Ғалати одам... Қачонлардир шу номдаги китоб ўқигандимми? Ёки шу номдаги фильм кўрганманми эсимда йўқ. Аммо жамиятга қўшилиб кета олмайдиган ёки одамларга урф бўлиб кетган одатлар билан чиқиша олмайдиган ғалати одамлар ҳақида ўқиганим ёки фильмда кўрганим бор гап.
Мен ҳам аслида мана шундай ғалати одамман. Ажабланаяпсизми? Тўғри гап-сўзларимдан, юриш-туришимдан ғалати одамга ўхшамайман. Аммо, ишонинг мен роль ўйнаяпман. Ҳа, ҳа. Ўзимга ёқмайдиган одам ролини ўйнаб юрибман. Нафақат ўйнаб юрибман. Балки эсимни таниганимдан бери ўйнаб келаяпман.
Тўғри, бу масалада бутун бошли ҳаётим ролдан иборат эмаслигини сиз ҳам сезиб, мен ҳам билиб турибман. Чунки самимий инсонларни кўрсам, хоҳ у ёши катта бўлсин, хоҳ ёши кичик бўлсин мен уларнинг олдида роль ўйнамайман. Гримдан чиқаман ва ўшанда менинг аслим бироз хираров бўлса-да кўринади. Ва ўша самимий инсонлар олдида самимий бўлишга уринаман. Эътибор беринг, "самимий бўламан" демаяпман. Балки "самимий бўлишга уринаман" деяпман. Тўғри-да, доим роль ўйнаб юрган одамнинг ўз ролидан бироз чекиниши, ўз гримини артиб асл ҳолига қайтиши жудаям оғир ахир.
Менинг танам одамлар орасида доимий мулоқотда бўлгани билан қалбан ёлғизлигимни доим ҳис этиб тураман.
Менга одамларнинг аксарият ишлари тушунарсиз. Ҳа тушунарсиз. Айниқса одамларнинг хоҳ кўпчилик билан қиладиган, хоҳ ўзлари қиладиган ишларни "одамлар нима деркин?" деб ўйлаб, ўз ишларини ўзларининг соғлиқларига ёки чўнтакларига ёки охиратларига манфаат берадиган тарзда бажармай, аксинча ўзларининг соғлиқларига, чўнтакларига, охиратларига зарар-зиён етказадиган қилиб бажаришларини мен ҳеч ҳам ҳазм қила олмайман. Шунда ўйлайман. Ҳақиқий ғалати одам ким? Ён-атрофидагиларнинг гап-сўзлари ва берадиган баҳолари учун ўзини жонини, молини, охиратдаги тақдирини гаровга қўяётган аксар одамлар ғалатими ёки минг ўйлаб ҳам нега уларнинг бундай қилишларини тушуна олмай гаранг бўлиб юрган мен ғалатиманми?
Очиғи, тушунмайман. Уларга ҳам, уларга қўшилиб кета олмаган ўзимга ҳам.
Агар мендан "нима хоҳлайсан ўзи?" деб сўрасангиз бунга жавобларим кўп. Шуларни ичидан энг биринчи жавобим "Ер юзидаги одамлардан биринчи навбатда салбий иллатларнинг барчаси кўтарилса. Ер юзида ёмонлик қолмаса" дейман. Ахир бизларни бошқараётган ўша салбий иллатлар эмасми? Бизни бир сонияга ҳам тек қўймай, эзгуликларни ўйлашга улгурмасимиздан қалбимизга турли маразларни сочаётган ўша салбий иллатлар эмасми?
Албатта юқоридаги гапларни ўқийдиганлар муаллиф ўзини оппоқ кўрсатишга уринибди деб ўйлашлари ҳам мумкин. Йўқ, асло ундай эмас. Мен ҳам катта бир қозонда соғлигимга, чўнтагимга, охиратимга зарар бўлса-да кўп нима иш қилса ўшани қилиб "қайнаб" юрибман. Аммо, бошқаларни билмадиму менинг қалбим ўз танамни ахмоқона, ҳа ахмоқона ҳатти-ҳаракатларидан асло рози эмас. Шу учун ҳам кўпинча, кўпнинг орасида башарам тиржайиб тургани билан қалбим ич-ичидан йиғлаётган бўлади. Шундай ҳолатларда руҳиятим ўзимга азоб беради.
Энди тушунаяпсизми нега ёлғизликни кўпроқ хоҳлашимни ва нега ғалати одам эканимни?
Ҳа, мен шундайман. Ғалати одамман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий