четверг, 4 января 2018 г.

Доллар операцияси. Детектив ҳикоя.

Абдусамад аканинг охирги пайтларда иши унча юришмай қолди. Дўконида ҳам савдо пасайиб маҳсулот турлари анча камайиб кетди. Маҳсулот камайган сайин дўконига харидорлар ҳам кам кирадиган бўлиб қолишди. Тўғри-да, харидор сўраган нарсани "бизда тугаган" деб жавоб берсангиз ўша харидор кейин "қидириб юрган нарсам буларда йўқ" деб қайтиб дўконингизга кирмай қўяди.
Абдусамад ака шуларни ўйлар экан биронтадан бўлса ҳам бироз пул қарз олиб бўлса-да дўконни молларга тўлдиришни ва шу йўл билан мижозларни яна дўконига қайтаришни ўйлади. Аммо..., аммо кимдан қарз сўраса бўларкин? Ҳозир кўпчилик ўзидан ортмаса. Абдусамад аканинг хаёлига акаси Турсун ака келди. Акасидан қарз сўраса берармикин? Акаси яхши одам, бир нарса сўраса йўқ демайди. Аммо янгасининг характери бироз бошқачароқ. Рўзғорда кўпинча акасидан кўра янгасининг гапи гап бўлади. Шундай экан акасидан пул сўраса акаси янгасини "енгиб чиқиб" пул бера олармикин?
Абдусамад ака кўп ўйлади, аммо хаёлига акасидан бошқа ҳеч ким келмади. У акасининг олдига жўнар экан беихтиёр "берса берар, бермаса йўлимни берар" деб ўзига ўзи гапириб юборди.

Турсун ака укасини хушнудлик билан кутиб олди. Хотинига тезда дастурхон тузатишни ва қозонни оловини ёқиб бирон овқат қилишни буюрди. Ака-ука чой ичиб анча пайт гаплашиб ўтиришди. Абдусамад ака гапни нимадан бошлашни билмас, Турсун ака эса укасининг нимадир бир иш билан келганини сезиб ўтирарди. Аммо укаси гап бошламагунча ўзи индамасликка қарор қилди. Абдусамад ака олдинига дўконидаги вазиятдан гап бошлади ва гапининг охирида дўконни яна маҳсулотлар билан тўлдириш ва шу йўл билан мижозларини қайтариш учун ўзига минг доллар атрофида пул кераклигини ва ўйлаб-ўйлаб шу пулни сўраш учун акасининг олдига келганини қийналиб бўлса-да айтди. Абдусамад гапириб турганда янгаси чой олиб кириш баҳона икки марта уларнинг олдига кириб чиқди ва қайнисининг нега келганини тушунди. Турсун ака  укасига минг долларни бериб туришга рози бўлди. Хотини қаршилик қилса қилар. Ахир бир пайтлар укасининг унга ёрдами кўп теккан. Буёғи ёлғиз жигари бўлса. Хотини харшаха қилса бирон нарса деб тинчлантирар.
Шундан кейин ака-ука овқатландилар ва Абдусамад ака пулни эртага олиб кетишини айтиб чиқиб кетди.

Қайниси чиқиб кетганидан кейин янга эрини олдига кирди ва эрига савол назари билан қаради. Турсун ака хотинининг қарашидан нима савол бермоқчи бўлганини билди ва хотинига жавоб бериб қўя қолди;
   - Ҳа хотин. Укам қарз сўраб келибди. Мен унга минг доллар бериб турадиган бўлдим.
Бу гапларни эшитиб янганинг қошлари чимирилди;
   - Ҳа, сиз ўлиб-тирилиб қийналиб пул топинг-да, кейин ўша пулларни ҳали укангизга, ҳали синглингизга, ҳали яна қандайдир қариндошингизга бўлиб бераверинг. Ахир олдимизда қанча ишларимиз бор. Бунақада мўлжаллаган ишларимизни қандай бажарамиз?
   - Бажарамиз хотин, бажарамиз. Укамга қўлимдаги ҳамма пулни бериб юбораётганим йўқ-ку. Вақти келса қайтаради. Қолаверса эсла, укамнинг бизга ёрдами кам бўлганми? Эҳҳе, у менга неча марта қарз бериб турган. Сен гапираверасан-да.
Янга у деди, бу деди аммо эрини фикридан қайтара олмади. Шундан сўнг эри қайнисига бермоқчи бўлган ўша минг доллар пулни қандай қилиб бермасликни йўлларини излай бошлади.

