Бир пайтлар, Собиқ Иттифоқ даврида суратга олинган "Бензаколонка маликаси" фильмини кўпчилигимиз кўрганмиз. Ана ўша фильмда фильм бош қаҳрамони бўлган қиз бензоколонкада ишлар экан бензоколонка мудирига "Қани эди биз ҳар бир ёқилғи қуйиш учун келаётган ҳайдовчига "Марҳамат, хуш келибсиз" десак. Кетаётганида эса "Яхши боринг, яна келиб туринг" деб уни очиқ чеҳра билан кузатсак. Биз-чи, биз нима қилаяпмиз? Ёқилғи қуйиш учун келаётган ҳайдовчига то у чиқиб кетгунча ола қараймиз. Саволларига тўнғиллаб жавоб берамиз. Шу ҳам муомала бўлди-ю?!" деб бензоколонка ходимларининг ҳайдовчиларга нисбатан қилаётган терс муомалаларини танқид қилади. Назаримда бизни ҳозирги ҳолатимиз ўша "бензоколонка маликаси" айтгандай. Ўзаро муомалада лутфни билмаймиз.
Сал нарсага асабийлашамиз, жаҳлимиз чиқади ва охири сўкиб юборамиз. Ҳатто ўзим ҳам шундайман. Нега бундай бўлганмиз, қачон бундай ҳолга тушганмиз аниқ билмайман. Аммо 4-5 авлод олдинги ота-боболаримизни биздай жиззаки ва асабий одамлар бўлганларига ишонмайман. Ҳа, шунчаки ишонмайман. Тахминимча бундай ҳолат бизда октябрь тўнтаришидан кейин бўлди.
Баъзида бизни ана шу жиззакилигимиз ва тез асабийлашишимизни сабабини кимлардир оилалардаги иқтисодий тангликка олиб бориб боғлайди. Аммо мен бу фикрга ҳам қўшилмайман. Сабаби, агар тез асабийлашиш ва жиззакиликнинг келиб чиқиш сабаблари иқтисодий тангликка бориб тақалса унда бизнинг иқтисодий тарафдан яхши таъминланган одамларимизнинг ҳам жиззаки ва тез асабийлашишларини нима деб баҳолаш мумкин?
Бу масалада ўзимизнинг ҳолимиз ўзимизга аён, ён атрофимиздаги мамлакатларда яшайдиган бошқа миллатларга қарайман ва ана шу жиззакилик иллатини уларда ҳам кўраман. Россияда ҳам шу аҳвол, Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам, Украинада ҳам шу ахвол; одамлари сал нарсага тутақиб кетадиган жиззаки. Ажабо, бир пайтлар СССР деб, ҳозирги кунда МДҲ деб аталадиган ҳудудда жойлашган мамлакатларнинг аксариятининг фуқароси ана шу жиззакилик дарди билан касалланган. Тасодифми бу? Тахминимча йўқ.
Қайердан ўқиганим ва исми эсимда йўқ бир ғарблик тадқиқотчи ёзади; "Дунёнинг жуда кўп давлатларида бўлдим. Оддий одамлар орасида юриб уларнинг характерлари ва менталитетларини ўргандим. Африкада ҳам бўлдим, Жанубий Америкада ҳам бўлдим, Осиёнинг кўплаб мамлакатлприни кезиб чиқдим. Жами беш қитъадаги саксондан ошиқ мамлакатда бўлдим. Одамларни кузатдим ва шунга амин бўлдим-ки дунёдаги энг жиззаки ва асабий одамлар Собиқ Иттифоқ ҳудудида жойлашган давлатларда яшашади. Мен Россияда, Украинада, Кавказ ва Марказий Осиёдаги мамлакатларда бўлдим. Уларнинг ҳаммасида умумий бир жиҳатни кўрдим; ҳаммасида аксарият одамлар жиззаки ва тез асабийлашадилар. Шимолий Африка давлатларида бўлдим Эронда бўлдим, Жанубий Америкадаги давлатларда бўлдим, одамлари кўча-куйда жудаям лутф билан муомала қиладилар. Улар менга ўхшаган чет элликларга эмас, ўзаро бир-бирларига анча лутф билан муомалада бўлишади. МДҲ мамлакатларида эса одамлар чет элликларга яхши муомала қилиб ўзларини анча дўстона кўрсатадилар, аммо бир-бирларига анча асабий муомалада бўладилар. Мен уларнинг нега бунақа эканликларини кўп ўйладим ва тахминий хулосам шу бўлди-ки ҳадеб тузум алмашавериши ва ҳар бир келаётган тузум улар кутмаган сиёсатни юритиши ушбу минтақа одамларни асабий қилиб қўйган.
Масалан, Марказий Осиё давлатлари аҳолиси; улар юз йилдан ошиқроқ даврда тўрт-беш марталаб тузум ўзгарганини гувоҳи бўлдилар. Уларда аввал ўз миллий давлатчиликлари бўлган. Кейин уларни Чор Россияси босиб олиб тамомила бошқача сиёсат юритган. Ундан кейин эса ҳукуматга тўнтариш йўли билан коммунистлар келдилар ва ўзларидан олдинги тузумларга қараганда тамомила терс сиёсат юритдилар. 1991 йилда улар яна ўзларининг миллий давлатчиликларига эга бўлдилар ва яна сиёсат ўзгарди. Агар жахон тарихини яхшилаб ўргансангиз бундай қисқа фурсатда кўп маротаба бир-биридан тубдан фарқ қилган тузум ўзгаришлари бўлган бошқа ҳудудларда кўрмайсиз. Қизиғи бу ҳудуд СССР номи билан яшаган пайтда ҳатто давлат раҳбарлари алмашганда ҳам тузум ўзгаргандай бўлаверган. Чунки Ленин бошқача сиёсат юритган. Ундан кейин тахтга ўтирган Сталин ҳукмронлик қилганда тамомила бошқа тузум яратган. Ундан кейинги Хрушев хукмронлик қилган пайтда Сталинни қилган ишларини қоралаб чиққан ва унинг сиёсатидан тамомила фарқ қиладиган сиёсат юритган. Агар сиз ғарбдаги исталган давлатни ёки АҚШ ҳукмдорларининг юргизган ички сиёсатларига қарасангиз уларда бундай кескин ўзгаришларни кўрмайсиз. Кейинги ҳукмдор ўзидан олдингисини ишини давом эттириб кетаверган ва ички сиёсат кескин ўзгаришларга учрамаган. Тўғри, уларда ҳам қандайдир кичик ўзгаришлар бўлган, аммо МДҲ давлатларидагидай қисқа муддатда тўрт-беш марталаб катта ўзгаришларга учрамаган. Буни устига икки марта рўй берган жахон урушлари ҳам айнан шу минтақа одамларида оғир асорат қолдирган ва одамлардаги жиззакиликни ошишига сабаб бўлган".
Мана биз ҳақимизда чет эллик холис бир тадқиқотчининг берган хулосаси. Мен уни нега "холис бир тадқиқотчи" деяпман. Чунки у бизга туҳмат қилмаяпти балки кўрганларини, кузатганларини ёзаяпти. Биз у берган хулосага мос одам бўлиб бўлганмиз. Сал нарсага асабийлашамиз, жиззакилик қиламиз, керак бўлса жанжаллашамиз ва бошқаларни хуморимиздан чиққунимизча сўкамиз. Агар сизда ўша чет элликнинг биз ҳақимизда "уларда ўзаро муомалада лутф йўқ, аксарияти асабий" деб берган хулосаларига шубҳа бўлса, узоққа бормайлик агар автоуловингиз бўлса унга ўтириб шундоқ катта кўчага чиқишингиз кифоя; одамларни қанчалик асабий ва жиззаки эканларини кўрасиз қўясиз. Буни билишингиз учун сиз светофорни чироғи яшил чироғи ёнганда бироз суст ҳаракат қилиб ўз машинангизни ўрнидан кечроқ қўзғатишингиз ёки қайрилаётганингизда машинангиздаги қайрилиш чироғини ёқишни эсдан чиқариб қўйишингиз ёки тўхтаб пиёдага йўл беришингиз кифоя қилади. Ана ўшанда сиз билан ёнма-ён кетаётган одамларнинг қанчалик жиззаки ва асабий эканликларини кўрасиз. Улар сизни светофорнинг яшил чироғи ёнганида нимадир сабаб билан ўрнингиздан икки сония кеч қўзғалганингизни ҳам кечиришмайди. Машина ойнасидан бошларини чиқариб ошкора сўкиб кетишади.
"Ҳа энди, машинада юрганда диққат билан юриш керак, паришонхотир бўлсангиз ЙТҲ юз бериб кимдир жабрланиши мумкин, шунга ён-атрофингиздаги бошқа ҳайдовчилар асабийлашади" деб бу гапимга гап топиб беришингиз мумкин. Шу учун майли келинг, бошқа ҳолат мисолида жиззакиликларни кўрамиз. Сиз бирон марта бирон жойда навбатда турганмисиз? Ўша навбатни қайерда эканини фарқи йўқ; у пул олинадиган кассами ёки шифохонами, бошқами фарқи йўқ, одамлар навбатда турадиган жойда албатта жанжал бўлади, асаббузарликлар бўлади.
Ана шундай асаббузарликлар, жиззакилик ва арзимаган нарсада бир-бирини ҳақорат қилиш бизга одат бўлиб қолди. Бир танишим Тошкент Шарқшунослик институтида форс тили факультетида ўқийди. Домлаларидан бири Эрондан келиб дарс берар экан. Ўша домла ҳам ўз ўқувчиларга эронликларнинг ҳаёт тарзини ҳикоя қилиб бериш асносида; "Бизнинг эронликлар ўзаро муомалада бир-бирларига ниҳоятда гўзал лутф билан муомалада бўладилар. Ортиқча асабийлашмайдилар, жиззакилик қилмайдилар. Сиз ўзбекистонликлар бу масалада улардан анча ортдасизлар. Сизларда ўзаро муомалада бир-бирларингга жиззакилик ва асабийлашиш ҳаддан ортиқ" дер экан.
Шу ўринда эронликларнинг ўзаро лутф билан бир-бирларига муомала қилишганига яна бир мисол. Бу мамлакатга борган танишларимнинг сўзларига кўра йирик шаҳарларда машиналар ҳам кўп. Лекин кўчаларда йўл ҳаракати белгилари ва светофорлар етарлича ўрнатилмагани учун кўчаларда тез-тез йўл транспорт ҳодисаси рўй берар экан ва ҳайдовчилар тез-тез бир бирларининг машиналарини туртиб олар эканлар. Аммо машиналарига қанчалик зарар етганига қарамай ҳеч ҳам айбдорни қидиришмас, бир-бирлари билан жанжаллашмас эканлар. Аксинча, бир-бирларини соғлиқларинини сўраб, енгил тўқнашувларда "ҳаммаси Худодан" деб бир-бирлари билан хуш кайфиятда хайрлашиб кетаверар эканлар. Энди шу ҳолатни бизда кўринг. Арзимаган нарсада бир-бири билан жанжаллашган, бир-биридан айб қидирган. Четдан қараганда ўта хунук ҳолатни кўрасиз.
Ёки Туркия мамлакатига борганлар туркларнинг бир-бирларига ниҳоятда лутф билан муомала қилишларини кўп кузатганларини ва биз уларнинг олдида ўта қўпол одамларга айланиб қолишимизни гапирадилар. Уларда турли дўконларга харидор кирганда дўкондорлар ундан "нима оласиз, сизга нима керак?" деб эмас, балки "марҳамат, сизга қандай ичимлик берай, чой ёки қаҳвами?" деб сўрар эканлар. Харидор сотувчидан турли молларни кўрсатишни сўраб охирида ҳеч нарса харид қилмай чиқиб кетса уни хуш кайфият билан кузатиб қолишар экан. Агар бизда шу ишни қилсангиз сотувчи тўнғиллаб сизни аниқ сўкиб кузатади.
Назаримда бизнинг ана шу жиззакилигимиз оиламиздан бошланади. Кейин кўча-куйга кўчади. Охири бориб ишхоналаримизда давом этади. Шу туфайли ҳам кўпгина ташкилотларга қандайдир юмуш билан борсангиз сизни еб қўйгудек бўлиб ола қараб кутиб олишади, қўпол муомала билан кузатиб қўйишади.
Буни хаммаси ўша жиззакилик ва тез асабийлашишнинг қон-қонимизга сингиб кетганининг оқибатидир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий