вторник, 6 августа 2019 г.

Нагасаки, Хиросима фожиаси

20-аср! Инсоният тарихида энг қонли, энг фожиали аср сифатида ёзилди. Бу асрда бўлиб ўтган иккита жаҳон уруши ортидан содир бўлган мислсиз вайронагарчиликлар, бир неча ўн миллионлаб қурбонлар, ундан сўнг АҚШ–Вьетнам уруши, Собиқ Иттифоқнинг Афғонистонга ҳеч бир сабабсиз бостириб кириб, у ерда маҳаллий халққа қарши 10 йил(!) жанг олиб бориши, сўнгра аср сўнгидаги собиқ Югославиянинг парчаланиши ортидан содир бўлган Болқон фожиалари. Булар бир аср учун ниҳоятда кўплик қиладиган оғир фожилар эди. Энг ёмон тарафи ҳам, ҳайрон қолдирарли жиҳати ҳам шундаки бу мислсиз фожиалар, жаҳон урушлари инсоният тараққиётга эришиб, кимларнидир фикрича "ўрта асрлар ёввойилигидан қутилиб, инсоният юксак маданий тараққий этган давр"да содир бўлди. 20-аср фожиаларига қараб,  айнан уруш чиқариш, вайронагарчиликлар содир бўлиши  "инсониятнинг маданий тараққий этишига боғлиқ эмас" деган фикр хаёлга келади. Сабаби, бугун, 21-асрнинг 19-йилида ҳам Инсоният ҳарбий харажатлар учун энг кўп маблағ ажратаяпти. Ҳанузгача дунё тинч эмас.
Маълумот ўрнида: 2019 йилда дунёдаги барча мамлакатларнинг умумий ҳарбий харажатлари салкам 2 трлн долларни ташкил этмоқда.

20-асрнинг энг фожиали ҳолати бу Иттифоқчиларнинг фашистлар Германиянинг иттифоқчиси бўлган Японияга уруш эълон қилиш ортидан, Япония бу урушда ниҳоятда ҳолдан тойиб, мағлуб бўлиши арафасида ҳаммасини кўра била туриб, бу мамлакатнинг иккита шаҳрида тинч аҳоли устига АҚШ ҳарбийлари томонидан Атом бомба ташланиши бўлган. Бугун ўша воқеаларга 74 йил бўлаяпти.
Шу баҳонада қўйида ўша машъум воқеалар ҳақида фикр юритаман.

1945 йил 16 июлда АҚШда Нью-Мексико штатидаги полигонда дунёдаги илк атом бомбасининг синови муваффақиятли ўтказилди.
Ўшанда портлаш кучи 21 килотонна тротилага тенг бўлган.

Ўша йили 24 июлда Потсдам конференциси доирасидаги учрашувда  АҚШ Президенти Гарри Трумэн СССР раҳбари Сталинга АҚШ дунёни ларзага солиши мумкин бўлган янги қурол яратганини айтади.
Кейинчалик Трумэн ўз эсдаликларида ёзишича ўшанда Сталин унинг "янги қурол" ҳақидаги гапларига эътибор бермаган. Фақатгина ўша қуролни японларга қарши қўллаб, уларни тезроқ енгиб чиқиш ҳақида гапирган. Кейинчалик ўша ерда ҳозир бўлган Буюк Британия бош вазири Черчиль ўз эсдаликларида "Сталин Трумэннинг гапларини яхши англаб етмагани учун унча эътибор бермаган эди. Мен эса Трумэннинг "янги қурол" ҳақидаги гапини яхши илғаб қолган эдим. Орадан бироз вақт ўтганидан кейин Япониянинг иккита шаҳрига ўша бомбалардан ташланганида у қуроллар атом бомбалари эканини билдик" деб ёзган эди.

