Уч-тўрт кундан бери дунёнинг спортга ва футболга ихтисослашган-у ихтисослашмаган ҳамма нашрлари бразилиялик футбол юлдузи Неймарнинг "Барселона"дан кетишини муҳокама қилиш билан банд.
Улардан бири Неймарни Парижнинг "Пари Сен Жермен" жамоасига ўтганини ёзса, яна бири "бу иш агар Неймар "ПСЖ"га ўтса ФИФАнинг "ПСЖ"га молиявий фейр-плей бўйича жазо қўллаши эҳтимоли борлиги учун амалга ошмайди" деб ёзди.
Ва ниҳоят кеча бу мавзуда икки тараф узил-кесил келишишди шекилли дунё ОАВ Неймарнинг Парижга боргани, "ПСЖ" билан шартнома тузгани ва ўша шартномага кўра ҳафтасига қанча маъош олишигача ёзиб чиқишди. Агар ўша хабарлар рост бўлса Неймар "Барселона"дан кетди. Хўш, бу "Барселона" учун плюсми ёки минус?
Неймарнинг "Барселона"ни тарк этишига "Барселона" мухлислари икки хил фикр билдиришмоқда. (Мен бу ерда бежизга "Барселона" мухлислари" деб фақат бу жамоанинг мухлисларини назарда тутмаяпман. Чунки бошқа жамоаларнинг мухлислари, айниқса "Реал" жамоасининг мухлислари Неймарнинг "Барселона"дан кетганини анча хурсандчилик билан кутиб олишди. Буни уларнинг ижтимоий тармоқларда ёзган фикрларидан ҳам билиб олса бўлади. Тўғри-да, рақиб жамоа ўзининг энг яхши ўйинчиларидан бирини сотиб юборади-ю улар хурсанд бўлишмасинми?)
Мухлисларнинг бир қисми Неймарнинг сотиб юборилиши катта хато бўлганини билдирса, яна бир қисми эса "жамоа Неймардан қутилиб тўғри қилди" деган фикрда.
Хўш, мухлисларнинг қайси фикрлари тўғри? "Барселона" Неймарни сотиб тўғри қилдими ёки адашдими?
Неймарни ўйинларини бир неча йиллардан бери кузатиб айтаман-ки у доим бир хил равишда барқарор ўйин кўрсатадиган ўйинчилар сафига киради. Яъни у бир мавсум зўр ўйнаб, иккинчи мавсумда йўқолиб қоладиган ўйинчи эмас эди. Ўша "Сантос"да ўйнаб юрганида ҳам, кейинчалик "Барселона" сафига ўтгандан кейин ҳам у бир маромда юқори савияда тўп тепиб келаётган эди. Шу жиҳатдан қаралса "Барселона" уни сотиб юбориб мени назаримда хатога йўл қўйди.(Ҳарҳолда "Реал" мухлислари бежизга хурсанд бўлишмаяпти чамамда)
Албатта Испанияда уни хотиржам ўйнашига йўл бермай ҳали солиқлар бўйича, ҳали трансфер бўйича безовта қилиб жонига тегишди. Аммо Неймар "ПСЖ"га ўтиб ўзи учун хато қилди. Чунки Қирол Месси "Барселона"да яна бир-икки мавсум юқори формада ўйнай олиши мумкин ва агар Неймар сабр қилганда яна узоғи билан икки мавсумдан кейин "Барселона"нинг ҳақиқий етакчиси бўларди ва у ҳозиргидай барқарор тўп суришда давом этса ўз коллекциясини кўплаб жамоавий ва шахсий совринлар билан бойитиши мумкин эди.
"ПСЖ"да эса бу иш бироз мушкулроқ. Чунки жамоа раҳбарлари минг супер жамоа тузиш учун уринишмасин Лига 1 Европадаги кучли бешлик чемпионатларида охирги ўринда туради ва бу чемпионатдаги исталган жамоа супер жамоа тузиб Европанинг грандлари бўлмиш "Реал" ва "Барселона"га ЕЧЛда рақобат қила олиш даражасига чиқиб бора олмайди. Тўғри, бир мавсум, ярим мавсум бу даражага чиқишлари мумкин. Аммо икки-уч йиллаб қаршилик кўрсата олмайдилар. Буни "ПСЖ"га келиб ўйнаб кетган ёки хозир ўйнаётган юлдузлар Фалькао ёки Ди Мария каби ўйинчилар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Улар "ПСЖ"га келмасларидан олдин ўз жамоаларининг юраги эдилар. "ПСЖ"га келиб эса "бир маром"га тушиб қолдилар ва энди ҳеч ким уларни "буюк келажаги" ҳақида гапирмайди. Чунки улар "ПСЖ" билан халқаро совринлар ютолмадилар ва ютолмаяптилар. Франция чемпионатидаги ўйинлар эса бундай юлдуз ўйинчаларни ўз маҳоратларини янада оширишларига имкон бермайди. Бу холат Неймар билан ҳам такрорланиши мумкин. Яъни у Франция биринчилигида хар йили чемпион ва тўпурар бўлавериши мумкин. Аммо жамоа ЕЧЛ каби халқаро турнирларни юта олмаса Неймар минг зўр ўйнамасин унинг довруғи Франциянинг ичида қолиб кетаверади. Ана шу тарафлама Неймар ютқазди.
Бу трансфер ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлар экан баъзи мухлислар Неймарни "ПСЖ"дан трампилин сифатида фойдаланиб келажакда "Реал"га ўтиб кетиши мумкинлигини ҳам тахмин қилдилар. Бўлиши мумкин. Аммо "ПСЖ"нинг бой хўжайинлари Неймардай жавоҳирни келажакда катта маблағни деб кимгадир сотиш учун харид қилмайдилар. Шу учун ҳам Неймар билан узоқ муддатли шартнома қилинаяпти экан. Шундай экан бу тахмин ўзини оқламаслиги эҳтимоли кучли.
Бу трансфердан гарчи катта маблағ сарфлаган бўлса ҳам "ПСЖ" ютди. Катта маблағ сарфини Неймар ўз ўйинлари билан қоплаб бериши мумкин. Яна футболкалар савдоси, турли реклаиа шартномалари, яна билетлардан тушадиган фойдалар бор. Неймар боргандан кейин "ПСЖ"да бу ишлар катта фарқ билан олдинга силжийди.
"Барселона" эса бу трансфердан ютқазди. Йўқ, бир тарафдан ютди. У ҳам бўлса Неймар учун олинган катта маблағларга эга бўлди. Аммо жамоанинг келажаги бўлиши кутилаётган ажойиб бир ўйинчидан айрилди.
Яна бир муҳим жиҳати шу-ки "Барселона"дай супер жамоанинг пул учун ўзининг энг яхши ўйинчиларидан бирини бошқа жамоага бериб юборишининг ўзиёқ жамоа учун икки карра ютқизиш ҳисобланади. Чунки жамоа пулга мухтож эмас эди. Ва яна Неймардай истеъдодли ўйинчи ҳар кун ҳам "Барселона"нинг қўлига тушавермайди. Шу жиҳатдан "Барселона" ютқазди. Ютқазгандаям ёмон ютқазди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий