Хўш, шу десанглар доно халқимиз "оч бўлсанг бозорга бор, тўқ бўлсанг мозорга бор" деган ҳикматли гапни айтиб қўйибди. Бу гапнинг маъноси шу-ки "оОч бўлсанг бозорга бор, хилма-хил ноз-неъматларни кўриб кўзингни тўйдириб келасан. Тўқ бўлсанг мозорга бор, ҳеч ким бу дунёдан ҳеч нарса орқалаб кета олмаслигини, мозорда тўқ ҳам, оч ҳам ёнма-ён ётганини кўрасан ва ибрат оласан" деган маънода айтилган. Шундай экан, оч қолсангиз бозорга боринг, тўқ бўлсангиз мозорга.
Бугун мен ҳам оч кўзларимни тўйдириб, бир қувнатиб келай деб Ургут деҳқон бозорига бордим. Бу бозор деҳқон бозори дейилгани билан бу ерда ҳамма нарса бор.
Мени асосан бозордаги гўшт ва доллар нархи қизиқтирди.
Биринчи қассобларни айланиб чиқдим. Ану куни 1-2 та дўконда мол гўштини 40.000 сўм деб ёзиб қўйган эди ва улардан сўраганимда ёзиб қўйилган нархда гўшт сота олмамликларини, нарх ёзиб қўйиш бозор директори талаби билан қилинганини айтишган эди. Ўшанда бозор директорини ҳам топиб ёзиб қўйилган арзон нархлар ҳақида изоҳ сўраганимда у "мабодо фермерлар қассобларга арзон гўшт олиб келиб берса, қассоблар ўша гўштни ёзилган арзон нархда сотишади, бошқа пайтда бозор талабидан келиб чиқиб нарх белгилайверади, уёғи ўзини иши, биз аралашмаймиз" деган эди. Ўшанда ундан "ёзиб қўйилган нарх харидорни чалғитмайдими?" деб сўраганимда у "одамлар ҳаммасини кўриб ўтирибди ва 40.000 сўмга ҳеч қаерда гўшт йўқлигини яхши билишадику!" деб жавоб берган эди.
Бугун қарасам энди 1-2 дўконда эмас, ҳамма дўконларда "гўшт 40.000" деган ёзув илинган ва табийки бу нархда гўшт йўқ.
Шундай қилиб Ургутда энг арзон гўшт сигир гўшти, 45.000 сўм. Буқа гўшти 48.000-50.000 сўм сотилаяпти.
Кейин долларфурушларни олдига ўтдим. Бугун сотиб олиш 9350 сўм, сотиш 9450-9500 сўм экан. Агар, мабодо сотмоқчи бўлган долларингиз кўпроқ, масалан 1000 доллардан ошиқ бўлса, сотиб олиш 9400 сўмгача бўлаяпти. Кўпроқ миқдорда сотиш ҳам 9500-9550 сўмгача бўлаётган экан.
Шундан сўнг долларнинг банкларда неча пул олиб, неча пул сотишаётганини билиш учун Ургут шаҳридаги банклардан бирига қўнғироқ қилдим. Менга жавоб берган холимнинг айтишича Марказий банк доллар нархини эркин қўйиб юборгандан сўнг, ҳатто бир кунда уч мартагача курс ўзгараяпти. Бугун эрталаб шу банкда сотиб олиш 9400 сўм, сотиш 9440 сўм бўлган экан. Соат 10ларда сотиб олишни 9350 сўмга туширишибди, сотишни эса 9450 сўмга оширишибди.
Қизиғи, одамларнинг айтишича турли буюмлар, кийим-кечак, халқ истеъмоли маҳсулотларини сотувчи тадбиркорлар ҳозир шу кеча-кундузда ўз маҳсулотининг нархини долларни 10.000 сўмдан ҳисоблаб белгилаётган экан. Масалан, хориждан 10 долларга келган нарсани 100.000, 5 долларга келган нарсани 50.000 сўм ҳисоблаб, сўнг тепасига ўз фойдаларини қўйиб сотишаётган экан. Нега бунақа десангиз. Бу страховка эмиш. Яъни бирданига доллар 10.000 сўмга чиқса ҳам улар шундай қилишса ҳеч нарса ютқазмас экан. Доллар ошмаса халқни шўрини баттар қуритиб фойдани сал кўпроқ қиларкан холос.
Тадбиркорлар хориждан олиб келиб сотаётган нарсасининг қийматини 1 долларни 10.000 сўмдан ҳисоблаб сотаётгани учун ҳам гувоҳларнинг сўзларига кўра бозордаги кийим-кечаклар ва бошқа истеъмол маҳсулотларининг нархи кескин ошган.
Қисқаси, мана шунақа гаплар. Бозорга бордим. Оч кўзимни тўйдириб сўнг ортга қайтдим. Гўштга пул йўқ, майдалай десам доллар йўқ, зато кўзим тўйди. 😀
Сизларга ҳам маслаҳатим шу, чўнтак қуриганда бориб бозор айланинг, бироз бўлса ҳам ошқозонни бўлмаса ҳам, кўзни қувнатиб келасиз.
Саломат бўлинглар!
Комментариев нет:
Отправить комментарий