Ўтган 24 ноябрь, шанба куни кечки пайт ҳовлига борсам, укам "бугун "электр тармоқлариланмиз, ҳисоблагичларингни текширгани келдик" деб икки киши келиб ўн минг сўм пулимизни олиб кетди" деб гапириб қолди. "Ёнида маҳалладан кимдир бормиди?" десам "ҳа, котиб бор эди" деди. Текшириш мажбурий эканми? Ҳар ой МИБ келиб текшираяпти-ку" десам, укам "ҳа мажбурий экан" деди. Ҳайрон бўлдим. Кейин бир йил олдинги воқеалар эсимга тушди. Ўшанда идораси Самарқанд шаҳрида жойлашган "Электр тармоқлари ва монтаж" МЧЖ корхонаси Ургут туман ҳокимиятидан рухсатнома олиб туманимиздаги кўплаб хонадонларга кириб-чиққан ва ҳар бир кирган хонадонига "биз электр тармоғиданмиз, ҳисоблагичларни текшириб юрибмиз" деб одамлардан 6.500 сўмдан олиб кетаверган. Ўшанда улар маҳалламизга келиб шу ишларини қилиб юришганда мен уларни бири билан баҳслашиб қолган эдим ва шундан кейин уларни ҳаммаси йиғилиб Дамас машинасига ўтириб кетиб қолишган эди. Ўшанда мен уларга "Сизлар хонадонларга кириб биринчидан электр тармоқлариданмиз" деманглар, одамлар сизларни туман электр тармоқлари корхонасидан деб ўйлайди. "Хонадонлардаги электр асбобларни, ҳисоблагичларни соз ёки носозлигини текшириб, носоз бўлса тузатиб берадиган хусусий корхонамиз" денглар. Иккинчидан эса сизларни пуллик хизматларинг ихтиёрий, шундай экан одамлардан "текширишимиз мажбурий" демай ихтиёрийлигини айтинглар, фақат пул олиб кетиш пайида бўлманглар. Хоҳлаган одам хизмат ҳақларингни тўлаб ўзининг электр жиҳозларини, ҳисоблагичларни текширтирсин, хоҳламаган текширтирмасин" деган эдим. Ўшанда танбеҳ берганимдан кейин ходимлари билан бирга юрган ўша корхона бошлиғи одамларини тезда йиғиб маҳалламиздан чиқиб кетган эди. 24 ноябрь куни кечки пайт укамдан ва бошқа маҳалладошларидан яна "электр тармоғи ходимлари" ҳақида эшитиб бир йил олдинги ўша фирма яна келибди-да деб ўйладим.
Укамни "мажбурий" деб 10 минг сўм пулимни олиб кетди" деган гапини эшитиб миямда ҳисоблашга ўтиб кетдим: Маҳалламизда 500 дан ошиқ хонадон бор. Қишлоғимизда эса 3.000 атрофида. Улар шундан 2.000 хонадондан 10.000 сўмдан олишса жами 20 миллион сўм бўлади. Туманимизда эҳҳе, қанча хонадон бор. Демак, ҳар бир хонадондан арзимаган 10.000 сўмдан йиғилса ва хонадонларнинг 70 ёки ҳеч бўлмаганда 50 фоизидан пул ундира олса ҳам эҳҳе қанча маблағ йиғилади. Уларнинг қўлида кўтариб юрган ҳужжатларига кўра Ургут туман ҳокимининг ўринбосари У. Ўроқов ва Туман кенгаши раиси ўринбосари Ш. Алиев уларга туманимиздаги 102 маҳаллани ҳаммасини "текширишга" рухсат берган.
Эртаси куни, яъни 25 ноябрь куни эрталаб "электр тармоқлари" ходимларини кутиб маҳалла идораси олдида турардим.
Келишмади. Якшанбалиги эсимда йўқ. 26 ноябрь куни эрталаб яна маҳалла идорасига келдим. Қарасам эшик олдида котиб бир йигит билан гаплашиб турибди. Уларнинг ёнида "Дамас" машинасида яна бир-икки киши кўринаяпти. Мен котибдан "шанба куни келган "электриклар" бугун ҳам келадими?" деб сўрадим. У "мана келишган" деб олдидаги гаплашиб турган йигит ва Дамасда ўтирганларни кўрсатди.
Мен йигитдан "ука, сизлар қайси ташкилотдансизлар?" десам, у "биз электр тармоқлариданмиз" деди. Мен "туман электр тармоқлари корхонасиданми?" десам, у "йўқ, электр тармоқлари" корхонасиданмиз" деб яна ўша гапини қайтарди. Мен "сен туман электр тармоқлари корхонасидан бўлмасанг яна қанақа "электр тармоқлари корхонаси" бор?" десам ўша йигит биз "хусусий корхонамиз" деди ва телефонидан кимгадир қўнғироқ қилди-да "ака, мана бошлиғимиз билан гаплашинг" деб телефонни қўлимга берди. Бошлиғи аёл киши экан, овозидан танидим ўтган йил шу пайтда келиб ҳеч иш қилмасдан қишлоғимиз аҳлидан 6500 сўмдан йиғиб кетган корхона раҳбари.
Телефонда роса баҳслашдик. У ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини тан олмаяпти. Мен унга гапимни тушунтира олмаяпман. Телефонни бояги йигитни қўлига бердимда ичкарига кириб корхона ҳужжатларини суратга олиб чиқиб кетдим.
Ўша ҳужжатларга кўра уларнинг агар хонадон эгаси рози бўлса ва 10500 сўм тўловни оширса улар ўша хонадонда трауздан тортиб электр ҳисоблагичлар ва бошқа электр жиҳозларни соз ва тўғри ишлаётганини текшириб чиқиши керак. Аммо булар хонадонларга кириб "биз электр тармоқлари идорасиданмиз, электр ҳисоблагичингизни текширгани келдик, тўлов 10 минг сўм бўлади, мажбурий" деб 10 минг сўмни олиб чиқиб кетаяпти. Траузга ҳам қарамаяпти, ҳисоблагичга ҳам.
Бундан ҳам қизиғи "Электр тармоқлари" МЧЖ бошлиғи У. Нарзиқулова номига берилган рухсат қоғозида Ургут туман ҳокими ўринбосари У. Ўроқов томонидан 16.10.2017 йил санаси турибди. Демак бу рухсатнома ўтган йилги рухсатнома. Қизиқ, у бу йил учун ҳам ўтармикин?
Мени ҳайрон қолдиргани бу корхона Самарқанд шаҳрида жойлашган бўлса, Ургутда нима қилиб юрибди? Қолаверса уларга тумандаги хонадонларни электр ҳисоблагичлар ва бошқа электр ашёларни текширишга рухсат берган туман мутасаддилари буларни маҳаллама маҳалла юриб, аслида ихтиёрий бўлган ишни мажбурий деб халқдан ноқонуний тарзда пул йиғиб юришганидан хабарлари бормикан? Устма-уст икки йил ҳам айнан Ургут туманидаги хонадонлардаги электр ҳисоблагич ва бошқа электр жиҳозларини созлигини ихтиёрий текшириш ишининг битта корхонага берилиши ҳам шубҳали. Шунингдек бўларнинг бир йил олдин берилган эски рухсатномани кўтариб юргани ҳам шубҳали. Ёки Самарқанд вилоятида аҳоли хонадонларидаги электр ҳисоблагичлар ва бошқа электр жиҳозларини созлигини текшириб аҳолига хизмат кўрсатадиган бошқа фирма йўқмикан?
Мен ҳозир шу тобда нега бу гапларни ёзаяпман? Сабаби, охирги пайтларда қайси корхона ёки ташкилотнинг "қорни оч қолса" ўзини қишлоққа ураяпти. Келиб қишлоқнинг содда одамларини алдаб пул йиғиб кетиш пайида бўлишаяпти.
Ўтган йил кўчамизда иккита бегона одам юрибди. Кимсизлар десам суғуртачилармиз дейишди. Марҳамат, келинглар, нима хизмат? десам, "биз уй-жой суғуртаси учун юрибмиз" дейишди. Шунда ўзимни овсарликка солиб "уй-жой суғуртаси ҳам мажбурий бўлдими? десам, биттаси "ҳа деди. Қачондан десам шу йилдан деди. Яна "ўзи олдин ҳам мажбурий эди, орада 4-5 йил олдин бекор қилишувди, энди яна мажбурий бўлди" деб қўшимча ҳам қилди. Шунда жаҳлим чиқиб, "уй-жой суғуртаси ҳеч қачон мажбурий бўлмаган, бизда фақат автосуғурта мажбурий, ундан бошқа суғурталар ихтиёрий десам бирданига сергак тортишди. Ўша пайтгача индамай тургани шеригини қовун туширганини тўғирлайман деб ундан катта қовунни туширди ва: Ака, уй-жой суғуртаси мажбурий эмас, ихтиёрий-мажбурий деди. Шунда унга қарата нима деганингни ўзинг тушундингми, ҳеч қанақа ихтиёрий-мажбурий деган сўз йўқ бизда деган эдим, ака, узр, биз шошилаётган эдик деб иккаласи ҳам қочиб кетди.
Мен ўша электр тармоқлари корхонасининг ҳам ёки қандайдир суғурта компаниясининг ҳам маҳалламизга, қишлоғимизга келиб қонун доирасида фаолият юритишига қарши эмасман. Лекин қишлоқларга келаётган ундай ташкилот ва корхоналар ҳозирча ваҳима билан келиб нима бўлса ҳам қишлоқ аҳлидан уч-тўрт сўм ундириш пайида бўлаяптилар ва ўша пулни қонунни бузиб, одамларга нотўғри тушунча бериб, нотўғри таасурот қолдириб йиғиб олмоқдалар.
Ҳурматли жаноблар, қишлоқ сизларга ноқонуний пул йиғадиган катта соғин сигир эмас. Қишлоқ аҳлининг ўз муаммолари ўзига етади. Шунчаки қонунни яхши билмайди учун сизга ўхшаганларнинг ишингизни қонуний ёки ноқонунийлигини билолмай чув тушаяпти холос.
Шундай экан ҳаддингизни билинг.
P.S. Ўша куни мени "закунчилигимни кўрган ўша корхона ходимлари бизнинг маҳалламиздаги бошқа хонадонларни кўрмай кетиб қолишди. Балки ўша корхона хўжайини . га "Ходимларинг ёлғон гапириб халқни алдаб пул йиғиб юрибди, ҳозир Бош Прократурана телефон қилиб қилиб юрган ишларингни хабарини бераман" дегангапимдан қўрқиб кетгандир. Аммо, катта эҳтимол билан улар ҳозир менга ўхшаган "закунчи"си йўқ бир маҳаллада халққа ёлғон гапириб пул йиғиб юргандир. Ахир уларни қўлида бир йил олдинги бўлса ҳам олинган рухсати бор.
Комментариев нет:
Отправить комментарий