Лекин маршал Жуковнинг хотиралар китобида ёзилишича ўшанда Сталин ҳаммасини диққат  билан эшитган, лекин суҳбатдошига ўзини ўта эътирборсиздай ва яхши тушунмагандай тутган. Бунинг исботи сифатида Жуков Сталиннинг Потсдам конференциясидаги Трумэн билан учрашув тугаганданоқ ёнидаги Молотовга "Курчатовни тезлатиш керак"дегани ва Москвага қайтган заҳотиёқ ҳузурига Курчатовни чақириб ишлар қандай кетаётгани билан қизиққани ҳақида ёзган. Жуковнинг ёзишича ўшангача СССР айғоқчилари АҚШликлардан атом бомбаси лойиҳасини  аллақачон ўғирлаб келиб бўлган эди ва Курчатов бошлиқ олимлар атом бомба яратиш устида ишаётган эдилар.
Ўшанда СССР айғоқчилари зўр ишлашган. АҚШдаги Совет разведкаси айғоқчилардан бири Теодор Холл, у СССР разведкаси билан 1944 йилдан бошлаб ҳамкорлик қила бошлаган, ҳатто Подстам конференциясидан бир неча кун олдин АҚШ атом бомбанинг синовини қачон ўтказиши ҳақида Москвага хабар юборган эди. Шу туфайли Сталин шунчаки сир бой бермаслик учун ҳам Трумэннинг "янги қурол" ҳақидаги гапларини "эътиборсизлик" билан эшитади.

1945 йил, 25 июлда Президент Трумэн 3 август куни Хиросима, Кокуре, Нииагата ёки Нагасаки шаҳарлари йўналишидан бирини танлаб атом бомбаси ташлаш ҳақида буйруқ беради. Бирданига бир нечта шаҳарлар рўйхатининг берилишини сабаби, агар бир шаҳарда бомба ташлашга ноқулай об-ҳаво халақит берса, бомба иккинчи шаҳарга ташланиши режа қилинган.

26 июль куни АҚШ, Буюк Британия ва Хитой ҳукумати Японияни ҳеч қандай шартларсиз капитуляция қилиш ҳақидаги Подстам конференцияси декларациясини имзолайдилар ва Япония ҳукуматига ҳеч қандай шартларсиз сўзсиз таслим талабини юборадилар.

27 июль куни Япониядаги газеталар ва радиоканаллар декларациядаги талаб матни варақаларга чоп этилиб Япония бўйлаб самолётлар орқали сочиб чиқилгани ҳақида хабар тарқатишади.
Япония ҳукумати ультиматумни қабул қилмаслиги ва таслим бўлмаслиги ҳақида маълум қилади.
28 июлда Япония бош вазири Кантаро Сузуки матбуот анжуманида Подстам конференциясида қабул қилинган Японияга таслим бўлиш ультиматуми қўйилган декларацияни тан олмаслигини маълум қилади.

Император Хирохито бош вазирнинг қарорини ўзгартирмайди.
31 июль куни у Коити Кидо билан телефон орқали мулоқот қилганида император ҳокимияти ҳар қандай вазиятда муносиб ҳимоя қилиниши лоўимлиги ҳақида гапиради.

1945 йил, 6 август куни эрталаб АҚШнинг  B-29 «Enola Gay» номли бомбардировкачи самолёти экипаж командири полковник Пол Тиббетс бошчилигида Япониянинг Хиросима шаҳрига  «Little Boy» («Кичик бола») номи билан аталган атом бомбасини ташлайди. Бу бомбанинг  эквиваленти  13 дан 18 килотонна тротила кучига тенг эди.
Орадан уч кун ўтиб, 1945 йил 9 август куни  «Fat Man» («Семиз») атом бомбаси Нагасаки шаҳрига ташланади. Бу бомбанинг эквиваленти 21 килотонна тротила кучига тенг эди.
Нагасаки шаҳрига ташланган атом бомбасини учувчи Чарльз Суини бошлиқ бўлган B-29 «Bockscar» самолёти орқали ташлашади.
Ўшанда Хиросимада 166 минг киши ҳалок бўлгани манбаларда келтирилади.
Нагасакида эса 80 минг киши ҳалок бўлган.

АҚШнинг мислсиз қурбонлар ва вайронагарчиликлар келтирган иккита атом бомбасини тинч аҳоли устига ташлаганидан шокка тушган Япония бош вазири Кантаро Сузуки ва Япония ташқи ишлар вазири Того Сигэнори зудлик билан иттифоқчиларга Япония сўзсиз таслим бўлишга рози эканлиги ҳақида хабар юборишади.

1945 йил, 15 август куни Япония таслим бўлгани ҳақида эълон қилинади ва шу тариқа 2-жаҳон уруши тугайди. Аммо, Япониянинг таслим бўлгани ҳақидаги пакт 1945 йил, 2 сентябрда имзоланади.

АҚШнинг Япониянинг иккита шаҳри устига ташлаган атом бомбалари гарчи ўшанда Япониянинг таслим бўлишини тезлаштирган бўлса ҳам жаҳон афкор оммасининг танқидига учради. Дунё бўйлаб жуда кўплаб таниқли инсонлар АҚШнинг бу ишини қаттиқ қоралаб чиқадилар ва уни "Инсониятга қарши жиноят" деб баҳолайдилар

Хиросима денгиз сатҳидан бироз баланд, Ота дарёсининг икки соҳили бўйлаб жойлашган шаҳардир. Шаҳарда урушгача 340 минг аҳоли яшаган. Ўшанда у аҳоли сони бўйича Япониянинг еттинчи шаҳри эди.

Шаҳарда Япония жанубини ҳимоя қилиши лозим бўлган Япония армиясининг 5–дивизияси ва фельдмаршал Сюнроку Хати бошчилигидаги 2-Асосий армия қўшинлари жойлашган эди.
Шу жиҳатдан Хиросима Япония армияси учун мамлакат жанубидаги муҳим шаҳар эди.

Хиросимда ҳам, Нагасакида ҳам уйлар асосан 1 ва 2 қаватли ва томи черепица билан ёпилган уйлар эди. Завод ва фабрикалар шаҳар ташқарисида эди.
Ҳар иккала шаҳарда ҳам шаҳар кўчаларининг торлиги, ўт ўчириш машиналарининг етишмовчилиги туфайли ҳатто урушдан олдинги тинчлик замонларида ҳам турли сабаблар билан келиб чиққан ёнғинларни ўчириш осон бўлмаган.
Ҳар иккала шаҳарга атом бомба ташланиши ортидан катта ёнғин пайдо келиб чиқди. Портлаш натижасида пайдо бўлган шамол ёнғинни баттар кучайтирди. Шу тариқа ҳар иккала шаҳар ҳам куйиб кул бўлди ва катта култепага айланди.

Трумэн биринчи бомбани Хиросима ёки Кокура ёки Нагасакига 3 августда ташлашга кўрсатма берган бўлишига қарамай бомбанинг 6 август куни ташланишининг сабаби ҳаво 6 августгача булутли бўлди ва шу туфайли Трумэннинг буйруғини бажариш 3 кун орқага сурилди.

Ўшанда 509 – авиация аралаш полкининг команидири полковник Пол Тиббетс назоратидаги В-29 бомбардимончи самолёти
Хиросимадан 2500 км узоқликда жойлашган Тиниан оролидан учган эди. Уни Хиросимагача учта разведкачи, иккита назоратчи ва битта заҳира самолёти, жами олтита самолёт қўриқлаб борган эди.
Ўшанда илк атом бомба Хиросимага эмас, балки Кокура ёки Нагасаки шаҳарларидан бирига ташланиши ҳам мумкин эди. Бу иккита шаҳарга олдинроқ жўнатилган иккита разведкачи самолётлар командирлари бу шаҳарлар осмонини булут қоплаганини маълум қилишади. Хиросимага қараб учган разведкачи самолёт командири Майор Изерли Хиросиманинг осмони эса очиқ экани ҳақида хабар беради. Шундан сўнг "Бомба биринчи нишонга ташлансин" деган буйруқ берилади ва бомба Хиросимага ташланади.


Ўшанда, эрталаб соат саккизларда Япония радарлари мамлакат томонга қараб учиб келаётган бир нечта АҚШ самолётларини пайқайди. Ҳаво тревогаси эълон қилинади. Аммо, орадан бироз ўтиб АҚШ самолётлари учта экани аниқ бўлгач ҳаво тревогаси бекор қилинади. Бу пайтда АҚШнинг учта разведкачи самолёти асосий гуруҳдан узилиб уч шаҳар, Хиросима, Кокуре ва Нагасаки осмонини ҳолатини билиш учун алоҳида учиб кетган эди.
Япония ҳарбийлари ёқилғи тежаш мақсадида ҳавога, АҚШ самолётлари рўпарасига самолёт чиқармайдилар ва одатдагидай радио орқали аҳолини бомба ҳужумидан пана жойларга бекинишга огоҳлантирадилар.


Маҳаллий вақт билан соат саккиздан озроқ ўтиб В-29 9 км баландликдан атом бомбани пастга ташлайди. Бомба ерга етмасдан 500 метр баландликда портлайди.

Ўшанда бомбанинг портлаши оқибатида ҳавода катта бир гумбурлаш ва чақин чақиши содир бўлади ва ерга жудаям қаттиқ иссиқ шамол йўналди. Иссиқ шамол ерга сониялар ичида ерга етиб борганда уйларнинг ёнаётган қисми ўт олди. Ойналар аввалига синиб тўкилди, сўнг эриб оқди. Эпицентрдан 2 км радиус атрофидаги барча одамлар иссиқнинг кучлилигидан кўмирга айланиб қоладилар.
Портлаш кучи шунчалик кучли бўлдики унинг тўлқини эпицентрдан 19 км.гача бўлган масофадаги ойналар синдириб юборди.

Портлашдан икки минут ўтиб бутун шаҳар олов ичида қолди. Портлаш натижасида юзага келган тўлқиннинг тезлиги секундига 50-60 метр тезликда бўлди ва бу оловни баттар кучайтириб юборди. Эпицентрдан узоқроқда бўлган кўплаб аёллар, болалар, қариялар ёнғиндан қочишга улгурмай ҳалок бўлдилар.

Атом бомба портлашидан бир неча кун ўтиб япон тиббиёт ходимлари нурланишнинг илк симптомларини аниқладилар. Одамлар орасида қўрқинчли касаллик ҳақида ваҳима тарқалди. Портлаш ва унинг натижасида келиб чиққан кучли портлашдан омон қолган одамлар энди кучли нурланишдан ҳалок бўла бошладилар.

Нагасакикининг тақдири ҳам Хиросиманикидай бўлди. Хиросимадан кичикроқ бу шаҳар иккита кичик дарёси бор иккита водийда жойлашган ва шаҳарни икки водий ўртасидаги кичик тоғ тизмаси иккига ажратиб турар эди.

Шаҳар 2-жаҳон урушида Япония ҳарбийлари учун муҳим шаҳар саналар эди. Шаҳардаги порт Япониядаги муҳим портлардан бири эди. Шунингдек бу шаҳарда Япония армияси учун ҳарбий техникалар ишлаб чиқарган Мицубиси заводлари бор эди. Бундан ташқари шаҳарда бошқа кўпгина ҳарбий анжомлар ва ҳарбий кемалар ишлаб чиқарилган.

Нагасаки шаҳри атом бомбаси ташлангунга қадар жиддий ҳужумга учрамаган ва вайрон бўлмаган эди.
Шаҳарда атом бомбаси ташланиши арафасида 200 минг одам бўлган.
АҚШ ҳарбийлари Нпгасакига атом бомба ташлашни 11 августга мўлжаллаган эдилар. Аммо, метереологлар 10 августдан булутли ҳаво бошланишини маълум қилганларидан сўнг Нагасакига атом бомбани ташлаш режаси икки кун олдинга сурилди.

Атом бомба ташлаш Хиросимада қандай амалга оширилган бўлса Нагасакида ҳам шу тахлит амалга ди. Майор Чарльз Суини бошчилигидаги В-29 Тиниан оролидан ҳавога кўтарилди.
Бу сафар В-29 га битта заҳира ва иккита разведкачи самолётлар ҳамроҳлик қилди.
Олдинроқдан ҳаракат қилган разведкачи самолётларнинг бири Кокуредан, бири Нагасакидан ҳар иккала шаҳар осмони озроқ булутли экани, аммо бу бомба ташлаш учун халақит бермаслигини маълум қилди.
В-29 аввалига Кокуре йўналиши бўйлаб ҳаракатланди. Аммо йўлда булут тўдасига дуч келиб таваккал қилишни хоҳламади ва йўналишни Нагасакига қараб ўзгартирди.

Маҳаллий вақт билан соат 10:56 да Нагасакига етиб келган В-29 шаҳарни булут билан қоплангани устидан чиқди. Суини шаҳар объектларини аниқроқ кўриш учун самолётни бироз пастлатди. Шунда унинг ёрдамчиси Кермит Бихан шаҳар стадионини илғаб қолди ва шундан сўнг бомба пастга ташлаб юборилди.
Буёғи Хиросимада қандай бўлган бўлса шу тарзда содир бўлди.
Портлаш ердан 500 метр тепада содир бўлди. Кучли овоз ва чақнаш, ортидан целций бўйича минг градусдан ортиқ бўлган иссиқ тўлқин пастга, шаҳарга ёпирилди. Эпицентр атрофидаги 2000 метр радиусда бўлган тирик жоннинг ҳаммаси кўмирга айланди. Шаҳарни кучли ёнғин қоплади ва қолганлар ёнғин ичида қолиб ҳалок бўлишди.
Ўшанда портлаш кучи 21 килонтоннага етган эди.

Орада уруш тугади. Япония мағлуб бўлиб ғолибларга компенсация тўлади. Шундан сўнг мамлакат тинч ривожланишга ўтди. Хиросима ва Нагасаки ҳам қайта тикланди. Аммо бу икки шаҳарда ташланган атом бомбалардан мерос бўлиб юқори радиация таъсири сақланиб қолди узоқ йиллар бу шаҳарда турли касалликлар, болаларнинг радиация юқорилиги туфайли ногирон туғилишлари ҳолатлари давом этди.
Ўшанда шу иккита бомба туфайли Япония оғир фожиа ва вайронагарчиликларни бошидан ўтказган бўлса ҳам жаҳон афкор оммаси бундан етарлича хулоса чиқармади. 1945 йилда атом бомбаси фақат АҚШда бўлса, орадан 2-3 йил ўтиб СССР ҳам бундай бомбаларга эга бўлди. Сўнг, 1950–йиллар бошида Буюк Британия, сўнг Франция бундай қуролларга эга бўлди. 1960-йилларда Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроиль, КХДР ўз ядро қуролларига эга бўлди.
Ўтган асрнинг 50–йилларидан бошлаб 90-йилларигача Ер юзида 1000 дан ошиқ ядро қуроллари синови ўтказилди. Агар, бугун ядро қуролига эга бўлган давлатларнинг ядро қуролини синовдан ўтказиш ва унга эга бўлиш учун қилган умумий харажатларини ҳисобласа нечадир юз млрд доллардан ошиб кетади. Биргина Хитойнинг ўзи физика-ядро лабороториялари, уранни бойитиш заводи, ядро қуролини синовдан ўтказиш полигонини қуриш ва керакли мутахасисларни ўқитиб тайёрлаш ва ниҳоят ядро қуролини синовдан ўтказиш учун ўтган асрнинг 60-йилларида қарийб 10 млрд доллар харажат қилган эди. Энди, қурол арсеналлари таркибида минглаб атом бомбалари ва бошқа ядро қуролларини ишлаб чиқариб сақлаётган АҚШ ва Россиянинг бу соҳада қилган ва қилаётган харажатларининг ҳисоби йўқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий