Коррупцияга олиб келаётган қонун назоратсизлиги
Охирги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ҳар бир ташкилотнинг устувор вазифаси бўлиб қолди. Турли тарғиботлар, тушунтириш ишлари орқали нафақат ёши катта аҳолининг, балки ёш авлоднинг онгида ҳам коррупция мамлакат равнақи учун қанчалар тўсиқ бўлиши ҳақида тушунчалар пайдо бўлаяпти. Бу яхши. Аммо, қонунларимизда, шунингдек жойлардаги маҳаллий мутасаддиларнинг иш юритиш жараёнларида шундай бўшлиқлар ва қонун ижросининг назоратсизлиги борки, аҳоли аксарият ҳолатларда пора бермай, орага коррупцияни аралаштирмай ўз ишини битказа олмайди. Қўйида шунга мисол келтираман.
Хабарларинг бор, ўтган 2018 йил, 20 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни ўтказиш тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Шундан сўнг фуқароларга ноқонуний қурилган уй-жой ва унинг жойлашган ўрнига эгалик ҳуқуқи бериш бўйича бир марталик умуммиллий давлат акциясини ўтказиш ҳақида акция эълон қилинди. Бу акцияга кўра мамлакатимиз бўйлаб аҳоли томонидан ноқонуний қурилган уй-жойлар агар белгиланган маълум шарт ва талабларга жавоб берса, масалан низоли ер бўлмаса, экологик тарафдан талабларга жавоб берса, фермерларга тегишли ерга қурилмаган бўлса ва ҳоказо ўша ноқонуний қурилган уй-жойга қонуний тарзда эгалик ҳуқуқи берилиши лозим эди.
Мен ва икки укам ҳам ана шу акциядан фойдаланиб ўзимиз яшаб турган ноқонуний қурилган уй-жойга эгалик ҳуқуқини олиш учун ариза топширдик. Укаларимни бўш вақти бўлмагани учун учала аризани ҳам мен олиб бориб топширдим. Шундан сўнг 1 май куни акция тугади. Мен ва бир укамнинг уйи қишлоқ ичида бўлгани боис бизнинг аризамиз туман ҳокимининг ўринбосари бошлиқ бўлган комиссия томонидан ижобий хулоса берилди. Аммо, 2 май куни телефонимга "топширган аризангиз рад этилди" деб укаларимдан бирининг уй-жойи бўйича топширган аризамизни рад этилгани ҳақида Узинфоком манзилидан смс-хабар келди. Шундан сўнг Ургут туман Давлат хизматлари маркази(ДХМ)га бордим. Улар қўлимга қоғоз чиқариб беришди. Ўша қоғозга кўра укамнинг номидан берган аризам Ургут туман Ер ресурслари ва кадастр хизмати идорасининг Ер ресурслари бўлими томонидан рад этилган. Бу ҳақда Ургут туман ҳокимининг ўринбосари Ўроқов имзо қўйган комиссия қарори 10 апрелда чиқарилган. Аммо, телефонимга 2 май куни келган смс туфайли ўзим қидириб бормагунимча менга гарчи ҳар бир ҳужжатда телефон рақамларим ёзиб қўйилганига қарамасдан бу ҳақда хабар берилмади. Шундан сўнг Ургут туман Ер ресурслари ва кадастр хизмати, Ер заҳиралари бўлимига бориб нега укамнинг уйи бўйича топширган аризамизни рад этишгани ҳақида сўрадим. Ходимлар менга бир парча қоғоз чиқариб беришди. Унда ёзилишича укамнинг уйини "қишлоқ чегарасидан 150 метр четга чиқиб қурилгани учун" рад этишибди. Укамни уйи қишлоқ чегарасидан 150 метр чиқиб қурилгани тўғри, аммо укамнинг уйигача бўлган 150 метр масофа ҳам бўш қолмаган, у ерга ҳам кимлардир иморат қурган. Қолаверса, улар "қишлоқ чегараси" деб, қишлоқнинг 1991 йилги чегараси бўйлаб ҳисоблаяптилар. Ўшанда Ургут туман Ер ресурслари ва кадастр хизмати, Ер ресурслари бўлими ходимига "Қишлоқнинг ичида ноқонуний уй-жой қуриш учун жой қолмаганку! Сизларга "қаровсиз ер бўлса ва ҳамма талабларга тўғри келса ҳам қишлоқ чегарасидан ташқарида қурилган уй-жойлардан ариза тушса рад эт" деб ким буйруқ берган деб ўз эътирозим ва саволимни сўрасам у жавоб беришдан бош тортди. Шундан сўнг мен укамнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклашни сўраб Адлия вазирлигига мурожат қилдим ва блогерлигим, бир нечта электрон ОАВ да колумнистлик қилишим туфайли вазирликнинг аралашуви ва Ургут туман Адлия бўлими сайъ-ҳаракатлари билан укамнинг уй-жойи эгалик ҳуқуқи олиши белгиланган шарт ва талабларнинг ҳаммасига тўғри келгани учун Ургут туман ҳокимлиги укамнинг уй-жойга эгалик қилиши ҳақидаги қарорни чиқариб берди. Аммо умуммилий дастур бўйича эмас, бошқа қарорни асос қилиб. Ана шу ерда савол пайдо бўлади: Менку ўз ҳақ-ҳуқуқимни яхши биламан, охиригача бордим ва укамнинг уй-жойга эгалик қилиш ҳақидаги аризасига ноҳақлик қилинганини исботлаб керакли натижага эришдим. Аммо, мамлакатимиздаги ўн минглаб, юз минглаб ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган инсонлар шу ҳолатда нима қиладилар? Ноҳақдан жабр чексалар ҳам уларнинг аксарияти юқори инстанцияларга мурожат қилиб юрмайди. Осонгина коррупцион схемага мурожат қилади ва ишини "тинчгина" пора бериб битказиб қўя қолади.
Ўтган йил акция бошлангандан кейин нечталаб маҳалладошларим худди бизга ўхшаб ноқонуний қурилган уй-жойига эгалик ҳуқуқи олиш учун ариза топширган эди. Уларни аксариятининг аризаларини ҳам укамникига ўхшаб айнан Ургут туман Ер ресурслари ва кадастр хизмати, Ер ресурслари бўлими томонидан арзимаган сабаблар кўрсатилиб ноҳақдан рад этилган.
Шу ўринда кичик бир изоҳ: Бу ташкилотнинг аталиши "Ер ресурслари ва кадастр хизмати" деб аталгани билан иккаласи алоҳида ташкилот ҳисобланади ва жойларда фуқароларнинг ноқонуний қурилган уй-жойларига эгалик ҳуқуқи олиш аризаларига асосан Ер заҳиралари бўлимлари рад жавобини берган. Қизиғи, ана шу бўлим на укамнинг уй-жойини, на ўзи томонидан аризаси ноҳақдан рад этилган бошқа фуқароларнинг ноқонуний қурилган уй-жойларини жойига чиқиб ўрганмасдан, асосан кабинетда ўтирган жойидан асоссиз равишда рад этаверган. Бунинг оқибатида эса кўплаб фуқаролар сарсон бўлишди ва бўлишаяпти. Энг ёмони аризалари ноҳақдан рад этилган аксарият фуқароларнинг айримлари айнан шу ташкилотдан "таниш-билиш топиб", ўртага коррупцияни аралаштириб, кимларгадир пора бериб ишларини битиришди ва битиришаяпти. Ўзим бу идорага бориб нечталаб таниш-нотаниш одамлар билан айнан шу, "уй-жойга эгалик ҳуқуқи олиш" масаласи билан боғлиқ ишларни гаплашдим. Уларнинг аксарияти "Аризамизни Ер ресурслари ва кадастр хизмати, Ер ресурслари бўлими рад этган экан, мана энди фалонча дегани бор экан, танишларни ишга солиб ўша билан гаплашганман, қилиб бераман" деб айтган" деб айтишди. Аммо, айни шу тобда уларнинг биронтасини кимгадир пул берганини исботлай олмайман. Сабаби, биринчидан пора олаётган порахўр олаётган порасини менга кўрсатиб олмайди, иккинчидан ўша ташкилотдаги порахўр ҳеч қачон "мен "ҳаққим"ни олиб буни ишини битириб бердим" демайди. "Ходимларимиз эътиборсизлик қилиб бу акани аризасини рад этишибди, ўша ишни йўл-йўриғини кўрсатиб ёрдамлашдим" деб тураверади. Аммо, бу уларнинг коррупция ботқоғига ботганини бекита олмайди. Сабаби, бу ташкилотдан ишини пора билан битирган одамлар маҳалла-куйда ишларини қандай битирганлари, кимга неча пул "хизмат ҳаққи" берганларини ошкора гапириб юрибдилар.
Энг қизиғи, топширилган аризалар мана шундай асоссиз ҳолда рад этилганда ҳужжатлар ДХМ орқали Адлия вазирлигининг туманлардаги ҳудудий бўлимларига қайтиб бораяпти. Аммо, улар аризани асоссиз рад этилганини билсалар ҳам менга ўхшаб кимлардир юқори органларга мурожат этмагунча ана шундай асоссиз ишларга сукут сақламоқдалар. Агар, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари мамлакат бўйлаб Ер ресурслари ва кадастр хизмати, туман Ер ресурслари бўлимларининг фуқароларнинг аризаларини ана шундай ноқонуний ва асоссиз рад этиш ишларига тезкорлик билан жавоб берганларида ва чора кўрганларида ва уларнинг айни шу иш масаласидаги муносабатларини назорат қилиб борганларида анчагина адолатсизлик, ноқонуний ва асоссиз рад этишлар ва коррупцияни олдини олар эдилар. Аммо улар нафақат ўша пайтда, ҳозир ҳам ўша асоссиз рад этишлар ҳақидаги ҳужжатлар қўлларида турган ҳолда биронта фуқаронинг ишини юқорида ёзганимдай то ўзи мурожат этмагунча кўриб чиқмаяптилар.
Фақат, қачонки фуқаро "менинг аризамни ноҳақдан рад этишди" деб борсагина ўша одамнинг ҳужжатларини билан шуғулланаяптилар. Қолган одамларнинг аризалари нега қайтарилгани ҳақида қўлларида маълумотлар бўлса ҳам "оч қорним, тинч қулоғим" қабилида индамай юрибдилар.
Бу билан нима демоқчиман? Ноқонуний уй-жойга эгалик ҳуқуқи олиш акцияси эълон қилинди, аммо ундан кейинги жараённи ҳеч ким назоратга олмади ва бутун мамлакатимиз бўйлаб, жойларда туман Ер заҳиралари ва кадастр хизмати, Ер заҳиралари бўлимлари худди Ургут туманидаги ҳолатга ўхшаб олдиндан бориб 1-2 сўм қистирган фуқароларнинг ҳужжатларига ижобий хулоса бериб, пора бермаганларникини эса асоссиз равишда рад этиб, ҳаммани сарсон қилишди.
Қизиғи, яна укамнинг уй-жойи мисолида ёзаман, туман Ер заҳиралари ва кадастр хизмати, Ер заҳиралари бўлими укамнинг аризасига асоссиз равишда рад жавобини бераяпти, сўнг мени Адлия вазирлигига мурожат қилишим ортидан ҳақиқат қарор топяпти. Аммо, ўртада бизни асоссиз равишда сарсон қилган туман Ер заҳиралари ва кадастр хизмати, Ер заҳиралари бўлими ходимлари, ҳужжатларга қўл қўйган раҳбарияти на интизомий жазога тортилаяпти, на кечирим сўраяпти.
Балки, юқорида ёзганимдай умуммиллий акция эълон қилинганда "мабодо фуқаронинг ҳужжатлари ўрганилганда қайсидир идора томонидан сансоларликка, нохолисликка, асоссиз рад этишларга йўл қўйилса, ўша идора ва ташкилот ходимлари қонунда белгиланган тартибда жазоланади" қўшиб кетилганда балки аҳвол бироз бошқача бўлар эдими? Аммо, акция эълон қилинганда ҳам, ундан кейин ҳам бундай дейилмади. Умуммиллий акция эълон қилинди ва қолганига қонун бузилишлари ва унинг ортидан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталганига тегишли ташкилотлар томошабин бўлиб турди холос. Ана шу ерда "Фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиб, улар топширган ариза асоссиз равишда қайсидир идора ёки ташкилот томонидан рад этилса, улар Адлия вазирлиги ёки бўлимларига мурожат қилиши лозим эди. Фуқаролар мурожат қилмаса Адлия бўлимлари уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилганини қаердан билади?" деган асосли савол беришингиз ҳам мумкин. Аммо, айни шу уй-жойга эгалик ҳуқуқи олиш умуммиллий акциясида жойларда ҳамма назорат Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимларида эди. Яъни ариза ижобий қаноатлантириладими ёки рад этиладими туман ҳокимининг ўринбосари бошлиқ бўлган комиссия томонидан бу ҳақда Адлия вазирлигига бўйсунувчи туман Давлат Хизматлари Марказига маълумотлар кетма-кет жўнатиб турилди. ДХМдагилар, улардан ўтиб туман Адлия бўлимидагилар ҳаммасини кўриб, билиб ўтирган эдилар. Масалан, яна укамнинг ишини мисол қилай. Туман ҳокими ўринбосари бошлиқ комиссия туман Ер заҳиралари ва кадастр хизмати, Ер заҳиралари бўлимининг рад этиш хулосасига таяниб 10 апрелда укамнинг аризасини рад этиш ҳақида қарор қабул қилган ва уни ДХМ га юборган. ДХМ эса бизга 2 май кунигача 20 кун орасида хабар бермаяпти ва 2 май куни Ўзинфокомдан смс хабар келаяпти. Агар ўшанда мен эътиборсизлик қилиб смс хабарни ўтказиб юборганимда яна қанча вақт ҳолатдан бехабар юраверар эдим?! Ёки орадан анча вақт ўтказиб ДХМга ўзим қидириб бориб хабар топар эдим.
Аслида эса Адлия вазирлиги юқорида ёзганимдай назоратни қаттиқроқ олиб, нохолис ва асоссиз рад этишларни ўзига қайтиб келган ҳужжатлар орқали билиб, фуқароларни сарсон бўлишга йўл қўймай жойида ҳал қилса ҳам бўлар эди. Аммо бундай бўлмади. Шу ўринда "жойларда ДХМ ҳаммасига улгура олмаслиги мумкинку!" деган эътироз билдирилиши ҳам мумкин. Аммо, ДХМлар бизнинг хизматимизни текинга қилмаяптику, биз унга ҳар бир ҳужжат учун ЭКИҲнинг 5(беш) баравари миқдорида пул тўлаяпмизку. Хизмат қилиб улгура олмас экан, унда нега фуқароларга ЭКИҲ 5 баравари миқдоридаги маблағ ДХМнинг хизматлари учун тўлаттирилди?
Ўша пайтда укамнинг уй-жойга эга бўлиш ҳақидаги аризаси рад этилгани ҳақидаги смс хабарни олганимдан кейин Ургут туман ДХМга бир неча марта бориб, одам кўплигидан соатлаб навбат кутиб, яна бир қизиқ ишга гувоҳ бўлдим. Шу иш ҳам келажакда бевосита коррупцияга сабаб бўлиши мумкинлиги учун ўша ишни тафсилотини ёзаман, хулоса ўзингиздан.
Навбатда турар эканман, ёши 60 га борган бир амаки келди ва ходимлардан бирига ўғлининг ноқонуний қурилган уйи ҳақида акция муддати тугаб кетганига анча бўлган бўлса ҳам ДХМ томонидан жавоб бормаганини, шу туфайли ўзи суриштириб келганини айтди. ДХМ ходими ундан исм-шарифини сўради ва олдидаги компьютердан унинг аризасига тегишли нарса топа олмади. Шундан сўнг амакидан аризани қайси санада топширганини сўради. Амаки "28 апрелда" деди. Ходим ўрнидан турдида жавондаги бир тўп ҳужжатлар орасидан амаки топширган ҳужжатни олдида "амаки, сизни ҳужжатингиз рўйхатга олинмасдан қолиб кетибди" деди. Амаки ҳайрон бўлди: "Ие, нега қолиб кетади?" Акция муддати 1 майгача эди. Мен 28 апрелда топширдим. Уни олиб қолдинглар. Нега энди рўйхатдан ўтмас экан?" деди. Шунда ўша ходим, "амаки 28 апрелдан кейин тизимимиз умуман ишламай қотиб қолди ва 28 апрель куни ва ундан кейин келган ҳужжатларни рўйхатдан ўтказа олмаганмиз" деб жавоб берди. Амаки ҳайрон қолдилар.
Ўша ҳолатда мен ўзимни ишим билан бўлиб, амакини ДХМ дан чиқиб кетиб қолганини сезмабман, у киши билан гаплаша олмадим. Аммо, шу ерда ДХМ ходимига "Акция муддати 1 майгача дейилган эди. Нега амакини ҳужжатларини рўйхатдан ўтказмадинглар?" десам, ходим "ҳамма белгиланган сананинг охирги 4-5 кунида босиб келди, 28 апрель эрталабдан тизимимиз ишламай қолди, шу учун ўтказа олмадик" деди. Унга қараб "халқимизни менталитетини биласизлар, шу тизимларингни ҳамма ўз ариза ва ҳужжатларини белгиланган муддатнинг охирида олиб келса ҳам қотиб қолмасдан ишлайдиган қилиб қўйса бўлмасмиди?" десам, ходим "бўларди, аммо бу бизни қўлимизда эмас, тизим Тошкентдан жорий қилинади" деди. Ходимга қараб, "демак, компьютер тизимларинг Тошкентдан туриб бошқарилса ва 28 апрелдан сизларда қотган бўлса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қотган бўладими унда?" десам, у "худди шундай, тизим қотса бутун мамлакатимиз бўйлаб қотади" деди.
Демак, айнан шу акция доирасида ариза топшириш муддати 1 майгача бўлган ҳолда, 28 апрелдан бошлаб тизим қотиб қолган ва кўпчиликни аризасини рўйхатдан ўтказиб бўлмаган. Шундай экан, бутун мамлакат бўйлаб қанча одамнинг аризаси қабул қилинмасдан қолиб кетган бўлса? Нечта одам "давлатни акциясининг аҳволи бу бўлса, демак ишимни пора билан битказаман шекилли" деб яна ўша Ер заҳиралари ва кадастр идорасига ёки аввал ҳокимнинг қарорини олиш учун ўртага таниш-билишларни аралаштириб, ишини битириб берадиган одамни қидириб юрган бўлса?
Умуман олганда битта қарорнинг назорати етарли бўлмагани ортидан ўша қарор орқали аҳолининг ноқонуний уй-жойига эгалик ҳуқуқи олиш имкониятлари пасайиб ёки умуман аризаси рад этилиб ёки рўйхатга олинмай қанчалаб одамлар давлатга нисбатан, Адлия тизимига нисбатан ишончларини йўқотиб яна коррупцион механизмга мурожат қилишга мажбур бўладилар.
Шундай экан, у ноқонуний қурилган уй-жойга эгалик олиш ҳуқуқи ҳақидаги акция бўладими ёки бошқа турли қонун қарор ёки фармонлар бўладими аввало тегишли ташкилотлар устидан уларнинг ижроси учун кучли назорат керак. Агар кучли назорат бўлмаса аксарият ҳолларда қонун қарор ва фармонлар ижроси ҳудудларда оқсайди, буни оқибатида эса фуқаролар ўз ишларини битириш учун масаланинг қонуний чорасини қидириб ўтирмайдилар ва "оч қорним, тинч қулоғим" қабилида яна коррупцион схемаларга мурожат қиладилар. Шу учун ҳам коррупцияни йўқотиш ёки камайтириш учун қонун, қарор ва фармонларнинг ижросини кучли назорат қилиш механизми жорий этилиши керак. Ҳозирча эса кучли назорат уёқда турсин, оддий назорат ҳам йўқлиги учун жойларда турли қонун, қарор ва фармонлар ижроси ўлда-жўлда бўлиб юрибди ва одамлар ҳанузгача ўз ишларининг ечими учун коррупцион схемаларига мурожат қилаяптилар.
Ўйлайманки қонунчиликдаги бўшлиқлар ва назоратнинг сустлигига ҳам албатта барҳам берилади. Ҳар ҳолда сустроқ бўлса ҳам ҳаракат шунга қараб кетаяпти.
Адлия вазирлиги ҳам ана шундай ҳолатларда ўзи назорат қиладиган қарор, фармон, қонунларни назоратини қаттиқроқ назоратга олса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий