Боя эрталаб ЎзА нинг телеграм каналида *"Ўзбекистонда энг кўп тўй ўтказиладиган ойни биласизми?"* сарлавҳа билан [хабар турибди](http://www.uza.uz/oz/society/zbekistonda-eng-k-p-t-y-tkaziladigan-oyni-bilasizmi--21-01-2019?m=y&ELEMENT_CODE=zbekistonda-eng-k-p-t-y-tkaziladigan-oyni-bilasizmi--21-01-2019&SECTION_CODE=society).
Шу хабарни очиб ўқиб кўрмасдан ўзимча "Ўзбекистонда энг кўп тўй бўладиган ой"ни тахмин қилдим. Октябрь ва ноябрь.
Хабарга кириб қарасам октябрь ойи экан.
*Маълумотларга кўра, ФҲДЁ органларида 2018 йилда энг кўп никоҳ қайд этилган вақт октябрь ойига тўғри келди. Ваҳоланки, йил давомида 311,4 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, унинг 44,6 мингтаси шу ойда кузатилди.*
Тахминим тўғри чиқди ва тахминим тўғри чиқишига менда 150 фоиз ишонч бор эди.
Сабаби: Ҳанузгача Ўзбекистон аҳолисининг кўп қисми қишлоқ ҳудудларида яшайди. Хўш, қишлоқ ҳудудларида яшайдиган аҳолининг қўли қачон пул кўради? Албатта, ҳосил йиғиштириладиган куз ойларида. Хўш, улар тўйни қачон қилади? Қўли пул кўрганда. Қўли пулни қачон кўради? Куз ойларида.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг исталганини олиб қарасангиз ёзнинг охиридан бошлаб кузда йиғиштирилади. Маҳсулотлар йиғиштирилиб пули қўлга теккандан одамларимиз биринчи тўйни ташвишини бошлашади. Чунки мўлжалидаги тўйини қўли пул кўрган шу куз ойларида ўтказиб олмаса, кейин баҳорга чиққунча пул барибир ишлатилиб кетади ва тўй кейинги йил кузга қолади.
Биз тарафларда ҳам октябр ва ноябрь ойларида шунақа тўполон билан тўйлар бошланиб кетадики, бир кунда 3-4 жойдан, наҳор ошлардан таклифнома келади. Қайси бирига боришни ҳам билолмай қоламиз. Анча йиллардан бери аҳвол шундай.
Мамлакатимизда анча йиллардан бери октябрь ва ноябрь ойларининг тўй мавсуми бўлиб қолиши бу аҳолининг аксар қисмида йил бўйи доимий яхши даромаднинг йўқлигини, йил давомида уларнинг қўлига фақат етиштирган ҳосиллари туфайли куз ойларида тузукроқ пул тушишини, қолган ойларда эса топганларини рўзғордан орттиролмай яшашларини англатади.
Аммо, шундай бўлса ҳам мен шахсан одамларимизнинг мавсум давомида жонларини койитиб ишлаб, куз пайтида ҳосилни сотиб уни пулини қўлларига олганларидан тўй маросимларини ким ўзар қилиб ўтказишларига ва қўлларидаги бир йиллик заҳматли меҳнат ортидан келган пулни ҳаммасини сарфлаб юборишларига қаршиман. Тўй қилишсин, аммо охирги тийинларигача сарфлаб эмас, дабдабали қилиб эмас. Ҳолларига қараб қилишсин.
Чунки кўраяпман, кузда тўйини ўзи хоҳлаганидай ким ўзар билан ўтказиб, унга қўлидаги охирги тийинигача сарфлаган ҳамюртларимнинг аксарияти тўйдан кейин қийин аҳволга тушиб, кейинги йил кузда, даладан ҳосилларини йиғиштириб олгунча оғир аҳволда қолаяптилар ва қўл учида зўрға кун кўраяптилар. Бундай ҳолда яшаш оғир. Шу учун ҳам мен тўй ва бошқа турли маъракаларни қисқартириш ҳақида кўп ёзаяпман. Ишонинг, турли маъракалар, дабдабали тўйлар одамларни эзиб юбораяпти. "Одамларни ўзи ақлини ишлатсин" десангиз, ҳеч қачон бундай бўлмайди ва одамлар мажбурият туфайли турли маъракаларни ўзлари ҳеч қачон қисқартира олмайдилар. Уларни бунга қонун билан мажбурлаш керак. Нима демоқчи бўлганимни тушундингиз-а?
Шу кеча-кундузда музофотимизда тўйлар қарийб бўлмаяпти. Мавсум ўтди. Кейинги мавсум яна октябрь, ноябрда бўлади. Унгача эса амаллаб кунимизни ўтказиб турсак бўлди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий