Ота!
Эътибор бераяпсизми охирги пайтларда бизда кўп нарса ўзгариб кетди. Одоб-ахлоқ дейсизми, меҳр-оқибат дейсизми, қўни-қўшни ва қариндош-уруғларга бўлган муомала ва муносабат дейсизми, ҳамма-ҳаммаси ўзгарди. Минг афсуслар бўлсинки бу ўзгаришлар яхши тарафга эмас, балки салбий тарафга ўзгарди. Ана шу ўзгаришлар ҳатто бизни энг яқин инсонларимиз бўлган ака-ука, опа-сингил ва ота-оналаримизга нисбатан ҳам бўлди. Бу эса ниҳоятда ачинарли ҳолатдир.
Ҳозир ўша ўзгаришлар нега содир бўлди, сабаби нима деб сизни бошингизни оғритмоқчи эмасман. Чунки сабабини мен тушунтирмасам ҳам кўпчилигингиз оиладаги тарбияни бўшашиб, сусайиб кетганлиги туфайли эканини тушуниб турибсиз.
Мен қўйида эътиборингизни қаратмоқчи бўлганим бу оталарга бўлган муносабат ҳақидадир.
Азалдан бизда ҳар бир оилада,хонадонда ота энг ҳурматга сазовор инсон бўлиб келган. Фарзандлар томонидан отага гап қайтариш, отани ҳурматини жойига қўймаслик, отани норизо қилиш, ота билан уришиш, унга оқ бўлиш каби ишлар одамлар томонидан қаттиқ қораланган ва ундай фарзандларни жамият қабул қила олмаган ва ундайлар халқни орасида бош кўтариб юра олмаган.
Яна иймон-эътиқодли бўлган халқимиз диний илмлардан яхшигина хабардор бўлган ва Қуръонда такрор-такрор келган "Ота-онангизга доимо яхшиликда бўлинг" деган, ёки "Ота-онангиздан бирлари хизмат буюрганда асло "уфф" деманг оятларини, ёки ота-оналар ҳақида айтилган ҳадисларни яхши билган ва уларга амал қилиб яшаган. Юқорида ёзганим, отага терс муносабатда бўлишни оғир гуноҳ эканини билишган. Ва ана шу гуноҳдан доим сақланишга ҳаракат қилишган. Оталарни ҳурматларини доим сақлашган. Ёш болалигимизда катталардан тарбия ўлароқ эшитганимиз "Ота ўйда ўтирган бўлса, томига чиқилмайди" деган гапни ўзиёқ ўша даврларда оталарнинг ҳурмати нечоғлик улуғ бўлганини билдиради.
Ҳа, яқин-яқинларгача оталарга бўлган муносабат мана шундай эди. Аммо, энди аҳвол ўзгарди. Энди оилада тарбия сусайиб кетавериши натижасида, юқорида ёзганим қариндош-уруғ, қўни-қўшниларга нисбатан муносабат салбий тарафга ўзгариб бораётгани асносида, фарзандларнинг ота-онага нисбатан ҳам муомала ва муносабати кундан-кун ёмон тарафга ўзгариб бормоқда. Бу ёмон муносабат айниқса оталарга нисбатан тезроқ ва кўпроқ ўзгармоқда. Чунки қиз бўлсин, ўғил бўлсин кўпинча оилада онани бағрида бўлади. Ота эса аксарият ҳолларда тирикчилик важидан кўчада бўлади. Ана шундай ҳолатда баъзи фарзандлар оналарини яхши кўрган ҳолда ўз оталарини ёмон кўриб, ёки арзимаган нарсада оталарини айблаб оталарини беҳурмат қилмоқдалар. Бу эса ёмон ҳодисадир.
Қўйида ёзмоқчи бўлган воқеам оила фарзандлар томонидан оталарнинг ҳурмат қилинмай қўйилиши ҳақида эмас, балки унга дахлдор муаммолар ва фарзандларнинг ўз
оталарига қанчалик зулм қилаётганлари, ёки оталарига осий бўлиб гуноҳга ботаётганлари ҳақидадир.
Бир синфдош ўртоғимни онаси оғир касалликдан кейин вафот этди. Отаси 60 ёшида ёлғиз қолди. Бироздан сўнг маҳалладаги ёши каттароқ кишилар синфдош ўртоғимга отасини уйлаб қўйиш лозимлигини, чунки бу ёшда ва бундан кейин эркак киши ёлғиз ўзи ўзини эплай олмаслиги, унга албатта аёл парвариши кераклиги ва буни қизлар ва келинлар ҳеч қачон эплай олмасликларини тушунтиришди. Орадан бироз ўтиб синфдош ўртоғим отасини ҳалиям уйлантирмаганини эшитдим. Сабаби билан қизиққанимда синфдош ўртоғим отасига ёши катталиги, ёки туғма бепуштлиги туфайли бошқа туға олмайдиган аёл қидириб топа олмаётгани туфайли бу иш ортга сурилаётгани маълум бўлди. Орадан яна бироз вақт ўтди ва музофотимиздан роса қидирганларига қарамасдан синфдош ўртоғимни отасига "туғмас хотин" топилмади. Сабаби кўпчилик фарзандлар бева қолган ўз оталарига ана шундай "туғмас хотин" қидиришлари туфайли, бундай хотинлар йўқ, ҳаммаси "эгалик" бўлиб кетган. Аммо бир, иккита боласи билан турли сабабларга кўра ёлғиз қолган, ўрта ёш ва синфдош ўртоғимни отасидай ёши 60, ёки ундан катта ёшдаги одам бўлса ҳам тегишга рози бўлган аёллар кўп. Чунки баъзисини турар жойи бор, баъзисиники йўқ. Ва уй-жойи йўқлари ота уйига қайтиб бориб ака-укаларининг, янга ёки келинларининг қош-қовоғидан тўйиб яшаётган боши очиқ аёллар эҳҳе қанча. Аммо бева қолган оталарнинг фарзандларига фақат ва фақат туғмайдиган, аниқроғи туға олмайдиган аёл керак. Туғадигани эса керак эмас.
Туға олмайдиган бева аёлни роса қидириб топа олмаган синфдош ўртоғим отасини ўрта ёш туға оладиган, аммо фарзанди йўқ бир аёлга уйлантирди. Орадан йил ўтиб у аёл фарзандли бўлди. Фарзандли бўлганда ҳам ўғил фарзанд кўрди. Энди ўртоғимни ҳам, уни турмушга чиқиб кетган опа-сингилларини ҳам пайтавасига қурт тушди. Ўзи ўртоғим якка ўғил эди. Уй-жой ҳаммаси отасини томонидан тикланган ва унда бу масалада ошиқча ташвиш йўқ. Лекин, мана энди синфдош ўртоғим укалик бўлди ва унинг "ҳақиқий ташвиш"и энди бошланди. Чунки энди келажакда укаси билан уйни бўлишиши керак бўлади. Аёл ёш, отасини эса "бели бақувват" экан, агар ўгай онаси яна битта ўғил туғиб берса, кейин уй-жойни бўлишишдан умид қилмаса ҳам бўлади. Шундоқ ташлаб чиқиб кетиши керак. Мана шуларни ўйлаб ўртоғимни "пайтавасига қурт тушгани" аниқ. Ўртада нима бўлди, нима гап-сўзлар ўтди билмайман-у, аммо бироз вақт ўтиб синфдош ўртоғим ўша ўгай онасини қўлидаги норасида гўдак боласи билан ҳайдаб юборди. Ўшангаям мана икки йил бўлаяпти. Ота эса ҳануз ёлғиз. Фарзандлар эса яна "туғмас хотин" қидириб юришибди. Албатта ўгай онани фарзанди билан қувиб юборилишида синфдош ўртоғимни опа-сингилларини ва хотинини ҳам "роли" катта бўлди.
Мен бу воқеани нега келтираяпман? Сабаби мен юқорида синфдош ўртоғим ва унинг отаси, ёки ўгай онаси билан боғлиқ битта воқеани ёздим. Аммо бу воқеа юртимизни турли бурчакларида хотинидан эрта айрилган оталарни айримларини айтмаганда, аксарияти билан содир бўлаяпти ва уларни бошига тушаяпти. Бундай ишлар кеча бошланмади. Эсимни таниганимдан бери, 90-йиллардан бошлаб аҳвол шундай.
Бу воқеа маҳалламда мен танийдиган одамлар билан содир бўлган бўлса, ишим юзасидан юртимизни кўплаб жойларида юраман ва бошқа жойларда ҳам аҳвол шундай. Ҳа айнан шундай. Кейин маҳалламда ҳам бу воқеа эҳҳе нечта ёлғиз қолган оталарни бошига тушди.
Она вафотидан кейин ота сўққабош бўлиб қолади. Ана ундан кейин фарзандлар ўз оталарини уйлантириб қўйиш учун туға олмайдиган аёлни қидиришади. Ундай аёл ҳа деганда топилавермайди. Кейин эса ўша фарзандлар ё сўққабош оталарини умуман уйлантирмайдилар, ёки уйлантирсалар ҳам аёл туғиб фарзандли бўлгандан кейин юқоридагидай ҳолатга тушади ва охири "оталарига меҳрибон фарзандлар" томонидан қувиб юборилади. Ўша "меҳрибон фарзандлар" оталари у аёлни талоғини берадими, ёки йўқми ишлари ҳам бўлмайди. Қувиб юбореверишади, вассалом.
Ҳатто эшитиб қоламан, отасига "туғмас хотин" қидиришда чаққон бўлган "меҳрибон қизлар", ундай туға олмайдиган аёлни топа олмаганларидан кейин, оталарини туғишга имкони бор бўлган аёлга уйлантиришга мажбур бўлганларида, уйлантириш пайтида ҳатто ўша аёлга "оталари билан қўшилганда ҳомиладор бўлмаслик чораларини кўриш" шартини қўяётганлари бор экан. Буни эшитиб "астағфируллоҳ, шу даражага келиб қолдикми?" деб юборган пайтларим ҳам бўлди.
Буларнинг ҳаммаси отанинг мол-давлати ёки мулки учун қилинаётган ишлардир.
Бунда ўғил фарзандлар мол-дунё, ёки мулк учун юқоридагидай қабиҳ ишларни қилиб, оталарига азоб берсалар, қизлар эса "онамизни ўрнига ҳеч ким келмайди" деб шу тарафдан оталарига азоб бермоқдалар.
Агар диний тарафлама, ёки инсоф ва виждон тарафидан олсангиз ота ва бола ўртасида талаш бўлаётган уй-жой ва бошқа мулклар аслида отанинг мулкидир.
Шундай экан, отанинг мулкини ўзлаштириш йўлида фарзандларнинг бундай қабиҳ ишларни қилиб, отага туғмас хотин қидиришлари, ёки ота қайта уйланиб фарзандли бўлгач ўз укаларини, ёки сингилларини онасига қўшиб ҳайдаб юборишлари бу жирканч ишдир. Чунки банда бандани ризқини бермайди. Ҳар бир қимирлаган тирик жон борки, ҳаммасини ризқини Раззоқ Зот бўлмиш Аллоҳ беради. Шундай экан, фарзандларни ўз оталарига бундай муомала қилишлари бу отага осий бўлиш билан баробардир.
Отанинг фарзандлар устидаги ролидан гап кетар экан, шу ерда Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламни оталар ҳақида айтган машҳур бир ҳадисларини келтираман:
"Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: "Бир киши "Эй Росулуллоҳ, менинг мол-мулким ва отам бор. Отам молимга зарар бермоқчи (пулларимни ишлатиб юбормоқчи)", деб шикоят қилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен ҳам, молинг ҳам отангникисизлар", дедилар. Ибн Можжа (2291), Ибн Ҳиббон (2/142) ривоят қилган. Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад эса (6902) худди шу маънодаги ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган. "
Мана шу ҳадисдан тушунамизки, ота то вафотига қадар фарзандларини устидан хўжайиндир ва у фарзандлари устидан ҳоҳлаган ишини қилиш ҳуқуқига эгадир. Ҳоҳласа ўғилларини мол-мулкидан фойдаланади, ҳоҳламаса фойдаланмайди. Аммо энг муҳими ҳоҳиш-истак фарзандда эмас, балки отададир. У ҳоҳласа ҳоҳлаганини қилади. Аммо фарзандлар отани устида ҳоҳласа ҳам ҳоҳлаганини қилишга ҳаққи йўқ.
Бу ерда фарзандлар дейилганда асосан ўғил фарзандларни назарда тутаяпман. Чунки қиз фарзандлар турмушга чиққанидан кейин "чиққан қиз чиғириқдан ташқари" ҳисобланади ва уни тепасидан хўжайинлик отани эмас, эрни ҳаққи бўлади.
Аммо не ажабки ҳозирги кунда юқоридагидай ҳолатларда "чиғириқдан ташқаридаги" бировни хасми бўлган қизлар ўз оталарини ҳаётига аралашиб, уни ҳоҳиш истаги билан ҳисоблашмай, ҳатто оналари вафот этгандан кейин ёлғиз қолган оталарига хўжайинлик қилмоқдалар. Уни ҳаётини изга солиш, уни ёлғиз юришига йўл қўймай уйлантириб қўйиш ўрнига, "онамизни ўрнига ҳеч ким келмайди, бунга рухсат бермаймиз" деб кунора оталари билан жанжал қилмоқдалар. Аслида уларнинг аксариятини "онасининг ўрнига келадиган аёл" эмас, балки оталаридан қоладиган мерос кўпроқ қизиқтирмоқда. Мана шу туфайли ҳам меъросга "шерик"ларни кўпайтирмаслик мақсадида улар оталарини яна такрор уйланишига қарши чиқмоқдалар. Оталарини уйланишига зўрға рози бўлганлари эса ўзлари бош бўлиб "туғмас хотин" қидирмоқдалар. Мабодо туғмас хотинни қидириб топа олмасалар, туғадиганларини баъзиларини қўрқитиб, баъзиларига қасам ичтириб ҳомиладор бўлмасликларига мажбурламоқдалар. Мабодо ўша аёл ичган қасамини бузса, ёки буларни қўрқитганларини писанд қилмай оила қурганидан кейин оталаридан ҳомиладор бўлса, оталари талоғини бермаган аёлни баъзида ҳомиладор ҳолатда, баъзида эса туққанидан кейин ҳатто оталари минг Худони зорини қилиб, ялиниб ёлвормасин қувиб юбормоқдалар. Ёки ўша "ўгай она"ларини фарзанди билан қувиб юборишда оталарига кучлари етмаса ўз оталари билан борди-келдини узиб юзкўрмас бўлиб кетмоқдалар.
Бўлаётган бу ишларни кўриб "Отанг уйда ўтирган бўлса томига чиқма" деган гаплар ва у ҳикматли гапларнинг амали ўша бувамни замонларида қолиб кетганлигига амин бўламан.
Отасига мана шундай ёмон муносабатда бўлганларнинг ва бўлаётганларнинг аксариятини, ҳоҳ қиз бўлсин, ҳоҳ ўғил, ҳаётда бири икки бўлмаяпти, боши муаммолардан чиқмаяпти. Отани рози қилмаганни аҳволи шу. Аммо бу ишларни кўриб турган ёшларга бу ибрат бўлмаяпти ва мабодо юқоридагидай ҳолат бошларига тушиб, оналари вафот этса, улар ҳам оталарига юқорида келтирганим, синфдош ўртоғим ва уни опа-сингилларига ўхшаб муомала қилишаяпти.
Албатта юқоридаги ҳолатга тушмай, ўз отасини ниҳоятда ҳурмат қилиб, улар ёлғиз қолгандан кейин уларни уйлантириб, уйлантиришда ҳам "туғмас хотин" қидирмай, балки оталарини парваришига маъсул бўладиган солиҳа бир аёлни топиб уйлантириб, оталарини дуоларини олиб юрган фарзандлар ҳам бор. Аммо тан олайлик бунақалар ниҳоятда озчиликдирлар.
Ҳоҳлардим ҳамма ўз отасини нима воқеа, ёки ҳодиса содир бўлишидан қаттий назар ҳурмат қилса, уни ҳақларига риоя қилса, бошига кўтаргудай бўлса.
Эшитганим, ўқиганим ота фақат куфрга ва гуноҳга бошласа итоат қилинмайди. Ундан бошқа ҳар қандай ҳолатда отага итоат қилинади. Кейин отанининг дуосини олишда катта гап бор. Зеро халқимизда "Ота рози, Худо рози" деган ибора бекорга пайдо бўлмаган.
Отанинг ҳаққини ўзимиз ҳам англаб етайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Акс ҳолда юқоридаги ишлар баттар урчиб кетаверади. Бу эса ёмон ҳолат.
Саломат бўлинглар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий