитанинг ўз ҳимоясидаги аёлларни бунақа қилиб ахмоқ қилиши тўғри иш эмас.
Танловда бир ой ичида бутун республика бўйлаб ҳамма номзодларни қамраб олиш имконсиз эканини ўзлари ҳам билади-ку. Ё билмасмикин?
Кимга керак бу томоша?
Ёки бу танлов қандайдир ҳисобот учун "танлов ўтказаяпмизми, ўтказаяпмиз" қабилида бўлмаяптими?

Ҳозир "қўмита бир ойда туман, вилоят ва республика босқичларини ўтказиб улгура оладими?" деб савол қўйдим. Марҳамат, қўйида ўша танловга керак бўладиган ҳужжатлар билан танишинг:

"_Маълумотнома (объективка — охирги уч ойдаги 3х4 ўлчамли рангли расм ва меҳнат дафтарчаси асосида тўлдирилган бўлиши шарт);
Тавсифнома (фаолияти давомида эришган ютуқ ва кўрсаткичлари, меҳнат жамоаси эришаётган ютуқлардаги ҳиссаси, ижтимоий-сиёсий фаолиги ва ҳоказолар);
Иштирокчи фаолиятини акс эттирувчи маълумотлар, альбом ва кўргазмали материаллар;
Яшаш жойидан маълумотнома_.

Бу танловда иштирок этишни хоҳлаган узоқ ҳудудларда яшаётган аёллар бошқа ҳужжатлар-ку майли, аммо "Иштирокчи фаолиятини акс эттирувчи маълумотлар, альбом ва кўргазмали материаллар" ни 1-босқичда қатнашиш учун 10 куннинг ичида тайёрлаб топширишга улгура олармикин? Бу ҳақда қўмитадигилар ўйлаб кўрганмикан?

П.С. Менга ҳаммасидан ҳам шу "супер танлов"ни ўтказиш саналарини ким ёки кимлар, қандай ҳолатда, нимани режа қилиб белгилаганлари қизиқ туюлаяпти. Наҳотки мени хаёлимга келган фикрлар ўша танловни ўтказиш саналарини белгилаган инсонни ёки инсонларни хаёлига келмаган бўлса?!

Комментариев нет:

Отправить комментарий