Ҳурматли канал аъзолари, янги қўшилганлар билмас ҳар-ҳар замонда ўзим ўқиган китоблар ҳақида озгина мулоҳазаларимни ёзиб бораяпман. Олдинги постимда Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" романи ҳақида ёзган эдим.
Бугун яна бир китоб, Вадим Кожевниковнинг "Қилич ва қалқон" романи ҳақида гаплашамиз.
Бу китоб икки қисмдан иборат бўлиб биринчи қисмини ёш бола пайтимда тушуниб, тушунмай ўқиб чиққан эдим. Бу китоб асосида бир пайтлар Собиқ Иттифоқ даврида кўп қисмли фильм ҳам олинган эди. Ўша фильмни ҳам ёш бола пайтимда Марказий телевидениядан томоша ҳам қилганман, аммо тафсилотлари эсимда йўқ. Кейинчалик эса бу фильмни биронта телеканал қўйганини эслай олмайман.
Орадан йиллар ўтиб бу китобни биринчи қисмини ziyouz.com да кўриб қолдим ва кўчириб олиб ўқиб чиқдим. Иккинчи қисми йўқ экан. Орадан бироз ўтиб бу китобнинг иккала қисми ҳам бошқатдан чоп этилди ва ҳар иккала китобни ҳам олиб яна қайтадан тўлиқ ўқиб чиқдим.
Китобдаги воқеалар 1939-40 йилларда Болтиқбўйидаги немисларни Германияга кўчириш ишлари тасвирланиши билан бошланади. Совет разведкачиси Александр Белов Иоган Вайс номи билан ана ўшанда Германияга кириб олади. Кейин ўша ёқда танишган обрўли одамлари ёрдамида ҳаракатдаги армияга оддий солдат бўлиб кетишдан қутилиб қолади ва гаражга ҳайдовчи бўлиб жойлашади.
Шундан кейин секин-секин ўзини кўрсатиб Абвер хизматига ишга ўтади ва кичик ҳарбий унвон олади.
Китобнинг муҳимлиги шунда-ки, бу китобда ўша даврда Гитлер Германиясидаги ҳарбий тузилмалар ҳақида, разведка хизматлари ҳақида, хусусан Гестапо, СС, СД, Абвер хизматлари ҳақида батафсил ёзилган.
Шунингдек бу китобда яна бир муҳим иш, Сталиннинг 1937-38 йилларда бошлаган репрессиялари ҳақида қисқача ёзиб кетилган.
Шунингдек ўша даврда, Гитлернинг босиб олинган Польшанинг СССР билан бўлган чегара ҳудудларида немисларнинг катта-катта армияларини жойлаштираётганини, немислар СССР билан муқаррар уруш бошламоқчи эканликларини хабарини берган совет разведкачиларининг ўз ватанларида НКВД томонидан "Германияга сотилган айғоқчилар" деб эълон қилиниши ва буни оқибатида ўша айғоқчиларнинг ҳаётлари хавф остида қолиб айримларининг немислар қўлига тушиб жувонмарг бўлиб кетганлари ҳақида ҳам ёзилган.
Аммо, ўша давр сиёсатидан келиб чиқиб китобда СССРни 1939 йилда Германия билан олдинма-кейин Польша ва Чехословакияга бирга бостириб киргани ва буни натижасида уларнинг биридан Ғарбий Украинани, яна биридан Ғарбий Белоруссияни босиб олиш (оккупация) йўли билан тортиб олингани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.
Шунингдек, 1939нинг 30 ноябрида Европани босиб олаётган Германиядан ортда қолмаслик ва янги територияларга эга бўлиш учун СССР Финландияга бостириб кирди. Ўша пайтда бугунги кунда *Карелия республикаси* номи билан Россия Федерацияси таркибида бўлган катта ҳудуд ўша пайтда Финландия таркибида эди. Ўша уруш кўп ҳам узоқ давом этмади ва 1940 йил, 13 мартда Финландия ўз таркибидаги Карелияни СССРга бериш шарти билан ўз мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда тугади. Агар ўшанда финлар Карелияни беришмаганда балки *Қизил Армия* томонидан Финландиян тўлиқ босиб олиниб СССР таркибига иттифоқдош республика қилиб қўйилар эдими, балки.
Китобда Совет-Фин уруши ҳақида ҳам, Финландиядан Карелияни тортиб олингани ҳақида ҳам ҳеч нарса ёзилмаган.
Шунга қарамай бу китоб жуда қизиқарли ёзилган ва ҳаммаларингга ўқишни тавсия қиламан.
Комментариев нет:
Отправить комментарий