Ёшлигимда кўп нарсани тушунмаганим рост. Аммо, улғайиб ҳам ҳанузгача кўп нарсани тушунмайман. Ана шу тушунмаган нарсаларимдан бири қайерлардадир бозорларда, кимлардир томонидан нимадир маҳсулотларга мажбурий нарх қўйилишидир. Масалан: "Гўштни фалон нархдан тепасида сотмайсан" ёки "картошкани фалон нархда сотасан" дегандай. Очиғи бундай ишлар аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун қандай фойдали эффект беришини билмайман. Билганим шуки қандайдир бир маҳсулот камлиги ёки тақчиллашгани учун нархи ошади ва ўша маҳсулотни кўпайтириш ўрнига унинг нархини чеклаб ўтириш ҳеч кимга ҳеч қандай фойда бермайди.
Масалан, ўша картошкани олайлик. Нархлар чеклангани учун растага энг сифати пасти тўкиб қўйилади-да, буёқдан "подприлавка" қилиб сифати яхшироғи қиммат нархда сотилаверилади. Сўрашингиз мумкин, "нега бозор маъмурлари, паттачилари шу ҳолатни олдини олишмайди ва арзон нархда сотилиши керак бўлган маҳсулотнинг раста остидан бекитикча қиммат нархда сотилаётганига бефарқ бўлишади?" деб.
Бунинг ҳам ўз сабаблари бор.
Биринчидан: Бозор ходимлари ва паттачилари саноқли бўлишади ва улар ҳар бир сотувчини назорат қила олишмайди.
Иккинчидан: Улар юқоридан берилган "фалон нарсани арзонлаштириб сотишни ташкиллаштиринглар ва назорат қилинглар" деган буйруқни бажариб қўйишибди. Расталарга сифати паст бўлса ҳам арзон картошкани тўкдириб қўйишибди.(Сифатига бозор ходимлари жавобгар эмас. Ҳар ким хоҳлаган нарсасини бозорга келтириб сотиши мумкин. Ветеренария талабларига жавоб берса бўлди)
Учинчидан: Бозор ходимлари картошканинг таги йўқлигини, шу сабабли деҳқоннинг уйидан бориб олинса ҳам ёки улгуржи деҳқон бозорларидан келтирилса ҳам қиммат нархда олинишини ва ўзи шундоқ ҳам сабзавот сотиб зўрға тирикчилигини ўтказаётган инсонлар қиммат нархда олинган картошкани бозор маъмурияти ёки шаҳар ҳокимлиги минг буйруқ бермасин ҳеч қачон ўз таннархидан арзонига сотмаслигини, сота олмаслигини яхши билишади. Шу туфайли ҳам "нархни арзонлаштириб соттиринглар" деган буйруқни бажаришни қаттиқ ушлаб олишмайди ва раста остидан сифатли маҳсулотни нархига етказиб сотаётган сотувчиларга кўпинча индаб ўтиришмайди.
Юқоридан "картошкани арзонлаштирилган нархда соттиринглар" деб берилган буйруққа(!)(тавсия эмас, буйруқ) ўзлари билган йўллар билан амал қилишади ва бориб сотувчиларга растага сифати пастроқ бўлса ҳам арзон маҳсулотни тўкиб қўйишни сўрашади.
Йўқ, баъзида тепадан бериладиган буйруқ қаттиқроқ ва қаттийроқ бўлганда бозор ходимлари сотувчиларга ҳатто "подприлавка" ҳолатда сифатли махсулотни қиммат нархда сотишни тақиқлаб қўйишади. Ана ўшанда бозорларда сифатли маҳсулот батамом узилади. Бундай ҳолатни шахсан ўзим бир неча марта гувоҳи бўлганман. "Яхшироғи йўқми" деб берган саволимга сотувчилар "Яхшироғини олиб келмаяпмиз. Яхшиси бироз қиммат. Паттачилар қимматини соттиргани қўймаяпти" деб жавоб беришган.
Бозордан бошқа жойларда, масалан; Супер-Гипер маркетларда, бошқа савдо дўконларида картошка қиммат нархда сифатлиси сотилаверади. Улар бозор қоидалари бўйича ишлайдилар ва юқорининг "нархларни арзонлаштириш" ҳақидаги буйруқлари уларга дахл қилмайди.
Яна бир маҳсулот гўшт савдосида ҳам юқоридагидай ҳолат кузатилади.
Чорва молларининг асосий озуқаси бўлган ем-хашакни нархи йилдан йил ошиб бораверади. Уни чорвадорларга арзонроқ етказиб бериш чоралари кўрилмайди-ю ҳамма жойда фақат гўштни нархини тушириш, арзонлатиш буйруғи берилаверади.
Бу масаланинг мени хайрон қолдирадиган бир жиҳати эди.
Яна бир хайрон қолдирадиган жиҳати эса бу қандайдир маҳсулотларнинг нархларини сунъий равишда арзонлаштириб бу орқали ўзи шундоқ ҳам шаҳар аҳолисига қараганда аҳволи ночор қолаётган қишлоқ ахолиси бўлмиш деҳқонларни, чорвадорларни аҳволини янада ёмонлашувига йўл очишдир.
Хозирги кунда тв ва ОАВ минг "қишлоқ аҳолисининг ҳаёти фаровон бўлиб бормоқда" деб баланпарвоз гаплар билан қишлоқда яшаётганларнинг турмушини мақтамасин барибир қишлоқдаги шароитлар шаҳардаги шароитдан анча орқада қолиб кетаяпти. Шу ўринда "шаҳар барибир шаҳар, қишлоқ барибир қишлоқ-да" деб оғзимга уришга уринманг. Ман шаҳар ва қишлоқлардаги инфратузилмани эмас, балки улар ўртасидаги яшаш шароитларни назарда тутиб қишлоқ шароитини ночорроқ деяпман. Текис, равон йўллар, кўп қаватли иморатлар, метро, театр ва ҳоказо нарсалар майли шаҳарга ярашади. Аммо свет, газ, тоза ичимлик суви кабилар шаҳарда исроф қилиш даражасида бўлса, қишлоқ жойларида ноёб топилмас нарсаларга айланиб бўлган. Мен ана шуларни назарда тутдим.
Шу туфайли ҳам ҳозирги кунимизда қишлоқ жойларидаги ўзига тўқ кишилар ҳам шаҳар жойларидаги оддий хонадонларда бор бўлган шароитни ўзига қилиб ололмайди. Чироқ топса газ йўқ, газ топса тоза ичимлик суви муаммо....
Картошкани ёки бошқа маҳсулотни нархини суъний туширишга уринаётганлар кундалик турмушда шаҳарликлардан анчагина ортда қолаётган қишлоқ аҳолисининг шароитини янада баттарроқ бўлишига сабаб бўлаяптилар.
Агар қандайдир махсулотни нархини арзонлаштириш керак бўлса охирги чора сифатида картошка сотувчисига ёки қассобга бориб "махсулотингни нархини арзонлаштир" деб буйруқ бергунча ўша қимматлашиб кетаётган маҳсулотнинг нега қимматлаб кетаётганини сабабларини топиб, уларни бартараф этишда чорвадорлар ва дехқонларга амалий ёрдам берилса, мана шу йўл билан маҳсулотнинг таннархини арзонлашувига эришилса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?
Икки-уч йилдан бери гўштни нархи 35-45 минг атрофида тебраниб турибди. Аммо ишонинг гўштни нархи бундан тепага ошмагани билан ем-хашак ва омухта емларнинг нархи икки-уч баробар(!) ошиб кетди. Аммо гўштни нархи ошишидан хавотирга тушадиган биронта мард чиқиб ана шу ун ва ёғ комбинатлари чиқариб берадиган омухта ем ва кунжараларнинг нархини нега тўхтовсиз ошиб кетаётгани билан қизиқмайди ва омухта ем ва кунжара нархининг ошиши гўшт нархининг ошишига сабаб бўлаётганини айтиб уларннинг нархини туширишга уринмайди.
Топиб олгани "гўштни нархини тушир" деб қассобларга босим ўтказиш. Қани ўша омухта ем ва кунжара чиқарадиган заводларга бориб уларни ҳам нархни туширишга мажбурлашса, у ердаги коррупцияни тугатишса. Йўқ, буларни топиб олгани "гўштни нархини тушир"
Ёки картошка етиштирувчиларга кимёвий дорилар томониданми ёки минерал ўғитлар томониданми ҳеч қандай амалий ёрдам қилинмайди. Топиб олганлари эса "нега картошканинг нархи ошиб кетаяпти" деган савол бўлади холос. Кимёвий дориларни қиммат нархларга олган, ғалла ва пахта учун бериладиган селитрани ўғринча қайерлардандир минг ҳадикда қиммат нархда топиб келган, ер хаққи, сув хаққини тўлаётган ва камига кунига фалон пулдан бериб одам ёллаб ишлатаётган картошка етиштирувчи дехқон ўз маҳсулотини таннархидан хам арзонга сотиб уйи куйсинми? Ахир бу дехқоннинг хам орзу-истаклари бор. Уйлантирадиган ўғли, узатадиган қизи бор. У ҳам яхши таъмирлиниб жиҳозланган уйда яшашни хохлайди. Шундай экан унга қарата "маҳсулотингни арзонлаштир" дейиш бу ўтакетган ноинсофлик эмасми? Картошкани нархини тушир дейишдан олдин уни шароитини қандайлигини ва уни ҳам бошқалардай одамга ўхшаб яшашга хаққи борлигини бир ўйлаб кўрайлик.
Шу жумладан чорвадорларни ҳам.
Р.С. Савол беришингиз мумкин "назорат қилса бозордаги нархни назорат қилаяпти, дехқонни уйидаги махсулотнинг нархини эмас" деб. Бозорда нархлар сунъий равишда туширилгандан кейин бу иш занжирдай бўлиб бориб охир-оқибат деҳқоннинг уйидаги маҳсулот нархининг ҳам арзонлашувига сабаб бўлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий