Бироз ғалати одатларим бор; кўп ҳам элга қўшилиб кетавермайман. Масалан, маҳалламизда жаноза бўлиб қолса жанозага бораман, аммо жанозадан кейин қилинадиган турли маросимларга бормайман. Йўқ, бораман. Қачонки қўшним, қариндошимники бўлса бораман. Ҳарҳолда шунга мажбурман. Бошқаларникига эса бормайман. Буни сабаблари шу-ки, биринчидан ўша аза маросимларини динимизда йўқ бўлган бидъат маросимлари деб биламан. Иккинчидан аза тўсатдан келиб қолади ва аза хонадонининг аҳллари бунга тайёр бўлмасликлари мумкин. Шу учун ёзнинг иссиғи бор, қишнинг қаҳратон совуғи бор, уларни безовта қилгим келмайди. Тўғри-да, ўзи шундоқ ҳам яқин бир инсонларини йўқотиб ғамга ботиб ўтирибдилар. Мен ва менга ўхшаганлар ҳали "Худойи" деб, ҳали "жума оқшоми", "душанба оқшоми" дуои фотиҳа қилиб туриш керак" деб азадорлар хонадонига бостириб бораверсак уларни баттар қийнаб қўямиз-ку.
Жаноза бўлиб қолса, қарз олиб бўлса ҳам аза маросимини ўтказаётган инсонларни ёки қарз олмаган тақдирда ҳам бола-чақасини ризқини қийиб аза маросимлари каби бидъат маросимларни ўтказишга ёпишиб оладиган одамларни тушунмайман. Ўшандай ҳолатларда "шу одамлар айнан аза маросимларда динимиз қандай буюрган бўлса шундай; "аза уч кун, магарам ери вафот этган аёлгина тўрт ой-у ўн кун иддада ўтиради" қабилида ўтказишса ва шу маросимларга сарфлайдиган маблағларини болаларининг шароитини яхшилашга, уларга кутубхона қилиб беришга, турли тўгаракларга қатнашишлари учун сарфлашса бўлмасмикин?" деб ўйлардим, кўча-куйда шу мавзуда билганларимни гапириб ўзимча маҳалламиз ёшлари орасида тарғибот ўтказар эдим. Аммо....
2014 йилнинг февраль ойида милодий ҳисоб бўйича 92 ёшга, ҳижрий ҳисоб бўйича 95 га кирган бувим, отамнинг туққан оналари вафот этдилар. Бувим мен учун доим ўрнак бўлган инсон эдилар. Беш вақт намозни канда қилмаган, Рамазон рўзасини доим тутиб келган, энг муҳими қалбида заррача кибри йўқ аёл эдилар. Бувимнинг жанозасидан кейинги ишларни шариатимиз қандай буюрса ўшандай қилиб бажаришни ўйлаб бувимни қабристонга қўйиб келгандан бу ҳақда отам, амакиларим, амакивачча-ю, аммаваччаларим олдида гапирдим. Аммо бу таклифимни уларга ўтказа олмадим. Улар таклифимни эшитиб "сен нима деяпсан?" деб ҳатто дарғазаб бўлишди. Уларнинг айтишича агар мен таклиф этган ишни қилсак бир умр элнинг маломати ва кулгусига қолиб кетар эканмиз. Бувимнинг жанозаларидан кейинги ишларни шариат кўрсатмасидай бажарсак ўзини мусулмон санайдиган эл "Ҳа сенларми, бувингни "йигирма"сини, "қирқ"ини, "йил оши"ини қилиб беролмагансанлар" деб маломат қиларкан, устимиздан куларкан.
Шу ерда мени муболағада айбламанг. Яқин бир инсони вафот этганида шариатимизда йўқ ишларни қилмаган бир нечта маҳалладошимизни устидан ҳам кулдилар. Кўчада маломат ҳам қилдилар.
Охир-оқибат маслаҳатлашувимизни интиҳоси шу бўлди-ки биз ҳам бошқалар билан битта катта қозонда, ўз қобиғимиз ичида қайнаётган одамлар гарчи шариатимиз кўрсатмаларига мутлақо зид бўлса ҳам бувимнинг жанозаларидан кейин барча бидъат маросимларни ўтказдик. Ҳа дўстлар, ҳаётда, кўча-куйда, қолаверса ижтимоий тармоқларда "ундай қилиш керак, бундай қилиш керак" деб маъни бериш осон экан. Ўзинг ўша иш билан тўқнашганингда эса айтганингдай, ёзганингдай, кўча-куйда тарғибот қилганингдай айнан жанозада ва ундан кейинги ишларда шариат кўрсатмаларини бажаришни мутлақо имкони йўқ экан. Ўша кўрсатмаларни бажаришингга бегоналар эмас, аввало ўзингникилар аллақандай кибрлари ёки одамларнинг гап-сўзлари деб йўл қўйишмас экан. Ўшанда менга қанчалик оғир гапларни гапиришди ва минг ҳаракат қилмай мақсадимга ета олмаслигимни тушундим ва секин ўзимни четга тортдим. Қариндошларим эса "савоб олаяпмиз" деб билганларини қилишди. Улар савоб олдиларми ёки гуноҳга ботдиларми инша Аллоҳ Қиёматда ажрими чиқажак.
Яқинда, Рамазон ойи тугагандан кейин унаштирилиб қўйилган қизимни тўйи бўлиши керак. Ҳар ҳолда қудам икки-уч марта келиб бу ҳақда огоҳлантириб кетди. Қизим балоғатга етиб улғаяр экан, "қачон совчи келса ва бўлажак қудалар, уларнинг ўғли маъқул тушишса розилик бераётган чоғимда уларга ихчам тўй қилиш ҳақида шарт қўяман, ўзаро сарпо олди-бердиларда ҳам, тўйни ўзини ҳам ихчамроқ ўтказаман" деб ният қилиб юрардим. Аммо буни иложи йўқ экан. Бу ниятимни эшитиб биринчи ота-онам "Ўғлим, замонани кўраяпсан. Ўғил ўстирганни тили бир қарич. Шундай экан қудаларга "тўйни ихчам ўтказайлик" деб бўлмайди. Шундай экан тўйни ихчам ўтказиш гарчи икки тараф учун ҳам савобли ҳам моддий тарафдан фойдали бўлса-да қуданг буни тўғри тушунмаслиги мумкин. Шунингдек бунда ўзини ҳам моддий тарафдан анча маблағ тежашини ҳисобини олмай сени зиқналикда айблаши мумкин. Мабодо ҳозир юзингдан ўта олмай "хўп" дегани билан эртага қизинг келин бўлиб борганидан кейин қайнотаси тушунса қанонаси, у ҳам тушунса эри барибир "ота-онанг ҳеч нарса қилмаган" деб таъна қилиши мумкин. Қизингни кўзини очирмасликлари мумкин. Шундай экан, "бош ёрилса дўппи остида" деганларидай энди ҳаммасига чидайсан" дейишди. Уларни гапларини эшитиб шаштим пуфакдай ёрилиб бўшашиб қолдим. Ха дўстлар, бировларга маъни бериб, кўча-куйда насиҳат қилиш осон экан. Аммо ўша иш бошингизга тушса чорасиз қолар экансиз.
Мен буни икки ҳолатда бошимдан ўтказдим ва юқорида баён қилдим.
Шу йил баҳорда тўйларни ихчамлаштириш ҳақида кўп гаплар бўлди. Менга ўхшаган миллионлаб инсонлар тўйларни ихчамлаштиришга доир қонунни тезроқ қабул қилинишини кутаяпмиз.
Ана шу қарорда нафақат тўйларни қисқартириш, балки аза маросимларини ҳам динимиз буюргандай қилиб ўтказиш ҳақида бандлар бўлиши керак. Бу масалани имом домлаларимиз 26 йилдан бери масжид минбарларида ёки бошқа мажлисларда амру-маъруф йўли билан тарғиб қилдилар. Аммо натижа бўлмади. Шундай экан, энди бу ишни ҳам қонун йўли билан тартибга солишимиз керак. Акс ҳолда аза маросимларини ҳам худди тўй маросимлари каби бойлар бошлаб беришади. Камбағал ва ўртаҳоллар уларга тақлид қилишга ўтишади. Тақлид қилганда ҳам ўзларига мажбурият даражасигача кўтариб тақлид қилишади. Ана ундан кейин эса ўша ахмоқона ишларни дод-вой қилиб ҳам бекор қила одишмайди.
Шу гапларни ёзар эканман, бундан уч-тўр йил олдин қиш фаслида тўсатдан вафот этган қўшнимиз эсимга тушди. Унинг иқтисодий аҳволи ҳаминқадар эди. Вафотидан кейин ортидан тўрт нафар балоғат ёшидаги ва ундан ёш бўлган боласи қолди. Ўшанда унинг ўғиллари қарз олиб оталарининг жанозасидан кейинги "худойи", "қирқ" каби маъракаларини ўтказди. Ўшанда унга ўлик кўмиш қанчалик оғир бўлганини кўрдик. Аммо биронта одам унинг ўғилларига "оталарингни маъракаларини енгилроқ ўтказинглар, айримларини эса умуман ўтказманглар" деб насиҳат қилмади. Ҳатто шундай насиҳат қилинганда ҳам у одамнинг ўғиллари бу насиҳатни олмай ўз билганларидан қолмасликлари эҳтимоли катта эди. Аммо барибир насиҳат қилинмади. Улар эса оталарининг маъракалари деб анчагина қарзга ботишди.
Энг ёмони ана шу ишлар "эҳсон" номи остида қилинади.
Гапларимни ўқиб "сен динимизда тарғиб қилинадиган эҳсонга қаршимисан?" деманг. Мен одамлар томонидан турли эҳсонлар қилинишига қарши эмасман. Шунчаки турли эҳсонларнинг қарз олиб қилинишига қаршиман. Пули кўп инсонлар бир кун эмас, қирқ кун эҳсон қилсинлар, буни қўллаб-қувватлайман. Аммо қўлида пули йўқ инсонлар қарз олиб эҳсон қилмасинлар. Шунингдек бу иш жамиятда мажбурият тарзига айбланмасин. Эҳсон қилганнинг эҳсонини еб уни дуо қилган одамлар эртаси куни қўли калтароқ бир кимсанинг эҳсон қилмаганини гапирмасинлар, таъна қилмасинлар.
Энг ёмони ўзи қарз олиб эҳсон қилаяпти. Мабодо бормасангиз кейин кўча-куйда кўриб қолса "Кеча эҳсон бердик, кўринмадинг. Сен ҳам бойларнинг эҳсонига югуриб, биз каби камбағалларни эҳсонини назарга илмайдиган бўлиб қолдинг" деб гина ва таъна ҳам қилишади. Шундай пайтларда дод деб юборгинг келади.
Минг афсуски бизда ҳаммаси тескари. Менга ана шу тескари ишлар ёқмайди. Ана шу учун ҳам мажбуриятдай бўлиб қолган турли эҳсонларни қарз олиб қилаётган инсонларнинг маъракаларига боргим келмайди. Уларнинг аксарияти эса буни тўғри тушунмайди ва гина қилади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий