понедельник, 26 ноября 2018 г.

Измир салати ёки тв

Ҳозир тасодифан тв каналлардан бирига кўзим тушиб қолди. Битта "Измир" номли алламбало салатни  тайёрлаб ейиш учун қарийб бир соатлик эфир вақти кетди.
Йўқ,  мени ўша тв каналга ҳам,  ўша алламбало салатга ҳам эътирозим йўқ. Шунчаки...

Бир пайтлар Қадимги Рим империясида, пойтахт Рим шаҳрида аҳоли бир миллионга яқинлашганда пойтахтлик камбағалларни идора қилиб туриш римлик маъмурларга жудаям қийин бўлган. Камбағалларни овутиб туриш учун уларга Колизейда текинга томошалар уюштириб турилган, текинга нон тарқатилган. Шаҳарда талончилик,  босқинчилик, ўғирлик кўпаймасин деб шундай тадбирлар қўлланган.

Ҳозир бизда кўрсатадиган 20 га яқин телеканалларни кузата туриб ўша Римдаги ҳолат эсимга тушди. Қайси каналга бурасангиз ё ашула кетаётган бўлади,  ё қандайдир кулинария кўрсатувида овқат пиширишаётган бўлишади ёки реклама берилаётган бўлади.

Тўғри, бизда бу кўрсатувлар қорни оч халқни тинчитиш учун берилмайди, аммо тв.каналларда жиддий кўрсатувлар ҳам бўлиши керак.
Тўғри бир-иккита жиддий кўрсатувлар бор. Аммо улар бир гала ўз отига мос "кўнгилочар" кўрсатувлар соясида билинмай кетаяпти.

Тв каналларда кўнгилочар дастурлар беришига қарши эмасман. Аммо ҳозир эфирда бўлган 20 та тв.канал суткасига ҳеч бўлмаганда саноқли соатларда халқ дардини ёритиш учун эфир вақти ажратганда яхши бўларди деб ўйлайман. Чунки, одамлар ўз муаммоларини Президент порталига ёзаяпти,  жойларда Халқ қабулхоналарига мурожат қилаяпти. Шунингдек турли ОАВда ёритилаяпти. Аммо тан олайлик жойларда қонун бузилишига йўл қўяётган айрим маъмурлар қалам кўтариб келган журналистдан кўра камера кўтариб келган тв мухбирлардан кўпроқ қўрқади, кўпров ҳайиқади. Шу учун ҳам мен халқнинг муаммоларини кўпроқ тв да кўрсатиш керак деган фикрдаман.
Энди кулинария ва қўшиқларга келсак,  ўзи шундоқ ҳам ҳар кунимиз тўй,  ҳар соатимиз концерт билан ўтаяпти.

Айтишингиз мумкин "Энди тв. каналларга "буни бер, уни берма" деб босим ўтказишимиз қолувди"  деб. Мен босим ўтказайлик демаяпман. Шунчаки тавсия қилаяпман. Тағинам ўзлари билишади. Қолаверса ҳали мени хаёлимга келмаган ва ёзилмаган қоидаларга асосланган бошқача босимлар тв.да аллақачон бор шекилли. Ё адашаяпманми?

Комментариев нет:

Отправить комментарий