Кўпчиликнинг хабари бор, бундан бир неча кун олдин таниқли ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ЎзА сайтида эълон қилинган «Олтин ўлка» номли эссесида пойтахтни Тошкентдан Жиззах вилоятига кўчириш таклифини [билдирган эди](https://daryo.uz/k/2019/02/21/ozbekiston-poytaxtini-toshkentdan-jizzaxga-kochirish-taklif-qilindi/?utm_source=Telegram_Bot).
Шунингдек, ёзувчи «пойтахт» сўзини «бошкент»га ўзгартириш таклифини ҳам берган.
Ёзувчининг ёзишича, **"Тошкент Ўзбекистоннинг энг чекка қисмида, қозоқюртнинг биқинида жойлашган. Бошқа вилоятлардан Тошкентга келишгунча, анча вақт, маблағ, ёқилғи кетади.
Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, Бошкентни мамлакатни ўрталиғи – Жиззах ўлкасига, хусусан: Ғаллаорол – Булунғур туманлари оралиғидаги бепоён бўшлиққа ёки Фориш туманига кўчиришни таклиф этади. Шунингдек ёзувчининг ёзишича Фориш туманига Боғдон номи берилса, тарихий ҳақиқат тикланади.
Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларидан бирида қурилса, миллиард-миллиард долларлар тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган бўш ва баҳаво гўзал ерлар мавжуд"**.
**"Бунинг учун ер ости, усти бойлиги тежаб ишлатиш, ўмарилган миллиардларни ўзбек ғазнасига қўйиш, йигирма беш йиллик олтинни Ватанга қайтариш, коррупция илдизини таг-туги билан чопиш, шаффоф декларация ўтказиш, ҳашарга чет эл давлатларини тортиш керак"**, дейди Эврил Турон.
Мана шу хабар турли сайтларда берилар экан, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида катта акс – садо берди. Твиттеда бу хабарга ҳам, ёзувчининг шаънига ҳам бир-иккита терс муносабатни айтмаса аксарият фойдаланувчилар "Тўғри айтибди" ёки "нотўғри айтибди, аммо унинг хоҳлаган фикрини билдириш ҳуқуқи бор" тарзида фикр билдиришди. Аммо, охирги пайтларда кундан-кун бир тарафдан болалар боғчаси, яна бир тарафдан эса беҳуда гаплар уяси бўлиб бораётган Фейсбук ижтимоий тармоғида ёзувчи шаънига ҳам, унинг янги пойтахт ҳақидаги фикрларига ҳам билдирилган фикрларни ундай деб бўлмайди. Бу ердаги турли гуруҳларда ёзувчининг пойтахтни кўчириш ҳақидаги фикрлари қўйилар экан улар остида аксарият ушбу тармоқ фойдаланувчилари ёзувчи шаънига ҳам, унинг таклифига ҳам жуда кескин ва ҳақоратли сўзлар билан фикрлар билдирдилар. Энг қизиғи, ўзини адолат ҳимоячиси ва адолатпеша деб кўрсатадиган, танитадиган айрим блогерлар ҳам ҳатто ёзувчини ўта қўпол гаплар билан ҳақорат қилиб постлар қўйишди.
Бу нимани англатади? Ҳаммамиз бир гўрмиз деганини анлатади. Тушунтираман: ёзувчини янги пойтахт ҳақидаги фикрларини танқид қилганларнинг аксарияти доим "бизда одамлар турли масалаларда ўз фикрларини, дунёқарашини билдиришга ҳаққи борлигини, аммо, кўпинча улар нимадир мавзу бўйича фикрларини билдирганларида оломон талаб ташлаётганини, жамият бундай тоқатсиз бўлмаслиги кераклигини, одамлар бошқаларнинг фикрига тоқат қилишлари лозимлиги" ҳақида ёзадилар. Аммо, кеча ёзувчининг пойтахт ҳақидаги фикрларига ўзлари ҳам кескин ва ҳақоратли сўзлар ишлатиб муносабат билдириб, ўзлари ҳам ўша ўзлари доим танқид қиладиган тоқатсиз инсонлардан, тўғрироғи оломондан баттарликларини кўрсатдилар.
Энди, Мамадали Маҳмудовни янги пойтахт ҳақидаги фикрларига келсак аслида улар ёзувчининг "Йўлдаги ўйлар" туркумидаги "Олтин ўлка" эссесида билдирилган ва уни 20 февраль куни ЎзА ўз сайтида эълон қилди. http://www.uza.uz/oz/culture/oltin-lka-20-02-2019?m=y&ELEMENT_CODE=oltin-lka-20-02-2019&SECTION_CODE=culture
Шундан сўнг қайсидир сайтнинг қовоқкалла бир ходими ёзувчининг ўша эссесидаги янги пойтахт ҳақидаги фикрларини олиб "Ёзувчи пойтахтни Тошкентдан Жиззахга кўчиришни таклиф этди" деган сарлавҳа билан ўз сайтида хабар берди. Шундан кейин кетди буёғи, бир неча соат ичида аксарият сайтлар шу хабарни айнан шу сарлавҳа билан бердилар. Ёзувчининг фикрлари айнан ўша сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларга ҳам кўчди. Улардан ақалли биронтаси чиқиб "Ёзувчини пойтахтни Жиззахга эмас, Жиззах вилоятидаги бўш ерларга кўчиришни таклиф этган" демади. Ҳатто, ўқувчилар шундай деб эътироз билдирганда ҳам эътирозлар инобатга олинмади ва ўша хабар ҳанузгача турли сайтларда ва ижтимоий тармоқларда ўшандай хато сарлавҳа билан турибди.
"Нима бўпти, Жиззах вилояти ҳам Жиззах-ку" дейишингиз мумкин, аммо пойтахтни Жиззах вилоятидаги бўш ерларга кўчириш билан билан Жиззах шаҳрига кўчириш ўртасида катта фарқ бор.
Қолаверса ўша таклиф ёзувчининг хоҳишидан келиб чиққан ва Ўзбекистоннинг эркин ва ҳур фуқароси сифатида у қонун доирасида хоҳлаган таклифини айтишга, ёзишга ҳаққи бор. Бу иши учун уни ҳақорат қилиш ҳайвонликдан бошқа иш эмас.
Яна бир гап. Уни янги пойтахт ҳақидаги таклифини ўқиб уни ҳақорат қилганларни аксариятининг фикрига кўра "ёзувчи ўша фикри билан юрт раҳбарига маддоҳлик қилган, пахта қўйган" экан. Хўш, у янги пойтахт ҳақидаги фикрларини ўша эссесида ёзаётганида юрт раҳбарига "маддоҳлик ва пахта" қўйиш хаёлига умуман келмаган бўлса ва Жиззах вилоятидаги катта ҳудудларни қаровсиз қолаётганини кўриб "янги пойтахт қуриш" хаёлига келган бўлса-чи? Сиз ахир уни ичига кириб чиқмагансиз-ку.
Шундай экан ёзувчини ўша фикрлари учун бунчалик ҳақорат қилиш нечун?
Қолаверса, охирги икки ойда Жиззах вилоятини икки марта айланиб келиб мени ҳам хаёлимга шу фикр келган эди ва Аллоҳга қасамки "пойтахтни Жиззах вилоятига янги шаҳар қуриб кўчирса бўлар экан" деб ўйлаганимда ёки ёзганимда
https://t.me/bugunning_gapi/438
юрт раҳбарига маддоҳлик қилиш, пахта қўйиш мени хаёлимга келмаган. Шу туфайли ҳам Мамадали Маҳмудовни ҳам ўз эссесида янги пойтахтни Жиззах вилоятидаги бўш ерларда қуриш керак" деган фикрини юрт раҳбарига маддоҳлик ёки пахта қўйиш учун ёзган деб ўйламайман. Шунчаки у ҳам вилоятнинг катта ҳудудларидан етарлича фойдаланилмаётгани учун шу таклифни ёзган бўлиши мумкин.
Мамадали Маҳмудов маддоҳлик қилганда Собиқ Иттифоқ даврида ёзган бир асари учун КГБнинг қаҳрига учраб қийналиб юрганида маддоҳлик қилар эди.
Мамадали Маҳмудов маддоҳлик қилганида 1999 йилда айбсиз айбдор бўлиб қамалганида, қамоқда узоқ йиллар азоб еб ўтирмаслик учун "Ленин бобомлар, мени отамлар, мени кечиринг, сиз дунёни ушлаб турибсиз" деб маддоҳлик қилар эди. Аммо у Собиқ Иттифоқ даврида қийналиб юрганида ҳам, мустақиллик йилларида қамоқда азоб чекиб ётганида ҳам ҳеч кимга маддоҳлик қилмаган ва катта эҳтимол билан янги пойтахтни Жиззах вилоятида тиклаш ҳақида ёзиб ҳам ҳеч кимга маддоҳлик қилмади.
Энди яна ижтимоий тармоқларда ёзувчи ҳақида "Ким ўзи бу? Қайердан пайдо бўлди? Шу пайтгача қайерда эди? Маддоҳларни ҳам зўри эканда. Пахтани ҳам зўридан бор экан"(уятли бўлгани учун ҳақоратли сўзлар ёзилган шарҳларни келтирмаяпман) деган фикрларни билдирганларга "Бу одам Ўзбекистон мустақиллиги учун мустамлакачи босқинчиларга қарши ўз асарлари орқали курашганда сенлар отангнинг белида ҳам йўқ эдинг" деб ёзиб юборишдан ўзимни зўрға сақлаб қолдим. Аммо, шу сўзларни бу ерда барибир ёздим, маъзур тутасизлар.
Шундай экан, ҳурматли хонимлар ва жаноблар, ўзингиздан бир тузукроқ гап чиқмайдими, ҳеч бўлмаса бошқаларнинг фикрига тоқатли бўлинг. Қолаверса сиз ўзингизни сассиқ гапларингиз билан ёзувчини эмас, ўзингизни ҳақорат қилаяпсиз. Қолаверса турли фикрларга тоқатсизлик қиладиган оломон сизга ёқмайдику. Шундай экан сиз, ҳа айнан сиз ё жамиятдаги одамларни тоқатсизликда айбламанг ёки ўзингиз ҳам бошқаларнинг фикрига тоқат кўрсатинг. Ана шунда юзингиз битта бўлади. Ҳозирча эса сиз бир тарафдан жамиятни тоқатсизлткдағайблаб, иккинчи тарафдан ўзингиз ҳам бировларнинг фикрига тоқатсизлик қилиб, иккиюзламачилик қилаяпсиз.
Саломат бўлинглар.