Ёз ойларида уйимнинг кўча тарафга қараган деразасини очиб қўйиб ухлашни яхши кўраман, салқин ҳаво кириб туради. Акс холда, деразани очмасам иссиқ ва дим хонада ухлагандай ҳам бўлмайман.
Ана шундай ёз кунларидан бирида ўша кўча тарафдаги дераза токчасига қўйган ноутбуким йўқолди. Уни йўқолганини бир суткадан кейин билдим. Олдинги кун кечқурун бироз интернетга кирдим. Хотирасида сақланаётган фильмлардан бирини томоша қилдим. Кейин ноутбукимни дераза токчасида қолдириб ухладим. Эрталаб ноутбукимни ўша қўйган жойимдан олиб қўйишни унутиб ишга кетибман. Кечки пайт ишдан келиб қидирсам хонамда ноутбук йўқ. Аёлим ва болаларимдан сўрасам улар ноутбукга тегишмаган ва кўришмаган. Шунда ноутбук ўша кўча деразасини токчасида қолиб кетганини ва эрталаб ишга кетишда уни ичкарига иш столим устига олиб қўймаганимни эсладим. Уйдагилардан деразани ким, қачон ёпганини сўрасам хотиним мен ишга кетганимдан кейин соат 9 ларда ёпганини, аммо у ерда ноутбук кўрмаганини айтди.
Демак, ноутбукни кимдир очиқ турган деразадан кўриб қолган ва ўғирлаб кетган. Аммо ўғри ким? Очиғи кимдан гумон қилишни ҳам билмасдим. Кўчамиз маҳалланинг бир четида, катта кўчадан бироз узоқда жойлашган ва тўрт-беш хонадон яшайдиган боши берк кўчалардан бири бўлса. Одатда кўчамизда бегона одам унча юрмайди. Ўғри ким бўлди энди? Бошимга оғриқ турди. Кўчамиздагиларни бирма-бир кўз олдимга келтирдим. "Йўқ, уларнинг орасида ноутбук ўғирлайдигани йўқ. Биздан икки уй нарида турадиган қўшнимиз Зойир аканинг кичик ўғли Қосимни ёшлигида қўли эгри бўлган дейишади, ўша олганмикин? Йўғ-ее, у бола хозир улғайиб ақлини йиғиб олган. Қолаверса шахсий машинаси бор. Самарқан-Тошкент йўналишида кира қилади. Иши яхши, яхши пул топади. Қолаверса қачон қараса йўлда бўлади, унга ноутбук нега керак?"
Шу пайт ноутбукимда модем ва модемнинг ичида сим карта борлиги эсимга тушди ва ўша сим картанинг рақамига қўнғироқ қила бошладим. Йўқ, "рақамга вақтинчалик қўнғироқ қилиб бўлмайди" деди. Демак, ўчирилган.
Ноутбуким ўғирланганига ишониб тақдирга тан бериб қўя қолдим. Ички Ишлар ходимларига ҳам хабар бермадим. Хотиним ва фарзандларимга ҳам бу ҳақда хеч кимга ҳеч нарса демасликларини тайинлаб эртаси куни ҳеч нарса кўрмагандай ишим билан чалғиб кетавердим. Аммо, ҳар-ҳар замонда ўша ноутбукдаги модем ичига ўрнатилган рақамимга телефон қилиб қўйишни канда қилмадим. Жавоб эса, ҳар гал бир хил "бу рақамга вақтинчалик қўнғироқ қилиб бўлмайди" деган жавоб бўларди. Ўша рақамга қўнғироқ қилиб туриш билан бирга рақамимни уяли алоқа компанияси номимдан ўчириб юбормаслиги учун унга ҳар-ҳар замонда озгинадан пул ташлаб турдим.
Орадан 4-5 ойлар шу зайлда ўтиб кетди. Бир кун кечки пайт одатдагидай ўша рақамга қўнғироқ қилсам чақирув кетди. Ҳайрон қолдим. Хаёлимга дарров "Ўша пайтда ноутбукимни ўғирлаган ўғри модемдан симкартани чиқариб отиб юборган бўлса, биронта одам уни топиб ишлатаяптими, ҳарҳолда ноутбукимни ўғирлаган ўғри ишлатмаса керак" деган ўй келди. Шу пайт нариги томондан кимдир қўнғироғимни кўтарди;
- Алло, эшитаман.
Олдинига нима дейишимни билмай довдираб қолдим. Гўшакнинг нариги тарафидан яна овоз келди;
-Алло, эшитман. Ким бу?
Довдирашни тўхтатиб мен ҳам унга саволлар бера бошладим;
-Ака, ўзингиз кимсиз?
Унинг жаҳли чиқди,
- Қанақа одамсиз? Мен эмас, сиз менга қўнғироқ қилдингиз. Шундай экан сиз биринчи ўзингизни танитишингиз керак-ку.
- Мен Акбар духтирман, сиз кимсиз?, - давом эттирдим мен.
- Акбар духтир? Э, қўшни яхшимисиз? Мен уста Олимман.
Қўнғироқни кўтарган одам биздан бир кўча нарида турадиган уста Олим ака экан. Хаёлимга "ўғри шу одамнинг ўғли экан" деган фикр келди. Олдин "бу номерни қайердан олганини сўрайчи, нима деб жавоб бераркин", деб гапни узоқдан бошладим;
- Олим ака, янги номер олибсизми? Муборак бўлсин.
- Ҳа, йўқ. Бу номерни кеча қўшнингиз Зойир аканинг ўғли Қосимдан олдим. Ўғлим Россияга кетишдан олдин унга бериб кетган экан. Ноутбукимдаги модемга шу рақамнинг симкартасини қўйиб интернетга кираяпман, - қўшнимнинг бу гаплари унинг ўғли ҳақидаги гумонимни баттар оширди.
-Олим ака, ҳозир уйдамисиз, сиз билан маслаҳатлашадиган гап бор эди, - мен қўшним билан масалани юзма-юз гаплашиб ҳал қилмоқчи бўлдим.
- Ҳа, уйдаман. Келаверинг бемалол,- қўшним қўнғироқни ўчирди.
Мен шу заҳотиёқ Олим аканикига қараб жўнадим. Борсам эшигининг олдида кутиб турган экан. Меҳмонхонасига кирдик. Яратгандан элга, юртга тинчлик ва хотиржамликни сўраб юзга фотиҳа тортдик ва мен гап бошладим;
- Олим ака, ҳозирги гапларимни диққат билан эшитинг. Бундан тўрт-беш ой олдин уйимдан, ўша кўча тарафдаги дераза токчасига қўйилган ноутбуким йўқолди. Ўша пайтда бу ҳақда кимдан гумон қилишни ҳам билмадим ва бу ҳақда мен хам, хотиним ва фарзандларим ҳам ҳеч кимга ҳеч нарса демадик. Тўғри, ўшанда мен Ички Ишлар ходимларига мурожат қилсам ҳам бўларди. Аммо бундай қилмадим. Сабаби, агар ўшанда мен Ички Ишлар ходимларига мурожат қилганимда улар келиб авваламбор қўшниларимдан гумон қилишарди ва агар ўғирланган ноутбуким ва уни ўғирлаган ўғри топилмаса қўшниларим мендан "бизни ўғри деб гумон қилди" деб хафа бўлиб юришарди. Мен қўшниларим билан яхши алоқаларим ёмонлашмасин деб уларга мурожат қилмадим. Бу ҳақда маҳаллада хеч қандай гап-сўз бўлмагани сабаби ҳам шу. Биз қўшнилар билан ошиқча гап-сўз бўлишини хоҳламадик. Ўшандан кейин мен ноутбукимдаги модемга ўрнатилган симкартадаги рақамга уяли алоқа компанияси рақамни мени номимдан ўчириб юбормасин деб ҳар-ҳар замонда пул ташлаб юрдим ва шу билан бирга ҳар-ҳар замонда қўнғироқ ҳам қилиб турдим. Бугун эса тасодифан қўнғироқ кетди ва уни сиз кўтардингиз. Симкарта мени номимга олинган. Мана уяли алоқа компанияси билан ўртамизда тузилган шартноманинг нусхаси. Бу ерда ўша рақам менга берилгани ҳақида ёзилган.
Олим ака қўлимдан шартнома нусхасини олиб қаради ва ҳайрон қолиб гап бошлади;
- Духтур, биласиз ўғлимнинг Россияга ишга кетганига бир ҳафта бўлди. У кетганидан кейин кеча унинг ноутбукини тушуниб, тушунмай ишлатиб интернетга кирмоқчи бўлдим. Қарасам модем ва симкартаси йўқ. Ўғлимга смс ёзиб "ноутбукингни модем ва симкартасини қайерга қўйгансан, топа олмаяпман" деб сўрасам, ўғлим "модем ва симкартам Зойир аканинг ўғли Қосимда. Сўранг беради" деди. Кеча Қосимдан ўғлим берган модем ва симкартани сўрасам шуни чиқариб берди. Уйга олиб келиб ноутбукни ёқиб бироз интернетга кирганимдан кейин қайта кира олмадим. "Сизнинг ҳисобингизда етарли маблағ йўқ" деган ёзув чиқаверди. Бугун эрталаб эса симкартага пул ташлаб уни қайта ёқтириш учун ўғлимдан симкартанинг рақамини сўрадим. Ўғлим ёзиб юборди. Пайнетга бориб пул ташлаб келиб ноутбукни ёқиб интернетга кирай деб кира олмадим. Яна ўша "ҳисобингизда етарли маблағ йўқ" деган ёзув чиқаверди. Хайрон бўлиб ўғлимга ёзиб нега бунақа бўлаётганини сўрадим. У "Қосим адашиб сизга мени модемим ва симкартамни бермай адашиб бошқа модем ва симкарта бериб юборган бўлиши ҳам мумкин. Қосимдан сўранг рақамини айтади" деди. Қосим ўғлим билан ўртоқлиги учун устахонамга тез-тез бориб турарди ва менда унинг телефон рақамлари бор эди. Дарров қўнғироқ қилдим. У навбатдаги рейсга чиқиб кетган экан, "ака номерлар эсимда йўқ, ўзингиз билан олиб боринг, пайнетчилар ўзи билиб пул ташлаб бераверади" деди. Шундан кейин симкартани кўтариб бордим. Қосим айтганидай пайнетчи бола симкартани рақамини аниқлаб пул ташлаб берди. Боя ишдан қайтиб келиб энди ноутбукни ёқиб интернетга кирган эдим сиз телефон қилиб қолдингиз. Бўлган гап шу.
- Олим ака агар ўғлингизни модем ва сим картасини олиб ўрнига бу симката ва модемни сизга Қосим берган бўлса демак ноутбукимни қўшним Қосим ўғирлаган бўлиб чиқаяпти. Ака, энди сиздан илтимос, эртагаёқ ўғлингизни Россиядан чақиринг. У келгунича ва вазиятни ойдинлаштиргунича мен ўғирлик ҳақида Ички Ишлар ходимларига хабар бермай тураман. Уни тезда чақиринг деганимни сабаби ўғлингиз ҳозир сизда бўлиб турган ўғирланган модем ва симкартани аслида қўшним Қосимники эканлигини исботлаши керак. Акс ҳолда айбдор ўғлингиз бўлиб қолади. Яна, агар эртагаёқ мен Ички Ишлар ходимларига мурожат қилсам улар келиб биринчи навбатда сиздан ўғлингизни Россиядан чақиришингизни талаб қилишади. Шу учун ўғлингизни ўзингиз чақиринг ва воқеани ойдинлаштириб берсин. Қолаверса мен шу ишда ўғлингизнинг айбсиз айбдор бўлиб қолишини хоҳламайман, шу учун хозирча ҳеч кимга ҳеч нарса деманг, - деб мен ўрнимдан қўзғалдим. Олим ака эса ортимдан "хўп, ўғлимга ҳозироқ ёзиб юбораман ва у эртагаёқ йўлга чиқади" деб қолди.
Бу орада тўрт кун ўтди ва мен ҳам, Олим ака ҳам ҳеч кимга ҳеч нарса демай индамай юрдик. Шу тўрт кунни ичида қўшним Қосимни бир неча бор кўрдим. Аммо унда қилган ишидан хижолат бўлиш ҳиссини кўрмадим. У саломлашиб сўрашганимизда кўзимга тик қараб сўрашарди.
Ниҳоят бешинчи кун Олим аканинг ўғли Россиядан етиб келди. Биз Олим ака иккаламиз унга бўлган воқеаларни тушинтирдик ва Қосимнинг олдига бориб телефоннинг диктафонини ёқиб ундан нега симкарталарни алмаштириб берганини сўрашини ва унинг ҳамма гапларини ёзиб олишини буюрдик. У айтганимизни бажариб келди. Диктафондаги ёзувларга кўра Қосим сим карталарни адаштириб юборганини ва уста Олим ака борганида адашиб ўзини модеми ва сим картасини бериб юборганини айтган эди. Бизга шу дадилни ўзи етарли бўлди. Аммо мен кўнгилчанлик қилиб Олим акага олдин Қосимни ва акасини чақириб воқеаларни билдиришни, агар Қосим ноутбукимни олганини тан олиб, узр сўраб уни қайтариб берса мен Ички Ишлар ходимларига мурожат қилмаслигимни айтдим.
Эртаси куни кечки пайт меникига Қосим ва унинг акасини чақирдик. Ҳамма гаплар, далиллар гапирилди ва мен Қосим ва унинг акасига агар ноутбукимни қайтаришса ёпиқлик қозон ёпиқ қолишини, акс холда Ички Ишлар ходимларига мурожат қилишга мажбур бўлишимни айтдим. Гапларимни эшитиб Қосим бошини эгиб ўтираверди. Акаси эса ноутбукни олиб беришларини ва Ички Ишлар ходимларига мурожат қилмаслигимни сўради. Биз Қосимнинг акаси билан келишдик ва тарқалишдик.
Орадан бир неча кун ўтиб маҳаллада мени ноутбуким йўқолгани, уни Қосим ўғирлагани ҳақидаги гап-сўз барибир тарқаб кетди. Шундан сўнг маҳалламиздан яна икки киши Қосимга қарши даъво билан чиқишди. Улардан бири биз ва Қосимларнинг уйи ўртасидаги бўш ерда ўғлига уй тиклаётган Анвар ака, уйидан олти миллион пул йўқотган экан. Анвар ака мени ноутбуким ўғирланиши тарихини эшитиб "Мени уйимдан ҳам олти миллион сўмни аниқ шу бола ўғирлаган. Бунга исботим; охирги пайтларда хотиним иккпламиз уйимда тунамай шу ерда, қурилиш бўлаётган участкада ётиб қолаётгандик. Бу бола ҳар кун ярим кечгача мени олдимда гаплашиб ўтирарди ва ҳовлида келиним иккита боласи билан ёлғиз қолаётганини биларди. Пулимни шундан бошқа ҳеч ким олмайди" деб даъво қилиб чиқди. Иккинчи даъвогарнинг уйидан ҳам ноутбук йўқолган. Ўша ерда Қосимларнинг токзори бор. Қизиғи даъвогарнинг айтишича ўша ноутбуки йўқолган кечада Қосим ўша токзорларини суғорган.
Мен Ички Ишлар ходимларига мурожат қилмаганим билан нариги иккита даъвогар барибир мурожат қилишди. Ходимлар келиб Қосимни тергов қилишганда у "Мен духтир акани ноутбукини бир ишлатиб кўрай деб олганман. Кейин уни бир компьютер устасига сотиб юбордим. Ўрнига янги олиб бераман. Аммо нариги ноутбук ва пулларни билмайман" деб ёзиб берибди. Аммо нариги иккита даъвогар орган ходимларига босим ўтказиб "агар йўқолган ноутбук ва пулларимизни топсанглар топдинглар, акс ҳолда вилоят Ички Ишлар Бошқармаси ва прокуратурасига устларингдан шикоят қиламиз" деб босим ўтказишга уринишди. Тергов қайтадан бошланди. Қосим қараса иш чувалашиб кетаяпти. Кейинги терговда у ҳеч нарсани бўйнига олмади. Ҳатто мени ноутбукимни олгани, уни сотиб юборгани ва янги олиб бериши ҳақидаги ўзи ёзиб берган иқрор хатини ҳам тан олмади. У "буни менга ИЧки Ишлар ходимлари зўрлик ишлатиб ёздиришди" деб Ички Ишлар ходимларига туҳмат қилиб тураверди.
Шундан сўнг туман Ички Ишлар ходимлари бу ишга жиддий киришдилар ва тумандаги ҳар бир компьютер тузатадиган устани олдига бориб Қосимни суратини кўрсатиб шу боладан компьютер сотиб олган олмаганини суриштирдилар. Уларнинг орасидан битта уста Қосимни таниди ва ундан учта компьютер сотиб олганини айтди.
Орган ходимлари Қосим билан устани юзлаштирдилар. Қосимнинг айбини тан олишдан бошқа чораси қолмади. Терговчиларга Қосим устага сотган учинчи компьтер кимники эканлиги қизиқ эди. Уни қайердан ўғирлаган экан-а? Ниҳоят учинчи компьютерни ҳам қайердан ўғирлаганини ўзи айтиб берди. У кира қилиб Тошкентга борганда йўловчи бўлмаганда ёки қишнинг совуқ кечаларида қишлоқдан Тошкентга бориб ўқийдиган маҳалладош болаларнинг олдида онда-сонда тунаб қолар экан. Ана шундай тунаб қолган кунларининг бирида талаба болалар эрталаб ўқишга шошилишади ва калитни Қосимга қолдириб "квартирани қулфлаб калитни қўшни кампирга бериб кетинг" деб кетишади. Қосим эса калитни қўшни кампирга беришдан олдин ўша уйни тагидада ўтирадиган калит ясайдиган устага бориб ўзи учун яна битта калит ясаттириб олади ва кўпинча талабалар уйда бўлмаган пайтни мўлжаллаб у ерга кириб-чиқиб юраверади. Ана ўшанда у талаба болалардан бирига тегишли бўлган ноутбукни ўғирлаб чиқиб кетади. Талаба болалар эса ижара уйнинг эгаси чет элдалиги учун кимдан гумон қилишни билмай ўзаро бир-бирларидан гумонсираб юраверадилар.
Воқеалар ривожини эшитиб мен ҳам, маҳалладошларимиз ҳам ҳайрон қолдик.
Қосим тергов давомида ҳамма ўғирликларини тан олди. Ўғирлпган ноутбук ва пулларни эгаларига қайтариб беришни бўйнига олди. Акаси бунга кафолат берди ва эртаси куни уларни бизларга олиб келиб берди. Биз бориб терговчига ноутбук ва пулларимизни қайтариб олганимиз ҳақида тилхат ёзиб бердик.
Судда Қосимнинг ўз ишидан афсусдалиги, илк маротаба судланаётгани, етказилган зарарни эгаларига тўлаб бергани инобатга олиниб суд залидан озод қилиш ҳақида қарор қилишди. Аммо илк терговда уни ҳеч ким мажбурламагани холда айбини тан олиб, кейинчалик иш катталашиб кетганидан кейин ўша кўрсатмасидан тониб "мени шундай кўрсатма беришга мажбурлашди" деб Ички Ишлар ходимларига туҳмат қилгани учун бир ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Шу билан воқеалар якун топди.
Шундан кейин маҳалла аҳли то маҳаллада янги воқеа чиққунича Қосимнинг қилмишларини муҳокама қилиб юришди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий