Тайёргарлик машқлари даврида аскарлар орасида «Афғонга ташлашар экан», деган миш-
миш юрарди. Бировлар қўрқиб, нажот истаб уйларига хатлар ёзсалар, бошқалар «байналминал
бурч»ни бажариш, қаҳрамонлик кўрсатиш илинжида жанггоҳга ошиқарди. Баъзи йигитлар эса,
«Афғондан қайтганлар иститутларга имтиҳонсиз қабул қилинар экан», деб умид қилишарди.
Институтларга кириш учун Афғондан тирик ҳолда қайтиш лозимлигини эса ўйлашмас эди. Ҳар куни ўнлаб қора темир тобутлар селининг оқиб келаётганини улар билмасдилар.
Нуриддин эса, «Нима бўлса, пешонамдан кўрдим», деб ўзини тақдир ёзуғи ихтиёрига берган
эди. У жанг-гоҳда етти ухлаб тушида кўрмаган фожиаларга дуч келди. Дастлаб «бу ваҳшийликларни кўравериб жинни бўлиб қолсам керак», деб ўйлади. Йўқ, ақлдан озмади,
аксинча, дийдаси қотиб борди. У афғонларнинг нима учун урушаётганини тушунмас эди. Унинг учун бир нарса аниқ — қаршисидаги душман! Сен отмасанг, у сени ўлдиради. Чунки у учун сен, душмансан! Бу дунё-да яшаб қолмоқ учун ҳам қаршингдагини ўлдиришинг шарт. «Байналминал бурч», «Афғонистон озодлиги», деган тушунчалар мингинчи даражадаги масала эди. Ажал ўқлари ёғилиб, фақат ўз жонинг кўзга кўриниб турган онда фақат ақлдан озган одамгина
бундай бурч ҳақида ўйлаши мумкин. «Қаршимдаги душман эмас, мусулмон биродарларим. Ўз
уйини, молу жонини ҳимоя қилган одам нима учун душман бўлар экан?» деган тушунча ҳам
Нуриддинга ёт эди. Қадимда Хуросон деб аталмиш бу юртни боболар бир томондан инглиз,
шимолдан эса ўрус ҳамласидан ҳимоя қилиб жон берганларини ҳам билмас эди. Ўрусга қарши
жиҳодда жон берганларнинг авлодлари энди ўрусга шерик бўлиб жон олса... Боболар ўрусга
Хуросонни бермаган эдилар. Ўрус Термиз билан Кўшкдан нари ўта олмаганди. Нуриддин, буларни ҳам билмас эди. Билганда-чи? Билганда нима қила олар эди? «Боболарим юртига қараб ўқ отмайман» деса, «Майли ука, сиз уйингизга қайта қолинг, бу ёғини ўзимиз эплаштирамиз», дейишармиди? Бе, инсоф қилишса «хизматдан бўйин товлаш» деб қамашарди.
Раҳм қилишмаса шартта отиб ташлашарди — вассалом!
Нуриддин ўзини Дарбадар деб атаган қария билан учрагунича ақлсиз гўдак каби эди.
Дарбадар отилганидан бери орадан тўрт йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Қарияни отиш учун беш
киши чиқишди. «Отилсин!» деб буйруқ берилди. У ҳам беихтиёр тепкини босди. Мўлжалга олмади. Балки ўқи хато кетгандир, қарияга тегмагандир?
Ўқ отилмай туриб қария унга қараб жилмайиб қўйди. Нега жилмайди экан? «Мен Ватаннинг бир бўлагиман, сен Ватанга қараб ўқ узмайсан, а?» демоқчи бўлдими? Ё «Ана, айтмовмидим, қул бўлганинг учун ҳам буларга қўшилиб чиқдинг», демоқчимиди? Нуриддин бу жилмайишнинг
маъносини уқишга кўп ҳаракат қилди. Бироқ, тайин бир хулосага кела олмади. Бадани ўқлардан илма-тешик бўлган Дарбадар кўкрагини чангаллаб, яна Нуриддинга тикилди. Бу сафар жилмаймади. Йўқ, йўқ, кўзлари бир нуқтада қотди: ўткир нигоҳига савол аломати муҳрланди. Нуриддин бу қарашнинг маъносини ҳам уқмади.
Ўша фожеадан кейинги тунлар Нуриддин учун беҳаловат, азобли тунларга айланди.
Дарбадар ўша савол аломати муҳрланган нигоҳи билан ҳар тун уни таъқиб этадиган бўлди.
Асирлар сақланадиган ҳибсхонада Дарбадардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Нуриддин ҳибсхонани қўриқлаш учун навбатни қабул қилганида бундан кейинги ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эди. Аввалига «гапириш мумкин эмас», деб огоҳлантирди. Дарбадар «Сен гапирма, эшит», деб сўзлайверди. Худди тарих ўқитувчиси дарс ўтаётгандек эди. «Ўша суҳбатдан сўнг йигитнинг онги ўзгарди, ватанпарварга айланди», десак лофга ўрин берган бўламиз.
