Чўққи остига соат 20 ларда етган бўлсак яна 1-2 соат ўша ерда кутишимиз ва кейин чиқишни бошлашимиз лозим экан. Биз кечки овқатни еб олайлик деб энди ўтириб овқатлана бошлаган эдик, кимдир "тепаликка чиқишдан олдин овқатланманглар, тўқ қорин одамни беҳузур қип қўяди" деди. Шу билан кимдир озроқ овқатланди, кимдир овқатланмади.
Иссиқ кийимларни кийган бўлсакда ҳаво бироз этни жунжиктириб турарди. Кўпчилик қатори биз ҳам "қачон чўққи томон кўтарилишни бошлар эканмиз?" бетоқат бўлаёздик. Биздан бошқа ҳамманинг қўлида калтак бор, бизнинг иккита калтагимиз пастда, Кўлда қолиб кетибди. Мени калтагим эса уйда қолиб кетган эди. Ўзимга ишонаяпман, калтаксиз ҳам чиқа оламан деб. Аммо, калтакни олиш керак экан.
Ниҳоят бир гуруҳ одамлар чўққи томон йўл бошлади, ортидан биз эргашдик. Бошида билинмади. Аммо, бироз юриб оёғимиз оғриб қолди. Озгина юрамиз, ўтирамиз, яна озгина юрамиз, ўтирамиз. Шу тариқа соат саҳар 3 гача анча йўл юриб қўйдик. Бошида одамлар жипсроқ бўлиб юришди. Кейин кимдир олдинга ўтиб кетди. Кимдир ортда қолиб кетди ва 4-5 кишилик тарқоқ гуруҳларга бўлиниб кетдик.
Биз тўрт киши бўлсак, иккита шеригимиз ҳам биздан ортда қолиб кетишди. Пастда бизга йўлни тушунтиришганда тик тепаликка чиққандан кейин уёғи чўққига қараб қиялаб кетилади, йўл оғир эмас дейишувди. Биз тик жойлардан тепага чиқдик ва 4-5 киши сўқмоқни йўқотиб қўйдик. Бунга сабаб катта муз бўлаги бўлди. Яъни сўқмоқдан юриб боравердик, олдимиздан муз бўлаги чиқди. Бизга иложи борича муз бўлаги устидан юрмаслигимизни, муз бўлагида сирпаниб пастга тушиб кетишимиз мумкинлигини ёки музни ўзи ҳам таги нам, кўчиши мумкинлигини, шу учун муз бўлаги чиққанда ё уни тепасидан ёки пастидан айланиб ўтиш айтилган эди. Биз дуч келган муз бўлагини тепасидан айланиб ўтишни имкони йўқ эди, остидан айланиб ўтдик ва сўқмоқни йўқотдик. Аслида сўқмоқни қидириш хаёлимизга ҳам келмади. Сабаби, бу йил одам энди чиқаяпти, сўқмоқни қор, ёмғир ювиб билинмайдиган қилиб юборган деб ўйладик. Аслида эса сўқмоқ бор экан. Фақат биз қоронғуда уни кўрмаганмиз. Ўзимиздан олдингилардан йўл сўрайлик десак, улар чироқлари кўринмайдиган даражада узоқлашиб кетишган эди. Шу туфайли биз сўқмоқда адашиб, ёнга қиялаб юриш ўрнига тоғ-тош оралаб яна тепага чиқиб кетибмиз. Соат 4 га яқинлашганда биз Ҳазрати Султон чўққиси рўпарасидаги бошқа бир чўққида эдик. Тўғримизда, бироз нарида, Ҳазрати Султон чўққиси турарди, аммо биз чўққи томон юра олмасдик. Ўртада камида 300 метрлик музлик бор эди. Биз чўққига бориш учун орқага қайтиб пастга тушишимиз, сўнг пастдан қиялатиб юриб чўққига боришимиз мумкин эди. Агар шундай қилсак биз қуёш чиқишини томоша қила олмас эдик. Турган жойимизнинг баландлиги ҳам қарийб Ҳазрати султон чўққисидай бор эди. Хуллас, биз ўша турган жойимиздан қуёш чиқишини кузатадиган бўлдик. Турган жойимизнинг Тожикистон тарафи тик жарлик эди. Узоқдан Ургут, Панжекент тоғлари кўриниб турар эди. Рўпарамизда эса Сурхондарёнинг Сариосиё ва Бойсун туманларидаги баланд тоғлар турарди. 4600 метрли тоғни тепасида туриб фақат тоғ, музлик ва дараларни кўрасиз холос. Шунингдек у ерда туриб дунё фақат тоғ-тошлардан иборат деган бир фикр ҳам хаёлимдан бировга ўтди. 😀
Бир пайтлар тв.дан тибетликларни кўрсатганда баланд тоғлар тепасида ҳеч нарса ўсмаслигини кўрсатишган эди. Ҳазрати Султонга чўққиси атрофида ҳам ҳеч нарса ўсмас экан. Пастда бел баравар ўт бор эди. Юқорига чиқишда ўтлар сийраклашиб борди. Энг тепада эса биронта гиёҳ унмас экан.
Иссиқ кийинган, буни устига юриб бироз исиган бўлсак ҳам энг тепада -2, -4 градус совуқ бўлди деб тахмин қилдим.
Қуёш чиққанидан сўнг шерикларимизни топдик. Сўнг биргалашиб ортга қайта бошладик. Қуёш чиққандан кейин озгина масофа қолган чўққининг энг тепасига чиқишга бизда на куч, на бардошимиз қолган эди.
Пастга тушар эканмиз, кечаси қоронғуда у йўллардан қандай чиққанмиз, кўриб ҳайрон қолиб, ваҳмимиз келди. Йўл анча тик ва анча хавфли эди.
Очиғи, тепага чиқишда "тушиш бунча чарчатмайди, осон бўлади" деб ўйлаган эдик. Аммо тушиш чиқишдан ҳам азоб бўлди. 4 соат деганда қайтиб тушдик. Сўнг, бизни кутиб турган машинага ўтириб келган йўлимиз билан орқага, Китобга қайта бошладик.
Умуман олганда чўққига чиқиб тушиш роса азоб бўлди. Аммо, мен борганимга афсусланмадим. Кимлардир бу саёҳатга борса чўққинини тепасига чиқар, балки чиқа олмас, энг муҳими табиатнинг ажойиб манзараларидан, Яратганнинг мўжизаларидан баҳраманд бўлиб қайтади. Ортга қайтаётганимизда "қайтиб тоққа чиқиш деса ўрнимдан жилмайман" дедик. Аммо, мана энди чарчоқлар чиқиб кетганда ўйлаяпман, тақдир қилган бўлса мен бу чўққига чиқиш учун кейинги йилда ҳам албатта бораман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий