Дўстимга мактуб.
Ассалому алайкум. Омонмисиз дўстим. Соғлик-саломатликларингиз яхшими, ота-онангиз ҳам тинч, соғ-саломат юришибдими? Мендан сўрасангиз, мен яхшиман. Тинч, соғ-саломат юрибман. Биламан мендан ранжигансиз, хафа бўлгансиз. Бу ҳол мени ҳам ранжитмоқда, хафа қилмоқда. Чунки, сезиб турибман ўртада дўстлигимизга бироз дарс кетди. Бу мен учун кутилмаган ҳол бўлди.
Сизни мендан ранжиганингизни, хафа бўлганингизни тушунаяпман. Ўшанда ёрдам сўраганингизда ёрдам бера олмадим. Наҳотки ўшанда мени баҳона қилаяпти деб ўйлаган бўлсангиз!? Наҳотки биз шунақа ота ўз боласига, бола ўз онасига ва шу аснода дўст ҳам ўз дўстига мутлақо ишонмайдиган замонга етиб келган бўлсак!?
Мени ранжишимни, хафа бўлишимни бир сабаби сизни мендан бироз узоқлашганингиз бўлса, иккинчи тарафдан эса одамларда бир-бирига нисбатан ўзаро ишончни батамом юқолиб бораётгани ва ҳатто рост гапни гапирсангиз ҳам ҳеч кимни, ҳатто ўз ота-онангизни ҳам, ёки ўз дўстингизни ҳам ишонтира олмаётган замонларнинг келганидир.
Ўшанда эсимда, сиз мендан маблағ тарафлама ёрдам сўраганингизда "қанча керак" деб сўрамадим. Ҳолатимни ҳисоби шундай эди-ки мен ўшанда ёрдам қила олмас эдим. Чунки ўшанда ўзимнинг сарф-харажатларимга ҳисобимдаги охирги пулларимни ишлатиб юрган пайтларим эди. Ўшанда "қанча керак" деб сўрасаму, аммо қўлимда йўқ маблағни сўрасангиз нима аҳволга тушаман ва "йўқ" десам қанчалигини билиб йўқ дегандай бўлиб қоламан, хўп десам қўлимдагилар етмай яна кимдандир қарз сўрашимга тўғри келади деб ўйлаб ҳам "қанча керак" деб сўрамаганман. Ана шу учун ҳам ёрдам сўраганингизда мижғовланиб ўтирмай имконим йўқлигини айтдим қўйдим. Аммо сиз буни хасисликка, бахилликка йўйдингиз. Акс ҳолда ўша воқеадан кейин мендан бунчалик узоқлашиб кетмасдингиз.
Ранжиганим, хафа бўлганим билан мен сизни тўғри тушунаяпман. Чунки ҳозир одамларда хасислик ва бахиллик энг кучайган даврдир. Бир-бирига қариндошчилик ришталари билан боғланмаган қўшни, ёки маҳалладош нима бўпти, бугунги кунда ҳатто ота алоҳида бўлиб чиқиб кетган ўз боласига, алоҳида бўлиб чиқиб кетган бола ўз ота-онасига, ўз ака-укаларига, опа-сингилларига бахиллик ва хасислик қилиб ёрдам беришни истамаяпти. Аҳволни кўриб, "бахиллик ва хасисликни бундан баттари бўлмаса керак" деб ҳам ўйлайман. Акс ҳолда ҳеч бир замонда ота боласига, бола ўзини туққан онасига ҳам бахиллик, хасислик қилганми? Йўқ қилмаган. Қилиши мумкин ҳам эмас. Аммо ҳозир қилишаяпти. Ўз онасига, ёки отасига, ота эса ўз боласига ёрдам беришни ҳоҳламаган, ҳоҳласа ҳам эвазига бирон нарса таъма қилиб бераётганини, ёки бир-бирларига бераётган маблағни кўпайтириб беришини шарт қўйиб бераётганларини ҳам кўрдим. Кўзим билан кўрмаганману, аммо яҳудийларда бола отасига, отаси эса боласига фоизга пул беришини эшитардим. Аммо бу ҳолат бизга ҳам келди. Ҳа келди. Уларку ўз оти билан яҳудий, иш пул, маблағ, бойликка бориб тақалганда ота на боласини, бола на ота-онасини танийди ва бир-бирига қарз берса ҳам фоизга беради. Биз мусулмонмизку ахир. Наҳотки мусулмонликни даъво қилиб яҳудийлардан баттар аҳволга тушиш учун олға кетаётган бўлсак!?
Наҳотки биздаям ҳозир битта-иккита бўлган бўлган ҳолда эртага ҳамма оталар ўз боласига, ҳамма болалар ўз ота-онасига қарз берса, ёки ўша қарзниям фоиз тўлаш шарти билан берса!? Бундан ортиқ бадбахтлик бўлмаса керак. Аммо аччиқ ҳақиқат шу-ки, биз ана ўшандай муҳитга қараб кетаяпмиз.
Тўғри, беш қўл баробар эмас. Ҳалиям халқимизни аксарияти ўз ота-онасини бошида кўтаради ва улар учун жонини беришга ҳам тайёр. Чунки биз шунга буюрилганмиз. Аммо иккинчи тарафдан кечагина бизда одамлар эшитса ажабланиб "аа, бола ўз ота-онасига, ёки ота ўз боласига фоизга ҳам пул берар эканми" деб ажабланадиган ҳолат аста-секинлик билан урф бўлмоқда. Кечагина одамлар ўз боласига ёрдам бермаган ота ҳақида, ёки ота-онасига ёрдам бермаган фарзанд ҳақида эшитса нафратланган ҳолда, бугун бу ҳолатни оддий ва шундай бўлиши керакдай қабул қилиб "ҳа энди ҳамманиям ўз ташвиши ўзига етиб ортаяпти, бошқаларга қайердан ёрдам қилсин" деб отани болага, болани ўз ота-онасига бўлган муносабатини "бошқаларга" деган даражага олиб чиқиб қўйяпти ва бу ҳолатни хотиржам қабул қилаяпти. Ахир қачондан бери ота-она ўз боласига, ёки бола ўз ота-онасига "бошқалар" бўлиб қолди?
Умуман олганда ота-оналардан кўра фарзандлар кўпроқ ота-оналарига нисбатан бегоналашиб, меҳрсиз бўлиб бормоқдалар. Аллоҳ синов учун ризқини кенг қилган, аммо мол-дунёси кўпайиб феъли анча тор бўлган ва буни оқибатида ота-онасига қарамай қўйган, улар ёрдам сўраганда хасислик, бахиллик қиладиган, қилаётган, қилмоқчи бўлган фарзандларга эслатма тарзида шуни айтаманки "ота ёши нечага боришидан қатъи назар вафот этгунча ўғил фарзандларига ва уларнинг мол-мулки ва маблағларига хўжайиндир. Ўғил ишласин, Аллоҳ синов учун уни ризқини кенг қилиб қўлига кўп-кўп мол-дунё тушсин. Барибир ўша мол-дунё отасини ҳам мол-дунёси ҳисобланаверади ва отаси ҳоҳласа ўша мол-дунёдан ҳоҳлаганича ишлатаверади".
(Узр дўстим бироз чалғиб кетдим).
Сиз ҳам мени ўшанда бахил ва хасис инсонлар сафига қўшдингиз ва мендан узоқлашиб кетдингиз. Аммо, мен сизга ва сиз ҳам ҳозир бўлган мажлисларда гап очилганда бир неча бор, "ҳозир ишимиз батамом тўхтаган, бекорчидай бўлиб юрибмиз" деб айтгандим. Аммо сиз ўшанда эътиборсизлик қилиб гапимни тушунмагансиз, ёки ўшандаям мени "ёлғондан баҳона қилаяпти" деб ўйлагансиз.
Балки сизни мени миниб юрган машинам, ёки сиз ижарада яшаб юрган ҳолингизда мени квартирам борлиги алдаб қўйган. Аммо миниб юрган машинамни лизингга олганимни, охирги пулларини сиз қарз сўрашингиздан бироз олдин тўлаганимни, тўлаганда ҳам анча қийналиб тўлаганимни сизга асло айтмаганман. Асло билдирмаганман.
Квартирани эса бир пайтлар Аллоҳ ишимга барака берганда "ҳеч бўлмаса шунга илиниб қолай" деб, охирги тангаларимгача йиғиб олганимни сизга асло айтмаганман.
Инсон ўзи иккинчи бир инсонни ҳолатига тушсагина уни аҳволини тез тушунади, тез англаб етади. Акс ҳолда четдан қараганда ҳаммаси ҳақиқий аҳволдан бошқача кўринаверади. Бир пайтлар мен ҳам бошқалар ҳақида сиздай ўйлаганман. Аммо, кейинчалик ҳаётни пасту-баландларини кўравериб бошқалар ҳақидаги фикрларим батамом хато эканлигини тушуниб етганман. Ишонаман сиз ҳам буни бир кун тушуниб етасиз.
Мени ранжитган ва хафа қилган ҳолатлардан бири сизни мени тушунмаганингиз, ҳолатимни ҳисобга олмаганингиз бўлса, яна бири эса арзимаган маблағни деб дўстимни юқотиб қўйганим бўлди. Аммо, ишонаман ҳаммасини тушуниб етиб, бир кун олдимга яна қадрдон дўстим бўлиб қайтиб келасиз.
Ҳа бунга ишонаман. Сиз балки мени дўстларингиз сафидан ўчирган бўлишингиз мумкин. Аммо мен ўчирмадим. Ўчирмайман ҳам. Чунки сиздан асло хафа эмасман. Мен одамларни шу даражага солган муҳитдан хафаман. Ҳақни танимай, ўз боласига хасислик қилаётган оталардан, ёки фарзандлик бурчини унутиб қўйиб онасига фоизга пул бераётган фарзандлардан хафаман. Аҳволни шу даражага келиб қолишига, ўртадан ишончни кўтарилишига сабаб бўлган одамлардан хафаман.
Ҳа шундай.
Азиз ва қадрдон дўстим, балки бу мактубим сизга етиб бормас. Аммо барибир бу мактубни ёзишим керак эди. Ҳолатимни сизга озгина бўлса тушунтиришим керак эди. Мана шундай қилдим ҳам. Енди бироз енгил тортаяпман.
Қайерда, қай ҳолатда бўлсангиз ҳам сизни ҳаққингизга доим дуодаман. Сиз ҳам майли мени ҳаётда йўқламанг, аммо дуоларингизда мени ҳам йўқланг. Мен ана шундан умидворман.
Сизга соғлик саломатлик ва мустаҳкам иймон тилаб дўстингиз....
(Сизга мактуб туфайли ота-она ва болар ўртасидаги маблағ ва пул муносабатлари-ю, муаммоларини ҳам бироз ёздим. Гапни кўпайтириб юборганим учун сиздан узр сўрайман. Аслида бу мавзу алоҳида мавзу эди. Аммо долзарблиги боис ёзишга мажбур бўлдим).
Комментариев нет:
Отправить комментарий