Ватанни бир мартагина бўлса ҳам кўришга зор кўзлар жон таслим қилинганидан сўнг ҳам
юмулмаган эди. Ана шу кўзлар тунлари Нуриддинни уйғотарди...
«Қўлингни узат, бўтам, қўрқма, кафтингни бир ҳидлай, ундан Ватан ҳиди келса ажаб эмас.
Имконим бўлса эди, сени бир қучар эдим. Ахир сен Ватанимнинг бир заррасисан. Мен ҳам бир
бўлагиман. Тақдир ўйинини қарагина — Ватан иккига айрилмиш — бири қафасда, бири эса, қулликда».
«Мен қул эмасман».
«Қулсан, бўтам, қулсан. Кўзлари юмуқ қулсан. Ақли муҳрланган қулсан. Кўзларинг очиқ
бўлса эди, озодлик сари юрган бўлар эдинг. Ақлинг қулфлари бузилса эди, кишанларни уриб
синдирар эдинг».
«Кишан? Йўқ, бизда кишан...
«О, кўнгил, сен бунчалар нега
Кишанлар билан дўстлашдинг,
На фарёдинг на додинг бор...»
Бўтам, сен бу сатрларни билармисан? Чўлпонни эшитганинг борми?»
«Чўлпон? Ким у?»
«О, миллат, бахти қаро миллат! Сени зулматдан ёруғликка олиб чиқувчи авлод шуларми эди?»
«Гапларингизни тушунмаяпман?»
«Ватан надир? Миллат надир? Эрк надир? Англармисан ўзинг? «Кулган бошқалардир,
йиғлаган менман... Ҳайвон қаторида саналган менман...» О, миллат ҳолинг на бўлар энди»
«Ота, бирон ерингиз оғримаяптими? Касал эмасмисиз?»
«Мен соғман, бўтам, миллатим хастадир. Мен бугунми, эртами ўлимимни топарман. Оқибат
бу ёруғ дунёга сиғмай қоларман. Ватан соғинчи билан тепаётган юрагимга биттагина ўқ кифоя.
Ватанни бир мартагина кўрмоқ умидимни ўзим билан туфроққа олиб кетурман».
«Ватан, Ватан, дейсиз? Ватанда турибсиз-ку?»
«Бир жиҳатдан гапинг тўғри, бўтам. Бу Хуросон — боболаримиз Ватани. Бизнингда Ватандир бу. Аммо менинг киндик қоним тўкилган Ватан — Андижондир».
«Ие, мен ҳам ўша ерликман».
«Қора қошларингга қараб кўнглим сезиб эди. Сен киришинг билан Ватан иси димоғимга уфурди. Шу боис сўзлайвердим».
«Исмингиз нима, отахон?»
«Исмим — Дарбадар».
«Ие, шунақа исм ҳам бўладими?»
«Тўғри, бунақа исм йўқ. Лекин шунақа одамлар бор. Мингтепа деган жойни биласанми?
Жаннатмакон отамнинг киндик қонлари ўша қишлоққа томган. Отам бир ёшга тўлмай туриб
бобомнинг юрак қони шу қишлоқда оққан. Ўруслар Мингтепа ариқларида инсон қонларини оқизиб, сўнг атроф қишлоқдагиларни адирга ҳайдаганларини наҳот эшитмаган бўлсанг?
Ўзбекларни дарбадар қилиб, уларнинг ўрнига ўрусларни кўчириб олиб келиб «марҳамат,
яшанглар!» деганларини ҳам эшитмаганмисан? Ахир ўша фожиадан «Марҳамат» деган ном
хотира бўлиб қолган-ку? Ё Раб, бу не кўргулик? Дукчи эшонни биларсан балки?»
«Мактабда ўқиганмиз. Одамларни алдаб бойиган киши экан».
«Астағфируллоҳ! Эшон ҳазратларининг ниятлари кўкрак сути каби покиза эди. Ватанни озод этмоқни ният қилиб эдилар. Жаннатмакон бобом ҳазрат эшоннинг муридлари бўлган эканлар.
Уларнинг исёнини эшитганмисан?»
«Ўқиганмиз. Уч-тўрт соатда бостирилган экан».
«Нима учун шу қадар тез бостирилган? Ўйлаб кўрганмисан?»
«Биз ўқитувчи ўтган дарсга ишонамиз. Ўйламаймиз».
«Ё миллат, ҳолингга вой! Сен бир ўйла, бўтам, Эшон ҳазратни фитна, иғво тузоғига туширганлар. Ўруслар эшон ҳазратдан қўрққанлар. Ҳазратнинг атрофига одамлар тобора кўп
тўпланаверганлар. Яна бир йил қўйиб берилса, Эшон ҳазрат ғоят катта кучга эга бўлур эдилар.
Агар жиҳод бир йил кейин бошланганида бу юртларда ўруснинг уруғи қурур эди. Билиб қўй: миллатни хор қилган ўруслар эмас, ўзимиздан чиққан хоинлар, иғвогарлар. Ҳазратимни ҳам
шулар бадном қилдилар. Буларсиз ўрус ҳеч нимага эриша олмас эди. Иғвогарлар турк султонидан деб ёлғон мактуб тўқидилар. Ҳазрат эшон бунга инониб бемаврид озодлик учун жангга қўзғолдилар. Ўзинг ўйла-чи, қурол-яроғсиз ҳам жангга чиқадими киши? Бобомнинг йўлларини отам давом эттирдилар. Мадаминбекка қўшилиб икки йил жанг қилдилар. Бунда ҳам ўрусларга иғво иш берди. Амирал-муслиминнинг муборак бошларини ўз биродарлари узишди... Шундан
сўнг юртдан қувилдик. Қашқарда макон топдик. Ўруснинг болшевиги Қашқарга етиб келди. Биз
эса, бу ерларга паноҳ излаб келдик. Энди ўрус бу ерларда уруш қўзғади. Кўпчилигимиз
тинчлик истагида Туркияга ёхуд Саудияга жўнашди. Мен қолдим. Жиҳод истаб қолдим. Ўрусдан
қачонгача қочамиз? Ё ҳаёт, ё мамот! Сени дуо қиламан бўтам, юртга омон-есон қайтиб бор.
Қайтиб боргину жаҳолатда юмуқ бўлмиш кўзларингни оч! Дўстларингни ҳам уй-ғот! Ватанда
беватан яшама. Ватан боғини қуритма. Инсон ўз қони ила суғориб бўлса-да, Ватан деб аталмиш муаззам боғнинг қуримоғига йўл қўймаслиги лозим, унутма! Миллат хаста, ўғлонлар эса табибдурлар!»
Шу сўзларни айта туриб худди нафаси сиқилгандай чуқур тин олган эди. Сўнг овозини
пастлатгани ҳолда бир байт ўқиб эди:
«Маризинг бир тарафдин, бир тарафдин хорсан — миллат,
Бадандан доимо қон олдурар беморсан — миллат...»
Болаликда шеър ёдлашга уқуви дуруст бўлган Нуриддин бир эшитишдаёқ бу байтни эслаб
қолган, сўнг мағзини чақмоқ учун тез-тез такрорлашни одат қилган эди.
Дарбадарнинг тунлари уйғотиб беҳалавот қилғувчи, савол аломати муҳрланган кўзлари
билан шуларни гаплашади. Ҳибсхонадаги қисқа суҳбат такрорланаверади.
Дарбадар дуо қилди. Лекин юртга қайтиш бахти Нуриддинга насиб этмади. Бир қишлоққа
ҳужум қилишганида чидай олмади. Хонадондаги ҳимоясиз аёллар, болаларни отаётган
шеригининг бошига қўндоқ билан урди. Сўнг автоматнинг барча ўқларини унинг кўксига
бўшатди. Шундан сўнг уни ҳибс этиб ҳарбий трибуналга топширдилар. Охир-оқибат Сибирдаги мана шу қамоқхонага келтириб ташладилар.
Дарбадарнинг умиди жасади билан биргаликда кўмилди — жаҳолат, ғафлат уйқусидан
уйғониш, қуллик тамғасидан қутулиши зарур бўлган йигит Сибириянинг овлоқ ерларида
қандайдир одамларга чой дамлаб, хизмат қилиб юрибди. Ўша тун уйғониб, Дарбадарнинг
кўзларига рўпара бўлганида шуларни айтиб:
«Сиз ғафлатдан уйғон, дедингиз. Қандай уйғонишни эса айтмадингиз».
«Худо сенга ақл, зеҳн берган. Ўйла, йўлни топ».
«Мен бунақа жойларда нима қилай энди?»
«Сен бу жойларда озодликнинг қадрига етасан».
«Мен булар билан бирга бўлишни истамайман».
«Буларнинг миллати йўқ. Сен миллатсиз одамлар билан бирга бўлиб, миллатни қадрлашни
ўрганасан...»
Нуриддин одати бўйича Дарбадарнинг кўзларига қараб кўп саволлар берди. Лекин жавоб
ололмади. Чунки у Дарбадарнинг кўзи билан эмас, балки ўзи билан ўзи гаплашарди. Унинг
онги эса кўп саволларга жавоб топмоққа ожиз эди.
понедельник, 18 февраля 2019 г.
Афғон, мурдалар гапирмайдилар
Подписаться на:
Комментарии к сообщению (Atom)
Комментариев нет:
Отправить комментарий