воскресенье, 27 января 2019 г.

Пўртанали уммон, Тошкент зилзиласи

*Тошкент зилзиласидан кўчиб келганлар ёки "Улуғ оғалар"*

1966 йилда содир бўлган Тошкент зилзиласидан кейин кўчиб келганлар бизнинг бой тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, урф-одатларимизни билишса эди, уларга ҳеч бир эътирозимиз бўлмасди. Аммо, 1966 йилдан кейин кўчиб келганларнинг аксарияти ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан "улуғлик" мақомини талаб қила бошладилар. Бизнинг маданиятимизни билмаган айрим жоҳиллар "биз сенларга маданият олиб келдик" деб очиқчасига даъво қила бошладилар. Автобусда шундай жанжал чиққанига ўзим гувоҳи бўлган эдим. Ширакайф бир рус хоним "биз сенларга шим кийишни ўргатганмиз" дегач, ўша пайтда аҳвол қандай бўлганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Мен европаликлар ҳақида сўз кетганда "1966 йил"ни атайин таъкидлаяпман. Чунки, биз билан аралашиб қўшни бўлиб яшаётган европаликларни битта қолипга солиб фикр юритиб бўлмайди. Русларнинг Оқпошшо даврида келганлари бор, очарчилик, уруш йилларида келганлари бор. Уларнинг биз билан муносабати 16966 йилдан кейин келганлар муносабатидан кескин фарқ қиларди. Аввал келганларининг аксариятида халқимизга нисбатан ҳурмат бор эди ва ўзлари ҳам халқимиздан ҳурмат кўрардилар.
1966 йилдан кейин келганлардан ҳурмат талаб қилишни фойдаси йўқ эди. Чунки уларнинг аксарияти ўзи яшаган шаҳарларнинг безорилари эди ва Тошкент қурилишларига 3-4 сўм ишлаб олиш учун келганлар эди. Улар Тошкентга ёпирилиб келиши ортидан шаҳарда майхўрлик ва унинг ортидан келиб чиқадиган жанжал ва муштлашувлар кўпайди. Ҳашарга келган йигит-қизларнинг тартибсиз жинсий ҳаётлари натижасида шаҳарда фоҳишабозлик ва жинсий касаллик бўлмиш сифлис кўпайди.
Ҳашарчилар қурилиш ашёларини кепак баҳосида пуллашар эди. Костромалик ёки Ивановолик қурувчидан ярим шиша ароққа бир машина бетон ёки пишиқ ғишт сотиб олиш мумкин эди. Шу учун ҳам ўша ҳашарчилар қурган уйларнинг кўпи сифатсиз қурилган.

СССР тарқаб кетгач европалик қўшниларимизнинг кўпчилиги ёппасига кўчиб кета бошлади. Уларнинг аксарияти 1966 йилдан кейин кўчиб келганлар эди. Кўнгилни хира қиладиган жойи шудаки, уларнинг кўплари "нон-тузларингни едик, сувингизни ичдик, биздан рози бўлинг" деб хайрлашишмади. Уйларини хусусийлаштириб олгач қиммат нархларга сотиб она юртларига "қочоқ"сифатида қайтиб бордилар.  Бу ҳақда Россия телевиденияси кўп марта кўрсатди, хабарингиз бордир. Ўша ношукрлар "қочоқ" сифатида борса ҳукуматдан ёрдам пули ҳам олар экан.

Мазкур сатрларни ўқигач, айримларда менинг "миллатчилик"  иллатим ошиб-тошиб кетганга ўхшаб туюлиши мумкин. Йўқ, мени тўғри тушунинг. Менинг ҳеч қайси миллатга нисбатан ғаразим йўқ. Аввалроқ айтганимдай миллатидан, динидан қаттий назар, ҳар бир кишини Одам Ато билан Момо Ҳаввонинг фарзанди сифатида кўраман. Мен руслар ёки украинлар билан жон қўшни бўлиб яшашга қарши эмасман. Мен советлар юритган миллий сиёсатга, руслар юритаётган шовинистик сиёсатга қаршиман.

