*Замонамиз қаҳрамонлари ёки сурхонликларнинг заҳматли меҳнатлари*
2017 йилнинг ёзида, қоқ саратонда Сурхондарёга бордик. Тахтиқорача довонидан ошиб, Шаҳрисабздан ўтганимиздан кейин мен иссиқни ҳис қила бошладим. Аммо, у иссиқлар ҳолва экан. Қашқадарёнинг охирги тумани Деҳқонободга борганимизда аср пайти эди. Катта йўлни ёқасида тўхтадик. Машинадан тушишим билан мен олдинлари ҳаётимда умуман учратмаган иссиқ бир тафтга дуч келдим. Бундай иссиқ тафт Самарқандда ҳам, Тошкентда ҳам, водий вилоятларида ҳам ҳатто, қоқ туш пайтида ҳам учрамайди. Бу ерда эса қуёш ботишига икки соат қолганда ҳам шундай иссиқ тафт бўлар экан. "Ҳали бу кечки пайтни иссиғи бўлса, қоқ тушда иссиқ қанақа бўларкин? Бу ер ҳали Қашқадарёнинг, Деҳқонободи, Сурхонда аҳвол қанақа экан, Термиздачи?" деб ўйладим. Бойсундан ўтгунча шом бўлди. Яна тўхтадик. Ўша-ўша иссиқ тафт. Соат кечки 9-10 ларда манзилимиз Жарқўрғонга етиб бордик. Қоронғу тушган бўлса ҳам ўша йўлда учратган иссиқ тафтимиз шундоққина сақланиб турибди. Мезбонларга раҳмат, бизга кондиционер ўрнатилган хонада жой қилишган экан, кечки пайт салқинда ухладик. Эрталаб турсак ҳаво бироз салқинлаган экан. Олдинига ўша машҳур Жарқўрғон минорасини бориб кўрдик, кейин Шерободга, Имом Термизий зиёратгоғига жўнадик.
Шу ўринда кичик эслатма: Ислом оламидаги машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизийнинг қабрлари Шерободда.
Шерободга тушга яқин етиб бордик. Иссиқни сўз билан таърифлаб бериб бўлмайди. Ниҳоятда иссиқ. Қуёш остида умуман чидаб туриб бўлмайди. Зиёратгоҳдаги масжид янгитдан тикланган ва кондиционерлар ўрнатиб салқинлатиб қўйилган экан, пешиндан сўнг масжидга туташ хоналардан бирида соат 4 гача жон сақладик. Ташқарида умуман юришни ҳам, ўтиришни ҳам иложи йўқ. Соат 4 дан кейин Термизга жўнаб кетдик.
Ўшанда Сурхонда 2 кун юрдик. Эсласам, ўшанда Сурхоннинг ҳамма жойига борибмиз. Ҳатто ўша машҳур Сангардак шаршарасига ҳам бордик. Йўлда қайтар эканмиз, Бойсун довонидан чиқишимизда қоқ туш пайти эди, қарасак иссиқда бир гала аёллар буғдой ўришаяпти. Ўша иссиқда сояда жон сақлаш қийин. Аммо, аёллар қуёш тиғи остида ишлаяпти. Биласиз, буғдойни ости қотган ер ва уни ўриш пайтида тепадан тушаётган қуёшнинг иссиқ тафти яна қайтиб одамнинг юзига урилади. Аёллар эса ўша ҳолатда ишлаяпти. Яна бироз юрдик. Қарасак йўлни четида бир гуруҳ аёл ва эркаклар ғишт қуйишаяпти. Ғишт бўлганда ҳам оддий ғиштмас, ўлчами катта блок - ғиштдан қуйишаяпти. Уни ҳар бири камида.18-20 кг.ча келади. Ўша ерда аёллар лой ташиш, қолипга лой уриш, қуриган ғиштларни йиғиштириш каби ишларда эркаклар билан тенгма-тенг ишлашаяпти. Ёнимизда келаётган сурхонлик танишимиз "оилавий ишлашади шекилли" деди. Очиғи, уларни оилавий ишлашларини ҳам ёки ёлланиб ишлаётган мардикор эканликларини ҳам билмайман. Билганим шу-ки улар одам боласи чидаши қийин бўлган иссиқда эркаклар билан тенгма-тенг ишлаётган эдилар.
Ҳаммамиз биламиз, бизга эрта баҳордан кеч кузгача асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биринчи бўлиб сурхонликлар етиштириб беришади. Ёзнинг иссиқ саратонида у ерни айланар эканмиз, сурхонликларнинг ўша биз истеъмол қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини иссиқда қандай азоб билан меҳнат қилиб етиштираётганини гувоҳи бўлдим. Ўшандан бери Сурхон ҳақида гап очилса, "Сабрингга балли Сурхоним одамлари" дейман. Айниқса, у ерда яшаётган аёлларнинг иссиқда далаларда ва бошқа ишларда қилаётган заҳматли меҳнатларини кўриб ўша аёлларининг матонатига, сабрига, бардошига қойил қолганман. Айниқса, куннинг иссиғида буғдой ўраётган, блок - ғишт қуяётган, далада пахта чопаётган аёлларни кўриб гарчи ёнимдагиларга сездирмаган бўлсам ҳам кўзимдан ёш чиқиб кетган. Аёл матонати, аёл сабри, аёл заҳмати, аёл бардошини Сурхонга қилган ўша саёҳатимда англаб етганман.
Жонингиз омон бўлсин, Сурхоннинг аёллари.
Ўшанда, нафақат Сурхон аёлларининг, балки Сурхон халқининг ўшандай иссиқ ва оғир шароитда яшаб, матонат ва сабр билан меҳнат қилиб юрганларини кўриб қойил қолганман. Ўшандан бери Сурхон аҳлига ўзгача меҳр қўйганман.
P.S. Айтишингиз мумкин, ўша ишларни бошқа жойларда, бошқа аёллар ҳам қилишаяпти деб. Тўғри, қилишаяпти, аммо Сурхоннинг аёлларидай одам пишиб қоладиган жазирама иссиқда эмас.
(Бу постимни 8 мартга алоқаси йўқ. Анчадан бери ёзмоқчи эдим, бугунга тақдир қилган экан.)
Комментариев нет:
Отправить комментарий