пятница, 14 апреля 2017 г.

Ўқитувчи ҳақида оғриқли мулоҳазалар

Ўқитувчи..., бу шарафли касбнинг машаққатини, қийинчиликларини фақатгина ўқитувчи бўлиб ишлаган инсонларгина билишади.
Ана шу шарафли касб эгалари бўлмаганда дунёдаги аҳвол нима бўларди ўйлашга ҳам қўрқади одам. Тўғри, ўқитувчиликдан бошқа шарафли касблар кўп, аммо ўша шарафли касбларнинг ҳаммасини ўқитувчи ўқитади, ўқитувчи ўргатади.
Очиғини айтганда ўқитувчисиз ИНСОНИЯТ ҲЕЧ КИМ бўлмай қолади.

Инсоният тарихида ўқитувчилар мудом қадрланган, эъзозланган.
Ҳар қандай жамиятда ўқитувчилар энг хурматли инсонлар бўлишган.
Эсланг, динимиз тарихида ўқитувчиларга кўрсатилган эҳтиромни; Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр жангида асир тушган мушриклар орасидаги ўқиш ва ёзишни биладиган асирларга "кимки мадиналик ўнта болага ўқиш-ёзишни ўргатса асирликдан озод қилинади" деб эълон қилгандилар. Ўшанда бир нечта саводлик асирлар болаларга ўқиш-ёзишни ўргатиб асирликдан озод бўлиб кетганлари тарихдан маълум ва машҳур.
Яна динимизда устозлар киши ўз отасига қилаётгандай ҳурматга сазовор эканликлари ҳам таъкидланган. Ана шу туфайли ҳам боболаримиз замонларида, ундан олдин ҳам ўқитувчи устозларга ўз ўқувчилари томонидан ҳам, уларнинг ота-оналари томонидан ҳам, жамият томонидан ҳам мудом эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилган. Ҳатто Шарқда подшоҳлар ҳам ўз фарзандларига таълим-тарбия бераётган устоз-муаллимлар олдида тавозеъ билан қўл қовуштириб турганлари ҳақида тарих китобларимизда келтирилган. 

Устоз-муаллимларга бўлган юксак эҳтиром кечаги кунгача бизнинг юртимиз рус оккупантлари томонидан босиб олиниб, кейинчалик "СССР" деб аталмиш манфур бир давлат тузилгунча давом этди.
Кейин эса...
Ўзларини "халқчил" кўрсатган манфур коммунистик тузум ижрочилари бир тарафдан аҳолининг умумий саводхонлигини чиқаришни мақсад қилган бўлсалар иккинчи тарафдан эса ўша саводхонлик доимо ўзларининг тузумларига хизмат қилишини хоҳлаганлар ва саводхонликни ўртача даражада бўлишини хоҳлаганлар. Акс ҳолда мактаб ўқувчиларини сентябрдан декабргача пахта майдонларига ҳайдаб қўйиш кимга, нимага керак эди. Мақсад бизга ўхшаган "майда миллатлар"дан олимлар чиқмасин эди. Мабодо кимдир бу йўлда уларнинг "чизган чизиқлари"дан четга чиқиб ўз миллатининг, ўз халқининг онги ошишига сабаб бўладиган миллий тарихини ёки диний қадриятларини ўқитишга, ўргатишга уринар экан ундай миллатпарварларнинг қамаш уёқда турсин бу дунёда яшашига ҳам йўл қўйишмаган.

Бу гапларни нега ёзаяпман, нега эслаяпман? Сабаби Одам Ато даврларидан бери эъзозланиб келинган ўқитувчилар бизнинг минтақаларда(қолаверса Собиқ Иттифоқда ва унинг қўл остида бўлган социалистик лагерга кирувчи давлатларда) мана шу коммунистларнинг режими туфайли жамиятдаги хароб бир одамларга айландилар.

Мана шу ерда муаллифни ўта муболаға қилишда айбламанг.
Бир пайтлар қаршисида подшоҳлар қўл қовуштириб турган ўқитувчиларнинг Собиқ Иттифоқ даврида зиғирчаям обрўлари қолмади.  Аҳвол шу даражага бордики ҳатто катта бир мактабнинг директорини колхознинг оддий бир бригадири келиб болаларнинг олдида болаларни пахта чопиғига ёки яганалашга олиб чиқмагани учун сўкиб ҳақорат қилиб кетадиган даражага борди. Энди пахта терими мавсумини қўяверинг, сентябрда оёғи мактабдан узилган ўқитувчилар буёғи декабрь ойигача, ерда қор қалин ёққунча пахта далаларида ўз ўқувчилари билан юраверган. Далада пахта тугаб кетган бўлса-да, пахта режаси бажарилмаяптими ўқитувчи ва ўқувчиларга уйга, мактабга қайтишга рухсат бўлмаган. Ҳа, бу гаплар муболаға эмас, айни ҳақиқатдир. Хўш, энди англаб етаяпсизми нега ўша мустабид тузум "ўқитувчиларни хор қилди, хароб қилди" деганимни.

Ўша даврларда мамлакатнинг қайерида нима етиштирилса ўқитувчи ва ўқувчилар ўша нарсанинг ишларига жалб қилинаверилган. Россияда картошка теришган, Грузияда чой плантацияларига олиб чиқилган, Украинада лавлаги ковлашган, Ўзбекистонда эса пахта даласида ишлашган. Россия ва Украинадагидан фарқли равишда бизнинг ўқитувчилар эрта баҳордан йилнинг охиригача далада юришган. Сабаби Украинада лавлагининг, Россияда картошканинг ошиқча иши бўлмаган. Шу туфайли уёқларда ўқитувчилар фақат кузда бир марта ҳосилни ковлаб олиш учун чиқишган. Бизда эса пахтанинг чопиқ, яганалаш, териш каби ишлари кўп бўлган. Шу туфайли ҳам бизнинг ўқитувчиларимиз бошқа жойларнинг ўқитувчиларига қараганда дала ишларида кўпроқ бўлишган.

Ниҳоят мустабид тузум қулаб биз Истиқлолга эришдик ва ўша тузумдан қолган кўп нарсаларни йўқлик қаърига улоқтирдик. Аммо минг афсуски мустабид тузум даврида хор бўлган ўқитувчиларни шаънини, обрўсини, ҳурматини кўтаришга уринмадик.
Айрим жойларда ўқитувчиларнинг ханузгача турли ишларга "ҳашар"га олиб чиқилаётгани ёки мактабларга ўша мустабид тузумдан қолган сарқит бир иш металлом ва макалатура режалари берилаётгани ғоят ачинарли ҳолатдир.

Шу ўринда эслашни хоҳладим; Январь ойи, қор ёғиб ҳаммаёқ музлаб ётибди. Ана шундай кунларнинг бирида учинчи синфда ўқийдиган тўққиз ёш(!)ли ўғлим "дада ўқитувчим металлом олиб келишни буюрдилар" деб қолди. Мактабга бориб ўзимча ўқитувчи билан "разбор" қилмоқчи бўлдим. Директор отпускада экан. Муовини эса йиғламсираб "ака бизни ҳам тўғри тушунинг, режа берилган, бажармасак сўкиш эшитамиз" деди. Уни олдидан чиқиб туман ХТБ га бордим. Бошлиқ ва ўринбосар йўқ. Ўзини "кадрлар бўлимининг бошлиғи" деб таништирган ходимга нега келганимни айтсам у "ака бу ишлар бизга ҳокимият томонидан буюрилган, мархамат саволларингиз бўлса ҳокимиятга боринг" деди қўйди. Мен ҳокимиятга бормадим. Очиғи тан оламан ҳокимиятга боришга "дух"им етмади. Чунки бу ишлар тахминимча туман ҳокимиятининг ўзидан чиқмайди, тепадан буюрилади.

Мени энг ҳайрон қолганим темир-терсак қимматлаб кетган ҳозирги кунлигимизда 9 ёшли бола темир-терсакни қайердан топиб олиб боради? Ёки қишнинг совуғида, қор ва музнинг остидан занглаган темир бўлакларини қайердан қидиради? Наҳотки ўқитувчисининг гарданига темир-терсак режасини илаётганлар шуни ўйлашмаса?! Наҳотки ўша ўқитувчининг ўзи ҳам 9 ёшли болага темир-терсак опкелишни буюриб бундан виждони қийналмаса?!

Бу ҳақда ўзини туман ХТБ нинг "кадрлар бўлмининг бошлиғи" деб таништирган ходимга савол берсам, "Металлом ва макалатурани мактаблар навбати билан топширадилар. Сизларнинг мактабларинг январь ойида топшириши керак. Ва мактаб директори бу ҳақда ўқув йилининг бошида, сентябрда хабардор қилинган. Агар тадбирли директор бўлганда кунлар совумасдан металломню ва макалатурани йиғдириб қўйярди ва ҳозир навбати келганда топшираверар эди. Демак мактабингизнинг директори сусткашликка йўл қўйган" деди.

Ўша воқеалардан кейин ўқитувчиларга бўлган ҳурматим камаймади, аммо ўқитувчиларнинг зиммасига тушадиган бунақа юмушларга уларнинг ўзлари ҳам қисман сабабчи деган фикрга келдим.
Чунки, биринчи навбатда таълим муассасалари, уларнинг ҳудудий бўлимлари, вилоят бошқармалари маҳаллий ҳокимиятларга эмас, балки Халқ Таълими Вазирлигига бўйсиниши керак ва уларнинг зиммаларига турли ташкилотлар қандайдир вазифалар юкламаслиги керак.
Ҳозир расман шундай, аммо амалда ҳаммаси бошқача бўлаяпти.
Иккинчидан эса ўша мактаб директори бўладими ёки 9 ёшли болага темир-терсак келтиришни буюраётган ўқитувчи бўладими кимлардир томонидан бериладиган бундай буйруқларни, режаларни бажаришдан бош тортиш керак вассалом.
Айтишга осон деб ўйлашингиз мумкин. Ўқитувчиларга қийин, аммо бунақа режалардан бош торта олмаётганларига ҳам ўзлари айбдор. Оддий ўқитувчи ишидан айрилиб қолишдан қўрқса (ишдан айрилишса очдан ўламан деб ўйлашса керак-да), мактаб директорларининг хом ишлари бор. Яъни аксарият мактабларда иккита-учта турли лавозимларда "ишлаяпти" деб кимларнидир номи кўрсатилиб қўйилади-да буёқда ўша лавозимларга чиқиб келаётган маъош кимлар биландир баҳам кўрилади. Анави фамилияси "ишлаяпти" деб тиркаб қўйилган одамларга эса пулнинг, маъошнинг кераги йўқ. Уларга меҳнат стажи ўтаверса бўлди.
Тўғри, бу масалада қўлимда фактим йўқ. Аммо, ишонинг ҳар қандай мактабда текширув ўтказилса битта-иккита ана шунақа ўғримча штатлар чиқади.

Демак, бундан хулоса чиқадики мактаблардаги баъзи қинғир ишлар туфайли ҳам мактаб директорининг, туман ХТБ раҳбарларининг юқори ташкилотлардан тиллари қисиқ ва шу туфайли ҳам тепадан келадиган ва ўқитувчиликка умуман дахли бўлмаган макалатура ва металлом каби режаларни ғинг демай бажаришга уринадилар. Акс ҳолда ўзингиз ўйланг, мактабда ўқитувчилик қилиши лозим бўлган ўқитувчилар макалатура ва металлом йиғиш билан шуғулланармидилар? Масалан, мен ўқитувчи бўлганимда аризамни ёзиб ишдан кетсам кетардим, аммо ўлсам ҳам шу ишни қилмасдим.

Ўқитувчиларни ўз обрўларини ўзлари тўкаётганларини ёзар эканман энг муҳимини энди ёзаман.
Ўша металлом ва макалатура олиб келмаган 9-10 ёшли болаларни синфдошлари олдида танбеҳ бериб уришишлари, уялтиришлари бу ўтакетган ноинсофликдир, виждонсизликдир. (Мактабларда шундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқда) Агар ўша мурғак болалар дарсни ўз вақтида тайёлашмаса ёки дарс пайтида тўполон қилишса уларни уришишса, танбеҳ беришса тўғри дейман. Аммо, мактабга ҳам, таълимга ҳам алоқаси бўлмаган ишлар бўлмиш макалатура ва металлом олиб келишда сусткашликка йўл қўйдинг деб уришиб, танбеҳ бериш бу ўтакетган виждонсизликдир. Мурғак болаларни металлом ёки макалатура деб кўнглини ўкситгандан кўра,  мард бўлиб ишдан бўшаш ҳақида аризани ёзиб, мактаб директорининг ёки туман ХТБ рахбарининг юзига отиб кетган яхши. 

Шу гапларни ёзар эканман менинг ўқитувчи устозларга бўлган муносабатим ўзгармаганини ва ҳамон уларни қаттиқ ҳурмат қилишимни таъкидлаб қўймоқчиман.
Умуман олганда янги сайланган Президентимиз бошчиликларида мамлакатимизда турли соҳаларда катта-катта ислохотлар ўтказилаяпти. Умид қиламиз яқин вақтларда ўқитувчиларни ҳам қандайдир ҳашарларга тортиш, уларга металлом ва макалатура йиғдириш каби ишлар бархам топади. Зеро ўқитувчи ўз ишини бажариши керак. Чунки юрт келажаги ана шу ўқитувчилар тайёрлаётган ўқувсиларнинг қўлида. Бизнинг келажагимиз шуларнинг қўлида.

14.04.2017.

Комментариев нет:

Отправить комментарий