*Оёқ остида топталаётган бечора қонун*
Хабарларинг бор, бундан бир неча кун олдин «Xabar.uz»да *«Олот тумани ҳокими фермерни дўппослади. “Мен уни ўз шахсий манфаатим йўлида урмадим”, дейди ҳоким»* сарлавҳали мақола [эълон қилинган эди](https://www.xabar.uz/jamiyat/olot-tumani-hokimi-fermerni-dopposladi-men-uni)
Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳокимнинг зўравонлиги омма томонидан кескин танқидга учрагач 15 январь куни Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев ўша иш юзасидан Олотда йиғилиш ўтказибди. Ўша йиғилишда Ў. Барноев Олот ҳокимининг фермер О. Дурматовга нисбатан қилган хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралабди. Раҳбар шахснинг бундай қилиғи олиб борилаётган «халқни рози қилиш» сиёсатига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлабди.
«Олотлик фермер О. Дурматов билан шахсан гаплашдим. Меҳнаткаш, ҳалол, мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди. Бундан буён бу фермер шахсан менинг эътиборимда бўлади. Юрт корида «лаббай» деб, сидиқидилдан меҳнат қилиб, эл корига яраб турган бундай фермерларни қўллаб-қувватлаймиз. Бухорода адолатсизлик сиёсати бўлмайди», — дейди вилоят ҳокими Ў. Барноев.
Шундан сўнг Ў. Барноев туман ҳокими ва фермерни [яраштириб қўйибди](https://www.xabar.uz/5c0w).
Хабарни ўқиб куларимни ҳам, йиғларимни ҳам билолмай қолдим. Катта ҳоким кичик ҳокимни қулоғидан чўзибди ва "бундан кейин бундай ишларни қилма" деб озгина пўписа қилиб қўйибди. Лекин....
Лекин, қонун нима бўлди? Ахир бировни уриб тан жароҳати етказганга жазо берадиган, зўравон шахсларни жазолайдиган қонун бор. Ана шу қонунларни ижросини таъминлайдиган Бош Прокуратура ва унинг ҳудудий бўлимлари бор, Ички Ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари бор. Қани улар?
Бир бечора фермер, зўравон ҳокимдан кўпчиликни ичида калтак еб мияси чайқалиб, юзи кўкарганига неча кун бўлди. Нега қонун устуворлиги учун жавобгар ташкилотлар жим? Қачондан бери бундай зўравонликка тегишли органлар чора кўрмай, вилоят ҳокимлари қозилик қилиб, ҳар икки тарафни яраштирадиган бўлиб қолди?
Унда қонунлар нега ёзилган?
Тахмин қилайлик, ўша мажлисда бир фермер Олот ҳокимини бир тарсаки урса нима бўлар эди. Ўшандаям вилоят ҳокими "энди аразни қўйинглар, ярашинглар" деб ҳар икки тарафни яраштирармиди? Э, йўқ. Катта эҳтимол билан ҳокимни бир тарсаки туширган фермерни шўри қурир эди.
Эсларингда бўлса олдинроқ Қарши туман ИИБнинг собиқ бошлиғи устидан бўлган судда қатнашганимни ёзган эдим. Ўшанда, ўша зўравон "начальник" 6 фермерни мажлис бўлаётган жойда урган, ҳатто улар орасида аёл киши ҳам бўлган. Ўшанда ўша зўравон бор йўғи 3 йил озодликни чеклаш жазосини олди. Қизиғи, жабрланувчилар ўша зўравонни устидан у ишдан бўшатилгунча ҳеч қайерга арз қила олишмаган. Ахир, у амалдалигида устидан арз қилиб бўлармиди?!
Ички Ишлар Вазири П. Бобожонов Каттақўрғондаги шов-шувли ишдан кейин олдин Самарқандда, кейин Қашқадарёда Ички Ишлар органларини ишини тафтиш қилганида ўша Қарши туман ИИБ бошлиғини ҳам "ишини эплаб бажара олмагани учун" ишдан бўшатади. Бечора жабрланувчилар шундан кейин тегишли идораларга арз этишга жазм қиладилар. Унгача эса чорасиз қолаверадилар.
Биласизларми мени нима хавотирга солаяпти? Бухоро вилояти ҳокими ўзига тобе бўлган Олот ҳокимини жиноий иш эҳтимоли бўлган ишдан ҳеч қандай жавобгарликсиз олиб қолаяпти. Хўш, бу иш ортидан бошқа ҳокимлар ҳам "нега хавотир оламан, ортимда мени ҳимоя қиладиган вилоят ҳокими бор" деб Олот ҳокимининг ишидан баттар ишларни қилмасликларига ким кафолат беради? Шундан келиб чиқсак, Барноев Олот ҳокимини фермер билан яраштириш баҳона жазодан олиб қолгунча уни ўзи тегишли идораларга топшириши керак эди: "чора кўринглар, бу ҳаддидан ошибди" деб.
Умид қиламиз вилоят ҳокими зўравон ҳокимни ўзича жазодан олиб қолмоқчи бўлгани билан тегишли идоралар, Бош прократура, Ички Ишлар вазирлиги бу ишни етарлича ўрганиб чиқади ва зўравон ҳокимга чора кўради. Чунки xabar.uz да чиқиши ортидан бу иш мамлакатимиз бўйлаб катта акс-садо берди ва бу ишни энди Бухоро вилояти ҳокими хаспўшлай олмайди. Халқ ҳаммасини кўриб, билиб турибди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий