воскресенье, 25 ноября 2018 г.

Нодар Думбадзе, Абадият қонуни

Верэнинг йигитлари Маргони дафн этишаяпти...

Китоб.
Менинг энг қадрдон ҳамроҳим китоб.
Тўғри,  кўп китоб ўқиганман дея олмайман. Қўлимда борини,  топганимни такрор ва такрор ўқийвераман. Мана ҳозир ҳам Нодар Думбадзенинг  "Абадият қонуни" романини нечанчидир марта ўқияпман.

Верэнинг йигитлари Маргони дафн этишаяпти.
Адиб унинг аччиқ тақдирини ҳикоя қилиб бераяпти. Буёқда эса менинг кўзёшларим тинмаяпти.
Шу адиблар ўз қаҳрамонларини ўлдирмасалар нима қилар экан-а?!
Ҳозир Маргонинг вафот  этишини ўқиб ўйлаб ўтирибман.
Бу ҳаётда нега яшаётганимизни,  нега уч кунлик дунёда кўпинча ёмонлик яхшиликнинг устидан ғолиб келишини,  нега олчоқлар,  сотқинларнинг ошиғи доим олчи эканини ўйлаяпман. Бу дунё ошиқча елиб-югуришимизга арзирмикан деб ўйлаяпман.
Ҳар доим қандайдир асардаги яхши одамларнинг ўлими билан боғлиқ сюжетларини ўқир эканман юқоридаги фикрлар хаёлимдан ўтади.

Верэнинг йигитлари "жинни Марго"ни кўмишаяпти. Бу дунёга ҳур келиб,  ҳур кетган қизни.
Ў. Ҳошимов "отинойини" жанозасини ёзганда,  Ремарк "Уч оғайни" даги қизни касал қилиб ўлдирганда,  Ч. Айтматов "Қиёмат"да Авдий Каллистаровни бир тўда ёввойилар қўли билан маҳв этганда,  Зайнаб Кумушни заҳарлаб ўлдирганида мен шундай аҳволга тушаман.

Боя эрталаб телеграм каналида аёвсиз баҳс олиб бораётган эдим. Энди эса баҳслашганимга ҳам афсусланиб ўтирибман ва ўша баҳс энди ўзимга арзимас ва кулгили бўлиб туюлаяпти.
Шунингдек каналимда қўйган постимни ўзгартириб кўчириб қўйган бир канал админларини ўғриваччалар деб сўкиб юбордим,  ўша ишимдан ҳам афсусдаман,  ҳозир улардан ҳам кечирим сўрайман. Буёқда Верэнинг йигитлари Маргони дафн этаётганларида бу ишнинг олдида эрталабки ишларим ниҳоятда ҳақир кўринади ва  дунёда  бирон  бир асаб бузишга арзигулик нарса йўқ деб ўйлай бошлайман. Ҳаммаси ўткинчи,  ҳаммаси сароб  бўлиб  туюлади.

Верэнинг  йигитлари Маргони дафн  этишаяпти....

Комментариев нет:

Отправить комментарий