Ўз миллатини севиш, ардоқлаш,  керак бўлса жонфидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, камситиш, хорлашга интилиш иллатдир. Ўша коммунистлар жамиятида шу нуқтада катта хатоликларга йўл қўйилди. Ўз миллатини севганларни "миллатчи", "халқ душмани" деган туҳмат билан қамаганлари, отганлари бу ўша миллатга нисбатан қаттиқ зулм эди. Аммо, буни ўшанда айтиб бўлмас эди. Айтганларни ҳар қанақасига синдиришди. Асқар Қосим дўстим бунга далил. Рауф Парфи бунга далил.

суббота, 26 января 2019 г.

Сериаллар

Яқинда Бот орқали:
_Assalomu alaykum. Sizdan iltimos ma'naviyatimizga salbiy ta'sir ko'rsatayotgan jirkanch turk seriallari haqida ham yozinglar. Oldindan rahmat_
деб мурожаат қилишибди.

Очиғи бир пайтлар мен ҳам хорижнинг фаҳшни тарғиб қиладиган сериалларининг тв. каналларда тинимсиз қўйилишига қарши эдим. Аммо кейинчалик фикрим бироз ўзгарди. Сабаби....

Сабаби одамлар сериалларга шунчалик ўрганиб қолишдики энди телевизорни сериалларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Хўш, унда нима қилиш керак?
Сериалларни қўяверишсин, аммо мавзу фақат бир хил - фаҳшни тарғиб қиладиган эмас, балки турли-туман, тарихий, ижтимоий, диний ва ҳоказо мавзуларда бўлсин ва одамлар ўзларига керагини кўраверсинлар.

Кимнидир эсида бўлса бундан анча йиллар олдин Миср телеижодкорларлари томонидан мактаб ҳаёти ҳақида, ўқитувчиларнинг муаммолари ҳақида суратга олинган бир сериални намойиш этишган эди. Ўша сериални жудаям қизиқиб томоша қилганим эсимда. Ёки корейслар суратга олган автосалонда машина сотувчи агент йигитнинг қийинчилик билан кечган ҳаёти ҳақидаги сериал ҳам бир пайтлар менда чуқур таъсурот қолдирган. Айтгунча ўша сериалда машина сотувчи агент йигит Daewoo машиналарини сотадиган автосалонда ишлайди ва "бизнинг"  Дамас машинамизни сотиш учун турли ташкилот ва фирмаларга таклиф билан кириб-чиқиб юради.

Бизникилар нега фильмларда ҳам, сериалларда ҳам воқеалар тизгинини эплаб улай олмаганлари етмагандай доим бир хил, маиший мавзуларда савияси бир-биридан паст бўлган фильм ва сериаллар оладилар тушунмайман. Улар ҳам оддий одамлар ҳаёти ҳақида, уларнинг тақдирлари ҳақида фильм ва сериалларни эплаб олсалар ҳамма қизиқиб кўради. Аммо, лекин, бироқ ҳозирча улар уйқудалар ёки маиший мавзу яхши даромад келтиради деб ўйлаяптилар. Аммо, эплай олмаяптилар.

Бизда-ку ўшандай ажойиб сериалларни суратга ололмас эканлар, майли чет элдан сериал олиб қўйишсин. Аммо фақат қўштирноқ ичидаги "севги"ни тарғиб қиладиган, ҳатто баъзида ошкора фаҳшга тарғиб қилиб юборадиган сериалларни эмас, одамларни ўйлашга, фикрлашга ундайдиган, турли соҳаларга мансуб сериалларни ҳам қўйишсин. Дунёднинг турли мамлакатларида суратга олинаётган сериаллар фақат севги ва фаҳш мавзусида олинмаяпти. Балки ҳозир ҳар қандай мавзуда турли сериаллар олиб бўлинган ва бор. Шундай экан энди фақат маиший ва севги мавзусидаги сериаллар билан бирга одамларга жиддийроқ сериалларни ҳам муқобил ўлароқ кўрсатиш керак.

Агар "одамлар кўпроқ ўшандай севги ва маиший мавзудаги сериалларни ёқтириб томоша қилишади" деб ўйласангиз адашасиз.
Мана, ўтган йил ёзда, Рамазон ойида Пайғамбаримиз с.а.в. ва Ҳазрати Умар ҳақларида олинган сериални ҳамма қизиқиб кўрди.
Қолаверса турли тарихий ва маълум соҳа одамлари ҳақида ижтимоий мавзуда олинган сериаллар қўйилса, ишонаман одамлар уларни ҳам қизиқиб кўришади.

Бу гапларим билан нима демоқчиман. "Раз" тв. каналларда севги ва маиший мавзуларда турли сериаллар қўйилаяптими, демак тарихий, диний ёки ижтимоий мавзуларда суратга олинган сериаллар ҳам улардан кўпроқ қўйилиши керак, токи одамларда танлаш ихтиёри бўлсин ва доим ўзига ёқмаган мавзулардаги сериалларни мажбуран томоша қилгунча ўзига ёққан мавзулардаги сериалларни ҳам томоша қилиш имконияти бўлсин. Ана шунда тўғри бўлади. Қисқаси, ҳар қандай ишда, хоҳ у тв.да қўйиладиган сериаллар бўлсин, хоҳ китоблар бўлсин, хоҳ автомашиналар бўлсин одамлар ниманидир мажбурлаб тиқиштирмасдан, уларга танлаш имконияти берилиши керак. Ана шунда одамлар хоҳлаган сериалини томоша қилади ва энг тўғри йўл шу бўлади.
Мени сериаллар масаласида фикрим шу.

пятница, 25 января 2019 г.

Купер ва термамиз

Осиё кубогида Австралияга ютқазиб қайтиб келганимизга ҳам 5-6 кун бўлиб қолди. Аммо,  миллий терма жамоанининг бу мусобақадаги ўйинлари ижтимоий тармоқларда ҳанузгача муҳокама қилинмоқда. Мухлисларнинг бир қисми натижадан умуман қониқмаяпти. Бир қисми эса жамоа яхши ўйнаганини айтишаяпти. Футбол ҳақида доим ёзиб юрадиган акаларимиз эса терма жамоа ўйинидан "даволен" бўлишаяпти "жамоада ўсиш бор, жамоа қўлидан келгунча ҳаракат қилди" деб. Шунингдек кимдир Куперни истеъфосини сўради,  яна кимдир унга "бекор айтибсан" деб мақола ёзишга ҳам улгурди.  Хўш, мен нима дейман?  Термани ўйини ҳақида, Купер ҳақида фикрим қандай?  Осиё кубогида ўйнаган жамоа ҳақида таъсуротларим.

Авваламбор Куперни истеъфога чиқарилишига қаршиман. Аммо уни фаолиятидан ҳозирча қониқмаяпман. У янада қаттиқроқ ишлаши керак. Нега унинг истеъфосига қарши эканлигимга келсак, ҳозир Ўзбекистонда уни ўша қариган, тажрибаси эскирган ҳолатида ҳам унга тенг келадиган мураббий йўқ. Шу учун термамизни қандайдир Бабаянга ўхшаган баққолни(менежер сўзи нимани англатар эди билмайман, аммо олди-сотдида пихини ёрган Бабаянга шу сўз мос тушади) қўлига тушганча тинчгина Купер бошқаргани яхши.

Энди Осиё кубогига келсак термамиз қониқарсиз ўйин кўрсатди. Иккита кучсизроқ жамоани ютди. Иккита кучли термага ютқазди.
Мени ҳайрон қолдиргани Купер нега Япония билан ўйинга иккинчи таркибни туширгани бўлди. Тахминимча нимчораккача у асосий ўйинчиларга дам беришни хоҳлади шекилли. Нимчоракда Австралияга қарши тушиб ютқазиб чиқиб кетар экансан, туширавермайсанми, Японияга қарши асосий таркибни?!

Энди Австралия билан ўйинга келсак нима эмиш, Купер термамизни "Австралия билан тенгма-тенг ўйнайдиган даражага олиб чиққан" эмиш. Назаримда шу гапни ёзаётганлар Қатардаги Осиё  кубогида Австралия терма жамоасидан йирик мағлубиятга учраганимизни эслашаяпти шекилли. Аммо, бугунги Австралия ўша Қатардаги Осиё кубогида ўйнаган Австралиядан ааанча кучсиз эканлиги аниқку! Шундай экан олдигидан анча кучсиз бўлган Австралия билан дурранг ўйнаб "мана, Австралия билан тенг ўйнадик дейиш қанчалик тўғри?

Футболни яхши тушунадиганларни фикрича Куперни мақсади "Осиё кубогида ғалаба қозониш" бўлмаган, Купер жамоани Жаҳон Чемпионатига чиқариш учун олиб келинган. Бу тушунарли. Аммо Жаҳон Чемпионати саралашига анча бор, шу учун ҳам Осиё Кубогида тузукроқ натижага эришса яхши бўларди.
Қолаверса ҳозир шу таркиб, шу ўйин билан саралаш босқичида қатнашса ҳам масалан мен футболчиларимизни Жаҳон Чемпионатига чиқишига ишонмайман. "Ўзинг айтгандай Жаҳон Чемпионати саралашига анча вақт бор. Саралаш бошлангунча Купер жамоани кучайтиради" десангиз, бунга ҳам кўзим етмайди. Чунки миллий чемпионатимизни савиясидан келиб чиқсак бу чемпионатда ўйнаб ҳеч кимни савияси ошмайди. Унда нима қилиш керак?
Маҳоратли футболчиларни ўсмирлигидан бошлаб ҳатто текинга бўлса ҳам олиб бориб хориж жамоаларига жойлаштириш керак. Ана шунда улар етук ўйинчи бўлиб шаклланиши мумкин.

Энди Купер ва унинг жамоасига келсак, ҳадеб жамоани оқлаб ёзавермасдан камчиликларини ҳам ёзиш керак. Тўғри, жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар бор. Аммо Бабаян давридаги жамоага қараганда ижобийроқ. Абрамов, Инилеев, Қосимов давридаги термадан зўр эмас. Буни тўртта ўйиндан иккитасида ютиб, иккитачида мағлубияга учраганимиз ҳам кўрсатиб турибди. Ўйиннинг сифати унча зўр эмас. Пала-партишлик жуда кучли.

Умуман олганда мухлисларга нима керак? Биринчи навбатда ғалаба. Иккинчи навбатда ўша ғалабаларга чиройли ва тартибли ўйин билан эришилса яна ҳам ши. Тан олайлик, Осиё Кубогида қатнашган жамоамизда иккаласи ҳам бўлмади. На ғалабалар ва турнирда тепароққача бориш ва чиройли ва тартибли ўйин. Тўғри, ўйин ўта тартибсиз эмас. Аммо даража бўйича, юқорида ҳам ёздим Бабаянни жамоасидан бироз яхши холос.
Шахсан мен бу Осиё Кубогида термамиздан энг камида чорак финалга, масимум ярим финал ва кучли тўртликка чиқишни кутган эдим. Баъзилар чемпион бўлиш ҳақида ёзганларида "нонни катта тишласанг тишла, аммо гапни катта гапирма" деб кулиб қўйганман холос
Умумий хулосам шу-ки Купер, гарчи истеъфосига қарши бўлсам ҳам ўзидан кутилган натижа ва ўйинни кўрсатиб бера олмади.
Таркиб йиғишда адашдими ёки тактикадами билмайман. Аммо кутилган натижа бўлмади.
Мени Купер ва термамиз ҳақида ИМХОларим шу.

Сохта айблов

Эсларингда бўлса Адлия вазирлиги ўтказган "Биз коррупцияга қаршимиз" танловининг блогпостлар йўналиши бўйича ғолиб чиққанимдан сўнг эртаси куни [бир пост ёзган эдим](https://t.me/bugunning_gapi/136).
Ўша постимда
_Бундан қарийб уч йил олдин,  аниқроғи 2016 йилнинг май ойида телефоним бир ЙПХ ходимининг "шарофати" билан орган ходимларининг қўлига тушганида ва шундан кейин телефонимни текшириш жараёнида ижтимоий тармоқларда бугун Адлия вазирлиги ўтказган танловга топширган постларимга ўхшаш постлар ёзганим учун "сен ижтимоий тармоқларда нималарни ёзаяпсан, умрингни қамоқда чиритиб юборайми?" деб сўроқ қилишган эди. Ўшанда мени телефонимни экспертизадан ўтказган инсонлар ўз хулосаларида нима деб ёзишган билмайман, аммо ҳаммаси мен учун хайрли якун топди ва мен қиммат телефоним мусодара бўлган ҳолда энг кам иш ҳақининг нечадир баробарида жарима тўлаб қутилдим. Замонани зайлини қаранг-ки бугун ўша пайтда ёзганларимга ўхшаш постлар билан Адлия вазирлиги ўтказаётган танловда ғолиб чиқаяпман.
Ўшанда ўша ёзган постларим онамни дард чекиб азоб тортишига сабаб бўлган бўлса, бугун унинг қувонч билан мени дуо қилишига сабаб бўлаяпти.
Ўшанда ўша ёзган постларим дўст-душманлар олдида бошим эгилишига сабаб бўлган бўлса,  бугун ҳамманинг олдида бошимни мағрур кўтариб туришимга сабаб бўлаяпти. "Ҳар замонда бир замон" деб шуни айтишса керакда_ - деган гаплар ҳам бор эди.

Кеча фейсбукда қизиқ бир нарсани кўриб қолдим ва уни [сизларга ҳам илиндим](https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=2108660879201738&id=100001735389752)

_Яқинда ичкаридан чиқиб келган киши айтяпти: Бу йил (2018 йил назарда тутилмоқда) ичкарида Рамазон ойи бошқача келди. Шароитлар анча яхшиланди. Қўриқчиларнинг муомаласи яхши тарафга ўзгарди.  Энг асосийси кечки дастурларда диний маърифий филмларнинг кўрсатилиши бўлди. Жуда ажойиб. Охирги таржима қилинган диний мавзудаги сериалларни бошқача иштиёқ, умид билан кўрдик.
Бир куни доимгидай исломий фильм сериални кўряпмиз, эътибор берсам ёнимда турган маҳбус ўзидан ўзи бир кулар, бир пешонасини чангаллаб йиғлар эди.
Хайрон қолдим, ақлдан озиб қолдимикан деса, ўхшамайди, аммо қилаётган иши ғалати. Кейин ўзидан сўрашга жазм қилдим:
_- Биродар, сизга нима бўлди, соғлигингиз яхшими?
- Соғлигим, яхши. Нима бўлди дейсизми? Шу сериални кўряпсизми? Мана шу сериални бир неча йил олдин четга чиққанимда кўриб, ёқтириб қолиб, дискини ўзим билан мамлакатимизга олиб келгандим. Биринчиларлан бўлиб шу сериални олиб келган мен бўламан. Кейин нима бўлди денг. Диний материал олиб киришда айбдор деб топилиб ичкарига хукм қилиндим, мана энди шу сериални таржима қилишиб телевизордан беришяпти. Мен эса хали ҳам  ичкаридаман!_

Эсларингда бўлса яқинда кун.узда  *​"Бош прокуратура «террористик оқимга алоқадор» каби сунъий айбловлар аввал қўйилганини тан олди"* сарлавҳаси билан [бир материал берилди](https://kun.uz/38688314)
Ўша материалда Бош прократурада *Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссия тузилди ва у фаолиятини бошлаган*.
Ўшанда бу ҳақда каналда ҳам [маълумот берган эдим](https://t.me/bugunning_gapi/396)
Юқорида бир фильмни деб нечадир йилга қамалган ўша шахсга ҳам катта эҳтимол билан сохта айб қўйиб юборишган. Бош прокуратурада ана шундай ишларни қайта кўриб чиқиб озод қилиш комиссия ташкил қилиниши бу таҳсинга сазовор.
Умид қиламиз юқорида ҳикояси келтирилган ака ҳам, бошқа сохта айбловлар билан қамалганлар ҳам тез орада озодликка чиқадилар.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw

четверг, 24 января 2019 г.

Автомобиль йўллар

Ушбу харитада Ўзбекистон автомобиль йўллари ва шаҳарлар орасидаги масофа км.да кўрсатилган.

ИИВ 2018 йилда йўл-транспорт ҳодисаларида қанча ўзбекистонлик ҳалок бўлганини [маълум қилди](https://kun.uz/news/2019/01/24/2018-yilda-ythlarda-qancha-ozbekistonlik-halok-bolgani-malum-qilindi)

Вазирлик маълумотларига кўра, 2018 йилда республикада ЙТҲларда 2262 киши ҳалок бўлган (2017 йилда 2473 киши, 2018 йилда 8,5 фоиз камроқ), 8458 киши тан жароҳати олган (2017 йилда 9637 киши, 2018 йилда 12,2 фоиз камроқ).

Бундан ташқари, 2018 йилда пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича 109.280 қоидабузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган чоралар кўрилган.   

Бугунги кунда республика автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 184 000 км.ни ташкил этиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 42 676 км.
Жумладан, Ўзбек миллий автомагистралининг умумий узунлиги 2755 км.ни ташкил қилади.

Тезлик

*Тезлик чекланса одам ўлмайдими ёки тартибсиз ҳайдовчилар*

"Замбаракнинг ўқи" каналида Фарҳод Файзуллаев "Ўзбекистонда Йўл Транспорт Ҳодисаси (ЙҲТ) да одамларнинг кўп ҳалок бўлаётгани ҳақида [фикр юритиб](https://t.me/zambarakning_oqi/350) "Ўзбекистонда, аҳоли пунктларида максимал тезликни соатига 70 км.дан соатига 50 км. тезликкача тушириш" таклифини билдирибди. У шу таклифини Калгари провинцияси билан биздаги ҳолатни таққослаб олдинроқ ҳам билдирган эди.

Уни таклифи ҳам ўринлидир. Аммо мени тахминимча аҳоли пунктларида максимал тезликни соатига 50 км. тезликкача тушириш бизда ЙТҲ туфайли ҳалок бўлаётганларнинг миқдорини камайтирмайди. Сабаби: Биз, ўзбекистонлик ҳайдовчилар ўта тартибсиз ҳайдовчилармиз. Шу туфайли ҳам машина уриб ўлдираётган аксарият ҳалок бўлганлар *кимлардир томонидан қоида бузиб машина бошқарилиши туфайли ҳалок бўлганларни* ташкил этади.
Масалан, аҳоли пунктларида одам босиб ўлдирганлар соатига 70 км. тезликда эмас, соатига 80-100 км. тезликда юриб ёки светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетиб ёки пиёдага йўл бермай одам босиб ўлдиришган.

Умуман олганда, бизда максимал тезликни пасайтиришдан олдин кўчаларимизни турли йўл белгилари билан, камералар билан жиҳозлаш, шунингдек пиёда ва ҳайдовчилар учун қулай ускуналар билан яхши жиҳозланиши керак.
Масалан, арзимаган ишлардан бири пиёдалар йўлакчасида ўрнатилган светофорларга фақат босганда қизил ёнадиган ускуна ўрнатиб чиқиш керак. Ана шунда пиёдалар учун ўрнатилган светофорлар доим яшил туради ва фақат пиёда келиб тугмасини босгандагина қизил ёнади. Бу катта маблағ талаб қилмайдиган иш. Аммо минг афсуски ҳозирча ўша ускунани ўрнатишга ҳеч ким ҳафсала қилмаяпти.

Ёки светофорларга оддий секундомер ўрнатиш ишлари ҳам ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Қайерлардадир 1-2та ўрнатилган, бошқа жойларда эса йўқ. Светофорни олдига яқинлашганда секундомер бўлса, ундаги рақамларга қараб узоқдан мўлжални тўғри олиб борса бўлади. Секундомер йўқ светофорларда эса ҳамма "яшилда ўтиб олишга улгуриб қолай" деб шошилади. Шу учун агар бутун мамлакат бўйлаб светофорларга секундомер ўрнатилса ЙТҲ ҳодисаларини камайишига ва йўл ҳаракати қоидаларини камроқ бузилишига сабаб бўлар эди.

Ҳайдовчилардан тушаётган шунча жарима пуллари нимага сарфланаяпти билмайман. Аммо, ўша пулларга бемалол босқичма-босқич кўчалардаги йўл белгиларини янгилаш, камера, секундомер, пиёдалар учун ўрнатилган светофорларни бошқариш ускуналарини сотиб олиб ўрнатса бўлади.
Шунчаки, ўз номи билан *Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Хизмати* деб аталгани билан, ҳозирча бу бошқарманинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга ҳафсаласи ҳам бўлмаяпти, кучи ҳам етмаяпти.

Соҳадаги яна муҳим бир масала шу-ки аҳоли сони охирги 25-30 йилда қарийб баравар ошди. Аммо ходимлар сони унча ошгани йўқ. Ўтган йил кузда бозорлар атрофидаги тиқилинчларни назорат қилиб туришларини сўраб туманимиз ИИБ, ЙПХ бошлиғи ҳузурига кирдим. Уни айтишича ҳеч нарсага улгуришмаяпти. Сабаби, аҳолиси ярим миллиондан ошган, рўйхатга олинган техникалари 50 минг атрофида бўлган туманда бор йўғи 6 та(!) ЙПХ ходими ишлар экан. Уларни бири бошлиқ, яна бир ходим эса гувоҳнома тарқатади. Кўчада эса 4 та ходими юради. Унинг айтишича туман йўлларини назорат қилиш учун камида 30 та ходим керак. Аммо раҳбарият "келажакда ҳаммаёқ камералаштирилиб, йўллар ўшалар орқали назорат қилинади" деб штатлар сонини оширмаётган экан. Аммо келажакда ҳамма йўллар қачон камералаштирилади,  унгача ходимлар сонини кўпайтириб туришса бўлар эдими?

Янги партия

​​Ўзбекистондаги сиёсий партиялар сони бештага етибди ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилибди. Бу ҳақда @huquqiyaxborot канали хабар бермоқда.

Янги партиянинг асосий мақсади — барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашиш экан.

Шу муносабат билан, Адлия вазирлигида Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисига партия давлат рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим қилинибди.

Дунёда экология йўналишидаги қарийб 100 та сиёсий партия фаолият юритади. Одатда «яшиллар» номи билан юритилувчи бу партиялар, парламент орқали экология соҳасидаги давлат сиёсати ғояларини илгари суради.

Қайд этиш жоиз, бунгача Ўзбекистонда Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП), «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси, «Адолат» социалистик партияси фаолият олиб бораётган эди. Экологик партия ўрнида эса Экологик ҳаракат бор эди, улар парламент сайловларида қатнашмас, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ўрни ҳам кафолатланган эди.

Ҳаммаси "чўткий" ва тушунарли. Аммо янги тузилган партия парламент мажлисларида ёки бошқача тартибда ҳукуматга "Газни Хитойга камроқ сотиб, ўзимизни аҳолига ҳам берайлик. Анча йиллардан бери кўпгина қишлоқ ҳудудларида газ кесиб ташлангани боис одамлар дарахтларни кесиб ўтин қилиб  ёқишга мажбур бўляпти. Бу эса экологияга зарар" дея олармикин?
Шу партия ҳали партия бўлмасидан олдин, "Элогик ҳаракат" бўлиб парламентда нечтадир ўринни сайловларда қатнашмасдан эгаллаб юрганида юқоридаги муаммони кўтариб чиқа олмаган. Кўтариб чиққан бўлса ҳам мен эшитмаганман.
Энди кўтариб чиқа олармикан?

Турли ҳудудларда газ узиб ташлангани, берилаётган арзон кўмирнинг катта қисми кукундан иборат бўлгани учун одамлар қиш мавсумида уй иситиш учун ўтин олиб ёқишни афзал кўрмоқдалар.
Ўтинга пули йўқлар эса ҳовлисидаги мевали дарахтни кесиб ёқишга ҳам мажбур бўлаяпти. Масалан, ўзим ҳам ўта сифатсизлиги учун кўмир олмадим. Бозордан ўтин сотиб олишга пул топа олмадим ва кузда ҳовлимдаги бодомни кесиб ўтин қилишга мажбур бўлдим. Маҳалламда эса газ трубаларида шамол ўйнаяпти. Гази узоқ йиллар олдин кесилиб, ҳозир мен каби чорасиз қолиб ҳовлисидаги дарахтни кесиб ёқаётганлар мамлакатимизни ҳамма жойида бор.

Масалан, Ургут тумани. Бу ерда ҳафтанинг маълум кунларида бўладиган ўтин бозорлари бор. Айнан ўша кунларда бу бозорларга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ўтин олиб келишади.
Бу йил бир юк машина ўтиннинг нархи 1 миллион сўмдан, 3 миллион сўмгача бўлаяпти. Камазларда олиб келингани 5 миллион сўмгача.

Хўш, янги партия халқни газ билан таъминлашни чорасини кўрармикин ёки одамларга дарахт кесишни тақиқлаш чорасиними? Кузатамиз.