*Суюлтирилган газ билан таъминланаётган ҳудудларда табиий газ қувурлари тикланадими ёки Ўзтрансгаз АЖ бошқарув раисининг гапни қуруқ олиб қочиши ҳақида*
Халқаро пресс-клубда ўтказилган суҳбатда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Эшмуратов турли саволларга жавоб [берибди](http://www.uza.uz/oz/society/suyultirilgan-gaz-bilan-taminlanayetgan-ududlarda-tabiiy-gaz-09-01-2019?m=y&ELEMENT_CODE=suyultirilgan-gaz-bilan-taminlanayetgan-ududlarda-tabiiy-gaz-09-01-2019&SECTION_CODE=society).
Ўша саволлардан бирида яқинда Қозоғистон орқали водий вилоятларига газ олаётганимизни раис "Биз газни қозоқлардан олмаяпмиз, у ўзимизни газимиз. Шунчаки уни Қозоғистон қувурлари орқали олаяпмиз" дебди.
*"Суюлтирилган газ билан таъминланаётган ҳудудларда табиий газ қувурлари тикланадими?"* - деган саволга жаноб раис қўйидагича жавоб берибди:
*"Биз нима учун истеъмолни суюлтирилган газга ўтказдик? Табиий газни етказиб беришдаги узоқликлар, йўқотишларни ҳисобга олиб шу йўлни тутдик. Баъзи ҳудудларга табиий газни етказиб бериш жуда қийин. Сарф-харажат ошиб кетаяпти"*
Шу ерда Ўзтрансгаз АЖ бошқарув раисининг гапни қуруқ олиб қочаётгани билиниб қолади.
Тушунтираман. Бугунги кунда гази узилиб, газ баллонларда суюлтирилган газ етказиб берилаётган жойларнинг Узтрансгаз АЖ раиси айтгандай марказдан узоқ ва қувурлар орқали газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудлар ҳам бор.
Аммо, марказларда ва марказларга яқин ҳудудлар борки, уларга газ етказиб бериш асло муаммо ҳам, қийин ҳам эмас.
Ана ўшандай ҳудудлардан бири Ургут туманидир.
Бу туман ҳудудининг бошланиш жойи вилоят марказидан 15 км, туман маркази Ургут шаҳри 40 км, туманнинг олис ҳудуди 50-55 км узоқликда жойлашган. Туман ҳудуди вилоят марказидан унча узоқ бўлмасада мана неча йиллардан бери бу туманга тузук-қуруқ газ берилмайди. Ҳозир Ургут эркин Иқтисодий Зонадаги айрим корхоналарга газ берилаяпти деб эшитаман, аммо аҳоли учун умуман газ берилмаяпти. Ҳатто туман маркази Ургут шаҳрида ҳам газ йўқ. Туманга газ берилмаётгани учун бугунги кунда аҳолиси ярим миллион бўлган ва туманда камида 50 мингта турли техникалар рўйхатга олиниб ҳаоакатланаётган бўлса ҳам биронта метан қуйиш шаҳобчаси йўқ. Ҳа, янглиш эшитмаяпсиз: Ургут туманида биронта метан қуйиш шаҳобчаси йўқ.
Кўпинча бошқа жойдан меҳмонлар келса ана шу ҳолатдан "Наҳотки шунча корхона бор катта бир туманда битта ҳам метан қуйиш шаҳобчаси бўлмаса" деб жудаям ҳайратланишади.
Бизнининг қишлоқ 1996 йилда газлаштирилган. Аммо газни бор-йўғи 4-5 йил ёқдим ва 2000-йиллар бошида газимизни узишди. Қишлоғимиз туман маркази Ургут шаҳридан 2-4 км, Вилоят марказидан 42-45 км узоқликда жойлашган. Хўш, жаноб раис лутфан айтсинларчи, биз ҳам "табий газни етказиб бериш қийин бўлган узоқ жойда яшаймизми? Ургут шаҳричи, у ҳам марказдан узоқ жойда жойлашганми? Ўзи жаноб раиснинг ўлчови бўйича "газ етказиб бериш қийин жойлар марказлардан қанча масофада узоқда бўлиши керак?
Саволлар кўп. Аммо бу саволларга жаноб раис жавоб бера олмаса керак.
Мен бу ерда Ургутни мисол қилдим-у мамлакатимизда марказга яқин бошқа жойларда ҳам гази узилган жойлар кўп.
Шу учун жаноб раис гапни қуруқ олиб қочмай "газни кимга бериш-бермасликни мен ҳал қилмайман, мен фақат бажарувчиман" деб қўя қолса ҳам бўлаверарди. Ёки ноқулай аҳволга тушмамлик учун халқаро пресс-клубга бормай қўя қолгани тузук. Нима дедингиз?
Комментариев нет:
Отправить комментарий