Эртаси куни эрталаб Абдусамад ака уйда ўтирар экан акаси Турсун аканинг қайнонаси, яъни янгасининг онаси вафот этгани ва жаноза соат бирга белгилангани ҳақида хабар келиб қолди. Абдусамад ака хабарни эшитгандан тезда таъзия бўлган хонадонга жўнади. Борса акаси ҳам марҳуманинг яқинлари қаторида бел боғлаб турибди. У ҳам жаноза ўқилиб маййитни чиқаргунларича ўша ерда бўлди. Сўнг қабристонга бормай уйига қайтди.  Кечки пайт шом арафасида унга Турсун акасидан хабар келди. Акаси "менга тез учрасин" деб бировдан айттириб юборибди. Кеча ваъда қилган минг долларни беради шекилли.

Абдусамад акасиникига кириб борар экан ҳовлида беш-ўн чоғлик одамни кўриб ҳайрон қолди. Қўни-қўшнилар ва қариндошларнинг баъзилари ўша ерда эдилар. Уларни кўриб  "тинчликмикан ишқилиб" деб  Абдусамаднинг юраги ғашланди. Акаси уни кўриб унча рўйхушлик бермади;
   - Кел ука.
Абдусамад саволдан ўзини тийиб туролмади;
   - Тинчликми ака, нима бўлди?
    - Тинчликмас ука. Бизни Худо уриб қўйди. Ҳалиям болаларимга ҳеч нарса қилмабди. Агар болаларимга ҳам зарар етказишса нима қилардим, - акаси зорланиб гапирарди.
Абдусамад яна бир бор "тинчликми, нима бўлди?" деб сўраганидан кейин акаси шоша-пиша гапира бошлади;
   - Қайнонамни вафот этгани ҳақидаги хабар келганидан кейин мен саҳар отланавердим. Янганг тонг ёришгандан кейин борадиган бўлди. Жанозани ўқигандан кейин ўша ёқда бирпас ўтирдим ва аср пайтида уйга қайтиб келдим. Уйга кириб болаларни оғзига латта тиқилган, қўл-оёқлари сим билан боғланган, уйдаги нарсалар титиб ташланган ҳолда кўрдим. Дарҳол болаларни қўл-оёқларини ечдим. Уларнинг айтишича биз жанозага кетганимиздан кейин уйимизга  юзига қора ниқоб тортган учта одам келиб болаларни қўрқитиб қўл-оёқларини сим билан боғлабди. Кейин "отанг пулни қайерда сақлайди?" деб сўраб жавоб ололмагач ҳамма хоналарга кириб ҳаммаёқни тинтишибди. Пул сақланадиган сандиқни калитини топиб сандиқни ичидан беш минг доллар пулимизни олиб кетишибди.
Абдусамад ҳайрон қолди. Бу ишни ким қилган бўлиши мумкин? Ким қилган бўлса ҳам акаси ва янгасини бугун жанозага кетганларини ва уйда ёш болалардан бошқа ҳеч ким бўлмаганини яхши билган одамлар қилган.
   - Яна нималарни олишган? - Абдусамад ака акасидан сўради.
   - Бошқа ҳеч нарсага тегишмаган. Ҳайрон қолганим пулнинг ёнида янгангнинг тилла тақинчоқлари ҳам турар эди. Аммо босқинчилар уларга тегмаган, - акаси жавоб берди.
   - Мелисага хабар бердингизми? - яна сўради Абдусамад.
    - Йўқ, ҳали хабар бермадим. Хабар берайми ёки йўқми деб иккиланиб тургандим, - деди акаси.
   - Иккиланганингиз нимаси, бугун сиз, эртага яна кимдир ўша босқинчилардан жабрланиб қолаверсинми? Бу ишни кечиктириб бўлмайди. Кетдик мелисахонага. Ё шунчалик ҳам пулингиз кўпми беш минг доллар пулингизни босқинчилар олиб кетса ҳам хотиржам ўтираверсангиз, - Абдусамад ака жаҳл билан гапирарди.

Шундан кейин ака-ука туман Ички Ишлар Бўлимига қараб жўнадилар. Бориб ўғирлик ҳақида хабар бердилар. Ички Ишлар ходимлари воқеани рўйхатга олиб тезда воқеа жойига жўнадилар. Келиб ҳовлини обдон кўздан кечириб чиқдилар. Кейин хоналарни бирма-бир синчиклаб қараб чиқдилар. Ҳеч қандай из йўқ. Охирида эса болалар билан суҳбатлашдилар. Турсун ака уйланганидан кейин анча йил фарзанд кўра олмай, фарзандлари кейинроқ туғилган эди. Болалари ҳали ёш, уларнинг учтаси қиз, каттаси ўғил бола эди. Болаларнинг ҳаммаси "Юзига қора ниқоб таққан учта одам кириб келди. Биздан пул қайерда сақланишини сўради. "Билмаймиз" дедик. Шундан кейин бизни боғлаб, оғзимизга латта тиқиб ҳаммаёқни тинтишди ва пулни топиб олиб кейин чиқиб кетишди" дейишарди.
Ички ишлар ходимлари болаларга "Ўша қора ниқобли одамлар кимга ўхшарди? Масалан, биронта қўшниларинггами ёки маҳалладошларинггами ўхшагани бормиди?" деб савол берганда қизчалар "билмасак" деб елка қисишди. Турсунбой аканинг ўғли Нурулло эса "ҳа, биттаси ўнг томонимиздаги Фарход акага ўхшарди, балки адашаётгандирман" деб юборди.
Ички Ишлар ходимлари бир зумда Фарҳодни уйда ўтирган жойидан олиб келдилар ва Нурулло билан юзлаштирдилар. Нурулло яна бош ирғаб қўйди. Фарҳод эса ҳайрон бўлиб "мен эмасдим, у адашаяпти" деб қолаверди. 
Шундан сўнг сўнг Ички Ишлар ходимлари Фарҳодни гумонланувчи сифатида тергов қилиш учун олиб кетдилар.

Мана тўрт кун бўлаяпти Фарҳодни Турсун аканинг уйидаги талончиликда гумон қилиб тергов қилишаяпти. Терговчи "Шерикларинг ким эди? Пуллар қайерда?" деб иккита саволни тинимсиз берса, Фарҳод ҳам "Ўлимдан хабарим бор, бу ишдан хабарим йўқ. Пулларни эса кўрганим йўқ" деб иккита жавобни такрорлаб тураверди. Туман Ички Ишлар Бўлимида ҳам турли хил ходимлар бор экан. Масалан, терговчи қаттиқ гапирмайди, аммо уни сўроққа олиб кириб, олиб чиқиб юрган қоровул ходим турткилагани турткилаган. Фарҳод охири бу ҳақда терговчига шикоят қилди. Терговчи қоровул ходимга танбеҳ берди шекилли у Фарҳодни турткиламай қўйди. Аммо  ола қарашини қўймайди.

Фарҳод камерада бу вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмай ўйлаб ўтирибди. Шу пайтда унинг хаёлига қўшниси Турсун аканинг хотини келди. "Бу аёлнинг кўзи очроқ. Балки эрининг пулини шу йўл билан ўзи ўғирлагандир. У аёлнинг қўлидан ҳамма иш келади. Йўғее, ўша куни унинг онаси вафот этганди. Келиб-келиб онаси вафот этган кун шу ишни қиладими? Унда бу босқинчиликни кимлар қилди?", Фарҳод ўйлаб ўйига етолмас эди.
Кейинги терговда терговчи яна ўша саволларини берганда, Фарход ҳам ўша ўзи билган жавобларини қайтарди ва сўзининг охирида терговчига жабрланувчининг ўғлини шу ерга,  Ички Ишлар идорасига олиб келиб тергов қилиб кўришни маслаҳат берди;
   - Ўша қўшнимни боласини олиб келинг, идорангизни эшигидан кирган заҳоти қўрққанидан иштонига ўтказиб юборади ва ҳаммасини айтиб беради.
Терговчи уни камерага чиқариб юборди ва ЖҚБ ходимларига жабрланувчининг ўғлини отаси билан бирга қўшиб олиб келишни буюрди. Орадан бироз ўтиб ходимлар жабрланувчи Турсун ака ва унинг ўғли Нуруллони олиб келишди. Терговчи уларни туман Ички Ишлар Бўлими жойлашган бино эшигининг олдида кутиб олди. Мақсади болани кузатиш эди. Терговчи Нуруллони кузатар экан унинг қўрқиб атрофга аланглаётганини кўриб турарди. Бино ичига кирар эканлар йўлакда бир аёл "ўғлимнинг гуноҳи йўқ, уни қўйиб юборинглар" деб дод солиб йиғларди. Терговчи кузатиб борар экан Нурулло йиғлаб турган аёлни ва ён атрофдаги темир панжараларни кўриб баттар қўрқа бошлади. Терговчи хонасининг эшиги олдига етганда Турсун акага "Ака ўғлингиз билан суҳбатлашиб олмоқчи эдим. Шу учун сиз йўлакда кутиб турсангиз" деди ва эшикни очиб Нуруллога қараб "кир ичкарига" деди. Шу пайт Нурулло ичкарига киришдан олдин кўзини жавдиратиб отасига қаради ва хонага истар-истамас кирди.
Терговчи Нуруллонинг оқариб кетган юзига қарар экан ичида "наҳотки Фарҳод ҳақ бўлса" деб ўйлади. Нурулло терговчининг "Бояги кўрган темир панжарага қамалишни хоҳламасанг бор гапни гапириб бер. Пулни ким ўғирлади?  деб берган саволини эшитибоқ йиғлаб юборди ва ҳаммасини айтиб берди.

Нуруллонинг айтишича ўша куни амакиси Абдусамад ака отасидан минг доллар қарз сўраб келган. Отаси пулни беришга рози бўлган. Буни билган онаси отасини пулни укасига бермасликка кўндира олмаган. Кейин эса "босқинчилик" режасини тузган. Ўша куни бувисининг вафот этгани онасига ўз режасини амалга оширишга қулай вақт бўлиб туюлган ва у жанозага кетишдан олдин болаларини қўл-оёқларини боғлаб, уларга "оталаринг келганда юзига қора ниқоб таққан учта одам келиб бизни боғлаб қўйиб пулни олиб кетди" деган гапни такрор-такрор ўргатиб, кейин болаларининг оғзига латта тиқиб қўйган. Шундан кейин онасининг ўзи хоналарни ағдар-тўнтар қилиб ташлаган. Пулни эса пул сақланадиган сандиқдан олиб бошқа жойга бекитган сўнг жанозага кетган.
Терговчи Нуруллодан бу гапларни эшитар экан оғзи очилиб қолди. "Нахотки аёл пул учун ўз болаларини қўл-оёғини боғлаб оғзига латта тиқиб яна уларни бир неча соат қаровсиз қолдирса", терговчи ўйлаб ўйига ета олмас эди.

Шундан кейин воқеалар тезлашиб кетди. ЖҚБ ходимлари зудлик билан Турсун ака, унинг ўғли Нурулло ва қўшниси Фарҳодни олиб Турсун аканикига жўнашди. Уларни кўриб янганинг ранги оқариб кетди. У ўғли сирни ошкор қилиб терговчига ҳаммасини гапириб берганини тушунди. Шу пайт ходимлар Нуруллодан онаси пулларни қайерга яширганини сўрашди. Нурулло уларни хоналардан бирига бошлади ва онаси пулни бекитган жойини кўрсатди. Ходимлар пулни олишди ва Турсун акани, ўғли Нуруллони ва янгани туман Ички Ишлар Бўлимига олиб кетишди. Фарҳодни эса узр сўраб уйига кузатиб қўйишди. Уни ота-онасидан хам узр сўрашди.

Воқеалар шу билан якун топди-ки Турсун аканинг хотинини Ички Ишлар Ходимларини чалғитишга урингани учун суд қилиб жарима қилишди. Нурулло эса ўша ишдан кейин "босқинчилик" ишида онасига "кўмакчи" бўлгани учун маҳаллада "Нурулло рекет" деган лақаб орттирди. Фарход эса тўрт кун қамалиб чиққани учун маҳалладошларидан "зек" деган лақаб олди. Воқеа шу билан тугади. Айтгунча Абдусамад ака ўша воқеадан кейин акасидан қарз олиш фикридан воз кечди ва қарзни бошқа одамдан, бир синфдош ўртоғидан олди. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий